Узоқ йиллар «Совет Тожикистони», ҳозирги «Халқ овози» газетасига раҳбарлик қилган устоз-адиб Ҳожи Содиқ порлоқ хотираси у кишини билган, таниганлар, шогирдлар, қолаверса, кўпминг сонли газета муштарийлари ёдида ҳамон яшамоқда. Устоз руҳини шод этиш ниятида у кишининг фарзанди Сулҳия опа билан бўлиб ўтган суҳбатимизни эътиборингизга ҳавола этишни ихтиёр қилдик.
- Сулҳия опа, аввало, суҳбатлашишга вақт топиб, розилик берганингиз учун катта раҳмат. Айтинг-чи, Сиз таваллуд топган ва вояга етган машҳур хонадонда болалигу ёшлик аёмингиз нечук кечган?
- Энг аввало, менинг хушбахтлигим маърифатли, зиёли хонадонда таваллуд топганлигимда, деб биламан. Чинданам бундай оилада дунёга келиш, вояга етиш ўз ўрнида кишидан катта масъулиятни ҳам талаб қиларкан. Зеро, кўпчилик сиз яшаётган хонадонни яхши танийди, шу боис, гўё сиз ўзингизни кафтда тургандек ҳис қиларкансиз. Омма ҳамиша кузатиб тургандек бўларкан…
Дадамларни бутун республика таниса ҳам, ўзларига яраша обрўю мартабага эга бўлсалар-да, у киши уйда ҳам, кўчада ҳам хоксор эдилар. Уйимизга жуда кўп меҳмонлар келишарди, улар орасида оддий деҳқон ҳам, таниқли хўжалик раиси ҳам, машҳур сўз усталари, ёзувчию шоирлар ҳам бор эди. Уларнинг бари дадамлар билан дўст тутинишарди. Аввал баҳордан кеч кузгача яшаётган маконимиз - ёзувчилар боғи Мирзо Турсунзода, Боқи Раҳимзода, Ғани Абдулло, Абдумалик Баҳорий ва бошқа таниқли шахслар ташрифидан янада гўзаллашиб кетарди. Ўз навбатида дадам ва онам ҳам уларникига меҳмонга боришардилар. Умуман олганда, дадам ва онамлар ҳаётига боқиб, хулоса чиқараман: киши қанчалик ботинан буюк ва закий бўлса, шунчалик хоксор бўларкан. Дадамлар ўзлари драматург бўлганлари учунми, онамлар билан тез-тез театрга тушиб туришарди. У даврларда каттаю кичик, вазиру раис - барча ўз оилаларини театр томошаларига элтардилар. Зеро, театр мулоқот, танишув ва санъатга яқинлашув макони эди, назаримда. Дарҳақиқат, гўзалликка ошнолик ва маданиятни оиладан бошламоқ лозим экан. Гарчи ҳаётнинг ўз пасту баландликлари бўлишига қарамай, умрим давомида дадамнинг оғзидан бирор марта ҳам ҳақоратли сўз эшитмаганман.
- Тарбия оиладан бошланади, - дейдилар. Устоз Ҳожи Содиқ фарзандлари ўзларининг маърифатлилиги билан ҳам танилган. Айтинг-чи, устоз давлат ва жамият ишлари билан ўта бандлигига қарамай, фарзандлар тарбиясига қандай вақт топа олардилар?
- Тўғри айтасиз. Чинаданам фарзанд тарбияси оиладан бошланади. Дадамлар ўта серкор бўлишларига қарамай, биз – фарзандлар тарбиясига ҳам вақт топа олардилар. Дарҳақиқат, дадамлар серкор киши эдилар, давлат ва жамият ишлари билан банд эдилар - ўша пайтда газеталар ҳар куни чиқарди, демак, дадам ҳам республика газетаси бош муҳаррири сифатида унга бош-қош бўлиб туриши лозим эди. Сўнгра, у киши бир неча бор халқ депутати этиб сайланган ва зиммасидаги ушбу ваколатни тўлиқ дил амри билан ижро этардилар. Ёзувчилик машаққатларию, Улуғ Ватан уруши иштирокчиси сифатида жойлардаги учрашувлар… буларнинг бари жуда кўп вақтни олиши турган гап. Шунга қарамай, қиблагоҳимиз озгина бўлса-да, топган вақтини биз фарзандларни тўғри йўлга ҳидоят этиш учун сарфлардилар.
Аммо, фарзандлар тарбиясининг бир томони онамиз қўлида эди. У киши бир оғиз «Дадангга айтаман» ёки «Бизнинг оилада бундай қилишмайди»,- десалар, шунинг ўзи бизни қандайдир бежо қадам қўйишдан қайтаришга кифоя қиларди. Дадамизнинг хаёт саҳифалари – болалиги, жанг майдонлари, шунингдек, ватаннинг мард ўғлонлари ҳақидаги ҳикояларини завқу шавқ билан тинглардик. Уйимизда жуда кўп китоб бўлиб, дадамлар бизларни мутолаа қилишга чорлар, китоб ўқиш мусобақаси ташкил қилар ва таътил чоғи ким қанча китоб ўқиганига қараб, рағбатлантирардилар ҳам. Эсимда: байрам кунларида шеърхонлигу бадиҳахонлик қилардик. Қиблагоҳимизнинг мусиқий саводлари ҳам бор бўлиб, пианино ва дуторни жуда яхши чалар эдилар. Биз эса, у киши чалган куй остида рақсга тушиб, қўшиқ айтишардик. Қариндошлару хонадонимиз дўстлари байрам кунларини биз билан ўтказишни хуш кўрардилар…
Ҳа, у киши давлат ва жамият ишлари билан банд бўлишларига қарамай, оилага, фарзандлар тарбиясига катта эътибор билан ёндошардилар. Барча фарзандларини ўқитиб, касб эгалари, олий маълумотли бўлишимизга ҳам сабаб - қиблагоҳимизнинг оила ва жамиятни муқаддас билганлигидан, деб ўйлайман.
- Отанинг қайси хислатлари фарзандларда акс этмоқда?
- Отамиз жуда ҳам мулойим ва меҳрибон, меҳнатдўст эдилар. Ким нима сўраб мурожаат қилса, дарҳол ёрдам қўлини чўзиб, мушкулини осон қилишга ҳаракат қилардилар. Ҳожатмандлар қарийбки, ҳамма вақт мушкуллари осон бўлганидан остонамизни хурсанд ҳолда тарк этишарди. Ёшлик ва тажрибасизлик туфайли дадамизнинг барчага бирдек ёрдам бераверишини унчалик хушламасдик. Аммо йиллар ўтиб, ҳаёт пасту баландликларини босиб ўтгач, ўзимизга ёрдам сўраб мурожаат қилганларга, албатта, ёрдам кўрсатишга ошиқамиз. Биз ака-укалару опа-сингиларнинг бари шу руҳда тарбия топдик. Эҳтимол, бу бизларга ирсий, отамерос одатдир? Тунов куни бир дугонам «Сен ҳаммага бирдек ёқишни истайсан шекилли, ким нима сўраса, «йўқ» демай, ҳожатбарорлик қиласан»,-деди ҳазил аралаш. Раҳматлик қиблагоҳимиз: - «Кишиларга имкон қадар яхшилик қилинглар, бир яхшилигингиз ўн яхшилик бўлиб қайтади», -дердилар. Умуман олганда, бошидан уруш мусибатларини кечирган кишилар учун чизу чора, молу мулк ва бошқа бойликлардан кўра, одамийлик устун тураркан. Бир дафъа Раъно исмли дугонам ҳамроҳлигида хизмат сафари билан Ҳиндистонга бордик. У ерда бизнинг тожик тилида сўзлашаётганимиздан Тожикистон фуқароси эканлигимизни билган афғонистонлик бир оила Тожикистонда яшаганлари, халқимиздан кўп яхшиликлар кўришганини айтишиб, бизга эсдалик совға инъом қилишди, шунда тожикистонлик эканлигимиздан ифтихор ҳиссини туйдик. Қаранг-а, яхшилик қилиш нафақат, бир-икки оила, балки бутун халқимизга хос одат экан…
- Устозни яхши таниган-билган кишилар сўзларига қараганда, у киши ошни жуда хуш кўраркан ва дўстлар даврасида ошни ўзлари дамларканлар. Ўз хонадони аъзолари учун ҳам ош пиширармидилар ёки…
- Тўғри дадам ошнинг устаси эдилар. Менга ҳам шўрва пиширишни у киши ўргатганлар. Аммо уйимизга келган меҳмонларга ҳамиша онамлар таом тайёрлардилар. Меҳмонлар онамнинг ошини кўкларга кўтариб, мақтаб-мақтаб, ердилар. Кейинчалик овқат тайёрлаш улғайгач, биз - қизларнинг, сўнгра келинлар зиммасига тушди. Онамлар анчагина ҳусн-малоҳатли, мулойим ва доно аёл эдилар. Мактабда она тилидан дарс берардилар. Дадамнинг ҳажвий асарларини ўқиган ҳамкорлари: - «Сиз чинданам уйда устозга шунча кўп ғам берасизми?»,-деб сўрарканлар. Шунда дадам: - «О, бадиий асар-ку! Агар ҳамкорларингиз ишонган бўлсалар, демак асаримиз ҳақиқатга яқин экан-да», -дердилар. У киши қаҳрамонларини ҳаётдан олардилар. Масалан, «Тароқ шўрва» асари қаҳрамони мен эдим. Асарни ёзиб тугатгач, мендан баланд овозда қироат қилишимни сўрардилар. Баланд овозда ўқий туриб, қаҳрамон ўзим эканлигимни билсам-да, «Бу мен эмасман, мен эмасман»,-дея эътироз билдирардим.
- Улуғларни улуғлар қадр этарлар, дейишади. Бир неча йил олдин бир қатор шогирдлар ва шахсан Сизнинг сайъ-ҳаракатингиз туфайли устознинг 100 йиллик санаси қайд этилганди. Шу ҳақда хотираларингиз?
- Албатта, ушбу юбилей сана ташкилотчилари дадамнинг бир қатор шогирдлари ва Ёзувчилар иттифоқи эди. Айниқса, Меҳмон Бахтий, Камол Насрулло, Абдуҳамид Самадов, Низом Қосим каби устоз адиблару шоирларнинг хизмати катта бўлди. Аммо, устоз Али Бобожоннинг хизматларини алоҳида таъкидламоқчиманки, у киши чинданам дадамларнинг 100 йиллик юбилей санасини ўтказиш учун жудаям заҳмат чекдилар. Бу анжуманни Хўжанду Душанбеда ташкиллаштирган, заҳмат чеккан барча устозларга аҳли оиламиз номидан ўз миннатдорчилигимизни яна бир бор изҳор этаман.
Суғд вилоятида вилоят журналистлари учун Ҳожи Содиқ номидаги мукофот таъсис этилган бўлиб, у ҳар йили 11 март – Тожик матбуоти байрами арафасида энг яхши журналистик мақолалар эгаларига топширилади. Ўйлайманки, бу ҳам устозга бўлган эҳтиромнинг бир нишонаси…
- Мамлакатимизда жорий 2015 йил - Оила йили, дея эълон қилинди. Энг аввало, она, қолаверса, жамият ишлари фаоли сифатида Президентимизнинг бу каби ташаббуслари ҳақида қандай фикрдасиз?
- Мамлакат Президенти ташаббуслари ортидан жорий йилнинг Оила йили, дея эълон қилинишини аёл-она ва шу жамият бир вакиласи сифатида жуда хушнудлик билан қабул қилдим. Зеро, оила соғлом бўлса, жамият ҳам соғлом бўлади. Мамлакат Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон ташаббуслари ортидан қабул қилинаётган ҳар бир қонун ва кўрсатмалар, албатта, жамиятга ўз ижобий таъсирини ўтказиб келаётганлиги айни ҳақиқатдир. Масалан, «Фарзандлар тарбиясида ота-оналар масъулияти ҳақида»ги қонунни олайлик. Жуда ҳам мавридли қонун. Зеро, бозор системасига ўтган юртимизда ўзини бозор-ўчару тижоратга урган ота-оналар маълум бир муддатга фарзандлари тарбиясига лоқайд бўла бошладилар ва ҳатто, улар орасидан: - «Таълим ҳам, тарбия ҳам мактаб зиммасида»,-дегувчилари ҳам топилиб қолди. Ана шундай ҳассос вазиятда муҳтарам Президентимиз ота-онанинг биринчи даражали вазифаси фарзанд тарбияси ва оила ва жамият мустаҳкамлиги йўлида собитқадам бўлишликни талқин этувчи мазкур қонунларни таъсис этдилар…
Аёл-она сифатида замондош аёлларимизнинг барчаси ўз оилаларини севувчи, садоқатли, иродаси мустаҳкам, билимли, кенг тафаккур соҳибалари бўлишларини истайман. Зеро, улар мамлакат келажаги бўлган фарзандлар тарбиячисидирлар.
- Қайсиларингиз ота касбини танлагансиз?
- Дадамлар менинг у киши каби журналист бўлишимни истардилар. Аммо мен ўқиган 53-мактаб физика-математика йўналишда бўлганлиги учун Тожикистон университети физика-математика факултетида ўқишни давом эттирдим ва тугатдим. Айни пайтда, Миллий Энциклопедиянинг физика ва математика фанлари бўйича муҳарририяти мудириман. Даврий матбуот билан доимий ҳамкорлик қилиб тураман. Тожикистон журналистлар иттифоқига аъзоман.
Музаффар акам – ҳуқуқшунос, синглим Хуршеда ва укам Мунаввар – ота касбини танлаганлар. Бошқа опаларим эса, ўрта мактабларда дарс берардилар.
- Падари бузургворингиз узоқ йиллар раҳбарлик қилган «Халқ овози» газетаси ходимлари-ю муштарийларига қандай тилакларингиз бор?
- Севимли «Халқ овози» газетаси раҳбарияти, таҳрир ҳайъати, ижод аҳлига, энг аввало, соғлик-саломатлик, оилавий бахт ва ижодий камолот, шунингдек, газетанинг барча муштарийларига дунёдаги барча яхшиликларни тилайман.
Урфиятда:-«Бизни йўқлаганни Худо йўқласин», - деган ажиб бир ибора бор. Отамиз – Ҳожи Содиқни эҳтиром билан тилга олаётган ва у ҳақда мақола чоп этиш ниятида биз фарзандлари билан боғланган газетанинг айни пайтдаги Бош муҳаррири ва бошқа масъул шахсларига оиламиз номидан чуқур миннатдорчилик билдирман. Ҳа, бизни ҳурмат қилганларни Худо эҳтиром айласин!
Суҳбатдош: Абдулло САИД,
«Халқ овози» газетаси бўлим муҳаррири.
Дам олиш куни бўлганлиги учун уйдагиларнинг бариси ташқарига чиқиб кетишганди. Компютерда айрим битикларни кўздан кечириш билан машғул эдим. Уйимиз эшиги таҳдидли тақиллади. Аслида свет ёки сув пули квитанциясини олиб келган ҳисобчилар эшикни шундай тақиллатишади. «Қай бири экан?» - шундай хаёл билан эшикни очдим.
Эшик оғзида ғўлабирдай бўзбола эркак турарди. Бўйи бўйимдан анча
Муфассал...
Мен Истаравшаннинг умумий номи билан Навганда, деб аталадиган қишлоқларида кўп бўлганим йўқ. Ҳаммаси бўлиб, уч марта ва ўшанда ҳам ҳар гал бор-йўғи бир неча соатдан. Лекин шу қисқа вақт давомида ҳожи Сатторқул ҳақида жуда кўп илиқ гаплар эшитдим. Ўқитувчилар, деҳқонлар, беш қишлоқда яшаётган катта-кичик бу инсон ҳақида миннатдорчилик билан сўзлашарди.
- Мана шу мактабимизнинг янги биноси Ҳожибобонинг елиб
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015