Ассалому алайкум, азизлар! Еттинчи суҳбатимиз ниҳоясида сиз билан давримизнинг энг оғриқли муаммоларидан бирига айланган - гулдай оилаларнинг бузилиши, эр-хотинларнинг ажралиши борасида фикрлашишга келишгандик.
Мен бу масалада сиз азизлар билан суҳбат қуришдан олдин турли ёшдаги, турли касбдаги хилма-хил одамлар билан гаплашдим.
Фуқаролик ҳолатини қайдга олиш бўлимида ишлаётган инсонлар, қишлоқ жамоатлари ходимлари, маҳаллалар фаоллари, қайнота-қайноналар, собиқ эр-хотинларнинг оилалар бузилиши борасидаги фикрларини ўргандим. Ким билан гаплашмайин, ҳар бир суҳбатдошимнинг гаплари замирида халқ ибораси билан айтиладиган бир эзгу маъно бор эди: -«Чумчуқнинг ҳам ини бузилмасин!»
Лекин ниятлар қанчалик эзгу бўлмасин, кейинги йилларда эр-хотинлар орасида ажралишларнинг кўпайиб бораётганлиги ҳар бир суҳбатдошни ташвишга солиб турганлиги ҳам яққол кўриниб турарди.
Ажралишларнинг эса, сабаби бир хил эмас. Қайнона ва келин орасидаги муносабатлар, эрнинг ичкиликбозликка берилиши, гиёҳвандлик, ёстиқдошга хиёнат, фарзандсизлик...
SMSдан чиққан ғалва
Башорат Рўзиева Жаббор Расулов ноҳияси ҳукумати қошидаги хотин-қизлар ва оила қўмитасига раҳбарлик қилади. У қатор йиллар давомида мазкур ноҳиядаги Деҳмой қишлоқ жамоатига раислик қилган, ноҳия ҳукумати раисининг муовини бўлиб ҳам ишлаган. Асли касби – ўқитувчилик.
Бу аёл билан суҳбатлашган ҳар бир инсон унинг ҳаётий тажрибаси катта эканлиги, қайси масала бўлмасин, ўзининг қарашига эга эканлигини тезда сезиб олади.
Башорат Рўзиеванинг айтишича, Жаббор Расулов ноҳиясида вилоятнинг бошқа шаҳар ва ноҳиялари билан қиёслаганда, оилавий ажралишлар бирмунча кам. -«Лекин бу бизни ҳеч қачон хотиржам қила олмайди. Биттагина оиланинг бузилиши ҳам, иккита қоракўзнинг тирик етим қолиши ҳам қаттиқ ташвиш чекадиган масаладир»,- дейди у.
-Мен, айниқса, янги қурилган оилаларнинг тезда бузилаётганига қизларимизнинг ҳаётга, турмуш қуришга тайёр бўлмасликлари асосий сабаблардан бири бўлаётир, деб ўйлайман, - деди Башорат Рўзиева. – Кўп ота-оналар ёш қизларини эрга беришяпти. Ҳатто, ҳали мактабни битирмаган қизларни узатиш ҳоллари ҳам бор. Бизнинг тадқиқотларимиз бўйича қизлар ҳеч бўлмаганда йигирма ёшга кирганда, бунгача бирон касб-ҳунар эгаси бўлишга улгуришганда, оилани маҳкам ушлашади. Турмушга эрта узатилган қизлар эса, ҳали рўзғор ишларини тузук ўрганишмаган бўлишади, ҳатто, муомалани яхши билишмайди. Натижада, қайнона-келин, ёш эр-хотин орасида келишмовчиликлар пайдо бўлади. Бу келишмовчиликлар бора-бора жанжалга айланади.
Башорат Рўзиева куйиниб сўзлар экан, мен Суғд вилоятида бундан бир йил олдин бошланган муҳим бир ҳаракатни эслайман. Вилоят раиси Абдураҳмон Қодирий қизларни ҳаётга тайёрлаш, уларни нон ёпиш, овқат пишириш, кийим-кечак тикишга ўргатиш учун умумтаълим мактабларида имкониятлар яратиш ташаббуси билан чиқди.
Бу ташаббуснинг моҳиятини яхши англаган Жаббор Расулов ноҳияси ҳукумати томонидан мавжуд 41 та мактабда тандир-ўчоқ қурилди, тикув машиналари ишга солинди. Мактабларда оиладорлик, рўзғор ишлари борасида қўшимча дарслар ўтила бошланди.
-Фақат қизларни ёш турмушга узатиш эмас, балки йигитларни тез уйлантириб қўйиш ҳам ажралишларни кўпайтирмоқда, - дейди бироз ўйланиб Башорат Рўзиева. – Айрим ота-оналар ўғиллари 18 ёшга тўлдими, уни уйлантириш тараддудига тушадилар. Бунгача бир илож қилиб, ўғил истайдими, истамайдими, бирон олий ўқув юртига ўқишга киритиб қўйишади. У ўқишни тугатгунча иккита болалик бўлишга ундашади. Ота-оналарнинг бу ҳаракатлари сабаби эса, битта – ўғилни ҳарбий хизматдан олиб қолиш!
Куёв эндигина ўн саккизга кирган, келин ҳам шу ёшда. Ҳар иккови ҳам ота-оналарининг истаги билан турмуш қуришган. Лекин тўйдан кўп ўтмай, кечагина бир-бирига суқланиб қараётган ёш эр-хотин орасида жанжал бошланади. Келин ўқишга кетган эрининг телефонини очиб кўриб, СМС, яъни хатларни ўқийди-да, тутаб кетади. -«Ким у, сизни тўхтамасдан учрашувга чақираётган танноз»,-дейди ўқишдан қайтган эрининг олдига дастурхон ёзиш, бир чойнак чой дамлаб келиш ўрнига қовоғидан қор ёғилаётган келинчак. Хотинининг қўлидан телефонини тортиб олган эр томоғи йиртилгудек бақиради: -«Нега менинг телефонимга тегасан? Чарчаб келган эрни жилмайиб кутиб олиш ўрнига қайси бир қизнинг адашиб ёзган эсэмэсини, деб жанжал кўтарасан?! Кунига нечта одам битта рақамни нотўғри териб, кечирим сўрашини эшитмаганмисан?» Келин ҳам анойи эмас, бошқа эсэмэсларни ҳам ўқиб чиқишга улгурган. «Қўл телефони нималигини яхши тушунмайдиган ғирт ғалча ҳам бир марта адашиб хат ёзади, икки марта ёзар ана. Телефон қурғур у таннозчанинг хатларига тўлиб кетибди-ку? Устига фалончижон ака, деб хат бошлабдилар!» Энди эса, куёв ўзини оқламади. Келиндан камчилик топишга тушиб кетади. Ке-ет-ди! На куёв бир сўздан қолади, на келин!
Башорат Рўзиева оила бузилиши сабабларидан бирини айтар экан, бу воқеа эсимга тушади. Худди ўша «эсэмэс» жанжалидан сўнг ёш эр-хотин орасига совуқчилик тушди. Икков бирдай ажраламан, деб туриб олди. На куёвнинг ота-онаси, на келиннинг ота-онаси, на маҳалла оқсоқоллари, на қишлоқ жамоати ходимларининг насиҳатлари ёш эр-хотинга кор қилмади. Ёш оила бузилиб кетди. Олти ойлик бола тирик етим бўлиб қолди...
Жаббор Расулов ноҳияси ҳукумати қошидаги хотин-қизлар ва оила қўмитасининг ходимаси Зумрад Абдураҳимова ёш бўлишига қарамасдан «қўйди-чиқди»лар сабабларини яхши ўрганган. У бу сабаблардан бири – оилавий зўравонлик ҳақида сўзлар экан, кўз олдимга «менинг айтганим – айтган, деганим - деган» қабилида келинини бир лаҳза бўлсин, тиним билдирмайдиган қайноналар, хотинини ҳуда-беҳудага тергаб, ҳақоратлайдиган, уриб-тепадиган эрлар келди.
Эрда орият бўлмаса
Зумрад оила бузилишининг яна бир сабаби, дея ичкиликбозликни тилга олар экан, спитаменлик танишим куйиниб айтиб берган воқеа кўз ўнгимдан ўтади.
... Қурилишларда туппа-тузук ишлаб юрган эр (унинг номини шартли равишда Кимсанбой, деб олайлик) қишда ишсиз қолган пайтида бир даврага қўшилиб қолади. У даврадаги беш улфатнинг ҳаммаси ҳам ичкиликни ҳаёт мазмуни, деб биладиган одамлар эди. Кимсанбой аввалига юзта-юзта олиб-олиб, ҳали қиш чиқмасдан ичкиликка ўрганиб қолади. Кўклам келиб, қурилишда бирга ишлайдиган ҳамкасблари ишга борайлик, деб чақириб келишганда, янги улфатларининг йўриғидан чиқа олмайди. Бора-бора у ишлаб пул топиш, хотини, учта боласини боқишни унутади. Тирикчилик эрта тонгдан кечгача бозорда сабзавот олиб-сотадиган хотинининг зиммасига тушади. Ичкилик Кимсанбойдан эрлик ориятини ҳам тортиб олади. Эр ўзи рўзғорга озиқ-овқат олиб келмаётгани, болаларини кийинтиришни ўйламаётгани устига хотини топган пулларни тортиб олиб, ичкиликка сарфлайди. Хотин бир йил чидайди, икки йил чидайди, пичоқ бориб суякка теккач, ажрашишга қарор қилади...
Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларидан бирида: -“Киши ўз қарамоғидагиларини нафақасиз ташлаб қўйиши унинг қаттиқ гуноҳкорлигига кифоя қилади”, - деб марҳамат қилганлар. Азизлар, энди ўйлаб кўрайлик, ҳозиргина сиз танишган воқеа қаҳрамони Кимсанбой қай даражада гуноҳкор? У оиласини моддий жиҳатдан таъминламаслик устига хотинининг болаларини боқиш учун машаққат билан топган пулини ҳам тортиб олиб, ичкиликка сарфлаган-ку!
-Айрим бузилган оилаларда ҳамма нарса етарли бўлган. Эр-хотин, болаларнинг еганлари олдида, емаганлари ортида. Лекин эр-хотин бир-бирини тушунмайди, бўлар-бўлмасга ғалва чиқаришади. Дунёқарашлари ниҳоятда тор. Кўпларда оила ва оилавий муносабатлар ҳақида билим, оила юритиш маданияти етишмайди. Мен оилаларда болаларни китоб ўқишга ўргатишларини истардим. Бадиий китоблар инсонни эстетик жиҳатдан ҳам, руҳий жиҳатдан ҳам тарбиялайди. Китоб қаҳрамонлари ёшларда кучли ирода, матонат, сабр, курашчанлик, меҳр-муҳаббат каби ҳислар шаклланишига хизмат қилишади, - дейди Зумрад Абдураҳимова.
Ажралиш сабаблари орасида ёш оилага ота-оналарнинг аралашуви, фарзандсизлик каби омиллар ҳам бор. Лекин кейинги пайтларда илгари учрамаган яна бир сабаб ҳам пайдо бўлди.
Қоғоз ва телефон орқали ажралишлар
Суғд вилояти фуқаролик ҳолатларини қайд қилиш бўлими мудираси Муқаддам Ҳошимова кейинги йилларда оилаларнинг бузилиб кетиш ҳоллари кўпайганлигини ташвиш билан сўзлар экан, эр-хотиннинг ғалати ажралишлари ҳақида ҳикоя қилди.
Бундай ажралишнинг асосий сабаби, эрнинг Россияда бемалол ишлаш, яхшироқ иш ҳақи олиш учун у мамлакат фуқаролигини олиш учун интилиши экан. Бу каби ажралишлар кўпроқ ўрта ёшдаги кишилар орасида учрашиши кузатилган. Чунки бу ёшдаги эр-хотинларнинг болалари катта бўлиб қолган, балоғат ёшига етиб, мактабни битиришган. Ёш болали оилаларнинг суд орқали ажрашишлари анчагина қийин бўлса, «боласини учирма қилган» эр-хотиннинг расман, ҳа, расман ажрашиши осон кечар экан.
Азизлар, мен бу ерда «расман» сўзини атайлаб таъкидлаяпман. Чунки Россия фуқаролигини олиш истагида бўлган эр хотини билан расман ажрашган бўлса-да, амалда у билан яшайверади.
-Лекин бу каби ажрашишлар ҳам расмий маълумотларга таъсирини кўрсатяпти. Улар қўшилгач, оилавий ажрашишлар бўйича фоизлар кўпайиб бормоқда, - дейди Муқаддам Ҳошимова. – Бизнинг ўрганишимиз бўйича, айниқса, Исфара ва Истаравшан шаҳарларида қоғоздагина ажрашишлар кўп экан.
Майли, дейман, ўз манфаатини кўзлаганми, ё оиласи учун кўпроқ пул топишни ўйлаганми, Россия фуқаролигини олиш учун қалбаки ажралган бўлса-да, бу йўлни танлаган эр амалда хотинини қувиб солган эмас экан-ку! Айрим инсофсиз, ўз масъулиятини унутган оталар каби болаларининг кўзини ёшга тўлдириб, тирик етим қилиб қўймаган экан-ку, дейман!
Азизлар, шу ўринда ўз-ўзимга савол бераман: нима, қалбаки ажрашишларни оқлаяпсанми? Бу саволга жавоб бериш асносида не-не оилаларнинг бузилиб кетишига сабаб бўлаётган яна бир омил ҳақида ўйлайман. У – меҳнат муҳожирлиги!
Бунга анча бўлди. Конибодомдаги бир танишим у ерда йигирма нафардан ортиқ аёл эри билан ажрашишини телефон орқали маълум қилганини айтди. У аёлларнинг ҳаммаси Россияда ишлар экан.
Телефон орқали ажрашиш. Бундай ғалати ажрашиш битта-иккита бўлса, эътибор бермаслик мумкин эди. Лекин қисқа муддат орасида бир-бирига яқин қишлоқда йигирма нафар аёлнинг эридан воз кечиши, қилаётган ишининг оқибатларини ўйламаслиги, айниқса, болаларининг отасиз қолишларидан ташвиш чекмаганликлари рост бўлса, бу хавотирликка сабаб бўладиган ҳолат эди.
Эр у ёқда, хотин бу ёқда
Хуллас, танишим айтган қишлоқлардан бирига бордим. Минг афсус, у ерга борганимдан сўнг, йўл-йўлакай эшитганларим рост чиқмасин-да, деган хаёлим тўзиб кетди.
Мастура хола (азизлар, маълум сабабларга кўра бу аёлнинг номини ўзгартирганман) аввалига қарғанди, кейин йиғлади.
-Бети қурсин ундай хотиннинг! Аёл зотига иснод келтирди. Ўғлимнинг юзини ерга қаратди. Тўртта боласини ўйламади-я! Қишлоққа қайтиб келса, қандай бош кўтариб юраркин?
Хола енгининг учи билан кўз ёшларини артар экан, аста сўрайман:
-Нега ўғлингизнинг ўзи Россияга бормаган? Барибир болаларига сиз қараётган экансиз, у хотини билан бирга ишлаб келса бўлмасмиди?
-Ўғлим Россияда тўрт йил ишлади. Бола боқаман деб ўзини ўтга урди, чўққа урди. Қаҳратон қишда ҳам қурилишда ишлаб, оёғини совуққа олдирибди. Яна буйрагини шамоллатибди. У ёқдан ярим жон бўлиб қайтиб келди. Россиядан жарақ-жарақ пул юбориб турганида ўғлим яхши эди, тўшакка михланиб қолгач, нон-тузим кўр қилгур келин эрини «пуф, сассиқ»қа чиқарди. Аслида ўшандаёқ мен ундаги ўзгаришни сезишим керак экан. Сезганимда, Россияга бораман деганида, «хотин кишига бегона юртни ким қўйибди, бормайсан», дея оёқ тираб туриб олган бўлардим. Ана, Россияга кетиб, бир йил ўтдими-йўқми, бир бўйни йўғонни топиб олибди. Ҳе, илойим, иккови қўшмозор бўлсин! Ўлиги ўшатларда чириб кетсин!
Мастура хола йиғлай-йиғлай, қарғаниб-қарғаниб, ўша «бўйни йўғон» бегона эмаслиги, ўғлининг синфдош ўртоғи эканлигини айтди. Ўғли Россияда ҳайдовчилик қилиб, пул топаётган ўртоғига хотинидан хабардор бўлиб туришни, бегона ерга ўрганганича ёрдам бериб туришни тайинлаган экан...
-Ҳе, илойим қоронғида топишмай балога йўлиқишсин, песлар! У (хола ўғлининг ўртоғи отини айтди)... иплос яқин дўстига хиёнат қилди. Мошинасига икки-уч марта миндириб, эрсираган қанжиқнинг бошини айлантирган. Ана энди, бир эмас, иккита оила бузилиб кетди. Ўғлимнинг тўртта боласи онасиз етим, у иплоснинг учта боласи отасиз етим...
Мастура хола олдига югуриб келган беш ёшлардаги болани бағрига олади, бошини силайди, яна кўз ёш тўкади.
-Қаердан ҳам Россия деган бало чиқди. Эр у ёқда, хотин бу ёқда. Ё акси... Болалар отасини соғинади. Айрим эр-хотинлар болаларини қайноналарига ташлаб, икковлари Россияга кетишган. Фалончи Россияда катта пул топиб, данғиллама уй қурибди, фалончи катта тўй қилибди, деса туппа-тузук ишини ташлаб, бегона юртга кетаверадими? Одамнинг қорни бир бурда нонга ҳам тўяди-ку!
Бу Конибодомдаги воқеа. Лекин Россияга ишлаш учун кетиш оқибатида эр-хотиннинг ажрашишлари вилоятнинг бошқа томонларида ҳам оз эмас.
-Россияда ишлаб юрган йигит уйига келгач, шоша-пиша тўй қилинади. Куёв чилласи чиқмасдан бурун яна Россияга қараб жўнайди. Ёш келин қолаверади. Хотинини соғинган йигит Россияда кимгадир илакишади. Бир томондан йигитларни ҳам тушуниш мумкин. Бир йилда бир марта уйига келиб-кетгандан кейин нима қилсин? Нафсини тия олмайдиганлар ҳам йўқ эмас-да. Аксинча, эрининг дийдорига тўймаган ёш келинларнинг айримлари бузуқ эркакларнинг домига илинишади. Ана, кўрибсизки, ёш оила бузиляпти-да!
Бу гапларни менга айтган Бобожон Ғафуров ноҳиясидаги қишлоқ жамоатларидан бирининг ходимаси бир нечта мисол келтиради.
Ажралишлар... болаларнинг ё отасиз, ё онасиз қолишлари... хаёлимда бу сўзлар айланаверади. Шу пайт кўз олдимга бир ёш эр-хотин келади. Азизлар, келинглар, сизни ана шу эр-хотин ҳақидаги воқеий ҳикоя билан таништирайин.
Бошқа ҳовли тўзони
Робия болаларини боғчага қўйиб келар экан, дарвозалари олдида турган аёлга кўзи тушди. Яқинроқ боргач, ўзига қараб турган бу аёлни таниди – эрининг аммаси. Қадамини тезлаштирди. Амманинг олдига етиб бориб, салом берганди, у совуққина сўрашди.
Робия чўнтагидан калит олиб, дарвоза қулфини очар экан, амма кесатди:
-Ҳа, намунча ҳовлиларингга тилла кўмгандек, куппа-кундузи дарвозани қулфлаб кетибсиз?
-Мен болаларни боғчага олиб кетаётганимда эшик очиқ эди. Мендан кейин дадамлар ишга кетгандилар. Балки улар... Шунинг учун ҳар эҳтимолга қарши ўзим билан битта калитни олиб юраман.
-Дадангиз? Ҳа, қайнотангиз-да. Укамнинг эшик қулфлаб юриш одати йўқ эди-ку! Ё сиз келганингиздан кейин уйда янги тартиб ўрнатилганми?
Робия амма гапининг маъносини тушунса-да, индамади, жилмайганча йўл бошлади:
-Қани, аммажон, киринг! Сизни куттириб қўйганимиз учун узр!
-Вой, нақ бир соат кутдим-ку! Оёғимда оёқ қолмади. Эшик тақиллатавериб, қўлим қавариб кетди. Қайнонангиз, ҳа-я, аяжонингиз қаерга кетганлар?
-Уйда эдилар. Негадир этим жунжикяпти, деётган эдилар, балки кўрпага ўраниб, ухлаб қолиб, чақирганингизни, эшик тақиллатганингизни эшитмагандирлар. Аммажон, юринг уйга киринг!
Амма Робиянинг уйига кирар экан, диванга ястанганча тўрт томонга кўз югуртирди. «Қуриб кетгур роса озода-да, чаққон, тили ширин, одамни илондек аврайди, лекин қўлиям ширин қурмағурнинг!» Амма бирпасда хонтахта устига оппоқ дастурхон ёзган, дид билан мева-чева қўйиб чиққан, пахта гулли чойнакка чой дамлаб келган Робиянинг ишини кузатар экан, ана шундай хаёлга борарди.
Ҳовлидаги овозни эшитдими ё Робия бориб уйғотдими, ичкарига бошини боғлаган Майсара кириб келди.
-Ассалому алайкум! Келинг, опажон, - деди у қайнэгачисига қучоқ очганча. – Кўзим илиниб қолибди. Қачон келдингиз?
-Эшигингизнинг тагида билмадим, қанчагача тиланчидек турдим. Келин «Эшитганлар, шунча тақиллатасизу эшитмайдиларми, ширин уйқуларини бузгилари келмаган», деди, - амма лабини бурди.
-Келин шундай дедими? Ўлай агар, эшитганим йўқ. Ғафлат босибди. Ҳали келин шундай деди, денг! – Майсара эшик томонга хавотирланиб қараётган қайнэгачисининг кўзига тикилди. – Гапираверинг, у ошхонада, ошга уннаган, ўчоққа ўт ёқяпти.
-Келинжон, қизиқсиз-а, нима мен ёлғон тўқияпманми? Ишонмасангиз, ана, ўзидан сўранг!
Худди шу пайт эшик очилиб, қўлида арчиб, чиройли парракланган олма, нок солинган товоқча кўтарган Робия кириб келди. Лабини буриб турган амманинг юзига ясама кулги югурди.
-Овора бўпсиз-да, келинжон! Пичоқ берсангиз, ўзимиз арчиб олардик.
-Уйда анор йўқмиди, келин? – деди аламини боса олмаётган Майсара.
-Бор, олиб келайми, - Робия қайнонасининг оғзига қаради.
-Опкелинг, нордонгина анор уйқуни қочиради, дейишади. Бир тўйиб ейин-чи, балки ўшанда уйқучи қайнонангизнинг уйқуси қочиб кетар, - Майсара келинини яниб-яниб олар экан, қайнэгачисига қарамади. Қараганида эди, унинг сездирмасликка уриниб тиржайганини кўрган бўларди.
-Укам икковларинг келинни бошларингга чиқариб олибсизлар, - деди амма Робия эшик ёпиб чиқиб кетгач, - қайнона – она, дейдилар. Қайнонасини ёмонлаган келиндан ҳеч қачон яхшилик чиқмайди. Ҳозир қувватингиз бор, эрта-индин кучдан қолсангиз, бир бурчакка тиқиб ташлайди...
Амма кетди-ю, Майсаранинг келинига муомаласи ўзгарди. Айниқса, эртаси куни эри келин пиширган шўрвадан бир қошиқ ичиб, лабини буриштирганча, косани бир четга сургандан кейин Робиянинг ҳамма ишидан қийиқ топадиган бўлди.
-Ҳа, оғзингизга ёқмадими, - деди эрига Майсара, бу орада отасининг қилиғига эътибор бермасдан шўрва ичаётган ўғлига қараб қўйиб.
-Бундан кўра ошхонанинг ювиндисини ичганим яхшийди, - деди қайнота ўрнидан тураётиб, - мен чойхонага кетдим.
-Дадажон, агар шўрва ёқмаган бўлса, палов дамлайми? – деди Робия ич-ичидан отилиб келаётган йиғини минг азобда ютиб. – Ошни яхши кўрасиз-ку!
- Сен имиллаб ош пиширганингча, ярим кеча бўлади. Агар униям шўр қилиб қўйсанг, эрталабгача қорним карнай-сурнай чалиб чиқсинми? – Қайнота шундай дея хотинига ўгирилди. – Ҳамма айб сенда!
-Мен нима қилибман? – деди қовоғини солганча Майсара.
-Онаси ўргатмаган экан, сен овқат қилишни ўргатсанг, бўлмасмиди!
Шўрвасини ичиб бўлиб, бир отасининг, бир онасининг оғзига тикилаётган ўғил ҳайрон бўларди. Ахир, шу пайтгача ҳар иккови ҳам Робия пиширган овқатларни мақтаб-мақтаб ейишар, отаси «қўлинг ширин-да, келин, барака топ», дея дуо қиларди. Нима бўлди буларга, ўзи? Агар шўрва шўр бўлганда, мен ҳам ичмаган бўлардим-ку! Ё мен овқатнинг мазасини сезмайдиган бўлиб қолдимми?
Ўғил хаёлидан кечган гапларни тилига чиқара олмади. Отаси ҳўмрайганча чиқиб кетгач, онасининг Робияга ўшқирганча айтаётган гапларини тишини тишига босиб, эшитишга мажбур бўлди...
Ғалванинг каттаси Робиянинг меҳнат таътили тугагач бошланди. Робия боғчадан олган болаларини етаклаб ҳовлига кириб келар экан, қайнонаси қўлидаги супургини кучининг борича улоқтирди.
-Келин, шу чоққача қаерда юрибсиз?- деди Майсара овози етти маҳаллага эшитилгудайин.
- Секинроқ, аяжон, секинроқ. Иш тугагач, болаларни олиб келяпман.
- Нима, секинроқ?! Энди оғзимга ҳам қулф солмоқчимисиз? Иш баҳона қаерларда санғиб юрасиз? Уйим-жойим, демайсиз! Қариганимда белим букилиб ҳовли супуриш, ўчоққа ўт ёқиб, қозон қайнатишим қолганди. Мен сизни шу умидда келин қилганмидим? Секинроқ дейди-я, тилини бир қарич қилиб.
Робия қайнонасининг авзоидан унга тўғри гапни уқтириб бўлмаслигини тушуниб, уйи томон ўтаётганда, ҳовлига қайнотаси кириб келди.
- Сен нега томоғингни йиртяпсан? – деди у қўлига супурги олиб, ҳовли супуришга тушган Майсарага. – Келинга қаттиқ гапирма. Агар у ишламаса, биз очимиздан ўламиз!
- Очимиздан ўламиз? Бу нима деганингиз, дадаси? – Майсара супургини Робия томон ўқтади.
- Ҳа, очимиздан ўламиз, хотин, ўламиз. Эшитмадингми, маҳалладаям, чойхонадаям шу гап! Келинжонинг тоғни толқон қилгудайин ишлаб, бизни боқаётган эмиш. Улфатлар бири олиб, бири қўйиб, бу гапларни айтишар экан, чойхона ёрилмади, мен кириб кетмадим.
- Дада, бу гаплар қаердан чиқди? Сизларнинг топганларинг тоғ бўлса, менинг топганим бир тошгаям тенг келмайди.
- Ҳой, Робия, келин деган қайнотанинг оғзига урадими-я? Нима, одамлар айтишмаса, дадангиз ўзларидан тўқиб чиқарадиларми? – Майсара қўлларини пахсалаганча Робия томон икки қадам юрди.
- Нима, сен ҳали мени туҳматчига чиқаряпсанми? Мен сенинг отангга ўхшаган эмасман! Пора сўради, деб солиқчига туҳмат қилиб, қаматганим йўқ! – Қайнота тутақиб кетди.
- Дадажон, майли, мени нима десангиз, денг, лекин отамни орага қўшманг. Солиқчининг ишхоналарига келиб, пора талаб қилганини текширувчилар ҳам, судда ҳам исботлашган, - Робиянинг ҳалигина ғамгин турган кўзларида олов чақнади.
- Ҳой, келин, нега қайнотага қараб чақчайяпсиз? Ҳали Рустам келсин-чи, бу гапларни эшитса, нима деркин? - Майсара яна қўлини қилич қилди.
- Рустам келгунича қараб ўтираманми? Бу уйнинг хўжайини менман, - қайнота кўкрагига кетма-кет муштлади. –Мен тирик эканман, энди сен бу уйда яшамайсан! Йўқол! Ҳали Рустам келсин, талоғингни айттирмагунимча қўймайман!
Майсара болаларини етаклаганча уйига кириб кетаётган Робиянинг йўлини тўсди.
- Қаёққа?! Қулоғинг карми, сенга бу уйдан йўқол,-дедилар. Қани, тезроқ қорангни ўчир!
Робия шовқиндан қўрқиб, йиғига тушган болаларини бирин-кетин бағрига босди.
- Суҳроб, Меҳрона, йиғламанглар! Майли кетамиз, - Робия ҳамон бақиришдан тўхтамаётган қайнотаси ва қайнонасига қарар экан, кўзларини артиб олди. – Фақат учовимиз Худодан бир нарсани сўраймиз? Тинчгина ҳаётимизни ким бузаётган бўлса, жазосини берсин! Яратган менинг зоримни эшитмаса, сиз, бегуноҳ болаларнинг оҳларингни эшитар!
Робия қизчасини кўтарди, ўғлини қўлидан етаклади-да, бошини баланд кўтарганча ҳовлидан чиқиб кетди.
Ишдан кечроқ қайтиб, уйида хотини ва болаларини кўрмаган Рустам уларни суриштирди.
- Кетишди, ортиқ бизнинг кулбамизда яшамас эмишлар, - Майсара пиқиллади. – Қачон отасиникига ўхшаш икки қаватли уй қурсанг, болаларини боғчага олиб бориб-келиш учун машина олиб берсанг, ширин-шакар овқатлар пиширадиган оқсоч ёлласанггина, ана кейин сен билан яшар эмишлар!
Онасининг ёлғондан пиқиллаётганини сезиб турган Рустам индамади. Уйига кириб кийимини алмаштириб чиққанда, ҳовлида бошини оқ қийиқча билан боғлаган отаси ва пиёлага чой қуйиб узатаётган онасини кўрди.
- Майли-майли, мен шу пайтгача келиннинг заҳарли тилига, хурмача қилиқларига чидаб келдим, гапирса-гапираверсин, уйига гап ташиса-ташийверсин, ўғлимнинг уйи бузилмасин,-деб аламимни ичимга ютдим, - онаси сўзлар экан, Рустам унинг ўзи томон ўғринча кўз ташлаб олганини сезди. – Лекин сизга қутурган итдай ташланганига чидаёлмадим. Келин деган отаси ўрнига ота, қайнотасига... – Майсара Рустамга эндигина кўзи тушгандайин бўлиб, жим қолди, - дадаси, ўғлингиз...
- Рустам, бор, «тез ёрдам» чақир! Қон босимим икки юзга чиқиб кетди. Ҳозир бошим тарс ёрилиб кетади.
- Сизга нима қилди, дада? – деди Рустам орқа миясини эмас, икки чаккасини ушлаётган отасига.
-Чаён чақди, илон чақди! Агар ўша чаён яна уйимга келса, мен тил тортмасдан ўламан! Ҳозир уни топасан-да, талоғини берасан!
- Вой, дадаси, иккита боласи бор-а! Гапирса, гапирибди-да, менга айтган гапларини эшитганингизда нима қилардингиз? Тил қурғурнинг суяги бўлмаса, - Майсара бўшаган пиёлага чой қуйди.
-Мен айтдимми, тамом! Рустам, хотинингни қўясан! Сен қўймасанг, мен қўяман!
Рустам дадасига бунга ҳаққингиз йўқ, деб айтмоқчи бўлди-ю, айтмади. Шу лаҳза унинг хаёлидан мусулмончиликка оид китобларда ўқиган гаплар ўтарди. «Аллоҳнинг амрига қаралса, ота-онанинг ҳаққи - жуда улуғ. Бу ҳақиқатни ҳар бир мусулмон, яхши билгани боис, ота-онасининг ҳаққини қўлдан келганича адо қилишга ҳаракат қилади. Лекин ҳар нарсанинг чегараси бўлганидек, ота-она ҳаққининг ҳам чегараси бор. Банданинг Аллоҳ амрига зид бўлган хоҳиши рад қилинади. Холиққа маъсият бўладиган нарсада махлуққа итоат қилинмайди. Ислом таълимотида иложи борича оилани мустаҳкамлашга амр қилинган. Бошқа биров, агар ўша биров ота-она бўлса ҳам, хоҳиши-ла оилани ноҳақ бузишга рухсат йўқ».
... Орадан уч кун ўтиб, болаларини олиб кетиш учун қайнотасиникига борган Рустам унинг сўзларини жимгина туриб эшитди. «Куёв, сиздан менинг ҳеч қандай гинам йўқ. Лекин энди қизим сиз билан яшамайди. Отангиз кўпчиликнинг олдида мени туҳматчига, ўғрига, муттаҳамга, товламачига, таъмагирга чиқарибди. Майли, бу гапларни бегоналар айтишса, сира ишонмасдим. Лекин шаънимга ёғдирилган ғирт туҳматни амакингиздан, отангизнинг укасидан эшитгандан кейин...»
-Дада, менинг Робия билан яшаш-яшамаслигимни отам ҳал қила олмайди, лекин сиз ҳам Робияни оиласидан ажратишга, болаларимизни тирик етим қилишга мажбурлай олмайсиз!
Рустам шундай дея, орқасига қарамасдан Робиянинг ишхонаси томон кетди. Робия Рустамни кўриши билан атрофдагилардан уялмай, йиғига тушди. Отаси кўчада эшитаётган гапларига чидаёлмаганини, энди уни Рустамникига қўймаслигини айтди.
- Сен-чи? Сен ўзинг нима дейсан? – Рустам ўнг қўли кафти билан Робиянинг кўз ёшларини артганча деди.
- Менми? – Робия устма-уст ютинди, яна кўзи ёшга тўлди. – Мени сиздан фақат ўлим ажрата олади. Майли, туҳмат қилишсин, бошимдан мағзава ағдаришсин, тегирмон тоши юргизишсин, ҳаммасига чидайман. Вақт-соати келиб, ҳақиқат юзидаги пардалар йиртилиб кетади. Мен болаларимнинг ҳеч қачон отасиз катта бўлишларини истамайман. Фарзанд ҳам отасини дейди, ҳам онасини! Ишхонамда бир аёл бор. У ўттиздан ошганида учта боласи билан эридан ажралган. Болалари: -«Дадам қачон келадилар, бизни уйимизга олиб кетсинлар»,-деб сўрашгани-сўрашган эмиш. Болаларни алдайвериб, юпатавериб, чарчадим. Мен фарзандларимни отасидан ажратиб, қаттиқ хато қилганимни англадим,-деди у аёл. Ҳа, ўтган ҳафта унинг катта ўғли отасини қидириб, уйидан қочиб кетибди. Ярим тунда шаҳар четидан топиб келишибди...
- Мен сенинг шундай дейишингни билардим, - Рустам хотинига меҳр билан тикилди. – Майли, отам бизни уйдан ҳайдасин, майли, отанг сени уйларингга қўймасин. Ўзинг айтганингдайин, ҳаммасига вақт-соат - даво. Бир куни келиб ким хатосини тушунмаган! Ҳозирча биз ижара уй топамизми, бошқами, яшаб турамиз. Лекин бир шарти билан – сен ота-онангни ташламайсан, мен ота-онамни!
Рустам ижара уй қидириш ташвиши билан юра-юра, кечки пайт ҳовлиларига ҳориб-чарчаб кириб борганида, аммаси онаси билан сўрида гаплашиб ўтирарди.
- Рустам, кеч қолдинг, болам? – деди Майсара сўридан қўзғалаётиб.
- Юргандир-да, хотинчасининг кетида, - амма лаблари қийшайганча илжайди. – Унинг этагидан тилла топган. Ҳамият йўғакан жиянимда. Қайнотаси кетига тепиб, ҳайдаворсаям, йигит киши итдек ингиллаганча унинг ҳовлисига қайтиб бораверар экан-да!
- Амма, тилим бор деб, алжирайверманг. Мақсадга ўтинг, мақсадга! – Рустам ичидан тошиб келган ғазабни боса олмади, онасининг «ҳай-ҳай»лашига ҳам қарамади.
- Мақсадга ўтайинми? Хотинингни қўясан! Икки ҳафтада ўзим онаси ўпмаган қизни топиб бераман!
- Нега хотинимни қўйишим керак экан? – Рустамнинг овози титради.
- Қайноғанг менинг қизимни туғмайди, деб қўйворди-ку! Энди сен ҳам унинг синглисини қўйворасан, вассалом!
- Шошманг, амма, Робияни ўзингиз топмаганмидингиз? Шаҳримизда унақа қизлар бўлса, иккита, бўлмаса Робиянинг ўзи, деб аямни совчиликка қистаган ўзингиз эмасмисиз? – Рустам аммасининг кўзига қаттиқ тикилди.
- Ҳа, менман, у пайтда яхши эди. Лекин менинг қизимни ёмонга чиқаришгач, энди биз ҳам қараб турмаймиз.
- Қараб турмайсизларми? Яъни сиз ва ноғорангизга ўйнаётган укангиз, дадамлар ва аямлар. Шундайми? – Рустам янада қаттиқроқ тикилди.
- Менга ўқрайма! Даданг менинг укам бўлади. Нима десам, ўшани қилади. Билдингми? Қайнотанг, қайнонажонинг етти йил қизимни чўридай ишлатиб, энди ёмонотлиқ қилишадими? Менинг қизим туғмас эмиш! Балки айб куёвнинг ўзидадир. Қизимни ҳайдаб, ўзини оппоқ кўрсатволди-да, ярамас!
- Э, ҳали бошқа бир ҳовлида кўтарилган тўзон бизнинг уйимизни босибди-да! Амма, сизда зиғирчаям инсоф йўқ экан, Рустамнинг мушти тугилди.
- Ая! – Шу пайт айвондан Наргис – амманинг қизи чиқиб келди. - Билиб туриб, туҳмат қилманг! Менинг фарзанд кўрмаслигимни илгаридан ўзингиз билиб, турмушга узатгансиз. У киши шунча йил индамай келдилар. Туғмаслигимни бирон марта юзимга солмадилар...
- Ҳе, овозингни ўчир! Уйқунгда ажина-пажина чалиб кетдими? – амма қизига ўшқирди.
- У киши бирон марта мени кет,-демадилар. Мен ўзим кетдим. Бели тўла фарзанд эркакнинг ҳаётини етти йил ўғирлаганим ҳам етар! Мен... мен... у кишининг гоҳ ортларидан, гоҳ эшиттириб, ҳатто, ўз улфатлари «белида бола бўлганида аллақачон бошқасига уйланган бўларди, ҳамма айб ўзида», дейишганида, мазах қилишганида, чидаёлмасдим. Йўқ, ҳамма айб менда, дея дунёга жар солгим келарди...
Наргис бошидан сирғалиб тушаётган рўмолини тузатганча ҳовлидан югургилаб чиқиб кетди.
- Наргис, шошма, Наргис!
Рустам Наргиснинг ортидан югурди...
Арш ларзага келмасин
Сиз танишган бу воқеий ҳикоянинг қаҳрамонлари – Рустам ва Робия ҳеч кимнинг қутқусига учмай, ўз бахтлари, фарзандлари бахтини, деб оилаларини сақлаб қолишди. Лекин гарчи ноҳақ бўлса-да, ота-онанинг сўзини ерда қолдирмаётган, натижада тотув оилалари бузилиб кетаётган, болалари тирик етим қолаётган ёшлар ҳам йўқ эмас-да.
Аслида ота-она болалари оиласининг мустаҳкамлиги учун ёшларга тўғри йўл кўрсатишлари, маслаҳат беришлари яхши. Чунки не бўлганда ҳам, улар кўп нарсани кўришган, тажрибалари катта. Лекин ёшлар ҳаётига бўлар-бўлмасга аралашишлар, қизларини эридан ажралишга ундаётганлар, ҳатто, ўғилларини талоқ айтишга мажбур этаётган оталар, оналар бу қилмишлари Аллоҳга ёқмаслигини билишмасмикан? Ахир, талоқ тушса, Раҳмоннинг Арши ларзага келади, деган гап бор. Бу ривоят, гарчи оқ сут берган бўлса-да, она ўғлидан хотинини талоқ қилишни тилаб туриб олса ҳам, фарзанди бу талабни бажармаслиги мумкинлигини кўрсатади. Ота ё она Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган нарсани фарзандга буюрмаслиги, буюрсалар-да, ўғил буни қилмасликка ҳақли. Азизлар, айтинглар, АРШни ларзага келтирадиган сўз – талоқ Аллоҳ ғазабини келтирмайдими?
Азиз суҳбатдошлар, мабодо, бу ерда оилаларнинг ажралиб кетишида фақат ота-оналар сабабчи экан, мени уларни айблаяпти, деган ўйга бормасликларингизни сўрайман. Оилаларнинг ажралишига ким сабаб, нима сабаб, деган саволларга ҳамма ҳар хил жавоб бериши мумкин. Лекин бу ҳақда келгуси суҳбатда гаплашсак, нима дейсиз? Ҳозирча эса, хайрлашиб қоламиз.
Ўринбой УСМОН,
Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи
ва Тожикистон Журналистлар
иттифоқи аъзоси.
20 феврал куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти, Сармоячилик фазосини яхшилашга доир маслаҳат кенгаши Раиси муҳтарам Эмомали Раҳмон бошчилигида кенгашнинг XIX мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлис масалалари кўриб чиқилиши чоғида, Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон республика ва минтақа мамлакатлари савдо шериклари билан
Муфассал...
1 апрел куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Хатлон вилоятининг Данғара ноҳиясига иш сафари билан бориб, "Хуталон" МЧЖда қўриқхона ҳолати билан танишди.
"Хуталон" қўриқхонаси майдони 6 минг гектарни ташкил қилади. Давлат бошлиғининг топшириғи билан бу ерда холдор буғу, тоғ қўйи, қирғовул ва бошқа
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015