Турсунзодалик 107 ёшли онахон Собира Олимова дуоси:
- Миллат пешвоси Эмомали Раҳмоннинг ишларига Худо ривож берсин, юртимиз бундан ҳам гуллаб-яшнасин!
-Оналар байрами арафасида нима ҳам дердим. Парвардигоримга беадад шукрлар бўлсинким, менга узоқ умр берди.
Тожикистондек гўзал юртда ўсиб-улғайдим.
Тожикистон тупроғи мен учун муқаддасдир. Не-не буюк алломалар ётибди бу заминда. Тожикистон - бизнинг саждагоҳимиз. Не-не сир-синоатлар, воқеалар гувоҳи бўлмади, дейсиз бу улуғ макон. Унинг танга шифо сувлари, унумли тупроғи кўзларимга тўтиё. Мендек ёши кекса аёл ўз бахтини, бола чақасининг иқболини, юзлаб невара-чеваралар камолини шундай гўзал серқуёш, виқорли тоғларига эга жондан азиз Тожикистонда топдим.
Бунинг бари учун Парвардигорга беҳисоб шукур қиламан. Мен қарийб юз йиллик тарихнинг тирик гувоҳиман. Коллективлаштириш ва уруш даврлари уларнинг азоб-уқубатларини кўрган инсонман.
Шукурки, 107 ёшга тўлдим. Қариган чоғларимда буюк Парвардигорим менга кўп улуғ неъматларни ато қилди. Шулардан бири мустақиллик неъматидир. Мана бу йил азиз Ватанимиз том маънода мустақил бўлганлиги 25 йиллигини қутлаётир.
Эркинлик шаббодаси эсса, шунчалик эсар.
Мамлакатимиз раҳбари Эмомали Раҳмонга раҳмат, юртни обод қилди. Худойимнинг хоҳиш иродаси ила Ватанга тинчлик олиб келди. Уни тарбиялаб вояга етказган, ватанининг, халқининг хизматкори этиб тарбиялаган ота-онасига раҳмат!
Эмомали Раҳмон жамиятда оналарни, жамийки аёлларни эъзозламоқда.
Ҳамма жойда уларнинг ҳурматини жойига қўяди. Аёлини ҳурмат қилган, уни улуғлаган эр кишининг оиласи ҳам, ватани ҳам обод бўлади.
Одамнинг ёши қартайган сайин охират ҳаётини кўп ўйларкан.
Менинг тенгдошларим, дугоналарим, сирдошларим ҳозир йўқ. Уларнинг кўпи дорул бақога риҳлат қилишган. Уларни соғинаман. Дунёда соғинчдан оғирроқ дард йўқ экан.
Ҳаммаларини Худо раҳмат қилсин. Охиратлари обод бўлсин.
Баҳорни фасллар келинчаги, дейишади шоирлар. Ёшариш ва гулларга бой бу гўзал фасл. Ҳамма-ҳаммаларингга муборак бўлсин. Юрт ва Миллат пешвоси Эмомали Раҳмон Жаноби олийлари ишларига Худо ривож берсин.
Юртимиз бундан ҳам гуллаб яшнасин!
Биз муштипар оналарнинг истагимиз доимо тинчлик бўлиб келган. Худо кенг феъл, кетмас давлат берсин ҳаммаларингга.
Юртимиз тинч, осойишта бўлсин!
Чустий бобо айтганларидек:
-Бизга дунё тинч бўлиб,
Дўстлар саломат бўлса бас!
**
Сайрам Исаева, Хўжанддаги "Бибиҳо" фолклор-этнографик ансамбли бадиий раҳбари, Тожикистон халқ артисти:
- Оналар бор, олам қўшиқхонадир… Мен қўшиқдаги бу сатрни кўп эслайман. Она алласи, оналар ёр-ёри... Фарзанди бешиги устида алла айтар экан, ҳар бир она юртнинг тинч бўлишини, дастурхонларнинг тўкин бўлишини тилайди. Ёр-ёр айтаётган оналар келин-куёвнинг қўша қаришларини тилар эканлар, бунинг учун Аллоҳдан юрт осмонининг мудом мусаффо айлашини, ҳалол ризқ-насибани тўкиб ташлашини сўрайдилар.
Бизнинг "Бибиҳо" ансамблимиз санъаткорлари ҳам ана шундай эзгу мақсадлар билан йўғрилган халқ қўшиқларини ижро этиб, миллий урф-одатларимиз асосида тайёрланган саҳналарни кўрсатиб, томошабинлар кўнглини чоғ этиб келмоқда.
Халқ ижодига асосланган ансамблимиз мустақиллик йилларида ташкил топди. Онажонлар байрами арафасида ансамблимизда фаолият юритаётган, ўз ижоди билан эл кўнглини чоғлаётган, мухлисларимизни азиз Тожикистонимизнинг гуллаб-яшнаши учун руҳлантираётган санъаткорларимизнинг номини бирма-бир тилга олиб ўтишни истардим. Тожикистон халқ артисти Зулфия Тўйчиева, Тожикистонда хизмат кўрсатган артист Каромат Ҳожиева, Камоли Хужандий мукофоти соҳибаси Саодат Саломова, истеъдодли санъаткорлар Шаҳодат Жўраева, Шарофат Қирғизова, Барно Шокирова... Улар кириб борган давра яшнаб кетади, ёшариб кетади. Улар қўшиқ куйлашганда, саҳначалар ижро этишганда мухлислар кўнглида яшашга, яратишга иштиёқ кучаяди, азиз Тожикистонмизда дунёга келиб, ҳаёт кечираётганликлари учун ифтихор туйғуси пайдо бўлади. Чунки бу санъаткорларимиз аёллар кўнглини яхши тушунганликлари учун улар қалбига тез йўл топа оладилар.
Ҳа, айтгандай, ансамблимизда икки нафар эркак актёр ҳам фаолият юритади. Улар - Тожикистонда хизмат кўрсатган артистлар Неъматжон Дўстматов ва Абдуҳамид Каримов.
Биз Оналар байрами арафасида, юртимизга баҳор кириб келаётган кунларда вилоятимизнинг Конибодом, Истаравшан, Спитамен, Жаббор Расулов, Шаҳристон каби ўнта шаҳар ва ноҳиясида концерт кўрсатдик. Ана ўша концерт пайтлари мухлислар кўзида завқ, қувонч кўрар эканман, айниқса, онажонларимиз, сингилларимиз, қизларимизнинг хурсандлигидан шодланардим.
Энди айтинг, юртда тинчлик бўлмаса, кимнинг юрагига куй-қўшиқ сиғади? Тожикистонимизда мустаҳкам тинчлик ҳукм сураётгани учун эса, Миллат пешвоси, Жаноби Олий, Президентимиз Эмомали Раҳмонга раҳмат айтмасдан бўлармикан? У кишининг тўғри, оқилона, одилона сиёсатлари туфайли шаҳар-қишлоқларимиз йил сайин обод бўлаётир, бошқа касб эгалари каби санъаткорлар ҳам қадрланмоқда.
Муносиб қадрланиш эса, инсон кучига куч қўшади. Бундай ўйлаб қарасам, ҳозиргача театр саҳнаси ва кинода ўйнаган ролларим 250тага яқинлашибди. Мен учун ҳар бири қадрли бўлган роллар... Гурдофарид бўладими, Нодирабегим бўладими, яратган образларим орқали аёл дунёсини очиб бера олган бўлсам, унинг гулдан-да нозик, тоғдан-да баланд кўнглини, тенгсиз кучли иродасини, шижоатини, меҳр-муҳаббатини кўрсата олган бўлсам, ўзимни бахтиёр ҳис этаман.
Бахтиёрлик эса, инсонни янги марралар сари отлантира олар экан. Ҳозирда ансамблимиз яқинлашиб келаётган Наврўз байрамига қаттиқ тайёргарлик кўрмоқда. Байрам кунлари янги дастуримизни кўрсатамиз. Кези келганда, бу йилги ижодий режаларимиздан бирини айтиб ўтай - ансамблимиз Бадахшон сафарига тайёргарлик кўрмоқда. Мен у ерда ўз ҳунаримизни намойиш этиш билан бирга помирликларнинг ўхшаши йўқ санъатини янада яқинроқ ўрганиш ниятидаман. Бадахшон сафаридан кейин дастурларимиздан Помир халқ ижоди намуналари жой олишига ишонаман.
Биласизми, мен мустақил Тожикистоннинг бахтиёр фуқароси сифатида, санъаткор сифатида дилимда ҳеч бир армон қолмади. Оналар байрами арафасида эса, ҳар бир аёлнинг ўз орзусига етишини, армонсиз яшашини истайман. Мен ҳар бир аёлга, аввало, бахт ва яна бахт тилайман. Аёлнинг бахти эса, энг аввало, оиласининг тинч-тотув бўлишида. Оила тинчи эса, албатта, юртдаги тинчлик, осойишталикка боғлиқ. Шундай экан, севимли Тожикистонимизда тинчлик, тотувликдайин бебаҳо неъмат ҳукм сураётганлиги учун шукр айлашимиз зарур!
Мен жажжи қизалоқларимиздан тортиб кексалик гаштини сураётган онахонларимизгача соғ-саломат бўлишларини, хотиржам яшашларини истайман. Юртимиз аллага тўлсин, ёр-ёрга тўлсин!
**
Танзила Валиева, Хатлон вилояти, ҳамшира:
-Юртимизга баҳор ташриф буюрди.
Баҳор фаслини яшариш, янгиланиш фасли ҳам дейишади.
Баҳор айёмида онажонларимиз ташвиши янада ошади. Яхши ниятлар ила хонадонларда сумалаклар пиширилади.
Умуман олганда, баҳорий насимлар билан умид шабадалари эса бошлайди. Нақадар гўзал кайфият. Яшнаётган бу муқаддас заминда Тожикистонимиз ҳам йилдан-йилга гўзаллашиб, тараққий этиб бораётганлиги ғурур ҳиссини уйғотади кишида.
Мен бир ҳамшира сифатида шу йил Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг Хатлон Давлат тиббиёт университети ташкил этиш ва қурилиши борасидаги фармонини эшитиб жуда қувондим. Ҳақиқатдан ҳам, Президентимизнинг бундай ташаббусларини қўллаб-қувватлайман. Бу биз хатлонликлар учун катта тарихий воқеа бўлади.
Худо хоҳласа, бу тиббиёт университетида билим олиб, билимли, малакали тиб соҳаси ходимлари бўлиб етишган фарзандларимиз халқимиз саломатлиги йўлида беминнат хазмат қилишларига қаттиқ ишонаман. Шу фурсатдан фойдаланиб, муҳтарам Президентимизга ўзимнинг чексиз миннатдорчилигимни билдираман.
Бу йил мустақиллигимизнинг 25 йиллик юбилейини нишонлаймиз. Бу йиллар мобайнида Тожикистонда тиб соҳаси анчайин янгиликларга эга бўлди.
Илгарилари инсонни даволашда муҳим жарроҳлик амалиётлари хориж мамлакатларида ўтказилар эди.
Ҳозир баъзи жарроҳликлар пойтахтда қилинаётганлиги медицинамиз ютуғидир.
Биз фарзандларимиз, хусусан, қиз болаларимизнинг ўқимишли, келажакда касб-ҳунарли бўлиб етишишларига ҳаракат қилмоғимиз керак. Республикамиз Ҳукумати, Миллат пешвоси, муҳтарам Президентимиз Эмомали Раҳмон, аёллар жамиятда ўз ўринларини топишлари учун барча шароитларни муҳайё қилишмоқда.
Мен Жаноби олийларининг телевидение, газеталар орқали чиқишларини доимо кузатиб бораман.
Онасини, аҳли оиласини ҳурмат қилган инсон ҳеч қачон кам бўлмайди. Оналар байрами арафасида республикамизнинг жамийки аёлларини баҳор айёми ва Оналар байрами куни билан чин қалбимдан қутлайман. Худодан юртимизнинг тинчлигу ободлигини сўрайман. Доимо соғ-саломат бўлинглар, азиз юртдошлар!
**
Марҳамат Каримова, Жаббор Расулов ноҳиясининг хотин-қизлар ва оила билан ишлаш бўлими мудираси:
- Биз бу йил Республикамиз Истиқлолиятининг 25 йиллигини нишонлаймиз. Бу давр мобайнида одил раҳбар, Миллат пешвоси, Эмомали Раҳмон сиёсати туфайли улкан муваффақиятларга эришдик. Албатта, бу ютуқларни қўлга киритишда ўлкамиз аёлларининг ҳам ҳиссаси каттадир.
Муҳтарам Президентимиз "Жамиятда аёллар мавқеини янада юксалтириш" тўғрисидаги фармонга имзо чекиб, ўзларининг ҳар бир чиқишларида катта бир самимият ва муҳаббату ишонч билан аёлларимизнинг меҳнатсеварлиги-ю ташаббускорликларини айтиб, уларнинг унумли фаъолият юритишлари учун қулай шароитлар яратилиши лозимлигини таъкидлаб келмоқдалар.
Юртимиз сарварининг бу ғамхўрликларига жавобан бугунги кунда аёлларимиз халқ хўжалигининг ҳамма соҳаларида самарали меҳнат қилмоқдалар. Биз истаймизки, аёлларимиз юрт равнақи йўлида ҳеч қачон толмасинлар. Оналар куни муносабати билан барча диёримиз аёлларини улуғ айём билан табриклаб, уларга бахту иқбол, осуда ҳаёт ва букилмас матонат тилаймиз.
**
Фотима Сувонова, Қабодиён ноҳияси, ўқитувчи:
- 2016 йил Тожикистон халқлари учун устувор тараққиёт давоми йили ўлароқ, бўй кўрсатаётир. Бу йил ҳаммамиз учун мўътабар бўлган, қувончли тарихий воқеа ҳисобланмиш мустақиллигимизга 25 йил тўлади. Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг бевосита саъй-ҳаракатлари туфайли вужудга келган Миллий бирликка эришганимизнинг 19 йиллигини катта қувонч билан нишонлаймиз. Юртимизнинг гўзал аёлларини 8 март - Оналар байрами арафасида турмуш ўртоқлари, ака-укалари, ўғил-қизлари муборакбод этишади. Совғалар улашишади, бу ҳолат нақадар қувончли эканлигидан аёлларимиз гул-гул ёнишади. Ўғил-қизлари ардоғида эканлигидан ички бир туйғу ила қувонишади.
Баҳорнинг илк айёми онажонлар байрами билан бошланишини ва бу гуллар фаслини таърифлашга тил ожизлик қилади.
Гап катта кичик совғада эмас, балки эътиборда эканлигини унутмаслик керак.
Аёл киши ўзига бўлган эътиборни катта бир совға сифатида қабул қилади. Бу ҳолат гўзаллик ва латофат шайдоси бўлган аёлларимизнинг табиатига хос.
Шу ўринда, Миллат пешвоси Эмомали Раҳмоннинг ва Республика Ҳукуматини аёлларимизга нисбатан кўрсатаётган ғамхўрлигини алоҳида таъкидлашни хоҳлардим.
Кейинги йилларда, қизларимизга алоҳида эътибор қаратилаётгани кишини қувонтиради. Марказдан олис бўлган юртимизнинг чекка нуқталаридан бўлган ёш ва навқирон қизларимиз Президент квоталари билан олий ўқув юртларида таҳсил олишмоқда.
Аёлларнинг жамиятдаги ўрнига алоҳида аҳамият берилмоқда.
Аёллардан раҳбарлик ишларида ишлаётганлари талайгина. Асосийси, юртимизда тинчлик ҳукмрон.
Мен Оналар байрами арафасида юртимиз аёлларини чин юракдан муборакбод этаман. Жонажон Тожикистонимизда, қолаверса, дунёнинг барча мамлакатларида ҳам аёллар кўзидан бир томчи ёш оқмасин. Ҳеч қачон мушфиқ аёлларимиз кўнгли ўксимасин!
**
Мавжуда Атабоева, Суғд вилояти:
- Ҳар бир инсон устоз тарбияси ила сайқалланади ва комилликка эришади. Устоз жамиятни ёритувчи машъалдир. Улар ўз илму маърифатлари ила зиё нурларини таратиб, шогирдларини мунаввар ҳаёт йўлига чорлайди. У халқ фарзандининг тарбияси йўлида куну тун хизмат қилади ва ҳамиша Ватан хизматига шай туради. Ҳар бир инсон мукаммал бахтга устозларининг ўгитлари ва тарбияси ила эришади. Устоз улуғ зот ва улар халққа мангу эзгуликлар қилиб яшайдилар. Мана шундай буюк инсонларни, яъни метин иродали аёл ўқитувчиларни Оналар куни муносабати билан чин дилдан қутлайман ва уларга мустаҳкам саломатлик, боқий саодат, тўкин ризқу рўзу фаровонлик тилайман. Устозларга бахтлар ичра энг олий бахт - шогирдлар камолини кўришликни тилайман. Азиз устозлар, айём муборак бўлсин, азиз бошингиз омон бўлсин!
Истеъдодли тожик шоири Низом Қосим Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, мамлакат Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмонга бағишланган бир шеърида “ Миллат бирлиги учун уруш билан урушдинг...” деган ажойиб, оҳорли сифатлашни келтиради. “уруш билан урушдинг...” ҳаётий мисра. Уруш ва низоларга чек қўйиб, тинчлик ўрнатган Миллат пешвосининг асл қиёфасини, характерини, тинчликпарварлигини
Муфассал...
- Нега баъзи минтақларда рўза бир кун олдин ёки кейин тутилади?
- Рўза тутишнинг оммалашиб кетаётганининг сабаби нимада?
- Рўзанинг 30-куни оғиз очган қизларнинг, чинданам, бахтлари очилиб кетадими?
- Мамлакат Президентининг Рамазон ойи арафасидаги мулоқотидан
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015