Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

МАДАНИЯТ

Муаллиф: Super user Категория: МАДАНИЯТ
Чоп этилган 11 Ноябр 2016 Кӯришлар: 1681
Печат

 

teatrТўҳфа Фозилова номли Конибодом драма театри Лондон саҳнасида Шекспир асарлари асосида яратилган «Жиннилар суди» спектаклини кўрсатди. Мутахассисларнинг айтишларича, тожик театри тарихида бу унутилмас ҳодиса ҳисобланади. Чунки тожик театри биринчи марта Шекспир Ватанида бу буюк драматург асари асосида спектакл кўрсатди.

Спектакл  Очиқ Марказий Осиё халқаро фестивали доирасида ҳамда Лондондаги Тожикистон элчихонаси қўллаб-қувватлаши натижасида намойиш этилди. Лондонлик томошабинлар ва Англия пойтахти меҳмонлари тожик санъаткорлари  талқинидаги асарни катта қизиқиш ва қизғин олқишлар билан кутиб олишди.

Мен анчадан буён бундай яхши спектакл кўрмагандим. Тўғри, мағзи тўқ, инсон руҳиятининг турли қирраларини очиб бера оладиган ва бу руҳият истаса-истамаса ўқувчига таъсир ўтказадиган Шекспир драмаларининг ўзиёқ ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Лекин Шекспирни ўқиш бошқа-ю, асарларининг саҳна талқинини кўриш бошқа-да! Саҳналаштирувчи режиссёр Шекспир руҳий оламига кириб кета олган, унинг, масалан, «Қирол Лир» ёки «Ҳамлет» фожиалари орқали нималар демоқчи эканлигини чуқур англаган ҳолда ишга киришгандагина, томошабинни воқеалар ичига бошлаб кира олиши мумкин. Фақат Марказий Осиёда эмас, ундан ташқарида ҳам таниқли истеъдодли режиссёр Авлиёқули Хожақули бунинг уддасидан чиқа олган.

Келинг, кези келганда бу истеъдодли санъат арбоби билан сизни оз бўлса-да, таништириб ўтай. Авлиёқули Хожақули Туркманистоннинг Чоржўй шаҳрида дунёга келган. Мактабни тугатгач, аввал Ашхободдаги маданий-оқартув техникумида, сўнгра Тошкент театр ва рассомлик санъати институтида таълим олди. Институтни битиргач, Гуржистон пойтахти – Тбилисида машҳур санъаткор М. Туманишвили ижодий лабораториясида режиссёрлик маҳоратини оширди. Аввалига Чоржўйдаги мусиқали драма театрида бош режиссёр бўлиб ишлади, Ашхободдаги ёш томошабинлар театри, театр-студияга раҳбарлик қилди. «Awara» театр гуруҳига асос солган. Туркманистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби унвонига муяссар бўлган.

Туркманистондан кейин Украина, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия ва Ўзбекистондаги театрларда ишлади.

Изланувчан режиссёр элликдан ортиқ спектаклни саҳналаштирган. У саҳнага қўйган Шекспирнинг «Қирол Лир», Маннинг «Юсуф ва унинг акалари», Абэнинг «Қумдаги аёл», Байрон ва Донготаровнинг «Қобил ва Ҳобил» каби спектакллари Олмония, Финляндия, Италия, Франция, Полша, Туркияда бўлиб ўтган халқаро театр фестивалларида мукофот олган.

Ана шу машҳур режиссёрнинг Конибодомдаги Тўҳфа Фозилова номли театр билан ҳамкорлик қила бошлаши бу санъат даргоҳи ҳаётини тубдан ўзгартириб юборди. Унинг янгича талқинидаги Еврипид драмаси санъатни чуқур тушунадиган томошабинлар ва театр таҳлилчилари эътиборини тортди. Лекин, афсуски, «Вақвақахонимлар» деб аталган, воқеа жойи тожик диёрига кўчирилган бу асар «Парасту» театр фестивалида муносиб баҳо олмади. Ўз пайтида буни фалсафа фанлари доктори, маданиятшунос олим Саъдулло Раҳимов ҳам қайд қилганди.

Шекспирнинг икки буюк асари  «Қирол Лир» ва «Ҳамлет» фожиалари асосида яратилган янги спектакл  «Жиннилар суди» Авлиёқули Хожақулининг Конибодом театрида саҳнага қўйган иккинчи асаридир.

Спектакл кичик саҳна учун мўлжалланган. Кичик саҳнада эса, томошабинлар воқеа ичига кириб кетгандай бўлишади, спектаклда юз бераётган ҳодисаларда ўзлари ҳам қатнашаётгандай туюлади, уларга. Ва яна бир томони кичик саҳна асарлари кўпроқ хос томошабинлар учун мўлжалланган бўлади.

«Жиннилар суди»да  воқеанинг бошланишиёқ томошабинни тезда ўзига қаратиб олади. Кимсан, Дания шаҳзодаси егани овқат тополмасдан тиланчилик қилиб юрса-я! Лекин хос томошабин шаҳзоданинг емак учун пул сўраётганини эмас, балки меҳр сўраётганини, қалбидаги кучли бир алам, нидони тушунишларини сўраётганини илғаб олади.

... Мен «Ҳамлет»ни ҳали мактабда ўқиб юрганимдаёқ кўрганман. Машҳур санъаткор Олим Хўжаев ижросидаги Ҳамлет билан бирга ўйланганман, ғам чекканман, фарёд қилганман, севганман, қасос ўтида ёнганман. Отасининг арвоҳи билан учрашувидан кейин тахт дея қўлини қонга ботирган укага, бу жиноятга шерик бўлган онага нисбатан кўнглимда жиловсиз бир нафрат пайдо бўлган. Мен ўшанда Ҳамлетнинг ўч олишини, адолат қарор топишини истардим...

Лекин ўша пайт энди ўсмирлик ёшимда Ҳамлет табиатини борлигича англашим қийин эди. Кейинроқ, йиллар ўтиб, Дания шаҳзодаси табиатини ипидан-игнасигача тушуна олиш ўта қийин эканлигини англадим.

«Қирол Лир»ни ҳам саҳнада кўрганман. Масалан, америкалик режиссёр Д.Каплан томонидан анча кейинроқ саҳналаштирилган "Қирол Лир" воқеалари Ғарбдан Шарққа кўчирилди. Бунда «Қирол Лир»даги фожиа фақат бир мамлакатда яшаётган одамлар учунгина хос эмаслигини, балки умуминсоний дарду аламлар эканлиги кўрсатилганди. 

Лекин менга «Қирол Лир»нинг киноталқини қаттиқ таъсир кўрсатганди. Ҳозиргача Григорий Козинцев саҳналаштирган бу филмдаги Қирол Лирни ўйнаган эстон актёри Юри Ярветнинг аламзада қиёфаси кўз ўнгимда яққол гавдаланаверади.

Энди мен қариб қолдим, кўзим очиқлигида бор бойлигимни қизларимга бўлиб берай, тож-тахтимни ишончли қўлларга топширай, деган шоҳ кўп ўтмай ўзининг тузатиб бўлмас хатога йўл қўйганини англайди. Нега у катта қизлари Гонериля ва Регананинг ширин, лекин ғирт ёлғон сўзларига учди? Нега Корделиянинг камсуқум, лекин кўнглидан отилган жавобидан ғазабга келди? Мол-мулкка ўч катта қизларини эмас, оқкўнгил кенжа қизни қувиб солди? Нега узоқни кўра оладиган ҳақгўй граф Кент Корделия тарафини олганда, уни мамлакатдан бадарға қилди?

Ана энди мол-мулкка эга қизлар ота юзига оёқ босишади. Ана энди нуфузли граф Глостер айтмоқчи ...Муҳаббат сўниб, дўстлик соврилиб, оға-инилар бир-бирлари билан қир-пичоқ бўлишади. Шаҳарда исён, қишлоқларда ғалаён, саройларда хиёнат авж олиб, ўғиллар оталаридан юз ўгиради... Қирол билан боғлиқ можарони олиб қаранг,  ота қизига мухолиф. Қаҳру ғазаб, сотқинлик, ҳалокатли ур-сурлар энди қабргача бизга ҳамроҳ бўлади...

Қирол эса, мамлакатда юз бераётган воқеалардан буткул хабарсиз. Чунки сарой маъмурлари юзингда кўзинг борми демасдан, Лирни алдаганлари-алдаган. Унга фақат ёқимли хабарлар етказилади. Ғафлатдаги Қирол Лир эса, хотиржам юрибди...

Лекин сарой амалдорлари, ўз қизлари, куёвлари томонидан қилинган ҳийла ва хиёнат Қирол кўзини мошдек очиради. Бироқ энди ҳаммаси кеч...

Мен Конибодом театрининг «Жиннилар суди» спектаклини кўрар эканман, ана шу воқеаларни ҳам эсладим. Ва отасини қувиб солган мол-дунё қуллари – опа-сингил Гонериля ва Регананинг аянчли тақдири кўз ўнгимдан ўтди. Отаси ва укасини бир-бирига қайраган, маликаларни душманга айлантирган валади зино Эдмунднинг разил қиёфаси лаҳза сайин турфаланаверди.

«Қирол Лир» воқеалари ХI асрда Британияда кечган. «Ҳамлет»даги воқеаларнинг кечганига ҳам неча асрлар ўтди. Икки асарни маҳорат ила бирлаштира олган режиссёр макр ва риё, алам ва нафрат, разолат ва хиёнатнинг нима эканлигини томошабинга етказа олган. Санъаткорнинг кутилмаган топилмалари, ўзгача режиссёрлик талқини, усталик билан ишланган мизансценалар, актёрларнинг рол ўйнамаётганликлари, балки саҳнада яшаётганликлари зукко томошабинни ўзига оҳанрабодай тортиб олади. Масалан, спектакл давомида қаҳрамонларнинг қават-қават кийган кийимларини ечиш саҳналарини олайлик. Бу билан улар фақат таналаридаги либосларини ечишмаяпти, балки аслида кимликларини ҳам ошкор этишяпти. Ё тожик халқ қўшиғини усталик билан спектаклга киритилгани, у қаҳрамонлар руҳиятини очишга хизмат қилгани, вақти-вақти билан чалинган созлар воқеаларни очишда қанчалик ўрин тутганини таъкидлаш жоиз.

«Жиннилар суди»да бор-йўғи уч нафар образ бор. Қирол Лир, Ҳамлет ва қизиқчи. Маҳоратли режиссёр Муҳиддин Музаффар (Жўраев) ижро этган Қирол образи мен кўрган, билган Қирол Лирлар орасида энг ёши бўлди. Муҳиддин Қирол Лир тимсолини маромига етказиб ярата олган. Унинг ҳар бир ҳаракатидан, кўз қарашидан, талаффузидан Қирол Лир ички дунёсини қанчалик яхши тушунганини сеза олиш мумкин.

Ҳамлет ролини кимлар ижро этмаган. Англияда Дэвид Теннант, Россияда Иннокентий Смоктуновский, Владимир Висоцкий, Озарбайжонда Аббос Мирзо Шарифзода... Мен Конибодом театрининг ёш, иқтидорли актёри Фарҳод Тўхташев ижросида бошқа бир Ҳамлетни кўрдим. Кўзлари маъюс, овози эзгин Ҳамлет адолатни тиклаш йўлида қотилликлар қилгани учун гўё инсониятдан узр сўраётгандек. Ва Шекспир «Ҳамлет»идаги сирлилик унинг ҳар бир ҳаракатидан сезилиб тургандек...

Спектаклдаги учинчи иштирокчи  Қизиқчи зиммасида жуда катта маъно юки ётади. Асл томошабин, Шекспир ижодидан яхши хабардор инсон илғайдиган бу маъноларни туб-тубидан очиб бериш ҳамма актёрнинг ҳам қўлидан келавермайди. Ғайратали Қодиров бу мураккаб вазифани маҳорат билан уддалай олган.

Сизга яхши маълум  шоҳлар, қироллар саройидаги қизиқчилар ўз ҳукмдорига мудом ҳақ гапни, аччиқ бўлса-да, ҳақиқатни етказиб тура олганлар. Ва аксарият қизиқчилар ҳукмдорнинг энг содиқ одамлари бўлишган. «Жиннилар суди»да ҳам Қизиқчи ҳақ гапини баралла айта олади. Мен Авлиёқули Хожақули Қизиқчи орқали олдинга сурган ғояларни таҳлил қилиш жараёнида Қирол Лирга содиқ инсон Кентни ҳам кўргандайин бўлдим. Қирол ҳайдаб солганда ҳам, қувғин этганда ҳам унга содиқ қолган, кулфатдаги дамларида Лир ёнида бўлишни ўзи учун бурч, деб билган граф Кентни!  

Спектаклда Қирол Лир қизлари  Гонериля ва Реганани, Ҳамлет амакиси ва онасини суд қилишади. Лекин спектакл жараёнида худди Лир ва Ҳамлет устидан суд кечаётгандайин... Замонлар ўзгармоқда, авлодлар алмашмоқда. Лекин гарчи Шекспир давридан сўнг тўрт асрдан кўп вақт ўтган бўлса-да, кўплар олдида Ҳамлетнинг машҳур «Ҳаёт ва мамот»и ё бошқачароқ айтсак  «Бўлмоқ ё ўлмоғ»и долзарб саволлигича қолмоқда. Ҳар бир авлод Ҳамлет ва Қирол Лир фожиасидан ўзича таъсирланмоқда. Мен бунга «Жиннилар суди» давомида яна бир бор амин бўлдим. Айрим томошабинлар Қирол Лир ё Ҳамлет қалбидаги изтиробларга шерик бўлиш ўрнига, уларнинг эзгин фарёдидан йиғлаш ўрнига шарақлаб кулишарди. Устма-уст кулги авжига чиққач, мен ўзимни тута олмай қолдим  йиғлайдиган ҳолатда нега куляпсизлар? Бир мен бу фикрда эмас эканман. Мендан олдинги қаторда ўтирган истеъдодли санъаткор, театр ва кино актрисаси Сайрам Исаева ҳам худди шу гапни такрорладилар...

Тожикистон халқ артисти Сайрам Исаева спектаклдан сўнг истеъдодли режиссёр Авлиёқули Хожақулининг бир ярим ой давомида ажойиб бир саҳна асари яратганини таъкидлади. Бунда режиссёр саҳна санъатининг барча замонавий ишланмаларидан фойдаланганини алоҳида урғулади. Таниқли режиссёр Ислом Саломов, шоир ва драматург Озарахш ҳам «Жиннилар суди» спектаклига катта баҳо беришди. Ислом Саломов конибодомлик ёш актёрларнинг маҳорати ҳақида гапирар экан, Авлиёқули Хожақулидай режиссёр талабига жавоб бериш осон иш эмас, деди.

Мен бўлсам, спектакл давомида тинмай ҳаракатда бўлган актёрларнинг масрур чеҳраларини кузатаман. Авлиёқули Хожақули эса, томошабинларга миннатдорчилик билдиради. «Овқат пиширилаётган ердан бир ширин ҳид димоққа урилса, одам ўша томон интилади... Лекин нега ҳозир кўпчилик маънавий озуқа берилаётган даргоҳ томон интилмаяпти?»  Нега, нега, нега? Мен беихтиёр куйинчак санъаткорнинг саволини такрорлай бошлайман...

 

Ўринбой УСМОН,

Суғд вилояти.

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

БИР НИГОҲ КУЗАТАР МЕНИ…

Мен қаерга борсам, қайси бир ишга қўл урсам, отам кузатиб тургандек бўлаверади. Қулоғимда эса, у кишининг: -Ўғлим, ҳалол меҳнат қилган одамнинг иши доим баракали бўлади, ерни ҳеч қачон алдамагин, шундагина у хирмон-хирмон ҳосил беради,- деган сўзлари янграб туради.

Отам – Аҳад Раҳмоновнинг меҳнат фаолияти Иккинчи жаҳон уруши даврида бошланган.

Муфассал...

Матбуот анжуманлари

Шермуҳаммад Шоҳиён:- Суннат ва никоҳ тўйларида улоқ ва кураш мусобақалари уюштириш тақиқланган

- Шарқона анъаналаримизга кўра, илгари суннат ва никоҳ тўйларида ўзларига тўқ юртдошларимиз улоқ ва кураш мусобақалари уюштиришарди, - деди Тожикистон Республикаси Олий суди раиси Шермуҳаммад Шоҳиён ўтган йил якунига бағишланган матбуот анжуманида. – «Тожикистон Республикасида

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990895

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7478218
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
4146
4027
21831
7426653
99862
114875
7478218

Сизнинг IPнгиз: 3.148.117.237
Бугун: 23-11-2024 17:30:03

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015