Халқ донишмандлигида: “Икки шиддатли оқим туташган жойда улкан дарё ҳосил бўлади. Бу кўплаб инсонлар учун бахт-саодат келтириб, уларнинг имкониятларини рўёбга чиқариб, турмушларини фаровон, ҳаётларини чароғон қиладиган дарёдир”, - деган ҳикмат бор.
Бу том маъноси билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил баҳор кунларида Тожикистон Республикасига қилган
давлат ташрифига жуда мос келади. Ташриф Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон таклифига биноан амалга оширилди.
Тун зулматини чекинтиришга қодир бўлган тонг қуёши нурлари каби яқиндагина ихтиёрсиз равишда бир-биридан узоқлашиб кетган икки биродар халқ ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкам боғлайдиган нурли кунлар келди.
Тожикистон халқи олий мартабали меҳмонларни кўп ва яхши кутиб олишга ўрганиб қолган. Лекин шунга қарамай, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташрифини икки дўсту биродар – тожик ва ўзбек халқлари узоқ-узоқ вақтдан буён орзиқиб, интиқлик билан кутган бахтли, саодатли воқеага ўхшатиш мумкин. Йигирма йиллик орзу-умидлар амалга ошди, дўстлик ва бирликнинг икки оқими умумий ўзанга бирлашди.
Биз аксарият вақт Миллат пешвоси Эмомали Раҳмоннинг донишмандлиги ва узоқни кўра билишлиги, замон ва унинг талабларини ўзига хос зийраклик билан ҳис этиши ҳақида сўз юритамиз. Ва ана шу донишмандлик ва узоқни кўра билишлик, замон талабларига ҳайратланарли даражада мувофиқлик дўст-биродар ўзбек халқи билан ўтмиш алоқаларини қайта йўлга қўйиш учун имконият туғилганда ўзини яна бир бор намоён қилди. Образли қилиб айтганда, Тожикистон Президенти қўлини ҳамиша давр пулсида ушлаб туради ва унинг уриши, ҳақиқатан ҳам, тарихий қарорлар қабул қилишга ундайди.
Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг ҳаёт ва фаолиятига бағишланган китобимизни биз “Эмомали Раҳмон жасорати”, деб номладик. Аммо Миллат пешвосининг жасорати унинг босиқлик билан олиб борган доно сиёсати ёки пухта ўйланган, тақдирсоз қарорлари билан чекланмайди, балки унинг бутун ҳаёти, мамлакат ва халқ хизмати учун бағишланган бутун борлиғи жасоратдир. Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ўз мамлакатининг бир бутунлигини сақлаш ва тожик халқининг тинч, осойишта ҳаёт кечириши йўлида сиёсат юритар экан, мамлакат бошига оғир кунлар тушган йиллар бир неча бор ўз ҳаётини хавф остига қўйди ва ана шундай таҳликали пайтларда ҳам мустаҳкам ирода ва қатъият кўрсатди ва ҳар доим мамлакатнинг парчаланиб кетмаслиги учун нима ишлар қилиш зарурлигини аниқ биларди.
Ва мана, Миллат пешвосининг дўсту биродар ўзбек халқи билан аввалги дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини қайтадан бошлаш борасидаги яна бир жасорати. Аммо бу гал бир Президентнинг жасорати эмас, балки икки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан биргаликдаги жасорат. Ва юқорида таъкидланганидек, улкан дарё пайдо бўлиши учун иккита шиддатли оқимнинг ўзаро туташмоғи зарур. Ўзаро ҳамкорликдаги жасоратнинг амалга оширилишида ўзбек халқи пешвосининг икки мамлакат ва халқлар ўртасидаги узоқ давом этган алоқалар узилишига бирданига чек қўя олган эзгу ниятлари ҳам кенг имкон яратди ва бу билан ўзбек давлати бошлиғи вазифасида ўз шахсий жасоратининг шонли йилномасини бошлаб юборди.
Икки қардош мамлакатлар халқлари ҳаётида бунчалар юксак ва жарангдор акс-садо берган бирон бир воқеани бирданига тилга олиш қийин. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикасига ташрифи жараёнини ҳар икки қардош мамлакатда катта ҳаяжон ва умид билан кузатиб турдилар. Ва бу бежиз эмас, албатта. Зеро, қадимда фақат яхши қўшничилик муносабатларигина эмас, балки қон-қариндошлик, қуда-андачилик алоқалари ҳам боғлаб турган, Тожикистон - кўплаб ўзбеклар учун Ватан, Ўзбекистон эса, минглаб тожиклар учун она - диёр бўлиб келганига қарамай, кейинги икки ўн йиллик давомида тожиклар ва ўзбеклар бир-бирларидан узоқлашиб, алоқалар узилиб, меҳр-оқибатларга дарз кетганди. Ва албатта, туғишган кишилар бир-бирларидан саноқли километрлар нарида яшасалару, аммо бир-бирларини кўриш имконига эга бўлмасалар ёки энг ачинарлиси, ўғил онанинг дийдорига ташна юрса-ю, уни бир бор зиёрат қилиб, дуосини ололмаса... Ҳар икки давлат ўртасидаги чегаралар ўтиб бўлмас ғовларга айланса... Бу не ҳол, не кулфат.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикасига ташрифи ҳақидаги хабарлар Тожикистон ва Ўзбекистон рўзномалари саҳифаларида кенг кўламда ёритиб борилди. Улар радио тўлқинлари ва телевидение каналларининг тўғридан-тўғри кўрсатувлари орқали янграб турди. Ва қардош давлатлар ва уларнинг ҳудудларидан олис-олисларда ҳам ўзбек Президентининг дўст Тожикистонга ташрифини кузатмаган ва бу билан қадимий заминга янгича баҳор – ўзаро совуган вазиятга қайноқ ҳарорат бағишловчи баҳор келгани билан боғламаган кишилар топилмасди. Бу ҳақда Тожикистон ва Ўзбекистоннинг ҳамма жойида, дўстлар кўчаларда учрашганларида, ҳатто, жамоатчилик транспортларида бораётганларида ҳам ана шу тарихий ташриф ҳақида тўлиб-тошиб гапирардилар. Ҳамма Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикасига ташрифининг бир муҳим қувончли хусусиятига - давлат ҳамда расмий эканлигини алоҳида қайд этишарди, аммо худди ана шу расмийлик икки мамлакат раҳбарларининг учрашувлари ва иш юзасидан олиб борган музокараларида кўзга ташланмасди. Музокаралар чоғида ҳам, Душанбе ва унинг ён-атрофига қилинган сафар чоғида ҳам, очиқ ва дўстона, самимий бир руҳда ўтди.
Ва уларнинг учрашувлари узоқ йиллар кўришмаган ва ниҳоят, ўзаро дийдорлашув, чин дилдан дўстона суҳбат қуриш имкони пайдо бўлгач, дўстнинг дўст билан яхши қўшничилик ва ҳамкорлик ришталарининг янгича ўрамини бошлаш ҳақидаги мулоқотига жуда-жуда ўхшаб кетарди.
Тарих ўз-ўзича пайдо бўлмайди. Уни давлат миқёсидаги шахслар яратишади ва уларнинг ўз халқи билан қанчалар яқинлиги, фаолиятларида қанчалар жасорат кўрсатиб, фуқаролари ва давлатлари орзу-умидлари ва интилишларини амалга оширишдан тарихий саҳифалар ранг-баранглиги намоён бўлади. Агар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бизнинг республикамизга қилган тарихий ташрифи саҳифалари замонавий ёрқин ва ҳароратли бўёқларда ўз ифодасини топди десак, муболаға бўлмайди.
Кўзланган мақсадга олиб борувчи олис йўл ҳамиша биринчи дадил қадамдан бошланади. Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси Тожикистон Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бир-бирларининг истиқболларига ана шундай дадил қадам ташладилар ва тарих уларга инъом этган қатъиятлик ва буюк имконни тушунишни баҳолаш қийин. Ўзбекистон Президенти юксак вазифада иш бошлаб, ташлаган биринчи қадамлариданоқ ўзини, ҳақиқатдан ҳам, тақдирсоз муҳим қарорлар чиқара олишга қодир бўлган донишманд ва етук сиёсатчи эканлигини намойиш этди десак, муболаға бўлмас. Ва ишонч билан олдиндан вақти-соати келиб, ўзбек халқи ўзининг бугунги давлат бошлиғини ҳам икки дўст-биродар давлатлар ўртасидаги тинчлик ва бирлик асосчиси, ўз халқининг пешвоси. деб эълон қилади, дейиш мумкин. Бундай ибратли воқеа Тожикистон Республикаси Президенти томонидан амалга оширилган ва унинг юксак унвонлари бошқа давлатлар раҳбарларининг фаолиятига бериладиган баҳо бўлиб қолади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикасига ташрифи саноқли кунлар давом этди, аммо ана шу қисқа муддат ичида ҳар икки давлат раҳбарлари томонидан долзарб ишлар қилинганини кўриб, беихтиёр ҳайратга тушасан, киши.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан бўлиб ўтган учрашув ва музокаралар якуни ҳақида Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон матбуот учун берган баёнотида алоҳида тўхталиб ўтди.
Баёнот матни кўрилган муаммолар ва қабул қилинган тарихий қарорлар доираси фавқулодда кенг эканлигидан далолат бериб турибди. Амалда мазкур кун тартибига киритилган барча масалалар бўйича келишувга эришилди, шу билан бир қаторда, тожик-ўзбек кўп қиррали ҳамкорлигини ривожлантиришнинг истиқболдаги режалари ҳам белгилаб олинди.
“Музокаралар якуни бўйича, икки томонлама аҳамиятли бўлган салмоқли ҳужжатларни имзоладик. Бу ўттиздан ортиқ битимдан иборат бўлиб, ҳамкорлигимизнинг бир талай энг муҳим соҳаларини ўз ичига олади, - деди Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон. - Булар бизнинг савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, шунингдек, мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги муносабатларимизни қамраб олади. Бугун биз амалда кейинги йигирма йилдан кўпроқ вақт давомида тўпланиб қолган барча масалаларни ҳал қилдик.
Ишончим комилки, ҳурматли Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга ташрифи натижаси бизнинг узоқ муддатга мўлжалланган комплекс муносабатларимизнинг динамик ва гармоник ривожланиши учун сифат жиҳатдан янгича жўшқинлик бағишлайди”.
Ўз мамлакати ва халқини чин дилдан севувчи, унинг манфаатларини кўзловчи, ўз асрининг барча талаблари ва хусусиятларига мувофиқ келадиган иқтидорли давлат арбоби ва етук сиёсатчигина ўз миллатининг ҳақиқий Пешвоси бўла олади. Икки мамлакат Президентлари Эмомали Раҳмон ва Шавкат Мирзиёевлар ўзларининг худди ана шундай Миллат пешвоси, етук давлат арбоби ва сиёсатчи сифатида ўзларини намоён этдилар.
Улкан қурилишлар ҳам кичик блоклардан кўтарилади. Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевлар томонидан имзоланган ҳужжатлар худди ана шундай блоклар бўлиб хизмат қилади. Бу блоклар сони, ҳажми ва мустаҳкамлигига қараб, икки қардош давлат пешволари учрашувида тамал тоши қўйилган ўша буюк иншоот қиёфасини тасаввур этмоқ мумкин.
Икки томонлама қабул қилинган ҳужжатлар моҳиятини ўзингиз бир ўйлаб кўринг. Биргаликда темир йўл, автомобил ва ҳаво йўлларини тез орада қайта тиклаб, уларнинг тўлақонли ҳаракатини йўлга қўйиш борасида, шунингдек, транзит юклар тарифини пасайтириш тўғрисидаги шартномаларга эришилди. Ғалаба-Амузанг темир йўл участкасидаги ишлар қайта тикланди. Икки мамлакат ўртасидаги юк оқимининг кўпайиши ва савдо иқтисодий алоқаларнинг кенгайиши Тожикистоннинг уч ярим миллиондан кўпроқ аҳоли яшайдиган жанубий районлари меҳнаткашлари турмуш шароитларининг яхшиланиши учун имкон яратади.
Ато ҲАМДАМ, Леонид ЧИГРИН.
Тожикчадан
О. Жуманов таржимаси.
(Давоми бор).
Ёхуд тўкилмаган дард
Одамлардан қочиб юриб-да,
Одамларни изладим, она.
Қалтис бекатларда асради,
Кўксимдаги мусофирхона...
Хаёлларимни тўзғитиб юборган тийрамоҳ мени шеър сари ичимдан-да
Муфассал...
Тожиклар маданияти қадим даврлардан бошлаб, табиат, коинот ва атроф-муҳит билан чамбарчас боғлиқ. Айниқса, тожик халқининг миллий байрамлари мавсумий характерга эга. Яъни йил фасллар ўзгаришини нишонлашнинг бир кўринишидир. Агар Меҳргон олтин куз келганидан дарак берса, Сада баҳор фаслига қайтишни ифодаласа, Наврўз нозанин баҳор келганини билдиради. Бошқача қилиб айтганда, орийларга хос бу ва бошқа байрамлар ҳеч қандай диний-мазҳабий асосга эга эмас, балки чинакам миллий ва табиий байрамлардир.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015