Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ

Муаллиф: Super user Категория: ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ
Чоп этилган 22 Январ 2016 Кӯришлар: 1753
Печат

 

z ismoilzoda16 январ, шанба куни «Шарқи озод» нашриёти  республика журналистлари ташрифидан ўзгача сиймо олганди. 16 қаватдан иборат ушбу бино пештоқига улкан ҳарфлар билан «Тожикистон Журналистлар иттифоқи XIV анжуманига хуш келибсиз!» деган ёзув ва мавзуга алоқадор турли транспорантлар осиб қўйилганди. Бино ичкарисига кирмаёқ Ховалинг ноҳияси газетаси саксон йиллик юбилейига атаб чиқарилган махсус сони ва газета ижодий жамоаси суратлари, улар ҳақидаги маълумотлар илкис кўзга ташланарди.

Бино фойесидан мажлислар залигача эса, турли республикавий нашриялар, журналлар ўз идоралари ҳақида маълумот берувчи кўргазмалар, турли муносабат ила чоп этилган сонлари, китоблар, брошюралар, плакатлар билан безатилган бўлиб, улкан намойишгоҳни эслатарди шу тобда…

«Жумҳурият», «Садои мардум», «Халқ овози»,  «Народная газета», «Минбари халқ», «Жавонони Тожикистон», «СССР», «Фараж»…

…Гуруҳ-гуруҳ ташриф буюраётган делегатларга «Хуш келибсиз, хуш келибсиз»,-деб хизматга шай турган мезбонлар  меҳмонларни қайддан ўтказишар, мандат қоғозларини қўлларига тутқазишгач,  ичкарига кириб, ўз жойларини эгаллашга чорлашарди…

Ва ниҳоят, Журналистлар иттифоқининг 5 йилда бир марта ўтказилажак қурултойи иш бошлади. Қурултойга раислик қилган Иттифоқ раиси ўринбосари Ёқуб Исмоилзода йиғин аҳлига алангали салом йўллар экан, даъват этилган 175 вакилдан 168 нафари иштирок этаётганликларини  маълум қилиб, навбатдаги Анжуманни очиқ, дея эълон қилди. Сўнгра, жорий йил август ойи охирларида кутилмаганда дунёдан ўтган Журналистлар иттифоқи раиси, марҳум Акбар Саттор, шунингдек, ўтган 5 йил давомида сафимизни тарк этган 60дан ортиқ журналистлар номи қироат этилди ва уларнинг порлоқ хотираси эсланди…

Номлари зикр этилган, касбдошларимиз бу ёруғ оламни турли сабаблар ила сафимизни мана шу 5 йил ичида тарк этишди. Баъзилари яқингинада ҳам биз билан бирга эдилар. Аммо минг афсуски, бугун улар орамизда йўқ… Уларнинг номи наттоқ Абдурашид Хўжамқулов томонидан қироат қилинаркан, диллар ларзага тушиб, бошлар қуйи эгилиб, узоқ сукунат эгаллади зални… Улар орасида ёшини яшаб, нафақага етганлари ҳам, ҳали ўттиздан ошмаганлари ҳам бор. Тожикистонда яшаб ижод этган ўзбекзабон устозлар Қосим Мамажонов, Худоёр Каримов, Ҳабибулло Ботиров, Зокиржон Собиржонов,  Алишер Ахмедов, Алижон Йўлдошев, Тоштемир Жўрабоев, Муҳаммаджон Тоштемиров, Турғун Дадабоев, Қизилбой Авғонов, Жамолиддин Тошматовлар қаторида ҳаётдан эрта кетган Латофат Акбарова, Гуландом Бегим, Жамила Жамол, Асқад Йўлдошевлар… Ҳар бири ўзгача бир олам эдилар. Руҳлари шод бўлсин, илоё!

Ўтган йилнинг августида Тожикистон Журналистлар иттифоқи раиси Акбар Сатторнинг кутилмагандаги вафоти барча журналистларни эсанкиратиб қўйди. Ва бу масъулиятли вазифа унинг ўринбосари, «Шарқи озод» нашриёти директори Ёқуб Исмоилзода зиммасига тушди. Кўпни кўрган, жуда кўп масъулиятли вазифаларда ишлаб келган, улкан тажриба соҳиби устод Ёқуб Исмоилзода кейинги 4,5 ойда журналистлар бошини бириктириб, айни пайтда ҳар 5 йилда бир бор ўтказиладиган навбатдаги XIV анжуманга обдон тайёргарлик ҳам кўрди.

Мана, қурултой делегатлари олдида Ёқуб Исмоилзода ҳисобот бермоқда. У кейиги 5 йил давомида қўлга киритган ютуқлару муваффақиятлар, камчиликлару йўқотишлар ҳақида нутқ сўзлади. Сўнгра музокара ва таклифларга ўтилди. Таниқли журналист Гули Зард бир қатор камтаъминланган журналистлар тақдиридан гапириб, уларнинг молиявий мушкулотга дучор бўлиб, ҳатто, баъзилари ўз жонларига қасд қилиш арафасида турганидан огоҳлантирган бўлса, хўжандлик вакил Ўлмас Эркаев Суғд вилояти журналистлари кейинги йиллардаги эришган ютуқлар, уларга нисбатан ғамхўрликлар, тобора кўпайиб бораётган оммавий ахборот воситалари сони ва турлари борасида сўзлади.

Кўлоб минтақасидан ташриф буюрган вакил Суҳробшоҳ Фаррухшоҳ ҳам кўнглида бир жаҳон муаммолар йиғилиб қолган экан, у мазкур минтақа нашриялари-ю улардаги етишмовчиликлар, ахборот фазосининг тобора бўшаб бораётгани ва кейинги пайтларда қўшни Афғонистон Республикасида пайдо бўлаётган «Ислом давлати» жангарилари олиб бораётган ахборот тарғиботи хавфи борасида куюниб гапирди.

Сўзга чиқаётганларнинг бари ўз навбатида оммавий ахборот воситалари эришаётган муваффақиятларда Тожикистон Ҳукумати ва хусусан, Миллат пешвоси, мамлакат Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Жаноби олийларининг алоҳида хизмати борасида тўхталиб ўтдилар. У кишининг Тожик матбуоти 100 йиллик тўйида шахсан иштирок этгани ва республикада турли кўринишдаги оммавий ахборот воситаларининг амал қилаётгани ва буларга ҳамиша хайрихоҳлик билан муносабатда бўлиб келинаётганлиги алоҳида таъкидланди. Мазкур анжуманда ҳам Президент аппарати бир қатор масъул ходимлари ҳозир эдилар.

Музокаранинг кейинги қисмида сўзга чиққан бир қатор вакиллар ўз таклифларини илгари суришди:

- Мен Журналистлар  иттифоқига дуч келган кишиларни аъзоликка қабул қилмаслик лозим, деб ўйлайман. Бугунги кунда таксичида ҳам, қўш ҳайдовчида ҳам, хуллас, соҳадан юзлаб фарсах йироқ бўлган кишиларда ҳам иттифоқ ҳужжати (удостоверениеси) бўлишлиги аламлидир, дейди пойтахтлик делегат,- мен иттифоққа аъзо бўлиш схемасини кучайтириш лозим, деб биламан. Бунинг учун довталабнинг маълум бир нашрияда камида 7 йил фаолият юритиши ва бу орада камида мингта журналистик материал чоп этган бўлиши шарт этиб белгилансин!

Бу хусусда сўзга чиққан бошқа делегатлар ҳам бу мавзуни давом эттиришди. Уларга кўра, янги сайланган иттифоқ раёсати, янги раис бошчилигида иттифоқда ислоҳот ўтказилиши лозим. Биринчи галда барча аъзолар аттестациядан ўтмоқлари шарт, ўта олсалар, аъзоликка қабул қилинадилар. Иккинчидан, иттифоқ рамзи ва аъзолик гувоҳномаси янгича шакл-шамойил ва кўринишда бўлмоғи лозим.

Кейинги бир қатор вакиллар ҳам мавжуд муаммоларнинг энг каттаси сифатида аъзоларнинг бадал тўламасликларини айтишди. Шунингдек, бошланғич ташкилотларга жиддий эътибор қаратиш, бир йил давомида у ё бу сабаблар билан аъзолик бадали тўламаганлар аъзоликдан хориж этилишлари борасида ҳам қатъий таклифлар бўлди.

Шундан сўнг, қурултой асосий мавзуси  Тожикистон Журналистлар иттифоқига янги раис сайлаш жараёни бошланди. Делегатлар ўзларига маъқул номзодлар номларини илгари суришди. Булар: Зинатулло Исмоилзода, Сайёфи Мизроб, Ёқуб Исмоилзода, Суҳробшоҳи Фаррухшоҳ ва Гули Зард.

Дастлаб Гули Зард ўз номзодини бошқалар фойдаси учун қайтиб олди. Сўнг Ёқуб Исмоилзода, Суҳробшоҳи Фаррухшоҳлар ҳам ишларининг кўплиги ва бошқа важлар келтириб, номзодларини қайтиб олишди. Зал аҳли энди нима бўларкан, дея Зинатулло Исмоилзода билан Сайёфи Мизробга қараб қолишди. Шунда Сайёфи Мизроб ўзига хос мардлик кўрсатди:

- Мен бошқа номзодлар келтирган важни айтмайман, аксинча, мен иттифоққа раисликни ҳам эплай оламан. Бунинг уддасидан чиқаман. Зеро, бизнинг шиоримиз: «Биз уддалаймиз!» («Мо метавонем!»). Аммо, марҳум дўстим Акбар Саттор ўрнига раис бўлишни ўзимга эп билмайман. Шу боис, мен ҳам ўз номзодимни қайтиб оламан, деди у. Барча Сайёфи Мизроб тантилиги-ю мардлигига яна бир бор қойил қолишди. «Мо метавонем!» («Биз уддалаймиз!») ҳаёт шиори бўлган таниқли журналист бу ерда ҳам бошқа бир дўст учун мардлик қилди. Ҳа, у буни ҳам уддалади.

Раисликка номзодлардан биргинаси қолди. У - Зинатулло Исмоилзода. Қурултой раиси унинг номзодини  овозга қўйди. Барча делегатлар бир овоздан уни ўзларига раис сайладилар.

Шундан сўнг, иттифоқнинг янги раиси президиумга таклиф этилди. У ўзига билдирилган ишонч ва дастак учун барча делегатларга миннатдорчилик билдириб, ўз навбатида ишончни оқлашга сўз берди.

Қурултойга ташриф буюрган мамлакат Президентининг ижтимоий тараққиёт ва жамоатчилик алоқаларига оид ёрдамчиси Абдужаббор Раҳмонзода анжуман аҳлига Миллат пешвоси, Республика Президенти Эмомали Раҳмон Жаноби олийлари саломини етказгач, оммавий ахборот воситаларининг кейинги йилларда эришаётган ютуқлари, унинг жамиятда тутган мавқеи, роли ҳақида муфассал тўхталиб ўтди.

Анжуман охирида бир қатор оммавий ахборот воситалари ходимларига турли кўринишдаги мукофотлар тақдим этилди.

Республикамиз турли минтақаларида яшаб фаолият юритаётган ҳамкасблар дарди дили эшитилди, камчиликларни бартараф этиш борасидаги таклифу тавсиялар қайдга олинди, энг муҳими, иттифоққа янги раис сайланди. Шу билан қурултой ўз олдига қўйган мақсадига эришди ҳисоб. Ҳа, бир қарашда шундай. Аммо мазкур вазифаларни биргина янги раис олдидаги масъулият, деб билмай, барчамиз биргаликда, ҳамжиҳатлигу бирдамлик билан ҳал қилишимиз,  лозим бўлади. Ана ўшандагина Журналистлар иттифоқи XIV қурултойи ўз мақсадига эришган саналади. Эзгу ниятлар амалга ошишида Худо ёру мададкор бўлсин!

 

Абдулло Саидов,

«Халқ овози».

Мамлакатимизда ижтимоий аҳвол сизнингча?

Аъло - 38.5%
Яхши - 38.5%
Ӯртача - 0%
Ёмон - 7.7%
Билмайман - 15.4%

Проголосовали: 13

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Рамазон – раҳмат ва баракат ойи

 

- Нега баъзи минтақларда рўза бир кун олдин ёки кейин тутилади?

- Рўза тутишнинг оммалашиб кетаётганининг сабаби нимада?

- Рўзанинг 30-куни оғиз очган қизларнинг, чинданам, бахтлари очилиб кетадими?

- Мамлакат Президентининг Рамазон ойи арафасидаги мулоқотидан

Муфассал...

...Ватанни номус деб асрагин, болам, Берган оқ сутимни айлагин ҳалол!

 

ОНА, ЮЗЛАРИНГНИ СОҒИНДИМ

Она бўлгач, онамнинг қадрин,

Буюклигин англай бошладим.

Юрагимда кўпайиб дардим,

Беихтиёр кўзим ёшладим.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990735

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7477998
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
3926
4027
21611
7426653
99642
114875
7477998

Сизнинг IPнгиз: 18.224.30.113
Бугун: 23-11-2024 17:12:38

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015