Анчадан буён бир нарса ҳақида ёзишни ўйлаб юрардим, бироқ негадир ўзимда жасорат тополмаётгандим. Бу тўғрида кўплаб ёзилган, деган андиша бор эди, менда. Лекин нима бўлгандаям, қанча гапирсак, қанча ёзсак – шунча кам. Бу эса, албатта, дўстликдир. Халқлар дўстлиги!
Дўстлик бўлганда ҳам кеча ёки бугун пайдо бўлган эмас,
балки тарихи асрлар қаърига бориб тақаладиган дўстлик ҳақида. Икки халқ, миллат ва давлат дўстлиги. Шоир таъбири билан айтганда, «икки тилда сўзлашувчи бир халқ» дўстлиги ҳақида. Бу дўстлик ўзбек-тожик дўстлигидир.
Мавлоно Абдураҳмон Жомий ва Мир Алишер Навоий бошлаб берган дўстлик, аслида. Асрлар давомида бир жойда яшаб, не-не яхши-ёмон кунларни бошдан кечирган, бир-бирининг тўй-маъракалари-ю маросимлари, хурсандчилиги ва қайғусига елкадош бўлган икки халқ дўстлиги - бу.
Менинг ўзим ҳам санъаткор сифатида неча марталаб қўшни мамлакатга сафар қилганман. Икки халқ тўйларида хизмат қилганман. Сафарларим доирасида ўзбек-тожик халқлари урф-одатлари, маросимлари, кийиниш тарзи, ҳатто, миллий таомларининг ҳам бир хил эканлигининг гувоҳи бўлганман.
Шундай сафарларимдан бири 1989 йилда бўлган. Ўшанда мен «Ўзбекистон» телевидениесидаги «Дўст билан обод уйинг» кўрсатувига таклиф этилган эдим. Ўша кўрсатувда таниқли ҳофиз Фахриддин Умаров билан чиқиш қилгандим. Тасвирга олиш ишлари бошлангунга қадар Фахриддин Умаров мендан: -Ўлмас Жамолни танийсизми?- дея сўраганди. Мен эса, нафақат у кишини танишимни, балки яқин қариндош эканлигимни ҳам айтганман. Шунда Фахриддин Умаров Ўлмас Жамолнинг бир неча ғазалини куйлаб берганди. Тасвирга олиш бошланган пайт, бошловчи мени таништирди. Кейин эса, Фахриддин Умаров Фузулийнинг «Ақл ёр ўлсайди, тарки ишқи ёр этмасмидим», деб бошланувчи ғазалини куйлади. Мен эса, у киши куйлаган қўшиқ мусиқасига Нодирабегимнинг қуйидаги тожикча ғазалини тайёрлаган эдим:
Аз китоби ишқ чандин достон дорад дилам,
Ҳамчун доғи лола аз савдо нишон дорад дилам,
Рафтаам аз хеш дар жое, ки он жо роҳ нест,
Дар ғубори боли анқо ошён дорад дилам…
У кишидан сўнг мен ашула хиргойи қила бошлаганимда, студияда йиғилган томошабинлар қарсак чалишга тушдилар. Чунки ўзбек-тожик санъати ҳам бир-бирига ўхшашлиги шундоқ маълум бўлиб қолди. Ўшанда бошловчи ўзбек-тожик эт билан тирноқ эканлигини бот-бот такрорлаган эди. Бундан ташқари, икки халқнинг қадимий санъати бўлган «Шашмақом» ҳам ўзбеклар ва тожиклар ўртасида жуда севиб тингланади.
Икки халқ ўртасида эзгу анъаналар - жуда кўп. Булардан бири ўзбек-тожик халқларига хос қариндош-уруғчилик ришталаридир. Қарангки, Марказий Осиё халқларининг ҳеч бири ўзбек-тожик миллати каби бир-бирига яқин эмас. Бу ердаги ҳеч бир халқ қиз олиб, келин қилишда ўзбек-тожик каби боғланиб кетмаган. Бу ҳам уларнинг азалий дўстлигидан далолатдир.
Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Жаноби олийлари ҳам тожик-ўзбек халқлари дўстлиги ҳақида шундай деган: -Тарихда тожику ўзбек халқлари каби қондош, жондош бўлиб кетиш ҳолати жуда кам учрайди. Марказий Осиёнинг энг қадимги халқлари бўлган бу икки миллатнинг узоқ дўстлик ва қариндош-уруғчилик муносабатлари уларни бир-бирига жуда яқинлаштирган. Бизнинг анъаналаримиз, урф-одатларимиз ва ҳатто, феъл-атворимиз ҳам бир-бирига ҳайратланарли даражада ўхшашдир...
Ҳа, албатта, бу ўхшашликни турли даражада кўриш мумкин. Бу дўстлик қанча шоиру ёзувчилар томонидан мадҳ этилган. Ҳатто, XX аср тожик-ўзбек адабиётида ҳам икки халқ дўстлиги, биродарлиги ўхшашлигига бағишланган шеърларни кўплаб учратиш мумкин. Шулардан бири тожик шоири Боқи Раҳимзода қаламига мансуб:
Ўзга ҳамма халқлар фарқи осондир,
Лекин бизлар бўлиб яқин ва бирдек.
Кўрган киши сўрмоғи аёндир:
-Эй жўра, айт, сен ўзбекми ё тожик?
Бу мисралардан илҳомланган ўзбек шоири Чустий эса, шундай ёзади:
Марҳабо дўсту биродар, меҳрибон ёру азиз,
Қалбу, жисму қош билан кўздек яқин, жондек лазиз.
Бир кишидек жилвагар кўзгу аро ҳам иккимиз,
Бир киши юрганга ўхшар иккимиз қолдирган из.
Шунчалик монанд эрурмиз, менга ростин айтингиз,
Ажратиб бўлмас сира, тожикмисиз, ўзбекмисиз?
Шерсалобат, хушбичим, мардона ҳар майдон аро,
Тоза буғдой рангу, шаҳло кўзлигу қоши қаро.
Сочи мушкин, кўнгли оқ меҳмоннавозу дилрабо,
Танти улфат, олиҳиммат, бир тилак, бир муддао,
Шунча ўхшармизки, эй дўстим, тасаввур қилсангиз,
Ажратиб бўлмас сира, ўзбекмисиз, тожикмисиз?
Рўдакий боғида Турдий сайр этар ўз боғидек,
Лутфий ҳам Жомий, Навоий бир киши бармоғидек.
Мушфиқи Машраб ғазал жомин ширин қаймоғидек,
Ҳамза ҳам Садриддин Айний битта саф байроғидек.
Биттадир услубимиз, ҳам назмимиз, мазмунимиз,
Ажратиб бўлмас сира, тожикмисиз, ўзбекмисиз?
Санъатингиз санъатим янглиғ ёқимли дилнавоз,
Мулла Тўйчи бирла Содирхон қўлида битта соз.
Доимо Душанбенинг савтига Тошкент ишқибоз,
Фарқимизни топмаган юз минг баҳор, юз мингча ёз.
Бир варақда иккимиз тарих хатига боқсангиз,
Ажратиб бўлмас сира, тожикмисиз, ўзбекмисиз?..
Бугунги кунда ҳам икки халқ ўртасидаги дўстона муносабат давом этмоқда.
Яқинда Ўзбекистон халқи жуда катта жудоликни бошдан ўтказди. Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов дунёдан кўз юмди. Қардош ва биродар халқ бошига тушган бундай мусибатли онларда Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Жаноби олийлари биринчилардан бўлиб қардош ўзбек халқига ҳамдардлик билдирди. Миллат пешвосининг шахсан ўзлари Самарқандга бориб, қўшни давлат раҳбарининг дафн маросимида иштирок этди ҳамда марҳумнинг оила аъзолари ва бутун Ўзбекистон халқига ўзи ва тожикистонликлар ҳамдардлигини етказди. Бу ҳам қардош, биродар ва дўст мамлакатнинг қайғули кунларида елкадош бўлишликнинг олий намунаси эди.
Шундан кейин, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг Душанбега ташрифи ва Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон Жаноби олийлари билан ўтказган мулоқотлари ҳам икки халқ дўстона муносабатларида янги босқични бошлаб берди.
Бундан ташқари, яқинда оммавий ахборот воситаларида Суғд вилоятининг Хўжанд шаҳрига бир гуруҳ ўзбекистонлик меҳмонлар ташрифи ҳақидаги хабар тарқалди. Бу ҳам, ўз навбатида, ўзбек-тожик халқлари ўртасидаги дўстона муносабат янада ривожланиб боришида катта рол ўйнайди.
Аслида ҳам, шундай бўлиши керак. Яқинда «Ўзбекистон» телеканалида ўзбек-тожик дўстлигига бағишланган кўрсатув эфирга узатилди. Унда ҳам бу қадимий халқлар ўртасидаги азалий дўстликка алоҳида урғу берилди. Мазкур кўрсатувни томоша қилар эканман, унда айтилган гаплардан жуда хурсанд бўлдим.
Тожик-ўзбек дўстлиги янги босқичга чиққан даврда икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни янада кучайтиришимиз, икки қўшни давлатда адабиёт ва маданият ҳафталикларини ўтказишимиз лозимлиги ҳақида ўйладим. Чунки адабиёт, маданият ва санъат халқлар дўстлигини мустаҳкамлашнинг асосий омилидир.
Машрабхон Қаландаров, санъаткор.
Ҳар бир минтақанинг ўзига хос иқлими бўлиб, у ерда етиштирилаётган нозу неъматлар ҳам ўша иқлимга мослашиши табиий ҳолдир. Мисол тариқасида шифобахшлиги ва тўйимлилиги билан донг таратган Исфара қандаклари, Панж ноҳияси худудидаги Шакардаштнинг хандон пистаси, «Дўстий»нинг ширин-шакар анорлари ва Қабодиён ноҳияси ҳудудидаги Кофарниҳон дарёси айланма соҳилида, айнан, Жангал қишлоғи иқлимига мослашган пекан ёнғоғини кўпчилик
Муфассал...
Хатлон вилоятининг экин ерларини ижарага олган хитойлик «Жунтай Хатлон Син Силу» компанияси чигит экиш ишларини самарали давом эттирмоқда.
Мазкур компания баҳорги чигит экиш компаниясини 10 март куни бошлаган эди. Режага кўра, апрел ойининг дастлабки кунлари экин-тикин ишлари якунланади.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015