Биз фарзанд, унинг тарбияси ҳақида кўп гапирамиз-у, аммо уларнинг шахсиятига деярли эътибор бермаймиз, уларнинг нималарга қодир эканликлари билан аксар вақт ҳисоблашмаймиз. Бу эса бизнинг тўғри тарбияни йўлга қўймаганлигимиздан далолатдир. Президентимиз Эмомали Раҳмон Жаноби олийлари ҳам бежизга ёшлар келажаги ҳақида бунчалик кўп қайғурмайдилар.
Шу боис, фарзандлар насибаси бутун ва тўла бўлиши учун ота-оналарнинг ўзлари ҳам чин дилдан интилиши, зурриётини соғлом муҳитда тарбиялаши катта аҳамиятга эга эканини унутмаслигимиз зарур. Тўғри, бугун фарзандларимизнинг фахрлансак арзийдиган ютуқлари кўп. Ўқиш, кашфиётлар қилиш, тил ўрганиш, яратиш завқи уларнинг ҳам турмуш тарзига айланиб бормоқда.
Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам шундай деб айтишга ҳали эрта. Қанчалик оғир бўлмасин бир ҳақиқатни - лоқайд, бепарво, фақат ўзинигина ўйлайдиган тоифага мансуб инсонларнинг ёшларга таъсири сезиларли кучайиб бораётганини тан олмай иложимиз йўқ. Дунёга теранроқ назар ташласак, ана шундай кимсаларнинг пайдо бўлиши, нафақат ўзгаларга алданиб, балки ўз-ўзини алдаб яшаётган кимсаларнинг кўпайишига асосий сабаб маънавий-руҳий тарбиямизнинг бўшлигидир. Бу эса, ўз-ўзидан, турли иллатлар - ёлғончилик, бадбинлик, андишасизлик, кибр, манманлик, ҳаддан ошиш, шуҳратпарастлик каби ғайриинсоний одатлар урчишига сабаб бўлади. Бундай қусурлар ҳеч қачон инсонга кўрк бўлмаган, аксинча, уни залолатга, гуноҳ ва таназзулга бошлаган. Бу иллатларнинг инсон қалбида ниш отиши иймон сустлиги, илмсизлик, ўзини ва Яратганни англамаслик, фаросатсизлик ёки осон қўлга киритилган мол-дунёга ҳирс қўйишдан келиб чиқади.
Ҳар қайси ота-она, устоз ва мураббий ҳар бир бола тимсолида, аввало, шахсни кўриши зарур. Ана шу оддий талабдан келиб чиққан ҳолда, фарзандларимизни мустақил ва кенг фикрлаш қобилиятига эга бўлган, комил инсонлар этиб вояга етказиш - таълим-тарбия соҳасининг асосий мақсади ва вазифаси бўлиши лозим.
Буюк педагогларимиз сўзларига кўра, инсонни комилликка элтувчи асосий нарса ахлоқдир. Модомики, ахлоқ бирламчи экан, унда биз фарзандларимизга нафсни енгиш, қалбни поклаш, руҳ тарбиясини сингдиришимиз керак. Агар инсоннинг ўзи шунга эҳтиёж сезмаса, фақат тили сўйлаб дилида бошқа нарса бўлса, у комилликка эришмайди. Комил ахлоқнинг асосий ўзаги илм, эътиқод, хулқ, шафқат, меҳр, адолат, қаноат, орият ва ҳоказолар экан, фарзандларимиз қалбига, энг аввало, шу туйғуларни сингдиришимиз лозим.
Дунёдаги жамики залолат инсонда ана шу туйғуларнинг етишмаслигидан келиб чиқади. Бундай иллатлардан фарзандларимизни асрашнинг ягона йўли бу - маърифатдир. Маърифат - китоб ўқиш, ундаги бор ғояларга амал қилишдан иборат, деган киши хато қилади. Маърифат бу - ўқиган, англаган нарсасини қалб билан мушоҳада қилишдир. Том-том китоблар ўқиб Навоийни англамаган, Машрабни ўқимаган, Қодирийни эшитмаган, Фитрату Беҳбудий ўгитларига беписандлик билан қараган «зиёли»лар қанча? Ўз она тилида икки оғиз жумлани эплаб гапиролмайдиган илмлиларчи? Мен ундайларни миллий идроки шаклланмаганлар тоифасига киритгим келади. Маърифат ҳақида сафсата сотиш ниятим йўқ, аммо маърифатсизлик балосидан, лоқайдликдан эҳтиёт бўлишимиз керак, демоқчиман. Халқимиз азал-азалдан ориятли халқ бўлиб келган. Унга хос бўлган хокисорлигу сокинликни жунбушга келтирадиган туйғу – орият, номус эканлигини яхши биламиз. Аммо XXI аср вабоси - СПИД, гиёҳвандликка чалиниб ўз инсоний қиёфасини йўқотганлар ёки динни ниқоб қилиб эктремизм, терроризм балоси ила ўзини-ўзи қурбон қилаётганлар борлиги, бугун ўз танини сотиб кун кечираётганлар кўпаяётганлиги нега барчамизнинг ориятимизни жунбушга келтирмаяпти? Ота-онага қўл кўтариб, уларни мададга муҳтож пайтида йўқламай, ҳаётининг мазмунини кийиниш, турли ғайриинсоний йўллар билан мўмай даромадлар орттириб, нафсини жиловлаёлмай, умрнинг лаззати - шу, деб билганлар нега бизнинг ғуруримизни қўзғамайди? Ёки бугун телевизор экранларидаги менталитетимизга тўғри келмайдиган турли рекламалару беҳаё клипларни кўриб нега бефарқмиз?
Ҳа, шундай. Модомики, ҳаётда юз бераётган ҳар бир салбий масалага бефарқ бўлар эканмиз, бунинг оқибати ҳамиша аччиқ бўлиб қолаверади. Шу боис, ҳар бир шахс мустақил фикр юритиб, ҳар бир қалб ўз нуридан мунаввар бўлмаса, ҳеч бир ватанда оламшумул юксалиш ҳам, ўзгариш ҳам бўлмайди. Ватан авомлик, илмсизлик балосидан қутулсагина келажаги порлоқ бўлади, юртимизнинг ҳар бир гўшаси маърифат ва маънавият, тафаккур ва ҳақиқат нурига бурканади. Зеро, миллатнинг улуғ саодати ҳам маърифатдадир.
Малоҳат Отахонова,
Жаббор Расулов ноҳияси, Ғўлакандоз қишлоғидаги 5-умумтаълим муассасасининг оила маърифати фани ўқитувчиси.
Тожикистон Миллий университети мамлакатимиздаги йирик олийгоҳлардан бири саналади. Айни пайтда университетнинг 117та кафедрасида 1272 нафар ўқитувчи, жумладан, 13 нафар Тожикистон Фанлар академияси академиги, 179 нафар фан доктори, 534 нафар фан номзодлари фаолият юритмоқда. Олийгоҳ талабалари сони эса, 23 минг 656 нафарни ташкил этади. Шундан 16 минг 906 нафари кундузги ва 5 минг 692 нафари сиртқи бўлимларда
Муфассал...
Америка Қўшма Штатларида яшайдиган ва умрининг маълум лаҳзаларини бир тилда сўзлашувчи орийларнинг маданий муҳитида ўтказиш учун гоҳ-гоҳ Тожикистонга ташриф буюрадиган машҳур шоир, барчамизга маъқул бўлган “Мен орийман” шеърининг муаллифи, устоз Масъуд Сипанд шундай деган эди: -Балким, сиз ўз уйингизда бўлганингиз сабабли, мамлакатингиз ҳар йили қандай суръатларда ўзгариб бораётганини мен каби ёрқин илғамассиз
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015