Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАЗМ

Муаллиф: Super user Категория: НАЗМ
Чоп этилган 25 Май 2017 Кӯришлар: 2241
Печат

 

o rajab 2017Тугун

Келарсан мунча инқиллиб, букик қаддинг тугунингдан,

Юкинг оғир. Нима топдинг, нима олдинг бугунингдан?

Не уйларга бориб келдинг, не кўйларга бориб келдинг,

Нима бердинг, нима олдинг саҳар, туш, кечқурунингдан?

Не хил эрлик аён этдинг, не ишлар айладинг бунёд,

Не кўрди одамистонлар қадаму, қўлу унингдан?

Оё қай уйга нур элтдинг, нуринг бирла сурур элтдинг,

Ва ё дилларга дур элтдинг топиб қудрат фунунингдан?

Ё тоғ тошин қўпордингми, темир кўксини ёрдингми,

Элимга йўл қурдингми? Не кўрсатдинг фусунингдан?

Ё чўлда буғдой ўрдингми, ё даштга сув чиқардингми,

Буюк ишхона қурдингми, десак, меҳри бутунингдан?

Тиниқ меҳринг билан бориб, оламни балқитиб қайтсанг,

Саодат ёғдуси ёғсин бошингга кун-у тунингдан!

Ажаб роҳат берар чарчаш эл учун эзгулик элтиб,

Азизлар, қадди юксалгай улуғ ишчан жунунингдан.

Тугунингда не нарсанг бор? Тириклик юкими? Ёки

Ҳаётинг ҳосили у - ҳосил сабру сукунингдан?

Не ҳам бўлса, юкинг оғир! Қани, бер - орқалай бир дам,

Не бўлса ҳам ҳаёт ҳиди турар анқиб тугунингдан!

 

ЭЙ ЗАМОН

Сен қаён кетмоқдасан, айт, эй замон?

Элтаяпсан дунёни қай томон?

Тўхта! Борма! Бу йўлинг - иблис йўли!

Тўғри йўл топ! Бўлмасин бузғун жаҳон!

Ким сени чалғитди йўлдан ва қачон?

Қайси ёв султонми, ё қай беимон?

Бўлса ҳам ким, у - ғаним! Олам аро

Қўр тўкиб, илкинг билан тўкмоқда қон!

Ким бугун доҳинг эрур ақл ўргатар?

Ким бугун дарғанг эрур йўл кўрсатар?

Гўлларингни жинниликка ўргатар?

Элларингни бир-бирига ёв этар?

Неча йилдир, қон тўкар Афғонда жанг,

Қон ичар Ироқ, Яману Шомда жанг!

Нега муслим элтди мусулмонга жанг?

Йўқ! Шайтон элтди бор Инсонга жанг!

У яна кўрсатди сур осийлигин!

Қайта истар Ер юзининг бийлигин,

Қўлга олса бу жаҳоннинг бойлигин,

Олдида Дунё, Башар қадри - тайин!

Тангри унга мангу ном берган: «Лаин».

Эй Замон, малъун йўлин тарк айлагин!

Юрса ким – жойи жаҳаннамда тайин,

Сен Лаин айбин ўзингга олмагин!

Бил, жаҳон истар жаҳони бўлса тинч,

Ҳар замон истар замони бўлса тинч,

Бахт унар қутлуғ макони бўлса тинч,

Қалби қувнар-жони, шони бўлса тинч.

Эй Замон, дўстлик туғин юксак кўтар!

Дўст топгин, майли, дард, эмгак кўтар!

Тоза ўссин, Улларинг-йўргак кўтар!

Юр жаҳонни гуллатиб! Кўкрак кўтар!

Тўғри юр - дунё сенга йўлдош мудом:

Ҳамнафас - у ҳамқадам, қўлдош мудом,

Қондошу жону кўнгилдош мудом,

Бўлгуси бошингда офтоб бош мудом!

 

ОДОБСИЗ

Иззатли курсида ўтирган бир шон,

Сезгандай ўзини мисоли ҳоқон.

Буйруқ дея элга қабоҳат сочар,

Бошлиқми ё бебош? Бўларсиз ҳайрон.

Иззатли курсини оғзи кир безот,

Иззатсиз этади ўзидай, ҳайҳот!

Мардумни идора этаркин қандай,

Ўз оғзин идора эта билмас зот?

 

Омон Ражаб.

 

**

 

чўл бургути

Омон Ражабни Ёвон томонларда танимайдиган, ҳурматини жойига қўймайдиган киши топилмаса керак. Кимдир у кишини қўли енгил шифокор сифатида эъзозласа, кимдир гоҳо сермазмун, гоҳо ўйноқи, гоҳо донишмандона  шеърларининг шайдоси. Яна кимдир шифокорликни улуғлаб, қалам сеҳри билан қалбларни жунбушга келтираётган Омон акани чин инсонийлиги учун ардоқлайди. Мен… мен эса, у кишининг меҳрибонлигига тан бераман, юриш-туришида сохталик йўқлигидан ҳайратга тушаман. Ҳа, у киши том маъноси билан замин фарзанди. Мақтовлар, кўкка кўтаришларга учмайди, чўл бургутидай вазмин, виқорли йигит.

Омон ака адабиётга ўтган асрнинг 60-йилларида кириб келди. У пойтахтдаги тиббиёт олийгоҳида таълим олиб юрган кезлари «Совет Тожикистони» ( ҳозирги «Халқ овози») газетаси билан яқиндан алоқа боғлади. Устозлари – шоирлар А.Назаров, М. Остоновлар (илоҳо охиратлари обод бўлсин)дан шеър ёзиш сирларини ўрганди, машқ қилди, изланишдан чарчамади. Ёш шоир Тошкент, Душанбе адабий муҳитида фаол иштирок этди. Кейинчалик республика ёш ижодкорлари анжуманларида қатнашди.  Шеърлари рус шоирлари томонидан юқори баҳоланди. Россиянинг салоҳиятли ойномаларида чоп этилди.

Юқорида мен Омон аканинг меҳрибонлигига тан берганимни айтдим. Ҳақиқатдан ҳам шундай.

…Ёши улуғ бўлишига қарамай, Омон ака эртами-кечми қўнғироқ қилади. Телефондаги мен учун таниш бўлган рақамни ва Омон Ражаб номини кўраману астагина гўшакни босаман:

-Ассалому алайкум, мен Омон Ражабман,- деган овоз қулоққа чалинади.

-Йўқ, мен Омонман,- дейман жиддий оҳангда ҳар икки томондан жарангдор кулгу эшитилади ва сўнгра ҳол-аҳвол сўрашлар бошланади.

Омон аканинг ҳар бир ҳаракати табиий, сохталикнинг зарраси ҳам йўқ.

-Омонмисан, яхшимисан, бола-чақалар қандай?-дея меҳрибонлик билан ҳол-аҳвол сўрайди.

–Овозингни эшитгим келди,- дейди ўзига хос дилбарлик билан.

Омон Ражаб ўз қалами, ўз овозига эга бўлган шоир. У кишининг китоблари озмунча эмас. Буларнинг барчасини меҳнат, меҳнат ва яна меҳнатнинг натижаси, уйқусиз тунлар маҳсули, десак хато бўлмас.

Шоирнинг иш столи устидан бир талай шеърий, насрий китоблар жой олган. Уларга боқиб, Омон ака гоҳо хурсанд бўлса, гоҳо кўнгли бир оз ўксигандай бўлади. Чунки оқланишлар самараси бўлмиш ноёб, дурдона асарлари чоп бўлмай, халқ қўлига етиб бормай, стол устида туради-ю, у кишининг кўнгли хира тортмайдими?

Таниқли шоир, юзлари офтобда қорайган, аммо кўнгли тонгдай мусаффо акахонимиз бугун ўзларининг табаррук етмиш беш ёшларини ёруғ юз билан кутиб олмоқдалар. Кўз олдимга қуёшда қорайган, баланд бўйли, қотмагина йигит келади-ю, омон бўлинг, Омон ака, деб қўяман.

 

Омонбой Жуманов. 

**

 

ҚЎЙ, ЮРАЙ ЮРГАН ЙЎЛИМДА…

 

Омон Ражаб ғазалига мухаммас

 

Гарчи йўл сўнгида кимса менга интизор эмас,

Гарчи бу йўл мушкул эрур, гарчи момиқ ё қор эмас,

Майлига меҳнатталабдир, ё ёвар ҳам бор эмас,

Қўй, юрай юрган йўлимда, гарчи у ҳамвор эмас,

Рост эмас тақдир каби, аммо тилакка тор эмас.

Ҳеч киши адашмади эл қатида тулпор суриб,

Балки етди мақсадига аҳдида собит туриб,

Энг осон йўлни қидирган афсус қилар сўнг ўлтириб,

Эски деб, камситма қадрин, устида ўсдим юриб,

Янги деб, берган йўлингда куйди дил, даркор эмас.

Ҳар нокас, ҳар ётга эргашиб адашмоқлик нечун?

Сарвату обрў йўлида бадном бўлмоқлик нечун?

Ё қиморбоздек борин ўйинга тикмоқлик нечун?

Нотаниш йўлларда санқиб, бош суқиб юрмоқ нечун?

Нотаниш йўлларга бахтин боғлаган ҳушёр эмас!

Минг машаққат сўнгида инсон тополгай эзгу бахт,

Сен ҳам, эй дўст, танлагил ҳақ йўлни, қилмағил ғалат,

Булҳаваслик оқибати қилмасин сени хўп карахт,

Эски йўл гарчи беролмас истаган кўнгилга тахт,

Менга парча бахт керакдир, дил тахтга зор эмас.

Тавба, деб тинмай очунда олға интилмоқдамен,

Во ажаб, йўл охирин ўйлаб, нидо қилмоқдамен,

Гар Омонулло адашса, тут қўлин демоқдамен,

Оталар юрган бу йўлда тебраниб бормоқдамен,

Ушбу йўл оғушида ўлмоқ Омонга ор эмас.

***

 

Кел эй, дўстим, бу гулшанни томоша айлагил аста,

Кўрурсан неча гулгаштлар ва жонли турфа гулдаста.

Бу - ўзбек назми гулшани ва халқнинг шараф шони,

То бордур кимнинг имкони, кезарлар даста-ю даста.

Бу гулгаштлар бири - раъно, бири - сафсар, бири - райҳон,

Ки турфа ҳид таратгайдир, бўлур фикратинг ораста.

Бу гулшан умри боқийдирки, бош гулкор Навоийдир,

Бобур, Машраб, Муқимийдир дуода қўли пайваста.

Бу гулгаштлар ижодкори бири - Эркин1, бири - Ўлмас2,

Бири - Неъмат3 ва ўнлаб шоиреки, қадди барваста.

Омон гулгашт бино қилди, борин унга фидо қилди,

Бугун гуллар жило қилди - тўлиб кетмиш жавон-раста.

Бу гулгашт гуллари аъло, бебаҳра қолмангиз илло,

Шоир дўстинг Омонулло қутлар илкида гулдаста.

 

Омонулло Олимов, Ёвон ноҳияси.

 

1.            Эркин Воҳидов - ўзбек адабиётида аруз вазнини қайта йўлга қўйган шоир.

2.            Ўлмас Жамол - тўрт шеърий девон соҳиби.

3.            Неъмат Иброҳим - соҳиби девон, шоир.

КАЛЕНДАР

« Апрел 2025 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
  1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30        

МАҚОЛАЛАР

ЯНГИ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ КОРХОНАСИ ИШГА ТУШДИ

 

15 январ куни Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон ҳамда Душанбе шаҳри раиси Рустами Эмомали пойтахтнинг Шоҳмансур ноҳиясида пайпоқ ишлаб чиқариш корхонаси "Ваҳдат" МЧЖ фаолиятини бошлаб беришди.

Ушбу корхона Миллат пешвосининг топшириқлари асосида маҳаллий тадбиркор Илҳом Мирзоев ташаббуси билан қурилиб, уни таъсис этишдан

Муфассал...

ҲИНДИСТОН БОШ ВАЗИРИНИНГ ЮРТИМИЗГА ТАШРИФИ

 

13 июл куни Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон Миллат қасри ёнида мамлакатимизга давлат ташрифи билан келган Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Модини қабул қилди.

Учрашув маросими бошланишидан аввал икки мамлакат давлат мадҳиялари янгради.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
2073620

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

8064253
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
313
3030
5793
8024732
3343
108045
8064253

Сизнинг IPнгиз: 3.142.237.38
Бугун: 02-04-2025 02:23:59

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015