Ассалому алайкум, азизлар!
Сиз билан яна бир бор суҳбатлашиш имкониятини бергани учун Яратганга шукр қилиб қоламан. Ўтган гал, Сиз азизлар билан хайрлашаётиб, насиб бўлса, оила ва фарзанд ҳақида суҳбатлашишга келишгандик.
Айтинг, қайси эркак фарзанд кўрганда «мен ота бўлдим, энди ота-боболарим чироғи ўчмайди, наслимиз давом этади», дея қувонмаган?!
Айтинг, қайси аёл, ўғил бўлсин, қиз бўлсин, фарзанд кўришни, кўз қорачиғининг бешиги устида алла айтиб, бор меҳрини тўкишни истамаган?!
Айниқса, бизнинг болажон халқимизда янги инсоннинг дунёга келиши фақат ота-она эмас, балки бобо ва бувилар, яқин қариндошлар, дўсту ёрлар учун ҳам тасвирлаб бўлмас қувончли воқеага, тўй-томошага айланган. Кимдир севинчи олишга шошилган, кимдир яқин инсонининг фарзанд кўриш қувончидан шодланиб, севинчи беришга шошган.
Шу ўринда, гарчи кўп айтилган, ёзилган бўлса-да, ҳамма биладиган бир ўхшатишни яна бир бор келтирмоқчиман – ота-онанинг боғи – бу, фарзанд! Боғбон эса, эрта-ю кеч боғининг кўркам бўлиши, ниҳолларнинг тик қомат, тўғри, чиройли ўсиши, меваларининг тотли, фойдали бўлиши учун интилади. Акс ҳолда, эса қийшиқ ўсган ниҳол, аччиқ, одамлар лаб буриб буриб ўтадиган меванинг кераксиз тошдай ирғитилганини кўриб, афсус-надомат чекадилар.
Аслида оила қуришнинг мазмун-маъноларидан бири Аллоҳ меҳр-муҳаббат билан яратган инсон наслини кўпайтириш, бу наслнинг то қиёмат давригача етиб бориши, боқий бўлишини таъминлаш эмасми?
Лекин, сиз азизлар, яхши биласизлар, фарзанд кўриш, оила, инсон наслини давом эттирувчи ўғил-қизли бўлишнинг ҳам ўзига яраша шарт-шароитлари, маълум талаб ва қоидалари ҳам йўқ эмас. Аввало эр-хотин ҳалол, покиза, имонли, инсофли инсонлар бўлишса, яхши ният билан хотиржам, сокин бир ёстиққа бош қўйишса, ҳар иккови ҳам ўз зиммасидаги бурч ва вазифаларни тўлиқ идрок этишса, бўлажак фарзанднинг истиқболи тўғрисида ҳали у дунёга келмасдан аввалроқ қайғуришса, одамзот насли давомийлигига ҳисса қўша оладилар.
Фарзанд дунёга келдими, ота-онанинг меҳр-муҳаббатидан ташқари, улардан бирининг ҳалол меҳнат билан оилани таъмин этиши, иккинчисининг оқ ювиб, оқ тараши талаб этилади.
Азизлар, айтинг-чи, қайси бирингиз фарзандингизни энг яхши инсон бўлиб ўссин, улғайсин, ҳаётимнинг давомчиси бўлсин, вақти келиб, ўғил-қизли бўлсин, юртимизга, элимизга керакли одам бўлсин, дея ният қилмагансиз? Ҳа, ўйлагансиз. Ширин-ширин орзуларингизнинг амалини кўриш учун вақти келганда бор куч-қувватингизни аяш нари турсин, фидойилик қилгансиз, фарзандлар бахтини ўз бахтингиз деб билиб, ҳузур-ҳаловатдан, роҳат-фароғатдан воз кечгансиз. Тўғрими?
Билиб турибман, ҳозир Сиз гапимни маъқуллаётиб, бироз ўйланиб ҳам қолдингиз. Чунки худди шу топда фарзандни дунёга келтиришга келтириб, унинг олдидаги масъулиятни бутунлай унутган айрим танишларингиз кўз олдингизга келди. Майли, ҳар нарсанинг ажру мукофоти бўлади.
Лекин Сиз ўзингиз қадим-қадимдан халқимизда энг яхши фазилатлар айнан оила бағрида туғилиб, ўсиб, ҳеч бир қутқу рахна сола олмайдиган кучга айланганинини билганингиз учун тўғрилик, тўғрисўзлик, ҳалоллик, яхшилик, юксак ирода ва матонат, орият, меҳру оқибат, садоқат, меҳнатсеварлик, ҳаё, иззат-ҳурматли бўлиш каби фазилатларни ўғил-қизларингиз онгига сингдириб келяпсиз. Мен эса, кўпчиликнинг яхшилардан ўрганишига, ёмонлардан эса, юз ўгиришига ишонаман.
Қуш ва унинг уясида кўргани ҳақидаги эски гаплар
Биз кўпинча у ёки бу йигит ё қизнинг хулқ-атвори, қилаётган амаллари, муомаласи ҳақида гапирганимизда, ҳа, энди, қуш уясида кўрганини қилади, деб қўя қоламиз. Оилада ота-она қандай иш юритса, атрофдагилар билан қай хил муомалада бўлса, фарзандлар ҳам уларга эргашадилар, масалан, жасур инсоннинг ўғли жасур, дангаса отанинг фарзандлари дангаса, хуш муомалали онанинг қизи хушмуомала бўлиб етишади, деган фикрни тез-тез эшитамиз.
Тўғри, бола фақат уйида кўрганларига қараб оёқ қўймасдан, кўчадаги тенгдошлари, ўзидан каттароқлар таъсирига ҳам берилиб қолиши мумкин.
Лекин барибир бола учун ота-она ибрати ўзгачароқ. Агар ота яхши хулқ, фазилатлари, хатти-ҳаракати билан маҳаллада, қишлоқда обрў топган бўлса, ўғил ҳам падари бузрукворининг изидан қадам қўйишга интилади.
Келинг, шу ерда ўзим кўрган-билган бир воқеани қисқача ҳикоя қилиб берайин. Бу воқеанинг содир бўлганига ҳам чорак аср бўлай, деб қолибди. Лекин одамийлик, инсоннинг инсонга ғамхўрлиги, жонкуярлиги, кези келганда ўзини ўтга-сувга ташлаши ҳақида гап кетганда, кўпинча ўша воқеани эслайман.
Хўжанд Давлат дорилфунунида ўқийдиган бир йигит бизникига тез-тез келиб турарди. Бу йигитнинг отаси – Акрам ака ва раҳматли Асқар Маҳкам у ўқишга кираётганда Хўжанддаги уйимизга келишганди. Улар йигитнинг бегона шаҳарда қийналиб қолмаслигини айтиб, унинг бизникида туриб туришини илтимос қилишганди. Билими кучли экан, ўқишга кирди. Ёшлигига қарамасдан босиқ, очиқфеъл бу йигит билан қадрдонлашиб кетдик.
Мен ҳикоя қилмоқчи воқеа эса, Хўжандда эмас, Исписорда содир бўлган. Биз Исписордаги ота ҳовлимизга кўчиб келгандик. Абдулла биздан хабар олиш учун келганди. Ҳовлида гаплашиб ўтиргандик, тўсатдан Фарғона канали томонда осмонга ўрлаётган баланд тутун кўринди. Ортидан аланга. Нимадир чирсиллаб синарди. Кимлардир бақириб-додлашарди. Абдулла икковимиз ўша томонга югурдик.
Икки юз метрча чопиб бордик. Шундайгина канал соҳилидаги ҳовли тўридаги уйлар гуриллаб ёнарди. Абдулла ёнғин ёнига етиб бориши биланоқ уй ичкарисига қараб отилди. Ичкаридан бирин-кетин уй жиҳозларини ташиб чиқара бошлади. Мен оташ олаётган эшик устига хавотирланиб тикилар эканман, Абдуллани қайта кирмасликка чорламоқчи бўлдим. Мусофир йигит, агар унга бир нима бўлса, ота-онасига нима дейман, дея кўнглим ғашланарди...
Худди шу аснода бир четда томошабиндек қараб турган тўрт-беш одамга кўзим тушди. Хаёлимда «Нега? Нега? Нега?», деган савол тўхтовсиз айланарди. Тўғри, ёнғинни ўчириш учун кўпчилик жон-жаҳди билан уринаётганди. Кимдир сув сепар, кимдир тупроқ сочар, кимдир Абдулла каби ичкаридан уй жиҳозларини кўтариб чиқаётганди. Лекин аланга одамларга бўйсунмаётганди. Ҳалиги томоша учун келгани кўриниб турган тўрт-беш одамга ғижиниб қарар эканман, Абдуллани ёнаётган уйга бошқа кирмасликка ундашга уринаман. Бўғилган овозимни у эшитмайдими, ё хаёлида яна ниманидир ёнғиндан асраб қолишдан бошқа фикр йўқми, Абдулла гапимни эшитмайди...
Ниҳоят, ёнғин ўчирилди. Биз ҳовлидан чиқиб кетдик. Ўзини бутунлай йўқотиб қўйган уй эгалари ҳам, қўни-қўшнилар ҳам бошқаларга қараганда уч-тўрт баравар кўпроқ куйиб-пишган йигитнинг кимлигини билмай қолишди.
Мен энди бироз ўзимга келиб, Абдулланинг қоп-қорайиб, ивиб кетган оппоқ кўйлагига, ҳали келганида янги дазмоллангани кўриниб турган, энди рангини ҳам англаб бўлмас шалаббо шимига қараб туриб, ич-ичимда «Худога шукр!», дердим. Шу топда унга ҳеч ким ёнаётган уйга кир, демаганини, ўзи ўт ичига отилганини ўйлардим.
... У ўқишга кирганидан кейин ҳарбий хизматга кетганди (у пайтлар олий ўқув юртларидан ҳам йигитларни хизматга чақиришарди). Абдулла хизматдан тўғри Хўжандга қайтгач, менга уйимизга бирга борайлик, деб туриб олди. Икковлон у туғилиб-ўсган ўша пайтдаги Оржоникидзеобод, ҳозирги Ваҳдат ноҳиясидаги, агар адашмасам, Оқжар қишлоғига бордик. Ота-онанинг қувончини кўрсангиз эди!..
Биз Акрам ака (жойлари жаннатдан бўлсин) билан узоқ-яқиндаги қариндош-уруғларини, дўсту ёрларини Абдулланинг эсон-омон ҳарбий хизматдан қайтганлиги муносабати билан ўтказиладиган зиёфатга хабарлаб келдик. Марқалар ва фарғоналиклар, ғармликлар яшайдиган қишлоқларга бордик. Мен бу кишини, унинг одамлар билан, одамларнинг у билан ўта илиқ, самимий муносабатларини кузатганимда ва кейинги суҳбатларда, хатти-ҳаракатларда Абдулладаги одамийлик, меҳру оқибат, жасурлик илдизларини кўрдим.
Айтгандай, «Халқ овози» мухлислари бу жасур ва жонкуяр, меҳр-оқибатли инсонни яхши билишади. Чунки у анча йиллар шу газетада ишлаган. Унинг исми-шарифи билан қизиқяпсизми? Ё аллақачон кимлигини билиб олдингизми? Ҳа, адашмадингиз, у - Абдулла Насриддин. Адашмаган экансиз, демак, сиз ҳам қачондир, қаердадир унинг кўпчилик ҳавас қиладиган, оғзидан бол томиб гапирадиган чин инсоний амалларини кўрган экансиз-да!
Мен эса, шу топда унинг қиладиган ҳар бир ишини оддий инсонийлик бурчи деб, чин дилдан берилиб бажаришини ўйлаяпман. Ҳали Асқар Маҳкам ҳақида гапирдик. Мен Душанбега бориб, Асқар Маҳкам қабрини зиёрат қилмоқчи эканлигимни айтганимда, Абдулла ҳамма ишини ташлаб, машинасида Ваҳдатга олиб борди. Зиёратдан сўнг Асқарнинг онаси, укаси Жаъфар яшайдиган уйга бордик... Ҳозирда кимлардир ўзининг раҳматли Асқарга яқинлигини кўрсатмоқчи бўлиб, кўпчилик орасида уялмай-нетмай оғиз кўпиртиради. Лекин Абдулла нима қилса ҳам Асқар Маҳкамнинг азиз хотираси учун индамай-нетмай, гўё ўзининг одамийлик қарзини адо этгандайин бажараверади. Ва бошқаларга ҳам шундай меҳру оқибат кўрсатади. Унинг қанчалик меҳру оқибатли инсон эканлиги ҳақида ҳамкасбларидан тортиб дорулфунундаги устозларигача, Абдуллага иши тушган бегоналаргача айтишган менга.
Ҳа, ҳали кичкина болалигиданоқ отаси ўзининг ибрати билан сингдириб юборган яхши инсоний хислатлар Абдулланинг одатий ҳаёт тарзини белгилаб турибди. Лекин ҳамма ҳам уйида кўрганларига мувофиқ яшаяптими?
Қуруқ қошиқ оғиз йиртар! Азизлар, шу ўринда биргаликда битта воқеий ҳикоя билан танишиб чиқайлик. Нима дедингиз? Бўпти, сиз тайёр экансиз, мен бошладим.
Баланд охур орзуси
Шоҳиста дугонаси Моҳира билан бир дўконда ишларди. Шаҳар четидаги бозорда жойлашган бу дўконда аёллар кийимлари сотиларди. Моҳира дўкон эгаси, Шоҳиста эса, сотувчи эди.
Ҳали дўконга ишга келмасдан Шоҳиста мактабда ишларди. Уйида дафтар текшириб ўтирганда, эшик тақиллаб қолди. Чиқиб қараса, ўзи билан бир маҳаллада яшайдиган синфдош дугонаси Моҳира. Икки дугона анча гаплашиб ўтиришди.
- Вой, шу, дафтар текшириб, кўзларинг тешилиб кетмайдими? – деди Моҳира. -Мактабда болаларнинг қий-чувидан бошинг оғриб келади, уйда яна дафтарга термуласан. Дугонажон, қанча ойлик оласан ўзи?
Шоҳиста қимтинибгина оладиган маошини айтди. Моҳира очиқдан-очиқ, яйраб кулди.
- Ҳа, дугонажон, нега куляпсан? Бунинг нима кулгили жойи бор экан? – деди кўнгли бироз оғриган Шоҳиста.
- Кечирасан, нимагадир кулгим қистаб кетди. Энди шу эртадан-кечгача ишлаб топган пулингни эшитиб...
- Мен қилган меҳнатимга яраша пул оляпман, - Шоҳиста Моҳиранинг гапини бўлди. - Ҳа, кейин, сенга ўхшаган савдогарлар болажонлар билан ишлашнинг завқини икки дунёда ҳам билмас.
- Сен эса, савдода қўлингга тушиб турадиган жарақ-жарақ пулнинг завқини билмайсан! Ҳа, нега қовоқ уясан? Бўладиган гапни айтдим-да. Дугонажон, аслида мен олдингга бир таклиф билан чиқувдим. Икки дугона бирга ишласак, дегандим. Менга сенга ўхшаган ишончли сотувчи керак!
- Раҳмат, дугонажон, - Шоҳиста ерга тикилганча ўтирарди. – Лекин мен... Биринчидан, мактабга, болаларга ўрганиб қолганман. Иккинчидан, савдо-сотиқ қўлимдан келмайди.
- Ўрганиб кетасан, - Моҳира шундай дея уйнинг тўрт томонига аланглади. – Олти йилдан буён мактабда ишлаб, нима орттирдинг? Буёқда поччамнинг тегирмонда ишлаб топган пуллари ҳам рўзғордан ортмайдими, дейман.
Хуллас, ўшанда Моҳира у деди, бу деди, лекин Шоҳистани дўконда ишлашга кўндира олмади. Балки орадан ўн кунча ўтиб мактабда ўша кўнгилсиз воқеа юз бермаганда эди, Шоҳиста асло бозорга чиқмасмиди?
Бир болага чоракда «икки» қўйиб бериб, Шоҳиста балога қолди. Аввал унинг отаси ўшқириб, дағдаға қилиб келди. Шоҳистани ҳаммадан яхши ўқийдиган ўғлига атайлаб паст баҳо қўйишда айблади. Шоҳиста бўш келмади. Ўғлининг дарсдан қочиб юриши, берилган вазифаларни умуман бажармаслиги, устига ўз хулқ-атвори билан бошқа синфдошларига ёмон таъсир қилаётганини исботлашга уринди. Ота «ҳали сенга кўрсатиб қўяман», деб чиқиб кетди. Бирпасдан сўнг Шоҳистани директор чақиртирди. У аввалига мулойимгина, сўнг овозини баландлатиб, мактабнинг таъмирига катта-катта пуллар бераётган бойвачча ота ўғлининг баҳосини ўзгартиришни талаб этди. Шоҳиста кўнмагач, бўлмаса, ҳозирдаёқ аризангни ёз, деди...
Ана шундай қилиб жонажон мактабидан ишдан кетишга мажбур бўлган Шоҳиста дугонаси Моҳиранинг дўконида сотувчи бўлиб ишлашга розилик берди...
Аввалига истар-истамас ишлаётган бўлса-да, Шоҳиста аста-секин Моҳира айтганидек савдога ўрганиб кетди. Бора-бора Моҳира айтган нарх устига тўрт-беш сомонийдан қўшиб сотадиган бўлди. Аввалига эгнидаги кўйлагини, кейинроқ уйидаги жиҳозларни янгилади. Дугонасининг олаётган маошига қаноат қилмаётганини Моҳира сезарди, лекин сезмасликка оларди. Лекин эпласа, молнинг устига қўшиб сотсин, пулдан урмасин, дея билдирмасдангина текшириб турарди.
Ойлар кетидан ойлар қувалашиб ўтди. Авваллари мактабни, ўқувчиларини соғинган Шоҳиста бора-бора уларни унутди. У Моҳиранинг дўконидаги молларга қаноат қилмасдан, Хитойга, Дубайга бориб келадиган савдогарлар билан танишиб, уларнинг молларини ҳам сотиб берадиган бўлди. Моҳира буларни кўриб, кўрмасликка оларди.
- Уйдан бозорга, бозордан уйга борасан. Дугонажон, бундай одаму оламга ҳам қўшилсанг-чи, - деб қолди бир куни чой ичиб ўтиришаркан Моҳира.
- Қўшилмай, нима қиляпман? Қариндош-уруғларнинг, қўни-қўшниларнинг тўйидан, маъракасидан қолмасам...
Моҳира савол назари билан Шоҳистага кулимсираганча боқди.
- Одаму олам нималигини ҳали сен кўрмагансан-да, дугонажон. Келаси шанба мен гап бераман. Албатта, уйга ўтасан. Ҳа, айтгандай, анови янги тиктирган кўйлагинг бор-ку, ўшани кийиб борсанг, яхши бўлади. Тиллаларинг бордир-а, - шу пайт Шоҳиста Моҳиранинг қулоғидаги кумуш зиракка тикилиб турганини сезди. – Ўзингникини ёқтирмасанг, мен бериб турарман...
Ана одаму ана олам! Моҳираникига зиёфатга борган Шоҳистанинг оғзи ланг очилиб қолди. Дид билан ясатилган дастурхонда қуш сутидан бўлак ҳамма нарса бор. Дастурхон атрофида таманно билан ўтирган аёлларнинг там-тамлигини! Қулоқларида бриллиант зирак, билакларида тилла билакузук, қўлларининг ҳар битта бармоғида узук, кўйлакларига ҳам қимматбаҳо тошлар қадалган...
Шоҳиста бирдан ўзини бу ерда бегона сеза бошлади. Ниманидир баҳона қилиб, чиқиб кетгиси келди.
- Ой юзли дугонангизни бизга таништирмайсизми?
Шоҳиста қўлида товус патли елпиғичли, ингичка қалам тортган қошини керганча тўрда ўтирган аёлнинг Моҳирага мурожаатидан сўнг ўзига келди ва қув кўзларнинг ўзи томон ишора қилаётганлигини кўриб, дув қизариб кетди.
- Бу - Шоҳиста, менинг энг яқин дугонам, бирга ишлаймиз, - деди негадир бироз ялтоқланиб Моҳира. – Агар, дугонам сизларга ёқса, Гулзира опамнинг ўринларига гапимизга қўшсак, девдим.
- Сиз айтасизу бизга ёқмайдиларми? Ҳа, Гулзира энди пойтахтдан яқин орада қайтиб келмас. Эри катта ишга кўтарилиб кетди. Энди дугонамиз у ерда бошқа гапга қўшилгандир, - деди елпиғичли аёл жилмайганча.
Худди шу лаҳза Шоҳиста бошқа аёлларга қарамади. Қараганида, уларнинг ярмидан кўпининг лаб бурганини кўрган бўларди. Лаб бурганини ...
У зиёфатдан қайтар экан Моҳиранинг «Бу даврага қўшилишни шаҳримизнинг не-не манаман, деган аёллари орзу қилишади. Лекин ҳатто, яқин йўлай олишмайди. Гапдугоналарим сени ёқтириб қолишди», дегани хаёлидан кетмасди.
Шу-шу Шоҳиста ўша хотинлар гапига қўшилиб қолди. Гапдаги янги дугоналаридан қолишмаслик учун қулоғига бриллиант кўзли зирак олди, билагига билакузук... Тақинчоқлар, янги кўйлаклар, рўмоллар учун бор пулини сарфлаб бўлгач, қарз олишга киришди. Аввалига ўзи мол келтириб бериб турган хитойчи савдогардан ийманибгина қарз сўради. Бора-бора қарз сўрашга уялмай қўйди.
Унга гап бериш навбати келганда, дастурхони бошқаларникидан кам бўлмаслигини ўйлаб, уйқуси қочди. Акасиникига югурди. Бир ойга фалон пул бериб туришни сўради. Зиёфатда эса, у гапдугоналарининг дастурхонни оғиз тўлдириб мақтаётган бўлсалар-да, уй-жойини зимдан кузатганча лаб буриб, бурун жийириб ўтиришганини сезмади...
Шоҳиста эса, бойвучча аёллар «гап»ига қўшилганидан хурсанд, лекин қарз олишларини на эри, на қайнонаси биларди...
Ўша куни ишдан кечроқ келганди. Анча чарчаган эканми, тонгги еттидан кечки саккизгача ишлашнинг ўзи бўладими, апил-тапил овқатланиб, кўзи илинганди. Кўча томондан эшитилган тақиллашдан чўчиб уйғонди. Хавотирланганча аста дарвоза томон юрди. Эшик ортида кимдир овозининг борича шанғилларди:
- Нимага билмайсиз? Эркак одам хотинининг нима ишлар қилиб юрганини билмас эканми? Хотин ташиб келаётган егуликларни паққос туширишни биласиз, у кимдан қачон, қанча қарз олганини билмайсизми? Суриштирдим, битта мен эмас, унинг тўрига нечта одам илинибмиз. Товламачи, мошенник! Яна уч кун муҳлат! Яхшиликча пулимни топиб берса, берди, бўлмаса, мелисага, судга ариза қиламан! Ана кейин кўрамиз, еганни қусиш қандай бўлишини!
Шоҳиста хитойчи савдогарнинг овозини таниди, оёқ-қўли қалтиради. Кўчага чиқай деса, шалвираган оёқлари бўйсунмасди. Бировни алдаб кетиш етти ухлаб тушига кирмаган. Қарз бўйнида қолмас, қўлига пул тушганда тўлар! Лекин унга қаттиқ ишонадиган, кўнглида тирноқча кири йўқ, соддадил эрининг кўзига қандай қарайди? Мен муттаҳам эмасман, товламачи эмасман, ҳа, қарз олгандим, уни тўлайман, деб қандай айта олади? Пул керак бўлган экан, нега менга билдирмадинг, деса нима деб жавоб беради? Нима деб?
Кўчада машинанинг гуриллаган овози эшитилиб, Шоҳистанинг хаёли бузилди. У энди дарвоза ёнидаги эшикчанинг ғийқиллаб очилишидан, эрининг кириб келишидан чўчирди. Балки эри ҳеч нарса демас, лекин унинг кўзига қандай қарайди?! Қандай?!
Эри титраб-қақшаб турган Шоҳистанинг ёнидан индамасдан ўтиб кетди. Бир сўз демасдан! «Пичоқсиз сўйдингиз-ку, мени!» Бу фиғон Шоҳистанинг ичида асирлигича қолди.
Эртаси эрталаб эри нонуштага қўл теккизмасдан ишга жўнаб кетди. У ишдан келгунича, кечгача Шоҳиста ичини еб битираёзди. Келиши биланоқ кўз ёшларини тўхтата олмасдан гуноҳини кечиришини сўради, лекин ҳеч кимни алдамаганлиги, товламачилик қилмаганини айтди.
- Агар, болаларимга ҳаром луқма егизган бўлсанг, сени асло кечирмайман! Эридан сир яширган қайси хотиннинг уйида барака бўлибди?
Эри шундай дея Шоҳистанинг олдига қоғозга ўралган нарса ташлади.
- Манови пулни ол-да, қарзларингни тўла!
Эри Шоҳистага ўғлининг суннат тўйига пул йиғаётганини айтганди. Ўша пул! Шоҳиста эрининг оёғига йиқилди...
Учинчи куни хитойчи савдогар иккита шотирини эргаштириб келганида, Шоҳиста эри берган пулни эмас, бриллиант кўзли зирагини чиқариб берди.
- Етадими?!
Кутилмаганда Шоҳистанинг овози қатъият билан жаранглади.
- Етиб қолар, - хитойчи бой майдалашди.
- Етиб қоларми ё етадими? Йўқса, эртага зиракни сотиб, пулини бераман.
- Йўқ, Шоҳистахон, синглим, овора бўлманг, етади, ҳа, етади!
Эри эшикни ёпар экан, кўчада хитойчи бойнинг шотирларидан бирининг овози эшитилди:
- Хўжайин, бу зиракнинг нархи ҳозир янада баландлашиб кетган. Қарзнинг фоизидан ҳам кўплик қилади...
- Нега яна маслаҳатсиз иш қилдинг? Пулни бермасдан, зиракни бердинг? – деди эри Шоҳистага норози оҳангда.
- У зирак қулоғимга оғирлик қилиб қолганди...
Шоҳиста билагузуги, узуклари, бошқа тилла тақинчоқларини сотиб, қарзининг анчасини тўлаб қўйди. Лекин яна икки кишидан қарзи қолди. Эрининг ҳалол меҳнат билан топган, яхши ниятда йиғаётган пулини қарзига беришни истамади. Акасининг олдига борди. Йиғлаганча бошига тушган ишларни гапириб берди.
- Ака, мен аҳмоқ баланд охурни орзу қилибман. Тенг тенги билан деган гапни унутибман. Раҳматли отамнинг, умрлари узун бўлгур онажонимнинг насиҳатлари, ўргатганлари эсимдан чиқиб кетибди. Худо хоҳласа. яхши ишласам, пулингизни икки ойда қайтараман.
- Майли, синглим, шошмагин. Қарзни тезроқ қайтараман, деб болаларингни ейиш-ичишдан тортмагин! Мен бир нарсага хурсандман: ўша хитойчи савдогарнинг уйингга қарз сўраб боргани яхши бўлибди. Мени тўғри тушундингми? Агар, у сўраб бормаганда, яра янада катталашиб, мадда олиб кетарди. Ана кейин... Худойим ҳаммамизни бир асрабди. Йўқса, фалончининг синглиси товламачи экан, деган гапларни мен қандай кўтарардим? Эл орасида мен, уканг, эринг қандай бош кўтариб юрардик?!
- Акажон, мени кечиринглар. Мен ақлимни йўқотиб қўйган эканман...
Ака-сингил гапга берилиб меҳмонхонага оналарининг кириб келганини сезмай қолишди. Она индамасдан келиб, қизини бағрига босди:
- Вой, менинг ақлини йўқотган қизгинам-а, ҳали баланд охурдан ем емоқчи бўлдингми? Эсингдами, сенга ҳам, аканг, опанг, укангга ҳам кўрпага қараб оёқ узатинглар, дердим. Сен ўшанда ё бу гапимнинг маъносини чақмагансан, ё кейинчалик кимларнингдир таъсирида унутиб юборгансан, болам...
Шоҳиста ҳалигача ҳам Моҳиранинг нега уни «гап»ларига қўшишга урингани сабабини билмайди. Моҳира «гап»дан кеч қайтганида эри, қайнонаси тергашганда, койишганда, менинг қаерда эканлигимни дугонамдан сўранг, у ҳам бирга гап ейди, доим бирга бориб, бирга келамиз, дейиш учун Шоҳистани «баланд охур» томон эргаштирганди...
Тўғри йўлдан адаштирмасин!
Кўрдингизми, азизлар, тўғри йўлдан адашган одам, оиласида ота-онасидан ўрганганларини унутиб, янги таъсирларга берилган инсон сал бўлмаса муттаҳамга, товламачига чиқиб қолиши, ҳатто, озодликдан маҳрум бўлиши мумкин эди. Аллоҳ, ҳеч кимни тўғри йўлдан адаштирмасин!
Азизлар, ўзларингиз ҳам яхши биласизлар, бу кўҳна ёруғ дунёда инсон яралганига неча минг-минг йиллар ўтган. Йигит ва қиз оила қургач, ана шу ҳаётнинг давомчилари фарзанд тимсолида ота-онанинг эзгу орзулари қулф уради. Ота-оналар ўғлим деб, қизим деб, мудом интилиб яшашади. Лекин баъзан айрим фарзандлар ота-онанинг айни ўша эзгу интилишларини тушунмай қолишади.
Азизлар, келинг, шу ўринда донишмандлар, файласуфларнинг сўзларига қулоқ тутайлик:
Ота-онангиз тирик экан, улардан узоқ кетманг. Агар бориш зарур бўлиб қолса, қаерга боришингизни уларга маълум қилиб кетинг.
Конфуций
Иззат-ҳурмат ота ва онани, шунингдек, болаларни ҳам қўриқлаб турувчи посбондир; у ота-онани кулфат ва ғамдан, болаларни эса, виждон азобидан қутқаради.
О. БАЛЗАК
Болаларинг сенга қандай муносабатда бўлишини истасанг, ота-онангга ҳам шундай муносабатда бўл.
ИСОКРАТ
Ўз фарзандларини бахтли қилишга интилувчи меҳрибон она кўп ҳолларда ўзининг тор қарашлари, калтабин мўлжаллари, кераксиз ғамхўрлик ва меҳрибонликлари билан уларнинг қўл-оёғини боғлаб қўяди.
Д. Д. ПИСАРЕВ
Инсон табиатига болаликда сингдирилган фазилатларгина мустаҳкам ва ишончли бўлади.
Я. КОМЕНСКИЙ
Кўп йиллик кузатишлар, тажриба, таҳлиллар давомида айтилган бу гапларнинг маъносини чақиш ота-оналарга ҳам, фарзандлар - бўлажак ота-оналарга ҳам кони фойдадир.
Агар оила мустаҳкам бўлса, эр-хотин бола таълим-тарбияси учун бирдай жон куйдирса, яхши ибрат-намуна кўрсатишса, фарзанд ҳам имон-эътиқодли, инсофли, диёнатли, ватани ва халқига содиқ, меҳнатсевар бўлиб етишади. Айни оилада тўғри берилган таълим-тарбия ўғил-қизларни турли-туман бузғунчи ёт таъсирлардан, ақидалардан авайлаб сақлашда муҳим ўрин тутади.
Азизлар, келинглар, оила ва таълим-тарбия мавзусида келгуси гал суҳбатлашайлик! Рози бўлганингиз учун миннатдорман.
Ўринбой УСМОН,
Тожикистон ёзувчилар иттифоқи ва
Тожикистон журналистлар иттифоқи аъзоси.
Битта аҳду битта паймон,
Икки мулку икки давлат.
Ҳам қариндил, ҳам қаринжон,
Икки халқу икки миллат.
Икки дона – бир мағиз, бир пўстдирмиз,
Муфассал...
Ҳаммамизга маълумки, 2018 йилнинг 16 ноябр куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон иштирокида «Роғун» гидроэлектростанциясининг биринчи агрегати тантанали равишда ишга туширилди. Бу Тожикистон тарихида жуда муҳим воқеа бўлиб, мамлакатимиз халқи томонидан катта шодлик билан қарши олинди.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015