...мен билмайман.
Руҳимда ҳар лаҳза, ҳар сония нимадир қарсиллаб синади. Шамоллар, олис мағриб шамоллари эса, бу ўткинчи дунё ғурбатларидан буткул бехабар, бир далли дўстим айтганидек кимнингдир "оҳ"и бўлиб эсади, эсаверади...
Яқинда бир воқеанинг шоҳиди бўлдим: қарғалар эски мозор устида фарёд
кўтариб айланишарди. "Гўристон узра қаро арвоҳлардай тўзон кўтараётган қарғалар нимани истайди ўзи?!" Ҳайратдан ёқа ушладим.
...кейин билсам бу гўшада улуғ авлиё ётган эканлар. Харобазорликка юз тутган, сукунатнинг азалий нолалари ўксиб ётган макондан келаётган сирли садоларни тунлардан-да қаро жониворлар эмас, одамизот эшитишини шунда мен жуда-жуда истадим. Ва Одам ворисларига яратгандан ҳамиша ёруғ тафаккур сўрадим.
...ва ниҳоят ўзимга ўзим қасд қилиб ёза бошлайман. Узоқ ёзаман... Охири йўқ, боши чучмал хотиралар бўлиб туюлади... ва қоғозни майда-майда қилиб йиртиб ташлайман. Шартмикин, дейман, бировларни ўзингнинг руҳиятинг ғавғоларига, дил суронларига, кўнгил тўзонларига ошно этиш... Йўқ, қувончдан ёзмайман, тўғрироғи, ёза олмайман. Кимдир қувонганида, дунёга сиғмай кетганида қалам сурар, эҳтимол. Бироқ... менга унинг гаплари шиор бўлиб қолган. Ҳар сония у бошимда чарх уриб айланаверади. "ҚУВОНЧДАН ЎЛМАЙДИ ЎЛГАНДА ОДАМ, МАИШАТДАН ОҚАРМАС ОҚАРГАН СОЧЛАР..." У энг хомуш лаҳзасида битган бўлса керак, деб ўйлайман бундай файласуфона сўзларни.
"Нима бўлганда ҳам, унинг кўзларида чайқалиб ётган қайғу гуллари мени ёзишга ундайди..."
***
Бу воқеа кечагина ўнлаб, юзлаб, ҳақни айтадиган тиллари аллақачон кесиб ташланган, лоқайдлик елкасига миниб олиб йўл кўрсатиб бораётган одамлар қаршисида рўй берди: кўринишидан қишлоқинамо киши башанг кийинган пулфурушлар билан узоқ савдо қилди. Болалар у кишидан хорижий валюта олишди, шекилли, бир қарашди-ю дарҳол чўнтакларига солиб қўйишди. Қишлоқи кишига бир даста миллий пул тутқазишди. У киши шоша-пиша санай бошлади. Кам чиқди, чамаси, болаларга илтижоли эътироз билдирди. "Қани, бу ёққа олингчи, наҳотки, нотўғри бўлса?" деди-ю бир олифта йигитча ўзи санай бошлади. "Э, тоға, мактабда ўқимаган кўринасиз, тўппа тўғри-ку. Энди мана буни сананг", дея иккинчи пачкани тутқазди. Кишининг янада таажжуби ошиб иккинчи пачкани санай бошлади. У ҳам кам чиқди, шекилли, "Э, болалар, қўйинглар, пулимни қайтариб беринглар, йўқ мен алмаштирмайман. Керак эмас, қўйинглар. Беринглар пулимни", - дея зорлана бошлади. Йигитлар бир-бирига истеҳзоли қараб: - "Э ака... олаверинг бир-икки сўм камига қараб ўтирасизми?" - дейишди. Охири бўлмади, "Ўзингиз биласиз, ака", деди-ю ҳалиги йигитча чўнтагидан тўрт букланган хорижий валютани қишлоқи кишига узатди. Безорилар қўлидан жони халос бўлган ҳалиги киши ўзини бозор томонга, оломоннинг ичига урди. "Хайрият-е", дея чўнтагига қўл солди. "100" деб ёзиб қўйилган рақам ўрнида "10" рақамини кўрди-ю ток ургандек силкиниб кетди. сал қолди одамлар орасида додлаб юборишига. Дарҳол изига қайтди-ю болалар турган томонга чопди. Афсуски... муттаҳамликни касб қилиб олган олифта йигитчалардан ном-нишон ҳам йўқ эди. Улар ўрнида эса, бутунлай бегона, ёши у болаларга қараганда анчайин катта одамлар туришар эди. Қишлоқи киши уларга қарата: -"Қани, у болалар қани, илтимос... бир кишидан қарз олгандим. Қизим касал эди. Тушуняпсизларми, бугун соат учда операция қилишар эди, дўхтирларга беришим керак эди", - дея зорлана бошлади...
Билмадим кейин нима бўлди. Бироқ шу нарсани биламанки, бир камбағалнинг шўрига шўрва тўкилди. Уйи куйди...
***
...ўша куни дийдаларига бешафақ қисматнинг андуҳлари чўкиб ётган аёл менинг автобусдаги йўлдошим эди. Оғир-оғир "уф" тортиб гап бошлади:
- Наҳотки, дунё шунчалар қоронғу бўлса. Юрагим ундан ҳам қаро, ичимга чироқ ёқса ёришмайди. Ўша куни хўжайиним катта маош олиб қайтган эди. ярим тунда эшигимиз нохуш тақиллади. Эшикни очганимни биламан. Уч-тўрт ниқобли кишиларни кўрдим... Ҳушимдан кетиб йиқилибман...
Аёл бошқа гапиролмади. Юрак-юракдан ўртаниб чиққан йиғи унинг томоқларини бўғиб қўйган эди. Кейин бироздан сўнг: "Эссиз... Ўшанда хўжайинимнинг сўнгги куни эканлигини сира ўйламаган эдим..." дея олди, холос.
***
Бу кишини яхши танирдим. Ҳамқишлоқ эди. Яхшигина оиласи, болалари бор эди. Куни ўтмаганидан қийналиб узоқ юртларга тирикчилик ўтказиш пайида ризқ истаб кетиб қолди. Анчагача дараги бўлмай кетди. Бир пайт қайтиб келди. Ўзида йўқ хурсанд. Анчагина "ишлаган", шекилли, гаплари ҳам ўктам-ўктам чиқади. Аста-секин ўзгара бошлади... Яқинда кўриб танимай қолибман. Шундай озғин-шундай озғинки, қизариб кетган кўзлари ичига тортиб кетган... Айтишларича, нашавандликка берилиб бору будидан айрилибди. Оиласи ҳам кетиб қолибди...
***
Гоҳида оламни бошингга кўтариб, дод дегинг келади. Хиёнатнинг айёр кўзлари, таънанинг чиркин нигоҳлари, муттаҳамликнинг жирканч башараси, товламачиликнинг малъун қиёфаси, аблаҳликнинг совуқ кўзлари одамни қийнаб ташлайди. Танасида дили йўқларнинг, иймонини бу дунёнинг ташландиқ матоҳларига сотиб юборилган зотларнинг дастидан бошингни тошга уриб фарёд кўтаргинг келади. Кимсасиз биёбонларга, олисдаги қорли тоғларга чиқиб кетгинг келади...
Одамда баъзан ғалати ҳислар кечади. Бу ҳислардан руҳиятинг ҳам ғалати тус олади. Кайфиятинг ҳам кўкламнинг ифорли гулларидай бир яшнаб кетади, бир буткул ўлади. Юрагингни қоп-қора зулмат ўз исканжасига тортади. Зулмат шунчалар қуюқки, беихтиёр кўнглинг кўчалари энди ҳеч қачон ёруғлик кўрмайдигандай туюлади...
***
Мен ҳайҳотдай боғни тез-тез кезиб тураман. Бу боғларда муттасил шамоллар эсаверади. Умр эса, бу ерларда бир-бир синаверади... Кечагина боғлар анвойи гулларга бурканган эди. Кейин саратон қуёши олма шохлари узра олов пуркади. Сўнгра салқин-салқин шамоллар эсиб, кузак кирди. Маъюс боғларда хазонлар шовуллади... Хазонларнинг аччиқ-аччиқ дудлари кекса дарахтларнинг оҳу фиғони бўлиб кўкка ўрлади. Бугун эса... менинг савдойи юрагимдек ҳувиллаган боғларда аёз чинқиради. Қаҳратон нафасидан вужудлар музлайди.
Умр эса ўтаверади...
Йиллар одам умридай бир-бир синаверади.
Мен тушунмайман... Йўқлик сари улоқиб учган кунлар баъзан ўзидан узуқ-юлуқ хотира қолдириб, баъзан эса, буткул қолдирмай мавҳум манзилларга кетган лаҳзаларда не сир бор?
***
Дўстим яқинда олис сафарда бўлиб қайтди. Тазарру маконига борибди. Руҳини поклаб қайтибди.
- Э, оғайни, ишонсанг агар, буткул ўзга оламга кириб қолдим. Э-ҳе, у ердаги ҳаёт... Юрагимдан бир лаҳза бўлса-да, дунё ҳаваслари кўтарилди. ажиб-ажиб илтижолар бўлди. Эҳтимол, ўша дуолар бу нафс итлари қутурган дунёни асраб турган бўлса, - деди у тўлқинланиб.
***
...бойчечаклар очилибди!
Ажиб, қаҳратонда бойчечаклар очилибди!
Мен бу маъюсгина чечакларни кўкламнинг бошларида, жилла қурса ҳутнинг этакларида кутган эдим.
...қаҳратонда, катта чилланинг қоқ белида адирларда бойчечаклар очилди. Юрагимни худди бойчечаклардай маъюслик қоплади. Руҳим бир лаҳзага кузак тонгларидай ёришиб кетди.
"Худди ёзнинг ўзи-я", - дейди Мирзоқул деҳқон тўнини ечиб ташларкан.
***
Кўчаларда хаёлан кезинаман. Қиш бўлса-да, аёздан дарак йўқ. Қорли тоғларнинг салқин шамолларигина қаердадир ҳали замҳарир пойлаб ётганидан дарак беради. Худди баҳорнинг ўзгинаси. Олислардан қорлар бўйини туйиб вужудим яхлаб кетади. Олис баҳорларни кута-кута замҳарирда бевақт кўз очган бойчечакларга ачиниб кетаман.
Ҳар куни мен бу ерлардан ўтганда, митти болакайлар даста-даста бойчечакларни олиб йўловчи машиналарга илтижоли қўл силташади. Ўнтаданми битта машина тўхтаб қолгудай бўлса, болаларнинг қий-чувлари машинадагиларни эсанкиратиб қўяди. "Амакижон, менинг бойчечагимни олинг", "Мана буни олинг арзонгина", "Опажон, мендан олинг, ҳозиргина адирдан териб келганман". Бу тахлит шўху шодон товушлар ҳар йили эрта баҳорда янграрди. Ҳозир эса, негадир қишнинг чилласи.
Начора кимдир эрта келиб кеч кетади, кимдир эрта келиб, эрта кетади. Қисмат ёзиқлари эса, фақат Унинг ўзигагина аён...
***
Мен яна тунда, ярим кечада зулмат қузғунлари учиб юрган қоп-қоронғу тунда аллақандай товушлардан чўчиб уйғониб кетдим... Тун шундай қуюқ эдики, бутун борлиққа ваҳшат солиб турар эди. Деразамдан хўмрайиб турган зулумот нурлари гўё хонамдаги хира тортиб қолган шамни ўчирай дейди... Хонага қўшилиб юрагимни зулмат қоплайди. Кейин негадир бойчечаклар, қаҳратонда очилган митти бойчечаклар кўз ўнгимда чайқала бошлайди. Дилим ёришиб кетади. Митти чечаклар юрагимда умид уйғота бошлайди. Ҳали олдинда оппоқ-оппоқ қорлар бўлса-да, ҳали илиқлик фасли олис бўлса-да, мен баҳорларни соғина бошлайман...
Ёқубжон АБДУМАННОН.
Ўтар умрим, ҳаётимни ўзича пурсамар англаб
Ва нозимлик азобини қиёси йўқ ҳунар англаб.
Жавоҳир сўз топиб айтиш мудом олий мурод эрди,
Сочиб қўйганларим билмай қолибман тош гуҳар англаб.
Муфассал...
Йил охирлаб, янги – 2019 йил кириб келиш арафасида турар эканмиз, ўтаётган 2018 йил мундарижасига бирров назар ташлаб, унинг ўта хайрли ва баракотли ўтганига амин бўласан, киши.
Йил бошида Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси муҳтарам Президентимиз томонидан жорий йилнинг Сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йили, дея эълон қилиниши ва халқ
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015