Мана, азиз Ватанимиз - Тожикистон мустақилликка эришганига ҳам йигирма беш йил тўляпти. Қисқагина бўлиб кўринган бу давр ичида юртимизда қанчадан-қанча ўзгаришлар, кенг кўламли тараққиёт ва ободончилик ишлари олиб борилди.
Айниқса, тинчлик шаҳри бўлган пойтахтимиз Душанбеда бўлаётган катта ўзгаришлару улкан қурилиш ишларини кўриб, бу тинч ва осуда кунларимизга шукроналар айтасан, киши. Буларнинг барчаси халқимизнинг меҳнати самарасидир.
Лекин белини оғритиб, ортиқча заҳмат чекмасдан, мўмай пул топиш илинжида турли номақбул амалларга қўл уриб, кун кечираётганлар ҳам талайгина.
Кунларнинг бирида пойтахтнинг Айний хиёбонида жойлашган «Садбарг» савдо маркази ёнидан ўтиб кетаётган эдим. Йўлнинг нариги тарафидан келаётган киши ёнимга келиб:
-Кечирасиз, сиздан бир нарса сўрасам бўладими?-дея сўз бошлади, у ёқ бу ёққа аланглаган ҳолда. -Мен ҳозиргина ҳарбий қисмдан чиқдим. Бир икки кунга таътил олгандим. Ҳисорга боришим керак. Уйимизга. Шунга иложи бўлса беш-ўн сомоний бериб турсангиз. Илтимос?
Табиийки, бундай пайтда ҳар бир киши унга ёрдам беришни истайди. Ва мен ҳам шундай қилдим. Ич-ичимдан бир кишига ёрдам берганимдан хурсанд бўлдим. Пулни олиб, катта-катта қадамлар билан узоқлашиб кетаётган йигит менда-да хурсанд эди, назаримда…
Бундан бир неча кун ўтиб, йўлим Шоҳмансур бозорига тушди. Узоқдан бир-икки кишини тўхтатиб, сўраётган «нарса»сига қониқарли жавоб ололмаётган киши кўринди. Унинг ёнидан ўтиб бораётганимда навбат менга келди.
-Кечирасиз ўғлим, - деди сочларига оқ қўнган, кўзига кўзойнак тақиб, қўлидаги ҳассасига суяниб турган ёши олтмиш-олтмиш бешлар атрофида бўлган, юз тузилишимдан соддалигимни билган чол.
-Қаранг-а, одамларда меҳр-оқибат, ёрдам, меҳмонни ҳурмат қилиш, деган тушунчалардан асар ҳам қолмабди. Мен ўзим хўжандликман. Душанбега кампиримни касалхонага олиб келгандим. Бироз пулимиз етмай қолди. Шунга уйга бориб, яна пул олиб келишим керак. Бир неча кишини тўхтатдим. Бирортаси ёрдам бермади. Сен ўзбек экансан, кел энди сен Хўжандга етиб олишим учун йўлкира бериб тур, - дея шунчалик ҳам куюниб гапирарди чол.
Аксига олиб, бу сафар менда ҳам етарлича пул йўқ эди.
Узр сўраб, иложим йўқлигини тушунтирмоқчи бўлгандим, бирданига мулойим гапириб турган кишининг авзои бузилди. Керак-кераксиз гапларни бошлади. Мен эса, йўлимда давом этдим.
Бир суҳбат доирасида бўлиб ўтган бу иккала воқеани йиғилганларга гапириб бердим.
-Ҳа, сенга ҳам йўлиқдими ўша чол, - деди суҳбатдош дўстларимиздан бири Ҳасан Эшонқулов.
Табиийки, бу ҳолдан таажжубга тушдим.
-У анчадан бери ўша жойларда (Шоҳмансур бозори атрофларида) айланиб юради. Бизнинг уйимиз бозорга яқин бўлгани учун уни бир неча марта кўргандим, - деди юқоридаги мени таажжубга солган гапининг давомида.
Кейин билишимча бундай кишилар ёлғон гаплар: ҳарбий қисм, касалхона, қамоқхона каби уйдирмалар билан одамларни алдаб, пул топишнинг осон йўлини ўйлаб топишган экан.
Наҳотки, бугун кўча-кўйда юрган мўлтонилар, чорраҳа, одамлар гавжум жойларда «Менинг ота-онам йўқ, ёрдам беринг» ёки «Онам касал ёрдамлашинглар, илтимос», деган ёзувларни кўтариб турган ёш-ёш болалар етмаганидек, ҳали белида куч-қуввати бўлиб, «тоғни урса талқон» қиладиган йигитлар, ўзларини «фариштадек» қилиб кўрсатган «ҳарбий қисмдан таътилга чиққан» кишилар ҳам ёлғончиликни ўзларига касб қилиб олишган бўлса?!
Биз билан суҳбатда бўлган Жасур Ҳазратқуловнинг сўзларига кўра, у ҳам бундай кимсаларга йўлиққан.
- Пойтахтдаги 82 микроноҳиядан 112-микроноҳияда яшаётган бир ўртоғимнинг уйига бориш учун йўлга чиққандим. Мен ҳам шундай товламачи кишига учрадим. Уч-тўрт йилдан бери қамоқхонада ўтириб, озодликка чиққанлигини айтиб, пул сўради. Асли Файзободдан бўлиб, уйига кетиш учун йўлкира қилармиш. Чўнтагимдан 10 сомоний чиқардиму қўлига тутқаздим. Йўлда кетаётиб, ортимга қарасам, у ҳамон рўпарасидан чиққан ҳар бир кишидан пул сўраб бораяпти. Менинг ҳам қизиқувчанлигим ошиб, бир чеккада пойлаб турдим. Ярим соатча ўтган вақт мобайнида ҳалиги одам беш-олти кишидан пул олди,-дейди Жасур Ҳазратқулов.
Бугун юртимиздаги тинчлик муҳити шарофати билан мамлакатимизда турли саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари қурилиб, уларда юртдошларимиз фаолият юритишмоқда. Бундан ташқари ҳар бир минтақада ҳам аҳолини иш билан таъминлаш борасида ҳамда юртимиз иқтисодиётига ҳисса қўшиш учун тадбиркорларимиз катта-ю кичик корхоналар, цехлар қуриб, аҳолини иш билан таъминлашмоқда.
Шу билан бирга аҳолини иш билан таъминлаш масаласи давлат раҳбарияти диққат марказидаги долзарб масалалардан бири саналади. Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг жорий йилги мамлакат Олий Мажлисига йўллаган Паёмида ҳам бу нарса ўз аксини топганди. Унда, жумладан, шундай дейилади: -«Аҳолини иш билан таъминлаш йўлида давлат дастурлари амалга оширилиши сўнгги 10 йилда 1 миллиондан зиёд доимий, вақтинчалик ва мавсумий иш жойлари таъсис этилиб, фақатгина аҳолини иш билан таъминлаш бўйича давлат органлари томонидан 315 минг нафар киши иш жойлари билан таъминланишига имконият яратилган бўлиб, иш билан таъминланганларнинг 30 фоизини аёллар ташкил қилади».
Хўш, юқоридаги кимсаларнинг амалларига нима дейсиз, энди? Улар ҳам тирикчиликнинг ҳалол йўлини топишса бўлмасмикан?
Биз эса, сиз ҳам бундай кимсалар алдовига учмаслигингизни эслатиб қўямиз…
Зуҳриддин Умаров,
«Халқ овози».
Уруш йиллари эди,
Ёғарди чилла қори.
Боболаринг фронтда,
Қон кечар кўп қатори.
Оч қолсак-да, ишлардик,
Муфассал...
Аҳадқул Аҳмадқулов (Аҳад Аҳмад) Панжакент шаҳрида таваллуд топган. 1975 йили Хўжанд Давлат университетининг филология факултетини битирган. Кўп йиллардан бери ижод билан шуғулланади. Шеърлари ноҳия, вилоят ва республика газеталарида мунтазам чоп этиб келинмоқда.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015