Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

МАДАНИЯТ

Муаллиф: Super user Категория: МАДАНИЯТ
Чоп этилган 19 Сентябр 2016 Кӯришлар: 1922
Печат

 

burhon mamatqulovБоботоғдан эсган шамоллар Ҳисор тоғларида эндигина гуллаётган наъматак япроқларини тортқилаганда, бу қадимий дайру дун саҳролари жунбушга келади, гўё.

Кўз илғамас бундай жонланиш ёки қулоққа чалинар-чалинмас бу каби саслар борлиқнинг илоҳий гўзаллигини намоён қила бошлайди. Энг улуғ мусаввирнинг, буюк асарларидан бири сифатида гавдаланади.

Аслида табиат ҳам қўшиқ айтар экан: сиз ва биз билган қўшиқлардан фарқли ўлароқ, тўрт фаслда ўз тили ва ўз мақоми ила куйлайверади, у.

...Биз Бурҳон Маматқулов билан соат учларда учрашишга келишиб олдик. Машҳур санъаткор СССР халқ артисти Аҳмад Бобоқуловнинг шогирди Тожикистон халқ артисти, профессор Бурҳон ака Маматқулов билан суҳбатлашиш… у кишининг салобати босдими?.. Ҳар қалай бу мулоқот мен учун осон кечмаслигини ич-ичимдан сезардим.

Эл олқишига сазовор бўлган Бурҳон ака каби тарихий шахслар билан мулоқотга киришиш учун лоақал ўзинг руҳан тайёр бўлишинг ва санъат нозикликларини ҳис қилишинг керак.

Шон-шуҳратга муккасидан кетган, камтарлик ва андишани қўрқоқликка йўйган, беқарор ва тинимсиз бир  читтак каби шоҳдан-шоҳга кўчиб юрувчи иқтидорсиз бир кимса эмас, эл назари ва олқишига сазовор бўлган ижодкор билан учрашиб суҳбатлашиш осон кечмас экан, одамни суст босаркан…

Дунё қадимий. Бу дайри фанода унинг қадимийлигини эслатиб турувчи залворли тоғлар, поёнсиз қир-адирлар инсон тафаккурини олис-олисларга улоқтириб юборади…

Инсон табиати - жуда мураккаб.

У айни баҳор чоғида кузак эпкинларини ҳис этиши мумкин.

Шивалаб ёғаётган баҳор ёмғири остида Бурҳон аканинг ҳузурига йўл оламан.

Хаёлларимни бўлажак суҳбат қуршаб олган. Опера нима ўзи?.. Етмиш йиллик тарихга эга собиқ Иттифоқ идеологияси бизга опера санъатини сингдира олдими?.. Сингдира олмаган бўлса, у нима учун керак?

Европаликлар ҳаётида муҳим ўрин эгаллаган опера санъати тўғрисида қанчалик тасаввуротга эга эканлигимни тусмоллаб тасаввур қилсам, аслида ҳеч нарсани билмас эканман.

Санъаткор билан суҳбатлашиш учун билганлардан у, бу нарсани суриштириб билай десам, билағонлар ҳам ўзим  билган умумий нарсалардан нарига ўтишолмади.

Опера билан Шашмақомнинг ўхшашлик томони бормикан?

Шаҳарнинг шовқинли кўчаси. Осмондан энаётган баҳор ёмғири… қора булутлар бағрини тилиб ўтган чақмоқ. Ҳаммаси бир бўлиб симфоник оркестрни эслатади менга. Бу ҳолатни шоирона қилиб бошқача тасвирлаш ҳам мумкиндир. Бўлажак суҳбат хаёлларимни банд қилгани учун ҳам ҳар хил услубдаги европача мусиқий асбобларни кўз олдимга келтиришга, улар сасини илғаб олишга ҳаракат қиламан.

Тожикистон Давлат консерваториясининг иккинчи қаватида жойлашган Бурҳон аканинг иш кабинетига кирганимда, у киши франциялик шогирди Осиф Элоббега тожик эстрадасидан таълим бераётган эканлар.

Ўзга миллат кишисига тожик санъатидан сабоқ бериш жараёнини кузатар эканман, бу юмушнинг жуда мушкул эканлигига тан бердим.

Устознинг хатти-ҳаракатлари, қўшиқ айтиш жараёнидаги мимика ва қаҳрамон ҳолатига кириб ижро этиш маҳоратини яна сайқаллаш муҳим эканлиги тўғрисида шогирдларига куюнчаклик билан сабоқ беришлари мени ҳайратга солди. Жонли ижро нақадар мушкуллигини тушуниб етгандек бўлдим.

Ҳозирги енгил-елпи ижро этилган қўшиқлар билан устоз Бурҳон Маматқулов ижроси ўртасидаги фарқнинг ер билан осмон қадар эканлигини англаб етдим.

Дарҳақиқат, жонли ижро орқали халқ ҳурмат-эътиборини қозониш учун жуда катта истеъдод  лозимлиги Бурҳон ака тимсолида яққол кўриниб турарди…

-Бурҳон ака, нега опера санъатини танладингиз? Шу ҳақда гапириб берсангиз?

-Опера санъати Италияда пайдо бўлган. Аслида опера қўшиқларини  аристократлар эшитишган. Аввал Европада пайдо бўлиб, кейинчалик дунёнинг бошқа жойларига тарқала бошлаган санъатнинг бу турида куйга солинган асар оркестр ёрдамида айтилади. Симфоник оркестр 100 киши, камер оркестрда 40 киши мусиқа асбобларини маҳорат билан чалишади. Яккахон хонанда шулар жўрлигида қўшиқ айтади.

Болалигим ҳозирги янги аэропортдаги маҳаллалардан бирида ўтган. Ёшлигимдан қўшиқчилик санъатига қизиқардим. Тахтачага буёқ қутисини ўрнатиб, мусиқа чалишга ҳаракат  қилардим. Ўша пайтлари Абдулмажид Ҳомидов деган қўшнимиз бўларди. Замонасининг етук, илмли кишиси бўлган Абдулмажид аканинг олдига таниқли санъаткорлар ташриф буюришарди.

Эскича илмга ҳам эга бўлган Абдулмажид ака адабиёт ва санъатни теран тушунадиган инсон эдилар. Гоҳ-гоҳида бирор шеърга куй басталаб қўшиқ ҳам айтардилар.

Мен 14-15 ёшларимда шашмақомдан ашула айтишга ҳаракат қилганман. 1959 йили тахминан 7- синфни битиргандан сўнг, пойтахтдаги мусиқа билим юрти қошида мақом бўлими очилди.Бу ерда Бобоқул ака Файзуллоев, Шоназар Соҳибов, Фазлиддин Шоҳобов каби устозлар дарс беришаркан.  Мен мактабдан ҳужжатларимни олиб келиб, шу ерга ўқишга кирмоқчи бўлдим. Бироқ бу ерда саккизинчи синфдан қабул қилишаркан, мендаги қизиқишни кўриб билим юрти директори: - Кайси бўлимда ўқишни хоҳлайсан?- деб сўрадилар. Мен мақомга қизиқишимни айтдим. Бироздан сўнг, Шоҳобов домла келиб мени эшитиб кўрдиларда:-Бу ҳали ёш, -деб айтдилар.Шунда директор мени шаштимни қайтармаслик учун:-Бўлмаса скрипка бўлимига кириб ўқигин, бир-икки йилдан кейин мақомга ўқийсан, - дедилар. Мен индамадиму, уйга бориб дадамга бор гапни айтдим. Шунда дадам раҳматлик: -Бизнинг оиламиздан артист чиқмаган,акаларингни ёнига кириб савдо билан шуғуллангин, - дедилар. Мен эса, сўзимда туриб олдим.

Дадам ҳам рози бўлдилар, шу-шу мен санъат оламига кириб кетдим.

Мен сизга буларнинг ҳаммасини айтиб берсам бир китобга сиғмайди.Инсон ўзи танлаган соҳасида маълум бир натижага эришиши учун астойдил меҳнат қилишидан ташқари,устозлар ўгитини ҳам эсдан чиқармаслиги керак.Устоз кўрмаган шогирд, ҳар мақомга йўрғалар ,-деган мақол бежиз айтилмаган. Бундай одам бирор нарсага эришиши қийин.

-Бурҳон ака, опера қўшиқчилик санъатини ҳамма ҳам бир хил қабул қилолмайди. Бунинг сабаби нимада?

-Биласизми, бизнинг миллий қўшиқчилигимизнинг яратилиш тарихига назар солсангиз, миллий қўшиқчилигимиз халқ оғзаки ижоди негизида пайдо бўлган. Опера санъати эса, бизнинг миллий санъатимизга, халқимиз ҳаётига четдан кириб келган. Одамлар ўз миллий санъатига ўрганиб қолганлиги сабабли, европача опера санъати сал ғалати туюлади. Ҳатто, чолғу асбобларида ҳам фарқ бор. Бизда рубоб, аккардион, доира билан танланган сўз ёки шеър бир овозда равон қилиб айтилади. Операда ундай эмас, масалан, бир, икки, уч, тўрт, беш овоз жўрлигида қўшиқ  ижро этилади.

Энди опера қўшиқчилигини халқимизга ёқтириш учун мумтоз шеъриятга диққат қаратиш керак. Масалан, Зиёдулло Шаҳидийнинг «Комдэ ва Мадан», Шарофиддин Сайфиддиновнинг Рўдакий номли, озорбайжонларнинг «Аршин молалан» асарларидаги қўшиқлар опера асосида айтилган, бироқ бунда миллий унсурлар кучли бўлганлиги, танланган асар бизнинг турмуш тарзимизга яқин бўлганлиги учун ҳам халқимизга мансуб бўлиб келаётир.

-Бурҳон ака, ҳозир ёшлар орасида тезроқ машҳур бўлишни истовчилар кўпроқ топилади. Бунинг учун нима қилиш керак?

-Халқимиз қалбидан жой олган, қўшиқчилигимизда ўз ўрнига эга бўлган, санъаткорлардан бири Барно Исҳоқованинг устозлари Фазлиддин Шоҳобов у кишига қарата: -Барнохон сен мошово тўғрисида қўшиқ айтганингда, тингловчи гўё мошово егандек бўлсин,- деган эканлар. Ҳар хил мусиқа асбоблари оҳанги билан мухлисни чалғитмасдан, ҳар қандай овоз соҳиби юракдан айтилган қўшиғи билан ўз овозини тигловчиларга манзур қила олиши лозим. Ўшандагина бирор натижага эришиш мумкин.

-Мен яна олдинги саволимга қайтмоқчиман. Операни халқимиз унчалик қабул қилмайди, назаримда…

-Мен сизни тушундим. Опера санъати биз учун керак. Санъатнинг бу тури ҳақида иложи борича кенгроқ маълумот беришимиз, ўрта мактабларда, мусиқа дарсларида бу ҳақда кўпроқ ўргатишимиз керак.

Тожикистонимизни дунё танимоқда. Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон, Жаноби олийларининг узоқни кўзловчи сиёсати туфайли, узоқ-яқин чет эл мамлакатлари билан борди- келди, маданий алоқалар кенг йўлга қўйилмоқда.

Пойтахтимиз Душанбе шаҳрида кўплаб чет эл элчихоналари, консулликлари фаолият юритмоқда.

Биз ҳар бир соҳада янгиликка интилишимиз керак. Халқларни бир-бири билан боғловчи санъат соҳаси ҳам бундан мустасно эмас.

Айни замонда, минг-минглаб фарзандларимиз дунёнинг турли ўлкалари, жумладан, Европа мамлакатларига бориб таҳсил олишмоқда. Уларнинг турмуш тарзи билан танишиб қайтишмоқда.

Бу ҳаммаси тараққиётдан, дунё мамлакатлари билан ҳамнафас бўлиб яшамоқликдан дарак беради.

 Шундай экан, биз уларнинг санъатини ҳурмат қилишимиз ва ўрганишимиз керак. Бу фойдадан холи бўлмайди.

Бугунги кунга келиб театрларимизда опера асарлари қўйилмоқда. Бу концертларимизда чет эллик меҳмонларнинг ташриф буюришидан жуда хурсандмиз. Демак, санъатнинг бу соҳасини ривожлантириш ва шу билан бирга тожик миллий санъатини дунёга танитиш санъаткорларимизнинг олий мақсадларидан биридир.

Марказий Осиёнинг баъзи бир давлатлари, аниқроғи, Туркманистонда опера санъати бизнинг миллий санъатимизга ёт, дейишиб маълум бир муддатда таъқиқлашган эди. Ҳозир яна қайтадан опера санъатига  ижозат берилиб, бу соҳада катта-катта ишларни амалга оширмоқдалар. Бу – давр талаби.

Фурсатдан фойдаланиб, муҳтарам Президентимиз Эмомали Раҳмон Жаноби олийларининг санъатга, хусусан, опера санъатига бўлган муносабатларини алоҳида таъкидламоқчиман.

Йиғин ва учрашувларда соҳа ютуқ ва камчиликлари тўғрисида доимо сўраб суриштириб турадилар. Шундай халқчил сарваримиз борлигидан шукрлар қилсак арзийди.

-Бурҳон ака, одамлар сизни Аҳмад Бобоқуловнинг ягона шогирди дейишади. Шу хусусида гапириб берсангиз?

-Дарҳақиқат, менинг санъат соҳасида танилишимда, Аҳмад ака Бобоқуловнинг хизматлари  беқиёсдир. Мусиқа мактабида у кишининг бевосита қўл остларида уч йил сабоқ олганман. Устозимнинг еттита фарзандлари бор эди.

Тўрт қиз ва уч ўғиллари қаторида гўёки мен ҳам фарзандлари ўрнида эдим. Мен Аҳмад Бобоқуловдан билим юртида ҳам, уйларида ҳам, тўй-маъракаларда ҳам сабоқ олганман десам, хато бўлмайди.

Халқимиз Аҳмад Бобоқуловни жуда яхши кўрарди. У кишининг мухлислари ҳисобсиз эди. Тўй-ҳашамларга кўп таклиф қилишарди.

Шундай пайтларда  мени ҳам ўзлари  билан олиб борардилар. - Халқ билан ишлашни, муносабатда бўлишни ўрган, - дердилар.

Баъзан тўй алламаҳалгача давом этарди. Гоҳида тўйхона соҳиби жой қилиб берарди, биз ўша ерда тунаб қолардик. Мен ётган жойимда устоз қўшиқларини хиргойи қилардим. Устоз ухлаб қолган бўлсалар керак,  деган тахминда ўзимча паст овозда қўшиқ айтишни давом эттирардим. Мабодо бирор жойида хато қилсам, ўринларидан туриб чироқни ёқтириб  – Ундай эмас, бундай қилиб айтишинг керак,- деб қўлларига ғижжакни олиб бошқатдан машқ қилдирардилар. Аҳмад Бобоқулов шогирдга нисбатан  меҳрибон бўлишлари билан бирга қаттиққўл ва талабчан инсон эдилар.

Устозимнинг руҳлари шод бўлсин, у кишининг хизматларини бир умр эътироф этаман.

Мен устоз Аҳмад Бобоқулов тавсиялари билан 1963 йили П.И.Чайковский номидаги Москва Давлат консерваториясига ўқишга кирдим. Опера соҳасидаги фаолиятим шу йилдан бошланди десам ҳам бўлаверади.

-Устозингиз Аҳмад Бобоқуловнинг ўгит ва насиҳатларини бир  шогирд сифатида миннатдорчилик билан эътироф этаяпсиз, Бурҳон Маматқулов шогирдларига нималар деган бўларди.

-Ёшларимизга айтадиган гапларим кўп. Одам ўзи танлаган касбининг фидойиси бўлиши керак, аввало, Оллоҳ берган иқтидорнинг қадрига етиш билан бирга астойдил меҳнат қилиш керак.

Ватанини, халқини суйган кишини, хусусан, санъаткорларни халқ бошига кўтаради. Эл-улус дарди билан яшаш керак…

Мустақил Ватанимизда рўй бераётган ижобий ўзгаришларга атаб, устозлар анъаналарини давом эттирган ҳолда, хоҳ опера жанрида бўлсин, хоҳ миллий жанрда бўлсин минг-минглаб қўшиқлар ижод қилиш мумкин.

Мустақил давлатимизда санъат соҳасида яратилган имкониятлардан ёш санъаткорлар унумли фойдаланишлари лозим.

Ёш авлод орасида кўплаб қобилият эгалари мавжуд. Келажакда булар орасидан тожик санъатини дунёга танитадиган юзлаб истеъдодлар етишиб чиқишига чин дилдан ишонаман…

- Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

-Сизга ҳам ташаккур.

 

Эркин ШУКУР.

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Шеър ҳаёт ҳақиқати ва юксак бадиийликдан яралади

       Муҳарририятимиз почтасига ҳар куни турли мавзу ва жанрлардаги мактублар келиб туради. Республикамиз турли гўшаларидан келаётган ушбу мактубларнинг айримлари соф журналистик бўлса, баъзилари наср ва назмни ташкил қилади. Барчасини ҳам у ёки бу сабаб билан чоп этиш имкони бўлмагани учун, бир қисмига шарҳ бериб ўтишни зарур билдик.

Муфассал...

«Адаб бирла ҳаё хуш дурур…»

 

Умумтаълим муассасалари учун тузилган адабиёт дастурида Мир Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижодини кенг қамровда ўрганишга алоҳида  аҳамият қаратилган. Мутафаккир шоирнинг шахсияти ва бой ижодий мероси ўқувчилар учун битмас-туганмас ибрат манбаи эканлиги, шубҳасиз. Улар шоирнинг ҳаёти билан танишишгандан сўнг, унинг лирик жанрда яратилган асарлари ҳамда достонлари, илмий асарлари билан яқиндан танишадилар.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990919

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7478263
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
4191
4027
21876
7426653
99907
114875
7478263

Сизнинг IPнгиз: 18.224.31.90
Бугун: 23-11-2024 17:31:46

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015