Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ

Муаллиф: Super user Категория: ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ
Чоп этилган 09 Июн 2016 Кӯришлар: 1727
Печат

 

toshu tarozuu «Уйим, жойим дейдиган одам сабру чидамли, бардошли бўлиши шарт!»

Аслида жуда кўп оилаларда ҳаётнинг бир текис кечмаслиги, гоҳ иқтисодий, гоҳ оила аъзоларидан қайси бирининг ҳаётга енгил-елпи қараши, гоҳ қариндош ё қўшни, гоҳ бутунлай беш бегона одамнинг таъсирига тушиш оқибатида ва ё бошқа-бошқа сабаблар боис жанжал чиқиши, бор гап.

Ана шундай пайтларда оқилу доно, ҳаётда кўп нарсани кўрган кишилар жанжални тинчитиш, чумчуқнинг-да ини бузилишига йўл қўймаслик учун сабр-қаноат, бардош қилишни маслаҳат берадилар. Лекин, мингдан-минг афсуслар бўлсинким, пари билмаганни билгувчи қариялар – отахонлар, онахонларнинг куйинчак гапларини ерда қолдирадиган, фақат ўз билганидан қолмайдиганлар ҳам учрайди.

Бир хат изидан

Бу воқеага анча бўлди. Вилоят газетасида ишлардим. Бир мактубда ҳали турмуш қурмаган қизгина қишлоғида бош кўтариб юра олмай қолгани, бунга ҳеч бир асоссиз туҳматга қоришиқ миш-мишлар сабаб бўлгани ҳақида ёзилганди. Шунга ўхшаш бошқа мактублар боис бу воқеани ўрганишга, журналистлар тили билан айтганда, «бир хат изидан» боришга қарор қилдик.

Томонлар – мактуб ёзган қиз, унинг оиласини бузишда айблаётган келинчак, унинг эри, ёш эр-хотиннинг ота-оналари, шунингдек, қўни-қўшни, қариндошлар, қишлоқ оқсоқоллари, кайвони аёллар билан суҳбатлардан сўнг, бўлиб ўтган воқеа кўз ўнгимга келди. Келинчакнинг боласи қаттиқ оғриб қолади ва уни даволаш учун вилоят беморхонасига жўнатишади. Худди ўша кунлари қиз қишлоқ беморхонасида даволаниш учун ётади. Вилоят беморхонаси қишлоқдан 150 километр олисда. Йигит хотини ва боласини кўриш учун ҳар икки кунда бир марта бориб келади. Йўл олислиги ҳам майли, у ҳар куни вилоят беморхонасига бориши учун ишидан меҳнат таътилига чиқиши керак эди. «Икки ҳафта давомида хотинимни кўриш учун етти марта бордим. Шу орада икки марта қишлоқ беморхонасига дўстимни  (у қиз билан бир синфда ўқиган ва қаттиқ дўстлашишган экан) кўргани бордим. Мана сиз «дўстим», десам ҳайрон бўлмаяпсиз, ахир, йигит ва қиз дўстлашиши мумкин эмасми? Ҳа, майли, ким нима деб ўйласа, ўйлайверсин. Шундай қилиб, қишлоқда миш-миш тарқалди. «Фалончи анови қиз бор-ку, ҳа, қари қиз, ҳар куни ўшани кўриш учун касалхонага борар экан, хилват жойга чиқишиб, иккови гаплашишгани-гаплашишган экан...» Бу гаплар вилоят беморхонасида ётган келинчакнинг қулоғига ҳам етиб боради. Боласи тузалиб, уйига қайтгач, у эридан сўрайди: «Сиз синфдошингиз, анови қизни кўргани бордингизми?» Эри яширмайди, беморхонага икки марта борганини айтади. Худди шу лаҳза келинчакнинг миясига опаси, бир эмас, тўрт нафар дугонаси, қишлоқ беморхонасида ҳамшира бўлиб ишлайдиган қариндоши айтган гаплар келади: «Эринг сени кўришга вақт тополмайди, лекин қари қизнинг олдига чопгани-чопган! Эҳтиёт бўл, яна эрсиз қолмагин. Келишган, топармон эр кимга керак эмас!»

Хуллас, келинчак тонг отгунча эри билан жанжаллашиб чиқади, кун ёришгач эса, шундайгина икки уй наридаги отасининг ҳовлисига қараб кетади...

Келинчакка онаси насиҳат қилади: «Бемор кўриш савоб, ўн йил бир синфда ўқиган одам яхши-ёмон кунга ярайди-да. Ҳа, тўйингда синфдош йигитлар ўйинга тушишгани эсингдан чиқдими? Куёв узоқ йўлга ҳар куни боролмайди-ку? Мендан ўпкаласанг бўлади, сени кўришга атиги икки мартагина бордим. Хотини бир ой оғриб ётса, бир мартагина хабар олмаган эрлар бор-а! Эсингни йиғ, қизим, гулдек турмушингни бузма!» Онасининг гапига қизи қулоқ солмайди. Қайнона қуданинг уйига кунига икки-уч чиқади. Келинига ялинади, ёлворади, истасанг, ўғлим ўша синфдоши билан бир умр, ҳатто, салом-алик қилмайдиган бўлади, неварамни тирик етим қилмагин, дейди. Келинчак кўнмайди...

«Бир хат изидан» бориш жараёнида миш-мишларнинг, умуман, асоссизлиги исботланди. Томонлар юзлаштирилгач, келинчак уйига қайтишга рози бўлди. Газетада чоп этилган мақолада қаҳрамонларнинг исм-шарифлари келтирилмади. Лекин орадан ўн кунча ўтгач, келинчакдан хат олдим. У мақолада уйини бузмоқчи бўлган қизнинг «ёнини олганим учун» мендан норози бўлганини ёзганди. Мен жавоб хати ёздим. Унда аслида миш-мишларни текширишлар ва мақоланинг асосий мақсади унинг оиласини сақлаб қолиш эканлигини, лекин гулдек қизни ёмонотлиққа чиқариш ҳам яхши эмаслигини тушунтиришга ҳаракат қилдим...

Мана ҳозир яна ўша воқеани кўз олдимга келтиряпман ва агар ўша пайтда келинчак сабр қилганида, эри билан жанжаллашмасдан, қайтага миш-мишларни тарқатган одамларни уялтириб қўйганида, кўпни кўрган онаси, қайнонасининг гапларига қулоқ солганида, балки, маълум муддатда ҳам бўлмасин, уйи бузилмаган бўлиши мумкинлигини ўйлайман. Сабрсизлик, беҳуда жанжал туфайли кўнгилда пайдо бўлган дарзни асил ҳолига келтириш эса, осон кечмайди.  

Ҳа, ҳаёт оилада юз бериши мумкин бўлган арзирли-арзимас воқеалар, асосли-асоссиз гап-сўзлар туфайли аразлайвериш яхши оқибатларга олиб бормаслигини кўп кўрсатган. Қайтага эр ё хотин томонидан билиб-билмай қилинган хатоларни кечира олиш эса, оилани сақлаб қолишга, фарзандларнинг ота ё она меҳрига зор бўлмаслигига хизмат қилган. Оиланинг мустаҳкам бўлиши кўп жиҳатдан эр-хотиннинг босиқ, сабрли ва мулоҳазали бўлишига боғлиқ эканлиги исботланган.

 

Сабрсизлик - аччиқ мева

Бобожон Ғафуров ноҳиясининг Ёва қишлоғида яшайдиган Турсунбой Бобожонов бир кам саксон ёшда. Тўрт нафар ўғил (улардан бири 41 ёшида вафот этган), тўрт қизнинг отаси, 28 невара, 15 эваранинг бобоси. Ҳа-я, тўрт келин, тўрт куёви бор.

Отахон катта оиласи ҳақида гапирар экан, қўша қарийман, деган одам аввало, сабр-чидамли, бардошли, мулоҳазали бўлиши зарурлигини айтди. 

«Ҳозир кўпчилик ёшлар катталарнинг, ҳатто, ўз ота-оналарининг ҳам оилаларига аралашишларини исташмайди. Лекин ўғли ё қизининг оиласи арзимас бир сабаб билан бузилиб кетаётганини кўрган қайси ота-она бир четда индамасдан қараб тура олади? Ёшлар орасидаги жанжални тинчитиш, уларни яраштириб қўйиш биз – ота-оналарнинг бурчимиз эмасми? Айтинг, қайси бир оилада келишмовчилик, паст-баланд гаплар бўлмайди? Баъзида ўғилларим ё қизларим оиласида ҳам жанжал чиққан. Ана шундай пайтларда уларни яраштириш, муросага келтириш учун мен, аввало, ўзимнинг фарзандларимни койиганман, насиҳат қилганман. Агар қиз отасиникига бир марта аразлаб келса, гарчи куёвми, қайнонасими, қайнсинглисими, уни хафа қилишган бўлса-да, ёнини олдингми, ана кейин аразлашни одатга айлантириб олади. Бора-бора бу аразлашишлар туфайли оила бузилиши мумкин...»

Турсунбой ота бу гапларни айтганларидан сўнг, фарзандларининг оилавий ҳаётларидан айрим мисоллар келтирдилар. Ўғилларидан бирининг хотини иккита болалик бўлганида нимадандир жанжал чиқиб, уйига кетмоқчи бўлибди. «Мен ўғлимни койидим. Келиннинг ноҳақлиги аниқ кўриниб турган бўлса-да, унга бир оғиз индамадим. Бировнинг боласи, устига яна ҳомиладор эди. Уйига кетса, ота-онаси насиҳат қилишини, ақлли одамлар қизининг ёнини олмаслигини, оиласи бузилишини истамасликларини билардим. Босиқлик қилдим, сабр қилдим. Уч кун ўтмасдан келин болаларини эргаштириб қайтиб келди. Мен унга ҳеч нарса бўлмагандай муомала қилавердим». Турсунбой ота бу воқеани эслар экан, ҳозир ўша ўғли ва келини қизларини турмушга узатишгани, иккита неварали бўлишганини айтади.

Турсунбой ота фақат ўз фарзандлари оилаларинигина эмас, балки маҳалласидаги ёш оилаларни ҳам асраб қолиш учун куйинади. «Агар ёш оилалар ўзлари келиша олмасалар, ота-оналарининг гапига қулоқ солишмаса, маҳалланинг кўпни кўрган одамлари биргаликда жанжал чиққан уйга борамиз. Воқеани ипидан-игнасигача суриштирамиз. Ўртада болалар борлигини, агар ажралишса, улар тирик етим бўлиб қолишини, чунки фарзанд отасини ҳам, онасини ҳам дейишини ҳаётий мисоллар билан тушунтирамиз. Ҳа, оилавий ҳаёт икки тарафга боғлиқ. Ҳеч бўлмаганда, бир тараф оғир бўлса, енгил тараф вақти келиб хатосини тушунади». Турсунбой отанинг бу гапларини эшитар эканман, қанийди ҳамма ота-оналар ҳам у каби мулоҳаза юритишса, у каби амал қилишса, деб ўйлайман.

Ёш оилаларнинг мустаҳкам бўлишида ота-оналар, қайнона-қайноталарнинг хизмати катта эканлиги ҳаётда исботини топган. Лекин ёшларни яраштириб қўйиш ўрнига, уларнинг ҳаёти бузилишига сабаб бўлаётган катта ёшлилар ҳам йўқ эмас. Ҳаётда учраган айрим қийинчиликларга келин-куёв сабр қилишса ҳам, ота-оналар, қариндошлар сабрсизлик қилишади. Масалан, икки-уч йил фарзанд кўрмаган ўғли ё қизини турмуш ўртоғидан ажралишга гиж-гижлашишади. Иши юришмай қолган, кимлардандир қарз бўлиб қолган куёвни ландавурликда айблаб, қизларини у билан умрини хорликда ўтказмасликка ундашади. Уч-тўрт фарзандли бўлгач, хасталикка чалинган келин кўзларига ёмон кўриниб, ўғилларини «бир умр касал боқасанми, кир-чирингни ўзинг ювиб, овқатингни ўзинг пиширасанми?», дея тезроқ хотинингни талоғини бер, деб туриб олишади. Худди шундай ҳолатларда ота-оналарига қаттиқ тегмаган ҳолда, ўз ақлига ишонган, сабр-тоқат қилган ёшлар кейинчалик ҳаётлари изга тушиб кетгач, хурсанд бўлишган. Аксинча, ота-оналар гап-сўзларидан сўнг, бор сабрини ҳам йўқотган ёшлар пушаймонлик ўтида ёнишган.

Яқинда танишларимиздан бири иккинчи марта уйланди. У уйланаётган қизнинг опалари йигитнинг олдинги хотини уйига боришибди. «Эрингиз билан нега ажралгансиз», деб сўрашибди. Келинчак йиғлаганича айб ўзидан ўтганлигини, турмуш қийинчиликларига сабр қила олмаганини, эри ҳам, қайнонаси ҳам яхши одамлар эканлигини айтибди. Менинг инжиқликларимга, хархашаларимга чидашди, сабр - аччиқ, меваси – ширин, деб эшитгандим, мен сабрсизлик қилдим ва энди аччиқ мева ейишга мажбурман, дебди у.

Сабр ва сабрсизлик ҳақида ўйлаганимда конибодомлик бир аёл кўз олдимдан ўтаверади. Келинг, азизлар яхшиси, воқеий ҳикоя билан таниша қолинг.

 

Мукофот

Опаси қаттиқ-қаттиқ гапирар, Мавзуна бир сўз демасдан жимгина тинглаб ўтирарди.

- Эринг дараксиз кетганига етти йил бўляпти. Ортидан ўша олис юртларга бориб келдинг, дарагини топмадинг. Биров кўрдим демаган бўлса! Ўлиги ҳам, тириги ҳам номаълум одамни қачонгача кутасан? Ёш умринг хазон бўляпти-ку, синглим!

- Опажон, - Мавзуна ярим соатдан бери биринчи марта оғиз очди, – ўзингиз айтяпсиз-ку, унинг ўлиги ҳам, тириги ҳам номаълум, деб. Айтинг, ўлмаган одамга аза очиш инсофданми?

- Сен инсоф дейсан, у-чи? Ана, тирик бўлса, нега ақалли бир мартагина телефон қилмади? Мен фалон ердаман, хавотир олманглар, дея бир оғизгина айтмади? Сен кўзингни каттароқ оч, ақлингни йиғиб олгин. Шунча одам фалончи ўшатлик бир хотинга уйланиб, у билан кетворган, деб тўқиб-бичмаётгандир? Ана, қишлоғимизнинг ўзидан бир эмас, тўрттаси у ёқда бошқасига уйлангани рост-ку!

- Опажон, сиз ҳам ўша оғзига кучи етмаганларнинг ёлғон-яшиғига ишондингизми? Болаларимнинг отасини менчалик яхши биладиган одам бормикан? Мен у кишининг қайтишларига, албатта, ишонаман!

Мавзунанинг қулоғидан эрининг телефонда охирги марта айтган сўзлари кетмасди: у номард икки йилгача болаларимнинг рисқини қирқди, эрта бераман-индин бераман, деб ҳалигача иш ҳақимни бермади. Озмунча пул эмас – 22 минг доллар! Биттасидан ўша номарднинг қаерга кўчиб кетганлигини аниқладим. Албатта, уни топиб, пулимни оламан. Ана кейин, каттамизни уйлантирамиз. Ўғлимиз ўн саккизга тўлиб қолди-я.

Шу-шу Маъмур изсиз йўқолди...

Опа Мавзунага яна уч-тўрт оғиз гапирди-да, синглисининг бир туки ўзгармаётганини кўриб, қўл силтади.

- Майли, ўзинг биласан, жигаримсан, ичим ачийди, эркак киши бегона хотиннинг этагини бир мартагина тутдими. кўз очиб кўрганини, болаларини унутади. Сен шуни тушунишни истамаяпсан, Мавзуна. Хайр, мен кетдим!

 ... Орадан яна уч йил ўтди. Лекин ҳалигача Маъмурнинг дараги чиқмасди. Мавзуна Сургут томонлардан ким қайтиб келса, умид билан эшигига югурар, лекин ҳеч ким Маъмурни кўрдим дейиш нари турсин, биронтадан у ҳақда эшитдим, демасди. Мавзуна қайнотаси билан яна Сургут томон  йўлга чиқди. Икки ҳафтагача Сургут, атрофида бормаган жойлари қолмади. Ҳеч ким Маъмурни кўрдим, билдим, демасди...

 Катта ўғли укасини олиб Россияга кетмоқчи бўлди. Мавзуна қўймади. Хаёлида ўғиллари ҳам бегона юртда йўқолиб қолишадигандайин эди. «Ўғлим, шу ерда ишлайсанлар, уканг эса, ўқишини битириб олсин. Мен дадангга учала ўғлингизни ҳам ўқитаман, деб ваъда берганман. Худога шукр, қозонимиз қайнаб турибди, уст-бошларинг бут, болам, кўз олдимда юринглар». Катта ўғли Мавзунанинг ёш югурган кўзларига тикилганча фикридан қайтди.

Мавзуна мактабда эртадан-кечгача ишлар, оқшомлари эса, чеварлик қилиб, пул топарди. Уч ўғли ўз иши ва ўқишларидан бўшади, дегунларича, боболарининг бир гектарлик даласига чопишар, тинмасдан меҳнат қилишарди.

Эрта тонгда дарвоза тақиллади. Кўйлак тикиб ўтирган Мавзуна ҳовлиққанча ўша томон югурди. Назарида ҳозир эшик очилиб, Маъмури кириб келади ва «Мана, мен келдим, энди ўғлимизнинг тўйини бошлаймиз», дея жилмаяди. Ҳовлига қайнотаси кириб келди. Мавзуна шошганча дастурхон ёзди. Қайнотаси қўлидаги пиёлага тикилар экан, невараларини сўради.

- Ҳозир келиб қолишади. Далага сув қўйгани кетишганди, - деди Мавзуна дарвоза томонга боққанча.

- Туни билан даладан келишгани йўқ, дегин. Менга билдиришмайдиям. Майли, барака топишсин. Энди, келин, мен бир муҳим масала устида кенгашгани келгандим, - қайнота жилмайди. – Шу Мухторжонинг йигирма саккизга кирди. У тенгиларнинг икки-учта боласи бор. Неварамнинг эшигини очиб қўйсак, нима дейсан?

- Дадажон, мен ҳам ўғлимнинг тўйини кўришни истайман. Лекин дадаси бўлмасалар, тўй кўнглимизга сиғадими?

-Ўша... – ота «ўғлим йўқолиб кетмасидан олдин», деб айта олмади. – Маъмур менга телефон қилганида неварангизни ўзингиз бош бўлиб уйлантириб қўйинг, деганди. Ҳа, келин туширсак, у сенинг қозон-товоғингни, кир-чирингни қўлингдан олармиди. Бир ёқда тинмай мактабга югурасан, чок тикасан. Сенга осон эмас, қизим.

Хуллас, қайнота Мавзунани тўй қилишга кўндирди. Катта ўғилнинг тўйидан сўнг, бир йил ўтиб, иккинчи ўғилни ҳам уйлантиришди. Бу тўй арафасида қайнота «Маъмуржоним, албатта, кенжа ўғлининг тўйига бош бўлади», деди.

Кунлар кетидан кунлар, ойлар кетидан ойлар ўтаверди. Келинлар келиб, уйи тўлиб қолганидан, катта неварасининг тили чиқиб, чуғурлашидан хурсанд бўлса-да, барибир Мавзунанинг ичи ёришмасди. Дом-дараксиз кетган эрини ўйлаб, юраги сиқилганда раҳматли отасининг гапларини эсларди. «Қизим, сабрли инсоннинг оҳини Яратган, албатта, эшитади, уни мукофотлайди. Сабрсиз одам, аввало, ўз ич-этини ейди. Сен сабрли бўл, қизим, сабрли!» Онаси эса, бир мақолни кўп такрорлайди: -Бардошлига ёғлик ош, сабрсизга ош ҳам тош».

Дам олиш куни бўлгани учун Мавзуна мактабга бормади. Ўғиллари эрта тонгда далага жўнашган. Келинлари уй юмушлари билан банд, ўзи эса... негадир қўли ишга бормасдан чала қолган кўйлакнинг у ёқ-бу ёғини ағдариб ўтирарди. Хаёлга берилганидан эшик тақиллаганини ҳам, қўшни аёл кириб келганини ҳам сезмай қолибди. У аёл аввалига у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтирди-да, сўнг эрининг қўшни қишлоққа, кимнингдир жанозасига бориб келганини айтди.

-Хўжайиннинг айтишларича, ўша одам, энди қирққа кирган экан, Россиянинг аллақаерида, ўрмонда совуқдан музлаб ўлиб кетган экан. Ўлигини бир ойдан кейин, қор эригач топишибди. Россиядан ўликни опкелиш осон эмас экан. Шўрликлар роса қийналашибди-да...

Мавзунанинг эти музлаб кетди. Нима демоқчи бу аёл? Сизнинг эрингиз ҳам ўлган, ўлиги ўрмонда қолиб кетган, демоқчими? Нима, бировларнинг қайғуси одамга шунчалик эрмак бўладими?

-Қўшни, - Мавзуна зўрға ўзини тутиб олди, - буни тақдир, дейдилар. Ўша раҳматли инсон болам, чақам, деб олис ерларга ишлагани боргандир. Лекин ўзимизнинг қишлоғимизда қирқ деманг, ҳатто, ўттизга етмасдан бирон фалокатга учраб жон берганлар йўқми? Яхшиси, у инсон ҳақига тиловат қилайлик. Бўлар-бўлмас гапларни айтиб, Худонинг қаҳрини қўзғамайлик, қўшни...

Ўша куни Мавзуна алламаҳалгача Яратгандан эрини асраб-авайлашини, болаларига бош бўлиб юришини сўради...

Маъмур бедарак кетганига ўн икки йил ўтаётганда бирданига Мухтор кўчадан ҳовлиқиб кириб келди.

-Аяжон, суюнчи беринг, дадам топилдилар. Мен ҳозиргина дадамлар билан гаплашдим.

Мавзуна ўғли томон икки қадам босди-да, ток зангига суянганча ҳушидан кетди.

Ҳушига келганда, диванда ётар, аяси, учови ўғли, келинлари, қайнотаси, қайнонаси унга термулиб ўтиришарди.

-Мухтор, ўғлим, дадангга қўнғироқ қил, мен ўзим гаплашайин, - Мавзунанинг юзини кўз ёшлари ювди.

Телефонда эрининг паст, лекин меҳрибон овозини эшитар экан, Мавзуна фақат «Худойимдан айланай, ўзингга шукр»ни такрорлар, кўз ёши сел бўлиб оқарди...

Дадасининг беморхонада ётганини эшитган Мухтор уни олиб келишга отланди.

Мухтор отасини зўрға таниди. У озиб-тўзиган, сочлари оппоқ, юзи эса, қорайиб кетган эди. Бир ҳафтадан сўнг, отаси анча ўзига келгач, дўхтурлар уйга олиб кетишга рухсат беришди...

Эрининг бошига тушган азобларни эшитган Мавзуна йиғлади, йиғлайверди. Инсон боласини шунчалик хўрлаган лаънати инсофсизларни қарғади, қарғайверди...

Иш ҳақини беришни сўрайвериб, қўймагач, уни ишлатган одам эртага соат ўн бирда фалон ерга боргин, пулингни бераман, лекин бир минут кечиксанг ҳам, мендан бир тийин ололмайсан, дейди. Маъмур йўлда бораётганда, хилват бир ерда қоп-қора машина яқинлашиб келади-да, ундан чиққан иккита барзанги бурнига қандайдир латта босиб, кабинага тиқишади. Маъмур кўзини очганида, бегона бир ерда ётарди. Лўқиллаётган бошини ушлаганча ташқарига чиқади. Тўрт томон қалин ўрмон. Ўрмон ичига кираётганда ортидан овоз эшитилади: қочишни хаёлингга келтирма! Итлар ғажиб ташлашади. Маъмур ортига ўгирилиб, қўлида иккита нақ кичикроқ айиқдай итнинг тасмасидан ушлаб турган уккикўз одамни кўради. «Мен қаердаман?» Маъмурнинг тили зўрға айланади. «Қаердасан? Борса-келмасдасан! Аҳмоқ, нега хўжайиннинг жиғига тегдинг? Энди ўлгунингча мана шу ўрмонда дарахт кесасан!» Таҳқиромуз овоз эгаси Маъмур томон ириллаётган итларининг камарини бироз бўшаштирганча бир қадам босади.

... Маъмур ўн икки йил ўша қалин ўрмонда қолиб кетади. Улар – етти тутқун эртадан кечгача дарахт кесишади. У неча марта қочишга уринади. Лекин адоқсиз ўрмондан четга чиқа олмайди. Ниҳоят, бир куни ўрмонда бир рус аёлни учратиб қолади. Унга ўзининг кимлигини, бошига қандай савдо тушганини айтиб, Мухторнинг, яна бир-икки қариндошининг телефонини ёзиб беради. Полицияга хабар беришни илтимос қилади. Маъмурнинг аҳволига раҳми келган аёл шаҳарга қайтгач, полицияга ўрмондаги тутқунлар ҳақида хабар беради...

Маъмур гоҳ оч қолдириб, гоҳ аямасдан савалаб қийнашганини, итларга талатишганини, инсон боласи чидай олмайдиган бошқа азобларни ҳеч кимга айтмади. Отасининг елкасига бош қўйганида, неварасини эркалаганида, ўғилларини қучоқлаб тўймаганида, Мавзунанинг меҳрибон-маъюс чеҳрасига тикилганида у азобларни унутарди. Бир кеча пичирлаган овоздан уйғониб кетди. Мавзунанинг қўллари дуога очилган, болаларининг отаси уйига қайтиб келгани, фарзандларига бош бўлаётгани, энди кенжа ўғилнинг тўйида яйраб-қувнаши учун Яратганга шукр айларди. Маъмур хотинига меҳр билан тикилганича қолди...

Хайрлашув ўрнида

Мен мазкур воқеий ҳикояни асли конибодомлик журналист Ойдин Сулаймоновага сўзлаб бердим. У бу воқеани эшитгач, Конибодомнинг Патар қишлоғида яшаётган, аёл номини улуғлаётган яхши бир танишининг бошига тушган мусибат ҳақида ҳикоя қилди. Соҳиба исмли у аёл дараксиз кетган эрини ўн беш йилдан буён кутар экан. Эри – Баҳодир тирикчилик илинжида савдо-сотиқ учун бошқа мамлакатга бориб-келар, лекин навбатдаги сафардан қайтмаган экан. Ёнида савдо учун каттагина пули бўлган йигит дом-дараксиз йўқолган. Ўшанда Баҳодир ва Соҳибанинг ўғиллари – Бахтиёр икки яшар, қизчалари – Ситора эса, бор-йўғи уч ойлик бўлган экан. Соҳиба Баҳодирни интизор бўлиб кутади. Қайтиб келавермагач, уни излаб қариндошлари билан бирга йўлга чиқишади. Лекин дарагини топа олишмайди. Икки-уч йил ўтгач, қайнонаси Соҳибага турмушга чиқишини, ёш умрини ёлғиз ўтказмаслигини айтади. «Болаларингизга ўзим қарайман. Сизни ўз қизимдек узатаман, йўқ деманг, айланайин. Ҳали айрим синфдошларингиз турмушга чиқишмаган. Сиз ҳаётда ниманиям кўрдингиз», дейди қайнона. Лекин Соҳиба рози бўлмайди. Йиллар ўтаверади. Эрининг бир куни кириб келишига ишонадиган Соҳиба Баҳодирни сабр, умид билан кутаверади... Ҳозир унинг ўғли – 10-синфда, қизи  8-синфда ўқишяпти. Соҳиба Баҳодирни ҳамон кутади. Вақт эса, шиддат билан ўтмоқда...

Ҳа, азизлар, вақт шиддат ила ўтаверади…

Биз оилавий ажралишлар янада камайишини истаймиз. Ширин орзулар, яхши умид билан қурилган бирон-бир оила бузилмасин! Эр-хотин қўша қаришсин!

Оиланинг муқаддас эканлигини юрак-юрагидан англаган, юрт келажаги, халқ тақдири учун, аввало, оилада мустаҳкам пойдевор қўйилишини, ҳаётни давом эттириш риштаси айнан оилада пишитилишини тушунган ота-она, қайнота-қайнона, эр-хотин, фарзандларнинг муҳим масъулиятини бир зум бўлса-да, унутмасликларига ишонаман.

Ўринбой УСМОН,

Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи ва Журналистлар иттифоқи аъзоси.

Мамлакатимизда ижтимоий аҳвол сизнингча?

Аъло - 38.5%
Яхши - 38.5%
Ӯртача - 0%
Ёмон - 7.7%
Билмайман - 15.4%

Проголосовали: 13

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Миллат пешвосининг Суғд вилоятига иш сафари

 

2020 йилнинг 22 март куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон халқаро Наврўз байрамининг тантаналарида қатнашиш, аҳоли билан учрашув ва мулоқотлар ўтказиш, бир қатор байрам иншоотларининг очилишида иштирок этиш учун Суғд вилоятига ташриф буюрди.

Шу куни Суғд вилоятининг Бўстон шаҳрида Тожикистон   Республикаси

Муфассал...

Сариқ арчалар

Ҳамма нарса ўз номи билан аталгани маъқул. Сариқ арчалар, деган иборани ўқишингиз билан "Арча ҳам сариқ бўларканми?!"- деб сўрашингиз, табиий.

Ҳозир ҳамма нарса бўлиши мумкин, деган хулосага келиб қўйганман мен. Ям-яшил арчаларнинг сап- сариқ тусга киришидан ҳайратланмай қўйганлигимга анча бўлди. Янги милодий йил арафасида, қишин-ёзин ям-яшил бўлиб турувчи

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990526

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7477643
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
3571
4027
21256
7426653
99287
114875
7477643

Сизнинг IPнгиз: 3.144.20.66
Бугун: 23-11-2024 16:52:51

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015