Аёл дунёга келибдики, нозик елкасида дунё ташвишларини кўтариб юради… Ота-онага муносиб фарзанд бўлиш, ака-укалари, опа-сингилларига ғамхўрлик қилиш… Келажакда янги бир оиланинг аъзоси сифатида қайнона-қайнота, турмуш ўртоғи, унинг яқинларининг кўнглини топиш… «Турмуш – тўрт мушт», дейишади. Ҳар бир оиланинг ўзига яраша қонун-қоидалари, пасту баландликлари мавжуд.
Гулдек нафис аёлларимиз эса, турмушнинг турли зарбаларига дош бериб, барча қийинчиликларни енгиб ўтишларига тўғри келади. Айниқса, турмуш ўртоқлари меҳнат муҳожирлигига отланган аёллар оилада ҳам она, ҳам ота вазифасини бажариши керак. Бунинг устига, рўзғорнинг ташвишлари ҳам ўзига яраша…
…Гулзира опанинг эри ҳам бир замон меҳнат муҳожирлигига отланиб қолди. Бунга қайнукасининг жиноят содир этиб, озодликдан маҳрум қилингани туфайли уй-жойсиз қолганликлари сабаб бўлди. Уй-жойлари розиликлари олинмасдан сотиб юборилган Гулзира опа қайнонасининг уйига кўчиб ўтди. Лекин уларнинг уйлари сотилган маблағ билан ҳам қайнукасини озодликка чиқаришмади. Уларнинг уйсиз қолганликлари, барибир, ёрдам бермади. Турмуш ўртоғи уй-жой қуриш мақсадида муҳожирликка кетганида ёнида олти нафар вояга етмаган фарзандлари билан кўчада қолди. Ҳа, уй-жойсиз одам кўчада қолган ҳисобланади-да. Тўғри, шаҳарларда кўп кишилар ижарада туришади. Бу одатий ҳолга ҳам айланиб қолган. Қишлоқ одамлари ҳовлисида вақтинча яшаб туриши учун ҳеч қандай тўлов сўрамайди. Лекин қишлоқда уй-жойсиз қолиш жуда оғир.
Турмуш ўртоғи кетганидан кейин бир йиллар чамаси унча-мунча пул жўнатиб турди. Кейин пул жўнатиш у ёқда турсин, ҳатто, дом-дараксиз кетди. Ундан ҳеч қандай хабар йўқ эди. Ҳатто, одамлар орасида: «Йиқилиб, ногирон бўлиб қолган экан», «Нимадир бўлибди-ю, ўлибди»,- деган гап-сўзлар ҳам пайдо бўлди.
Охири Гулзира опа эридан бирон-бир хабар келишига ҳам ишонмай қўйди. Лекин бу ҳақда қайғуриб ўтиришга вақт қани? Фарзандларни тарбиялаш, уларни ўқитиш, касб-ҳунарли қилиш ташвишлари ҳам бор. Шу тарзда бир уйдан бошқасига кўчиш билан орадан қарийб ўн йил вақт ҳам ўтиб кетди. Яхшиямки, олий маълумотли, касб-ҳунарга эга экан. Ўқитувчилик қилиш билан рўзғорини тебратди. Ўзи емаса ҳам, фарзандларини едирди, киймаса ҳам, фарзандларини кийдирди. Ишқилиб, ҳеч кимдан кам бўлмасликларига ҳаракат қилди.
Аёл боши билан бирин-кетин ўрта мактабни битираётган фарзандларини олий ўқув юртига ўқишга киргизишнинг ҳам уддасидан чиқди. Катта қизи ўқишга кирганидан кейин қариндошлари – пойтахтда яшовчи қайнэгачисининг уйига жойлаштириб қўйди. Ўша даврларда ҳали қўл телефонлари деган гап йўқ эди. Қизининг аҳволини сўраб туриш учун ноҳия марказига бориб қўнғироқ қилиши ёки хат жўнатиши зарур бўларди. Ўзига тўқ одамлар фарзандларини зўрға ўқитаётган бир даврда уй-жойсиз, фарзандларини олий маълумотли қилиш осон кечмади. Кун бўйи мактабда ишлар, кейин дала ишлари, рўзғор ташвишлари… Лекин ўқитувчилик маоши билан ҳам оилани боқиш ва ҳам фарзандларини ўқитишнинг имкони йўқ. Ўқишнинг шартнома пулини тўлаш учун неча марталаб банкдан қарз олди ва йил давомида кам-камдан тўлаб қарзини узди.
Бу орада эҳтиёжманд оилаларга томорқа участкалари ажратила бошланди. Тинимсиз югуришлари ортидан Гулзира опа ҳам томорқага эга бўлди. Энди уй қуриш масаласи кўндаланг турарди. Лекин студент фарзандлар билан уй қуришнинг ўзи бўлмайди. Шундан кейин ҳам неча йиллар уй қуролмай юрди. Пойдеворини ташлашга тош топса, цементга пул етишмасди. Цемент харид қилса, усталарга тўланадиган маблағ йўқ. Шу тарзда, бир ойлигидан орттириб тош келтирар, бошқасида цемент харид қилар ва кейинги ойликда эса, усталарга тош қалаттирарди. Пойдевор ташлаш, бўлажак уйнинг пахсаларини уришнинг ўзи неча ойларга чўзилиб кетди. Уч хона ва бир айвонли уйнинг девори ҳам кўтарилди. Бу чордевор битта қиш мавсумидан ҳам ўтди. Келгуси йили уйнинг устини ёпиш учун тахталар харид қилинди. Баҳор фасли келиши билан яшаб турган уйлари эгасининг:
-Яна қачонгача бировларнинг уйида юрмоқчисиз? Уйнинг деворини кўтарган бўлсангиз, кўч-кўронингиз билан кўчиб ўтинг. Бу юришда уйингиз яқин орада битмайди,- дея гапирган гапидан кейин ёз фасли олдидан усти ёпилмаган, эшик-деразаси бўлмаган тўрт деворнинг орасига кўчиб чиқишга мажбур бўлди. Кейин «янги уй»да ҳаёт бошланди. Қуёш тиккага келганида жазирама иссиқдан бир соя жой топиш мушкул эди. Бир қўшнининг маслаҳати билан тахталарни деворлар устига қаторлаштириб, устига палатка ёпилди ва кундуз кунлари ўтириш учун жой тайёрланди. Уйнинг усти ҳам бир амаллаб ёпилди. Лойсувоқ қилинганидан кейин яна бир қават целлофан тўшалиб, устидан яна лойсувоқ қилинди. Яна қиш мавсуми яқинлашди. Уйнинг усти ёпилган бўлса-да, лекин деворлар сувалмаган, ёриқлари пахта билан бекитилган, деразаларга ойна қўйилмаганди. Қишнинг изғиринли шамолидан сақланиш учун ташқаридан тахталар билан мустаҳкамлаб целлофан қоқилган эди. Бир куни тинимсиз ёмғир ёғиши оқибатида целлофаннинг четларидан оқиб туша бошлаган сувлар деворни ҳам ювиб туша бошлади. Вазият шу даражага бориб етдики, яна бироз давом этса, уй деворларидан асар ҳам қолмаслиги мумкин эди.
Гулзира опа қишнинг қоқ ўртасида яна банкдан қарз олиб, уйнинг устини шифер билан ёпишга мажбур бўлди. Хуллас, аёл кишининг қўли билан оддийгина уй қуриш – игна билан қудуқ қазишдек гап.
Хўроз ҳамма жойда бир хил қичқиради, дейишади. Мусофирликда иши ўнгидан келмаганми ёки бошқа сабабларга кўра, меҳнат муҳожирлигига уй-жой қилиш учун ишлаш мақсадида кетган эр орадан ўн йил ўтганидан кейин қуруқ қўл билан қайтиб келди.
-Хотин, офарин сенга, болаларни ёлғиз бошинг билан вояга етказибсан. Олий маълумот олишлари учун имконият яратибсан. Бунинг устига, уй ҳам қурибсан, - деб миннатдорчилигини билдирди, деб ўйласангиз, хато қиласиз. Бунинг ўрнига турмуш ўртоғи ҳар бир нарсадан хато излаб, тирноқ тагидан кир қидирарди: «Нима учун сенинг болаларинг бунча нимжон? Нима, уларга гўшт едирмаганмидинг? Бола деган ҳам шунчалик суст бўладими? Қачон қарасанг касал бўлганлари-бўлган. Нима учун бошқаларнинг қизлари турмушга чиқиб, бола-чақали бўлиб кетган, менинг қизларим эса ҳалиям юришибди? Қизларинг турмушга чиқишни исташмайдими? Нима учун ҳалигача бу ҳақда ўйлашмайди?» каби гап-сўзлар ва таъна-ю маломатларининг чеку чегараси йўқ эди.
Ҳа, азизлар! Аёлларимиз ўз яқинлари, оиласи, бола-чақаси учун ўз жонини фидо қилишга ҳам тайёр. Аёл эрсиз қолса қоладики, лекин ҳеч қачон ўз фарзандларини хор қилиб қўймайди. Шунинг учун: «Отасиз етим гул етим, онасиз етим шўр етим», деб бежизга айтишмаган-да. Аёл ва оналарнинг фарзандлар тарбиясида ҳам масъулиятлари катта. Шу ўринда бир савол туғилади? Оиласи, турмуш ўртоғи ва бола-чақаси учун ҳатто, жонини фидо қилишга тайёр аёлларимиз қадрига ета олаяпмизми? Ана шу меҳнату заҳматларининг қадрига етишимиз ҳар бир она учун катта бахтдир. Мақоламни шоира Зулфия Мўминованинг қуйидаги мисралари билан якунлайман:
Аёлга бахт беринг, саодат беринг,
Деманг юрибди-ку кулиб, жилмайиб.
Аёл кулиб туриб ўлиши мумкин,
Дунёни олиши мумкин жилмайиб.
Аёлга бахт беринг, саодат беринг,
Гар кўзлари кулиб турса-да,
Бўғзининг остида неча минг ҳасрат,
Ой юзлари кулиб турса-да...
Гули Садаф,
Хатлон вилояти.
СОҲИР ШЕЪРИЯТ
Кўзимиз осмонида
Ёғду сочар ишқ кавкаби...
Эй фоний дунё!..
Мен чекиндим, эй фоний дунё,
Муфассал...
Кузни севаман. Булутлар увада пахта каби осмонга сочилиб ётган кузни. Намхуш хазонлари шаҳар йўлакларига паришон сочилиб кетган кузни севаман. Шивирлаб ёғаётган ёмғирлар қўйнида янада сеҳрли бўлиб кетган куз тунларини севаман. Уч ой минг турфарангда жилва қиладиган кузни севаман.
Мезон ойида қишлоғим осмонида мезон иплари осмонга ҳайинчак солган кузни севаман.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015