Тожикистон ўзининг давлат мустақиллигини қўлга киритгандан сўнг, ташқи сиёсатда "очиқ эшиклар" сиёсатини илгари сурди. Унда бизга дўст, яхши муносабат ва ўзаро миллий манфаатлар доирасида ҳамкорлик қиладиган барча мамлакатлар билан самарали шерикчилик қилиш назарда тутилган.
Айниқса, бу йўлда азалдан бир заминда яшаб, бир ҳаводан нафас олиб, бир дарёдан сув ичиб келаётган қўшни ва қардош халқлар билан аждодларимиз
анъаналарига содиқ қолган ҳолда, фойдали ва самарали алоқаларни ўрнатиш устувор йўналиш сифатида белгилаб қўйилган.
Бу борада мустақиллик йилларида талай ишлар амалга оширилди. Сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда йўлга қўйилган ҳамкорликлар фикримиз исботидир.
Марказий Осиё мамлакатлари билан олиб бораётган муносабатларимиз йилдан-йилга ривожланиб, ҳамкорликларимиз кўлами кенгайиб бормоқда.
Ўтган ҳафтада жаҳон ҳамжамияти эътибори яна бир тарихий воқеа туфайли мамлакатимиз пойтахти - Душанбе шаҳрига қаратилди. Қондошу жондош - тожик ва ўзбек халқлари узоқ кутган ташриф амалга оширилди.
Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон таклифига биноан, мамлакатимизга давлат ташрифи билан келган дўст ва яқин қўшни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни давлатимиз бошлиғи шахсан самимий кутиб олди.
Душанбе шаҳри марказий кўчасининг икки томонида йиғилган пойтахтликлар ва фаол ёшлар вакиллари қўшни давлат раҳбари ташрифини қутлашар экан, карнай-сурнай садолари бу ҳолатга ҳамоҳанг бўлиб, байрам шукуҳини бағишларди.
Олиймақом меҳмонни Миллат қасрида расмий кутиб олган Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон Ўзбекистон билан муносабатлар Тожикистон Республикаси ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигини таъкидлади.
Ўз навбатида қўшни мамлакат раҳбари ҳам ўзи ва делегация аъзоларининг чексиз самимият ва ўзига хос меҳмоннавозлик билан кутиб олинганлиги учун Тожикистон Президенти ва халқига самимий миннатдорчилик билдирди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тожикистонга давлат ташрифи доирасида олий даражадаги мулоқоту музокара ва учрашувлар билан бирга, икки давлат бошлиқлари иштирокида Ўзбекистон саноат маҳсулотлари кўргазмаси ҳамда Тожикистон ва Ўзбекистон санъат усталарининг "Дўстлик оқшоми", деб номланган муштарак концерти ҳам бўлиб ўтди.
Ушбу учрашувлар доирасида икки давлат бошлиқларининг бир-бирига нисбатан яқин дўст, биродарлигу самимият билан қилган муносабатларида қардош халқларимиз азалий дўстлигининг эзгу анъаналари намоён бўлди.
Санъат чегара билмайди, у - тинчлик ва дўстлик элчиси.
Бу сўзлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тожикистон Республикасига давлат ташрифи шарафига уюштирилган "Дўстлик оқшоми" концерт дастурида яна бир марта ўз исботини топди.
Ушбу концерт дастурида Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон ва Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, икки қардош халқ адабий-маданий алоқаларининг кечаги ва бугунги ҳолати борасида тўхталиб ўтишди.
Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон яна бир марта ўзи ва Тожикистон халқининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг серқуёш ва меҳмоннавоз юртимизга биринчи давлат ташрифидан мамнун эканликларини билдириб, ушбу ташрифни яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантиришдаги муҳим қадамлардан бири сифатида баҳолади.
Миллат пешвоси ўз нутқида тожигу ўзбек халқлари ўртасидаги дўстлик, биродарлик, яхши қўшничилик, қариндош-уруғчилик анъаналари борасида сўз юритиб, Тожикистон ва Ўзбекистон санъат усталарининг "Дўстлик оқшоми", деб номланган концерт дастурининг ўтказилишини маданий алоқаларимизнинг энг олий намунаси эканлигини таъкидлади.
Аслида "бир ғазалнинг икки байти", "икки тилда сўзлагувчи бир халқ", "эт билан тирноқ" бўлиб кетган тожик ва ўзбек халқлари дўстлигига бундан ортиқ таърифнинг ҳожати йўқ.
"Дўстлик оқшоми"да ижро этилган азалий дўстлик ҳақидаги куй-қўшиқлар диллардаги меҳр, қалблардаги муҳаббатни жумбушга келтирди.
Тантанали концерт дастурида тожик санъати намояндалари - СССР Халқ артисти Жўрабек Муродов, Тожикистон Халқ артисти Давлатманд Холов, опера хонандаси Рустам Дулоев, эстрада хонандалари Озодаи Ашўр, Мадинаи Ҳақназар, "Шашмақом" давлат ансамбли хонандалари, "Бадахшон", "Зебо", "Лола", "Жаҳоноро", "Базморо", "Гулрез", "Парасту" рақс ансамбллари ва ўзбекистонлик санъат усталари - Ўзбекистон халқ артистлари - Шерали Жўраев, Юлдуз Усмонова, Фаррух Зокиров, Матлуба Дадабоева, Озодбек Назарбеков , Абдуҳошим Исмоилов, "Ниҳол" Давлат мукофоти совриндори Бунёдбек Саидов, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Женисбек Пиязов, таниқли нотиқ ва актриса Дилдора Рустамова, созанда-ю раққоса ва бошқалар иштирокидаги маданий тадбир, нафақат, залдагиларнинг, балки икки республика халқларининг юракларини тўлқинлантириб юборганлиги - рост.
СССР Халқ артисти Жўрабек Муродов ва Ўзбекистон Халқ артисти Шерали Жўраевларнинг тожик ва ўзбек тилларида биргаликда ижро этган "Дўстлик" қўшиғи, нафақат, концерт дастури иштирокчилари, балки бутун Тожикистон ва Ўзбекистон халқларининг олқишига сазовор бўлиб, ушбу маданий тадбирнинг гултожига айланди, десак муболаға бўлмайди.
Дўстлик тараннум этилган мазкур концерт дастурини оинаи жаҳон орқали томоша қилган, Жўрабек Муродов таъбири билан айтганда, икки давлатнинг 40 миллион аҳолиси "Дўстлигимиз абадий бўлсин!", "Дўстлигимизга кўз тегмасин!", "Давлатларимиз бошлиқлари омон бўлишсин!", деган эзгу ниятларни дилларидан ўтказишиб, бот-бот такрорлаган бўлсалар, ажаб эмас.
Ҳақиқатдан ҳам, қалин дўст, яқин қўшни, қариндош-уруғ, қондошу жондош бўлган буюк тожигу ўзбек халқлари қадимий дўстлигида янги саҳифа очилди. Бу саҳифа муқаддимасига эса, Эмомали Раҳмон ва Шавкат Мирзиёев номлари зарҳал ҳарфлар билан битилди.
Бу фақат бизнинг эмас, балки мустақил Тожикистон ва Ўзбекистон халқлари дилидан тилига кўчган сўзлардир…
Биз ҳам ушбу "Дўстлик оқшоми" концерт дастури баҳонасидаги қулай фурсатни қўлдан бермасдан, ўзбекистонлик санъат усталари вакиллари билан учрашиб, суҳбатлашишга муяссар бўлдик.
Ўзбекистон Халқ артисти Шерали Жўраев Тожикистон ҳақидаги яхши таассуротлари билан ўртоқлашар экан, "Дўстлик оқшоми" концерт дастури бу хотираларда алоҳида сақланиб қолишини билдирди.
- Тожик ва ўзбек халқлари азалдан дўст бўлиб келишган. Бу дўстликни сақлаш, унга хизмат қилиш эса, қайси соҳада фаолият юритишимиздан қатъий назар, ҳар биримизнинг бурчимиздир. Муштарак адабиёт ва санъатга эга бу икки халқнинг буюк фарзандлари дўстлиги бизга намуна бўлмоғи лозим, - дейди суюкли ҳофизимиз Шерали Жўраев. - Мана, бугун икки сарвар томонидан янги руҳ бағишланган дўстлигимиз бардавом бўлсин!
Юртимизга алоҳида концерт дастури билан келиш нияти борасида сўзлаган ҳофиз:
- Кеча янги тожикча шеър олдим. Унга куй басталаб, ижро этмоқчиман. Худо хоҳласа, Наврўз байрамидаги тадбирларимиз ўтганидан сўнг, Тожикистонга келиб, концерт бериш ниятим ҳам йўқ эмас. Ўшанда бу янги тожикча қўшиғимни мухлислар эътиборига ҳавола этаман.
Ўзбекистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков ўтган йили Тожикистон ва Ўзбекистонда ўтказилган маданият кунлари иккала мамлакат ўртасида маданий алоқаларнинг яхши йўлга қўйилганлигидан дарак беришини айтди.
- Ушбу маданият кунларини икки халқ вакиллари ҳам жуда кўтаринки руҳда кутиб олишди. Кечаги концерт дастури эса, бу борадаги ҳамкорликларимизнинг мантиқий давоми саналади, - дейди Озодбек Назарбеков.
Унинг сўзларига кўра, икки давлат маданият ва санъат вакиллари ўртасида алоқалар яхши йўлга қўйилган. Буни уларнинг бир-бирларига гастрол сафарларида бўлиб, концерт дастурларини ўтказишларидан ҳам билиш мумкин.
- Менинг ўзим ҳам, - дейди Озодбек Назарбеков, - ўтган йили Душанбе ва Хўжанд шаҳарларида мухлисларим учун концерт бердим. Ўшанда бу ердаги тожик мухлисларимнинг кўплигини кўриб, ҳайратлангандим. Ва яна келадиган бўлсам, янги тожикча қўшиқлар куйлашим лозимлиги ҳақида ўйлагандим. Кечаги "Дўстлик оқшоми" концертида эса, ўша орзуим рўёбга чиқиб, тожик тилида яратган қўшиғимни қўлимдан келганича ижро этдим. Ўйлайманки, келгусида тожикча қўшиқларим сони янада кўпаяди.
Ўзининг, нафақат, ўзбекча, балки тожикча айтадиган қўшиқлари билан ҳам икки халқ орасида машҳур Ўзбекистон Халқ артисти Матлуба Дадабоеванинг "Дўстлик оқшоми"даги "Муҳаббат" қўшиғи икки давлат бошлиқларининг олқишига сазовор бўлди.
- Биласизми, - дейди Матлуба Дадабоева биз билан суҳбатда, - кечаги концертда барчамизнинг кўзимизда ёш ҳалқаланди. Бу севинч, муҳаббат ва дийдор соғинчи ёшлари эди. Бу дийдор онларини халқларимиз қанча сабрсизлик билан кутганлигини билсангиз эди. Концертдаги икки халқ вакилларининг хурсандчилигини сўз билан таърифлаб бўлмайди…
Мана, бугун ҳурматли Президентларимизнинг узоқни кўзлаган оқилона сиёсат, сиёсий иродалари, саъй-ҳаракатлари-ю ташаббуслари ўлароқ, давлатларимиз чегараларидаги назорат-ўтказиш нуқталари ўз фаолиятларини қайтадан бошлади. Бу эса, дийдор соғинчига ташна дилларни бир-бирига яқинлаштирди.
- Менинг ҳам Тожикистонда қариндошларим бор, - дея сўзида давом этади Матлуба Дадабоева. - Уларни ҳам кўрмаганимга неча йиллар бўлди. Кеча Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳурматли Шавкат Мирзиёевларнинг учрашувини телевидение орқали томоша қилган қариндошларим қўнғироқ қилишиб, икки давлат фуқаролари учун 30 кунгача виза режими бекор қилинганлигини айтишиб, ўз хурсандчиликларини яшира олишмаяпти. Бу ҳам икки давлат раҳбарларининг қардош тожик ва ўзбек халқлари учун қулайлик яратишдаги муҳим қадам ҳисобланади.
- Ўзбек ва тожик халқларининг бири-бирига ўхшаш хусусиятлари жуда кўп, - дейди Ўзбекистон Халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов. -Халқларимизнинг меҳмондўстлигини айтмайсизми?!. Ўзбеклар қандай бўлса, тожиклар ҳам шундай. Урф-одатимиз, тўйимиз - ҳаммаси ўхшаш. Бир нарсани ҳеч қачон эсдан чиқармаслик лозим: дўстлигимиз илдизи - асрлар қаърига туташ. Кеча концертда, ҳақиқатдан ҳам, икки буюк зот Мавлоно Абдураҳмон Жомий ва Мир Алишер Навоийларнинг руҳлари шод бўлди.
Ниятим шулки, ота-боболаримиз, қолаверса, мана бугун Президентларимиз томонидан қайта қўйилган дўстлик пойдевори мустаҳкам бўлсин. Халқларимиз ўртасида борди-келдиларимиз кўпаяверсин, дўстлигимиз абадий бўлсин.
Шу ўринда, Абдуҳошим Исмоилов сўзларига қўшимча ҳолда, Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти амрига мувофиқ, пойтахтимиз Душанбе шаҳридаги боғларнинг бирига Низомиддин Алишер Навоий номи берилганлиги, у ерда Мавлоно Абдураҳмон Жомий ва Мир Алишер Навоийларнинг ҳайкали ўрнатилиши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тожикистонга давлат ташрифи арафасида кўҳна Самарқанд шаҳрида Мавлоно Абдураҳмон Жомий ва Мир Алишер Навоий ҳайкаллари тожигу ўзбек халқлари азалий дўстлигининг нишонаси ва бу икки буюк аждодимизга бўлган юксак эҳтиром ўлароқ қайта тикланганлигини айтиб ўтишни мақсадга мувофиқ, деб билдик.
Машҳур санъаткорлар қаторида таниқли сухандон ва актриса Дилдора Рустамовани ҳам суҳбатга чорлаб, фикрлари билан қизиқдик:
- Аввало, мамлакатларимизда тинчлик ҳукмрон бўлсин. Президентларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан дўстона алоқаларимиз янада мустаҳкамланмоқда. Халқларимизга жуда улкан яхшиликлар ҳадя қилинди, яъни икки қардош юрт давлат чегаралари очилиб, муносабатлар янгидан йўлга қўйилганлигининг ўзи - савоб, буюк иш.
Барчамиз кеча мана шундай тарихий воқеанинг гувоҳи бўлдик. Қатор йиллардан сўнг, икки давлат санъаткорлари бир саҳнада муштарак концерт намойиш этишди. Бундан ҳаммамиз хурсандмиз.
- Тожикистонга биринчи марта келишим, - дейди Дилдора Рустамова юртимиз ҳақидаги таассуротлар билан ўртоқлашар экан. - Лекин шуни айтишим керакки, гўзал Душанбени томоша қилолмадим. Варзоб дарасига ўтмоқчи эдик, вақт тиғизлигидан бунга ҳам улгуролмадик. Бироқ меҳмонхона ва санъат саройида биз билан бирга бўлган тожикистонлик дўстларимиз юз-кўзларидан соғинч, самимий меҳр-муҳаббатни ҳис қилдим. Шаҳарнинг ўзини кўрмаган бўлсам-да, мулоқотда бўлган кишиларимнинг барчасидан самимийлик тафти уфуриб турарди.
Биз ҳам ўзига хос меҳр ва самимият билан Душанбега қадам ранжида қилган эдик, ана шундай кўтаринки руҳ билан Тошкентга қайтяпмиз.
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Женисбек Пиязов ва "Ниҳол" Давлат мукофоти совриндори, хоразмлик хушовоз хонанда Бунёдбек Саидовлар ҳам жаннатмакон Ватанимиз - Тожикистонда биринчи марта бўлишгани, пойтахтимиз гўзаллиги-ю халқимизнинг меҳмоннавозлигидан бошлари кўкка етганлигини билдиришди.
Шунингдек, юртимизда меҳмон бўлган Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош муҳаррири Абу Бакр Ўрозов ва "Ўзбекистон 24" телеканали журналисти Абдували Ўрозовлар билан қурган самимий суҳбатларимиз мавзуси ҳам икки халқ дўстлиги ва кейинги ҳамкорликлар юзасидан бўлди.
Албатта, шу айёмда ким билан суҳбатлашмайлик, кимнинг сўзларига қулоқ тутмайлик, барчанинг дилида-ю тилида муқаддас калом - дўстлик, дўстлик ва яна дўстлик эди.
Ёқубжон АБДУМАНОНЗОДА,
Искандар МАҲМАДАЛИЕВ,
Зуҳриддин УМАРОВ,
"Халқ овози".
Суратчи:
Нарзулло НУРБОБОЕВ.
"Тобутим устига қизил гуллар соч, қизим"
Кунларимнинг ранги бир хил, опа. Сени йўқотган кундаги куннинг рангида.
Дардимнинг малҳами, кўнглимнинг маҳрами, опагинам. Милодий Янги йил байрамини менга мангулик хотир кунига айлантириб кетган опам.
Негадир 2017 йил декабр ойи охирласа-да, қалбим янги йилни қувонч
Муфассал...
"Саман" масъулияти чекланган ҳиссадорлик жамияти фаолият бошлагандан сўнг, Кўлоб шаҳрида тухум нархи арзонлашди. Илгарилари тухумнинг 30 донаси 27-28 сомонийдан сотилган бўлса, эндиликда кўлобликлар шунча тухумни 21-22 сомонийдан сотиб олишмоқда.
Вилоят раиси аппарати Ахборот-таҳлил бўлимидан хабар беришларича, Кўлоб шаҳри тадбиркорлари Кўлоб қишлоқ жамоати ҳудудида паррандачилик
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015