Мустақил Тожикистонимиз билан тенгдош, юртимиз истиқлолининг дастлабки йилларида дунёга келган ўғил-қизлар аллақачон улғайиб, Ватанимизнинг янада гуллаб-яшнаши учун ўз ҳиссаларини қўшишмоқда. Улар турли соҳаларда меҳнат қилишмоқда – ёш муаллимлар, шифокорлар, тадбиркорлар, ишчилар, қурувчилар, деҳқонлар, ҳуқуқшунослар, муҳандислар, иқтисодчилар, журналистлар, таржимонлар...
Ёш спортчиларимиз эса, халқаро мусобақаларда ғолиблик шоҳсупасидан ўрин олиб, Тожикистон байроғини баланд кўтаришмоқда. Спорт, санъат, адабиёт ва илм вакилларининг мамлакат номини дунёга танитишда хизматлари беқиёс эканлигини ҳамма билади. Биз бугун айнан ана шу соҳаларнинг бири вакили ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз. Лавҳа қаҳрамонининг ҳаётидаги бош мақсадларидан бири – дунёга танилиш, жаҳон аҳлига қадимий санъатимизни яна бир марта кўрсатиш!
У 1992 йилнинг 15 октябрида Спитамен ноҳияси маркази – Нов шаҳарчасида туғилган. Шу ердаги Абдураҳмон Жомий номли 3-ўрта умумтаълим мактабида ўқиди. Ўқувчилик йиллари ноҳиядаги болалар мусиқа мактабига ҳам қатнади. «Мен қўлимда соз ушлаш, уни чалиш, чалганда ҳам, маромига келтириб, усталик билан чалишни ўргатган устозларим – Муҳаммаджон Аъзамов ва Шариф Отажоновлардан бир умр миннатдорман. Бу моҳир санъаткорлардан дутор, танбур, доира чалиш сирларини ўрганиб олдим», дейди болалик йилларини эслаб Шерзод.
Ўқувчилик йиллари ортда қолди. Айрим синфдошлари ҳали қайси касб этагини тутишни билмай юрган кезлари Шерзод бўлажак ҳаёт йўлини танлаб бўлганди. Унинг бирдан-бир мақсади санъаткор бўлиш эди. Лекин бобоси – Абдужаббор ота неварасининг бу истагига қатъий қарши чиқди? Шерзоднинг отаси – Алишер Тоҳиров санъаткор, ноҳияда таниқли ҳофиз эди. Лекин у дунёдан эрта ўтди. Абдужаббор отанинг назарида Шерзод санъаткор бўлса, гўё унинг ҳаётида ҳам отасининг тақдири такрорланиши мумкин эди. Лекин Шерзод созсиз, қўшиқсиз яшай олмасди. Кўплашиб бобони кўндиришди. Лекин бобонинг қарашларидан норозилиги сезилиб турарди...
Кўплаб куллиётлардан фарқли равишда Хўжанд Давлат дорилфунунининг санъат факултетида, аввало, ижодий имтиҳон олинади. Тўғри-да, қобилияти, иқтидори бўлмаса, бошқа фанлардан минг тиришиб ўқиган билан яхши санъаткор чиқмайди-да. Имтиҳонда Шерзод Абдураҳмон Жомий ғазали билан айтиладиган «Дугоҳ»ни айтди. Имтиҳон олувчи таниқли санъаткорлар – Юсуфжон Бобожонов, Сайдуллажон Убайдуллаев, Сирожиддин Худоймерганов ва бошқалар Шерзоднинг созни сайратаётганини, яхши овози борлигини кўриб, сиз олий ўқув юртида ўқийсиз, дейишди. Фақат овоз эмас, балки юксак маҳорат, катта тажриба, ғазал сўзларининг ҳар бирини чуқур тушуниш талаб этиладиган бу ашулани маромига етказиб ижро этиш, ҳатто, айрим катта санъаткорларга ҳам насиб этавермайди. Куйлаётганда ҳамма нарсани унутган Шерзод эса, ашуланинг сеҳрли дунёсига шўнғиб кетганди....
Шерзод фақат болалигида эмас, балки санъат куллиётида ҳам меҳрибон ва талабчан, иқтидорли ва истеъдодли санъаткор-устозлардан санъат сирларини ўрганганини миннатдорлик билан эслайди. «Менга мумтоз ашулалар айтиш сирларини Абдураҳим Шерматов, Насиба Узоқова, Насиба Омонбоева ўргатишди. Камолиддин Ҳамдамов фақат куйлашни эмас, балки танбур чертишни ҳам ипидан игнасигача бўлган сабоғини олдим. Ва худди шу ерда мени тақдир улуғ бир санъаткор билан юзлаштирди...»
Шерзод фақат Тожикистонда эмас, дунёга танилган санъаткор Жўрабек Муродовни назарда тутаётганди. Устоз санъаткор, ҳатто, йилт этган истеъдоди бўлса-да, ҳаммани ҳам шогирдликка олавермаслигини кўпчилик билади. У киши танлаган шогирдлар эса, фақат иқтидорли, ёқимли, кучли овоз эгаси бўлибгина қолмасдан санъатга чинакам фидойи инсонлар бўлиб етишадилар. Шерзод биринчи курсда ўқиётганда, Сайдуллажон Убайдуллаев чақириб қолди. «Шерзод, мен сен ҳақингда устозга айтгандим. Овозингни эшитиб кўрмоқчилар», деди. Ўзи Жўрабек Муродовнинг олдига бошлаб борди. Устоз санъаткор сени шогирдликка оламан, деганида Шерзод қувончини бутун оламга ёйгиси келди. Шу тобда бутун олам турфа гулларга тўлган, булбуллар хониши узоқ-узоқларга таралаётган ва... ёш бир юракдан отилиб чиқаётган қўшиқ само узра сузиб борарди, гўё...
Шерзод уйга қайтиши билан Жўрабек Муродов билан учрашувини бобосига сўзлаб берди. «Бобожон, биласизми, мен Жўрабек Муродовнинг ўзларини кўрдим. Телевизорда эмас, шундайгина ёнларида ўтирдим. Мени шогирдликка олдилар». Худди шу аснода ҳалигача Шерзоднинг санъат йўлини танлаганидан таъби очилмаган бобо дуога қўл очди: «Худойим, неварамга, Шерзодимга Жўрабек Муродовнинг йўлини бергин!»
«Шерзоднинг сурати ҳам, сийрати ҳам чиройли. Саҳна чиройини очиб юборадиган йигит. Худо берган овози бор. Одоби ҳам яхши. Шогирдлари учун мудом ғамхўр санъаткор Жўрабек Муродовнинг ишончини қозонган Шерзоднинг ўз мақсадига етиши учун барча катта-кичик қийинчиликларни енгиб ўтишига ишонадиган яна бир устози бор. У хушовоз хонанда, мумтоз ашулаларнинг моҳир ижрочиси Насиба Узоқовадир.
- Энг аввало, Шерзод оилада яхши тарбия кўрган йигит. Ёшига нисбатан босиқ, мулоҳазали. Санъаткорлик эса, унинг қонида бор. У айрим тенгқурларидек санъатга енгил-елпи қарамайди. Яна бир афзаллик томони – овозида, ижросида кучли бир дард бор. Ашула ё қўшиқни шунчаки, қуруқ айтмайди, ижродаги ясамаликдан қочади. Биз шогирдларимизга агар куйлаётганингда юрак қонингни қўшмасанг, ашула ё қўшиқнинг кўпчилик қалбига етиб бориши, сингиб кетиши қийинлигини тушунтирамиз. Бу борада биринчи марта гап очганимиздаёқ, Шерзод тушуниб етди. Энди, чинакам санъаткор бўлишни ўйлаган инсон тинмай тер тўкиши, изланиши, интилиши шарт. Ҳеч қачон ижоддан тўхтаб қолмаслиги керак,-дейди Насиба Узоқова.
Ҳозирда Шерзод Тоҳиров Спитамендаги Маданият уйида ишламоқда. Айни бир пайтда Спитамендаги Шукур Бурҳонов номли театрда ҳам фаолият юритади. Маданият уйи раҳбари Темур Саидов Шерзоднинг ноҳияда ўтказиладиган ҳар бир тадбирда фаол қатнашиши, ўз устида тинмай ишлаётгани, «Андалеб» танловида ғолиб чиққанини айтиб берди. Унинг ҳикоя қилишича, «Андалеб»да турли халқлар қўшиқлари ижро этилган. Шерзод машҳур «Мустаҳзод»ни айтган. Ҳакамлар раиси, таниқли санъатшунос Ворис Абдураҳмонов ўз фикрини изҳор қилар экан, Шерзоднинг ижросига катта баҳо берган. Қанийди, бошқа қўшиқларни ҳам у ижро этганда эди, у куйлаётганда, назаримда бутун томоша зали ҳис-ҳаяжондан портлаб кетди-ёв, деган томошабинлар олқишини назарда тутиб.
Шерзод машҳур «Қурбон ўлам»ни ижро этганда фақат томошабинлар эмас, балки ман-ман деган санъаткорларнинг ҳам вужудлари қулоққа айланади. Не-не ҳофизлар айтган бу ашулани Шерзод устозлардан ҳеч қолишмайдиган тарзда моҳирлик билан ижро этади.
У мустақил қўшиқлар яратишга ҳам киришган.
- Ўзим ижод этган биринчи қўшиғимнинг яралишига газетада ўқиган бир шеър сабаб бўлган. У Жўрабек Мўмин деган шоирнинг «Харидори кунам» деган шеъри эди. Танбур чалиб ўтиргандим. Шеърга мос келувчи оҳанг ҳам келиб қолди. Шу тариқа биринчи мустақил қўшиғим яралди, - дейди Шерзод. - Болалигимда эса, «Чархпалак» телесериалидаги қўшиқ бор-ку, унинг оҳангини яхши кўрардим ва шу оҳангга мослаб бир қўшиқ айта бошлагандим.
Шерзод устозлари ўгитини сира унутмайди. У кўпинча санъаткорнинг ўз йўлини топиши осон кечмаслиги, бунинг учун сабр қилиб, тинмай изланмоғи зарурлигини яхши тушунади. Қулоғидан эса, устозларининг сен халқ юрагига йўл топсанг, одамларнинг ўзлари, мухлислар сени топиб олишади, деган гаплари нари кетмайди.
-Мен яқинда устоз Жўрабек Муродовнинг яна уч нафар устоз санъаткор билан бирга дўстона суҳбат қуришаётганини кўрдим. Ҳаммалари ҳам фақат мамлакатимизда эмас, дунёга танилган санъаткорлар эканлигини билардим. Уларга ҳавасим келди, негадир ичим тўлиб кетди, кўз ёшларимни тўхтатиб қола олмадим, - дейди Шерзод.
Жўрабек Муродовдан ташқари қаттиқ ҳурмат қиладиган санъаткорлар ҳам бор – Фаттоҳхон Мамадалиев, Маъмуржон Узоқов, Жўрабек Набиев, Жаҳонгир Отажонов, Оғабек Собиров... Шу кунларда эса, унга яна бир севимли санъаткори Қодир Мирашуров устозлик қилмоқда.
Шерзод ўқишни битиргандан кейин устоз Жўрабек Муродов ўзи раҳбарлик қилаётган ансамблда ишлашга таклиф этди. Яна бир машҳур санъаткор Абдували Абдурашидов эса, Душанбега, магистратурада ўқишини давом эттириш ва пойтахтда ишлашга чорлади. Лекин Шерзод олий ўқув юртларида ўқиётган укаси ва синглисига ёрдам беришни, онасининг ёнида мададкор бўлишни ўйлади.
- Мустақил юртимизда биз – ёшлар учун ўқиш, касб эгаллаш, меҳнат қилишга барча зарур имкониятлар яратилган. Масалан, илгарилари вилоятимизда мусиқа билим юртидан бошқа санъат олий ўқув даргоҳи бўлмаган экан. Ҳозир Хўжанд Давлат университетида санъат факултети мавжуд,- дейди Шерзод.
... Танбур ноласи теваракка таралаётир. Ёш санъаткор машқ қилмоқда. Шу аснода у атрофдаги овозларни эшитмайди, ҳаракатларга сира эътибор бермайди. Бутун борлиғи элга манзур бўладиган ва аввало ўзининг кўнгли тўлиб айтадиган янги ашула яратиш билан банд...
Ў. УСМОНОВ.
Ҳаёт бизга кўп нарса берди, жуда кўп нарса. Уларнинг саноғи йўқ, санашга умр етмайди. Аммо биттагина меҳрибон берди, бу - Она.
Атрофимизда одамлар кўп. Уларнинг саноғи соат сайин ортиб боряпти. Уларнинг орасида таниш-билишлар, ёру жўралар, ошно-оғайнилар кўп. Баъзида уларнинг ҳам саноғини билмай қоламиз. Улар ошнолар, дўстлар эмас, дўст эса, яна битта, бу - Она.
Муфассал...
Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон ўтган йилнинг 22 декабрида мамлакат Олий Мажлисига йўллаган Паёмида 2018 йилни Сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йили, деб эълон қилиш таклифини киритди. Дарҳақиқат, жаннатмакон Тожикистонимизнинг бебаҳо табиий бойликлари юртимизда сайёҳликнинг истиқболи порлоқ бўлишига имконият туғдиради.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015