Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ

Муаллиф: Super user Категория: ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ
Чоп этилган 27 Август 2015 Кӯришлар: 1856
Печат

 

soglom muhitЯратганга беҳисоб ҳамду санолар бўлсинки, бани башарнинг илк жуфтлиги  Одам Ато ва Момо Ҳаво учун қўнғиртоб Ерни манзил қилиб, фируза осмонни паноҳ этди. Бизларни шафоатчи пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломга уммат қилди. Не бахтки, бизга аждодларимизнинг дунёга намуна бўладиган, оила деб аталадиган моддий ва маънавий жиҳатдан муқаддас бўлган қўрғонда вояга етишни насиб айлади.

   Оила – жуда кенг тушунча. Зеро, унда биз ва авлодларимиз улғаямиз, дунёни англаймиз, турли феъл-атвор касб этамиз. Оила нафақат инсоннинг маънавий даргоҳи, балки умр деб аталмиш узун-қисқа йўлда ором берувчи, «дўл-ёмғир» ва «жазирама»да паноҳ бўлгувчи бекатдир. Бутун инсоният жамиятининг дахлсизлиги оиланинг жипслигига боғлиқ.

   Оилапарвар, серфарзанд ҳисобланувчи халқимизга оиладан устун турувчи бирорта тарбиявий маскан йўқ. Ҳа, қадим-қадимдан оилани устувор қўйишга одатланганмиз. Чунки тарбиямиз шундай. Қолаверса, орзу-умидли халқмиз. Тўю тадбирларимиз кўп. Қувонарлиси шундаки, бу тўю тантаналарнинг ҳаммаси оила билан боғлиқ, уларнинг ҳаммаси оилавий маросимлардир. Тўйларимизни бир тасаввур қилиб кўринг!.. Карнай-сурнай ва доиранинг жарангли садолари, ҳофизларнинг юракларни тўлқинлантирувчи «ёр-ёр»ларию остонага тўпланган куёв жўраларининг қийқириғи ва келин дугоналарининг мулойим табассумларига ҳамоҳанг қадам ташлаб, ҳовлига энг ширин ҳис-туйғулар, юракларни тўлдирган орзу-ҳаваслар, ички ҳаяжон билан келин-куёв кириб келади.

   Лекин бир умр шундай шодумонлик бўлармикан, бундай хурсандчилик умрларининг охиригача давом этармикан?!  Шукрлар бўлсинким, аксар келин-куёвларнинг биргаликдаги ҳаёт йўллари юқоридагидек бошланиб, турмуш чорраҳаларида  бахтларини топишган. Лекин ҳаётлари давомида турли тўсиқлар ва муаммоларга учраган тақдирлар, вайрон бўлган оилалар  ҳам борки, буларга бефарқ қараб бўлмайди.

 Жумҳуриятимизда оила мустаҳкамлигига умумдавлат, умумхалқ иши деб қаралмоқда. Президентимизнинг Тожикистон Республикаси Олий Мажлисига йўллаган Паёмида қайд этилишича, 2014 йилда жумҳуриятда 95500 та никоҳ қайд этилиб, шундан 9000таси бекор қилинган. Бу 2013 йилга нисбатан 9,5 фоиз кўпдир. Бунинг сабаби, энг аввало, ёшларнинг мустақил ҳаёт қуришга тайёр эмасликлари. Шу сабабли ҳам, мустаҳкам жамият мустаҳкам оила ва наслдан ташкил топишини қайд этган Президентимиз, муҳтарам Эмомали Раҳмон 2015 йилни «Оила йили» деб эълон қилди.

 Оила ҳар бир халқнинг, миллатнинг давомийлигини сақловчи, миллий қадриятларнинг ривожини таъминловчи, маънавий ва жисмоний баркамол авлодни дунёга келтириб тарбияловчи муқаддас маскандир. У жамият деб аталмиш буюк бир оламнинг пойдеворини ташкил этади. Жамият ва давлатнинг фаровонлиги, гуллаб-яшнаши айнан шу пойдевор мустаҳкамлигига боғлиқ. 

   Шундай тўкин-сочин, дориломон кунларнинг қадрига етмасдан, не машаққату азоб билан меҳнат қилиб топилган маблағлар эвазига барпо қилинган ёшгина оилаларнинг арзимас сабаблар билан бузилиб кетаётгани ғоят ачинарлидир. 

   Қишлоқ жамоатидаги кўп йиллик фаолиятим ва шахсий кузатувларим асосида ажралишлар сонининг кўпаяётганига қуйидаги сабабларни кўрсатиб, улардан хулоса чиқаришни муҳтарам газетхонга маслаҳат бераман: 

1.Шошилинч никоҳ сабаб. Яъни, ота-она хоҳиши билан тезроқ келин танлаш ва бир кўришданоқ бўлғуси келинни маъқул қилиб, бир-бирларини  яхши билмасдан уйланиш. Бу ҳолатда кўпроқ  ёшларнинг оила қуриши, асосан, ота-она учун ёрдамчи (хизматкор) олишдан иборат бўлиб, кўп ўтмасдан тўй учун сарф этилган пулни топиш мақсадида, ё ҳарбий хизматга чақирув бошланиши олдидан ёш келинни қолдириб меҳнат муҳожирлигига жўнаш ҳолатлари. Бу ёқда қолган келин бечора бир томонда куёвдан узоқ яшаш азоби, қолаверса, куёвнинг  телефон орқали бўладиган доимий назоратию ўринсиз рашки ва тергашларидан безиши, бошқа томондан қайнона ва уйидагиларнинг хоҳиш истаклари билан ҳар қадамда ҳисоблашиш машаққатлари. Тўғри, шундай оғир вазиятлардан ҳам чиқиб оилани сақлаб қолган оқила келинлар, доно қайноналар оз эмас.

2.Оила қуришда икки муҳит, икки қудалар яшаш тарзи, авлод-аждодларини суриштиришни ҳисобга олмаслик. Икки ёшни бирлаштириш икки тоғни бир-бирига яқинлаштириш, деб ҳисоблашган бобо-бувиларимиз. Бу ўхшатишда қанчалар фалсафа бор. Ахир иккита турлича муҳит, характер, қарашлару ижтимоий шарт-шароитлар бирлашиб бир оқим томон оқиши керак. Нафақат икки ёш, қудалар ҳам бир-бирларини ва шароитларини тушунишлари керак-да. Масалан, ўрта ёки пастроқ ижтимоий муҳитда ўсган қиз ўзига тинчроқ оилада кўникиб яшаб кетиши мумкин. Аммо бунинг акси, ўзига тинч, бойроқ оилада тарбия топган қиз ижтимоий шароити ўртачароқ оилада яшаб кетиши қийинроқ. Агар қудалар бир-бирларини тушунсалар, тарафкашлик қилмай қизларини ўша муҳитга мослашишга имконият берсалар оила сақлаб қолинади. Бежизга донолар «тенг-тенги билан …» мақолини ишлатишмаган.

3.Эрта тузилган  никоҳ сабаб. Ўрта мактабни битирибоқ турмушга  чиққан қизлар билан қурилган оила. Агар қиз бола ҳам ўқиб бирор касб ё ҳунар соҳиби бўлса, келгусидаги турмушида ҳам асқотади, бунинг устига ҳам жисмоний ва ҳам маънавий жиҳатдан оила қуришга тайёр бўлади. Шу ўринда савол туғилади. Ёшгина куёв ҳам рўзғорни тебратишга қодирми, бирор касб ё ҳунарга эгами, ёш қиз рўзғор тута олишга қодирми?  Илгари қиз болани ёшлигиданоқ уй-рўзғор ишлари, бичиш-тикиш, оилада ўзини  тутишга ўргатишган, бу борада ҳар бир оиладаги кекса онахонлар асосий рол ўйнашган. Ҳозирда эса, техника ривож топиб телевизор ва телефон ҳукмронлик қилаётган даврда кўпгина оилалардаги ота-она, ҳатто, бувиларнинг ҳам ўзга оилага борадиган қизни мустақил ҳаётга тайёрлашга фурсатлари йўқ.  Айтиш жоизки, ҳозирда аксарият уйланаётган йигитлар ўз вазифаларини билишмайди. Ҳолбуки, оила қурмоқ ниятидаги бўлажак куёвнинг ҳам ўз вазифаси бор. Унинг биринчи галдаги вазифаси  одил ва оқил оила бошлиғи бўлиб, турмуш заҳматларини  енгишда аёлга мустаҳкам таянч бўлиш, эркакларга тегишли уй юмушларини бажариш. Шунингдек, фарзандларини ҳалол едириб-ичириш билан ўз зиммасидаги вазифаларнинг учдан бирини бажарган бўлади. 

4.Ўзга юртларда узоқ вақт  яшаб ишлаётган куёвнинг оврупоча муҳитга мослашиши. Бунинг натижасида ёшлар яшаш тарзи ўртасида номутаносиблик пайдо бўлиб оила мустаҳкамлигига дарз кетиши мумкин. Баъзи ҳолларда ўзга юртда бошқа аёл билан никоҳсиз турмуш қуриб, ўзининг никоҳидаги аёлини, фарзандларини қаровсиз қолдириш ҳолатлари ҳам учраб туради. Бундан уч йил аввал қишлоқ жамоатида бир ёш оила қабулга кирди. Йигит  Россияда Хўжандлик бир аёлга уйлангани ва у билан яшаётганини тан олиб, ҳар икки аёл билан ҳам яшашни хоҳлар, қонуний никоҳидаги аёли эса, буни хоҳламасди. Қанча тушунтирмайлик, йигитни ниятидан қайтара олмадик, аёли ҳам сўзида қатъий туриб эрининг ўзга аёл билан яшашига рози эмаслигини айтди. Аёлнинг тутган оқилона йўли туфайли орадан бир йилча ўтиб ҳалиги йигит ўз хатосини тан олди ва ўз оиласига қайтиб, тинч-тотув яшаб кетишди.

5.Телефон ва интернетнинг салбий таъсирлари сабаб. Бу тўғрида кўп айтиляпти, ёзиляпти, лекин афсуски уларнинг салбий оқибатлари туфайли қанча оилалар бузилиб, ҳатто, унаштирилган ёшлар ҳам турмуш қурмай, ажралиб кетишмоқда. Бунга хоҳлаганча мисоллар келтириш мумкин, бу ерда биргина мисол билан қаноатланаман. Бир қиз телефон орқали бошқа ноҳиядаги йигит билан танишади, улар узоқ вақт суҳбатлар қуриб бир-бирларига меҳр қўйишиб, ҳатто, ораларида «севги» пайдо бўлади. Қизни уйидагилар  қишлоқларидаги бошқа йигитга унаштирмоқчи бўлишади, у эса, йигити борлигини айтиб норозилик билдиради. Севган йигити билан учрашган қизга маълум бўладики, йигит уйланган ва икки нафар ўғли бор экан. Аммо у, агар қиз хоҳласа хотинидан ажрашиб унга уйланишини айтади. Табиийки, бунга қизнинг оиласидагилар рози бўлишмайди. Қизга насиҳат қилишиб, уни бу йўлдан қайтаришади. Кўп ўтмай тўй бўлиб ўтади, аммо қиз яна ўша йигит билан телефонлашишни давом эттиради, ҳатто, хуфёна учрашув ҳам ташкил қилишади. Бундан хабар топган куёв эса, ажраш учун судга ариза беради.  

6.Кўпроқ мол-мулкка асосланиб тузилган никоҳ сабаб. Бу ҳолатда куёв томоннинг келин томондан қимматбаҳо мебеллар, уй жиҳозлари, кийим бошлар талаб қилиши. Унда кўпинча «дуруст сеп» билан келмаган келиннинг камситилиши ёки аксинча қиз томоннинг куёв томон берадиган сепни ҳаддан ортиқ талаб қилиши. Кейинги йилларда айрим келинчакларнинг оиласидагилар «тўқликка шўхлик» қабилида иш тутиб келин борадиган бир ёки иккита уйни (ҳатто, 3 тагача) мебеллар ва уй жиҳозлари билан тўлдириб, жиҳозлаб  беришни одат қилишди. Буни кўрган айрим имконсиз оилалар ҳам улардан қолишмаслик учун ночор аҳволга тушиб қолишмоқда ва баъзан   шундай қусурлар туфайли ёш келин камситилиб оиласи бузилишгача  бориб етмоқда.

 Икки ёш унаштирилган кундан бошлаб «Қўша қаришсин, ували-жували бўлишсин», «Оллоҳ ойдек бахтини берсин», «Бир-бирларига юлдузини иссиқ қилсин», «Қўша-қўша фарзандлар кўришсин», деб дуо қилишади. Аммо бирор киши «Келиннинг янги модадаги кийимлари кўпроқ бўлсин», «Худо жарақ-жарақ тилла тақинчоқларга етказсин», деб дуо қилмайди, чунки ёшларнинг бахти, ширин ҳаёти ҳар қандай бойликдан афзал. Демак, келин-куёв бахтини кийим-кечаклару қимматбаҳо тақинчоқлар билан алмашиб бўлмайди.

7.Ёш келин ҳали тарбияга муҳтож, тажрибаси кам экани сабабли. Кўп қизларнинг турмушга чиқишга тайёр эмасликлари тўйдан кейиноқ сезилиб қоляпти. Уй тозалигини, овқат пиширишни, ҳатто, энг оддий таомларни тайёрлашни ҳам билмайдиган қизларнинг борлигига ишонасизми? Ваҳоланки, шарқ оилаларида бу юмушларсиз келинни тугал тасаввур қилиб бўлмайди. Бизнингча, ҳозирда оналар қизларига уй-рўзғор юмушларини, саришталикни, атрофдагилар, катта-кичик билан муомалани ўргатишдан кўра, кўпроқ сеп йиғиш билан банд бўлишмоқда. Лекин буларнинг ҳеч бири турмуш қийинчиликларини енгишда ёшларга ёрдам бера олмайди. Келиннинг тушган оиласида обрў-эътибор қозониши, қайнона-қайнотанинг ҳурматида бўлиши, эр-хотиннинг бир-бирига муҳаббати ортиб бориши кўп жиҳатдан келиннинг пазандалигига ҳам боғлиқ-ку!  Президентимиз томонидан мактабларнинг юқори синфларида махсус Маърифат ва оиладорлик одоби умумий курсларини йўлга қўйиш ҳақидаги таклифи ҳам шуларни амалга оширишни назарда тутади. Бу соҳада аллақачон Суғд вилояти мактабларида илк қадамлар қўйилганини қайд этиш лозим. Вилоят раиси А. Қодирийнинг ташаббуси билан мактабларда тандирлар ўрнатилиб юқори синф қизларига қўшимча машғулотларда нон ёпиш санъати ўргатилиши йўлга қўйилган.

8.Қайнона ва қайноталар келинли ё куёвли бўлишга ҳам маънан ва ҳам иқтисодий жиҳатдан тайёр эмасликлари. Қайнона ва қайнота бўлиш илмидан хабардор эмасликлари сабаб. Оилавий муносабатлар, айниқса, келин билан қайнона ўртасидаги муомалада ўта ҳушёр, холис бўлиш,  етти ўлчаб бир кесишни, юз ўй-мулоҳазалар билан бир гапиришни талаб этади. Агар қайнона келиннинг ёшлиги ва тажрибасизлигини ҳисобга олмай, уни ҳар қадамда тергайверса, ўғил она ва хотиннинг ҳар икковини тенг кўрмай , унисига ҳам, бунисига ҳам маъқул келадиган сўз тополмаса, келин қайнонасининг, энг аввало, оналигини, аёллигини, ёши улуғлигини ҳисобга олмай дилини оғритаверса, оилада ҳеч қачон тинчлик, хотиржамлик бўлмайди. Афсуски, баъзан катталарнинг нотўғри, заруриятсиз аралашуви оиланинг бузилишига сабаб бўлади. Хуллас, ҳар бир ёш келинчак орзу қилган суюкли қайнона бўлиш учун кўп нарса керак эмас. Озгина тадбиркорлик, хушмуомалалик, ширин сўз, бағрикенглик, меҳрибонлик кифоя. Агар фарзандларимнинг турмуши ширин бўлсин, десангиз уларнинг камчилигини, тажрибасизлигини, хатоларини кечиришни ҳам билинг.  Таниқли шоира, воиза Т. Содиқова қайноналарга мурожаат қилиб шундай дейди: «Ҳой сингилжон! Келинни болангиздан ҳам устун кўринг, қизим, боламлаб уй-рўзғор ишларини эринмай ўргатинг. Келин билан ўғлингизнинг муносабатлари биринчи кунданоқ самимий бўлишига ҳаракат қилинг, келинга ўғилни, ўғилга келинни мақтанг, асло шикоят қила кўрманг».

9.Келин томон ҳам, шунингдек ёш келинчак ҳам оилани сақлаб қолиш, кўпроқ уларга, уларнинг ақлу фаросатига, масъулиятига боғлиқлигини ҳар доим ҳис қилишлари керак. Умуман, фарзандлар тарбиясида ҳар икки томон ота-оналари ҳам масъулиятни ҳис қилмоқлари зарур.

Диний манбаларда келтирилишича, отанинг ўғлига  ҳаққи учтадир: туғилса яхши исм қўйиш, ақли кирса илм ўргатиш, балоғатга етса уйлантириш. Ундан у ёғига рўзғорнинг камини буташ, уйни жиҳозлар билан аста-секин тўлдириш, оилани тебратиш ёш келин-куёвларнинг вазифаси. Агар биз ёшларнинг онгига шу вазифа ва масъулиятларни ёшлигидан сингдириб борсак, улар шунга ҳам руҳан, ҳам маънан ва ҳам жисман тайёр бўлиб боришади. Шундагина улар оиладорлик масъулиятини чуқурроқ ҳис қилишга ўрганадилар. 

   - Мен ҳақиқий бахтга эришган аёлман, - деб ҳикоя қилади олти нафар фарзанднинг онаси, ўн бир набиранинг бувиси Манзура ая.  Онам Ибодатхон кўпни кўрган, турмуш азобларини бошдан кечирган, оқила, маҳаллада ўзига яраша обрўга эга аёл эдилар. Менинг бахтимни тилаб кўп панд-насиҳат қилардилар, жон қулоғим билан эшитардим. 19 ёшимда ўзим яқиндан танийдиган Илҳомжон билан турмуш қурдик, аҳил ва иноқ эдик, қайнонам эса, мени ўз қизидай севарди. Оилада катта келин эдим, шу оилага келган кунимдан бошлаб ўзимни шу хонадоннинг аъзоси деб ҳисобладим, бор меҳримни қўйдим. Кечқурун, оила аъзолари уйқуга ётгандан кейин ҳам улгурмаган ишларимни бажариб, кейин ётардим. Эрталаб ҳаммадан аввал туриб, ҳовли-кўчаларни супуриб-сидириб нонушта тайёрлардим. Оиламизда ўзаро ҳурмат, ёрдам, меҳр-оқибат кучли бўлгани боис, ҳамма бир-бирини тушунарди. Қайнонам ҳам онамдек меҳрибонлик қилар, билмаганимни ётиғи билан тушунтирар, эринмай ўргатардилар, мен ҳам билмаганларимни сўрашдан тортинмасдим. Барчалари мени ҳурмат қилишар, мен ҳам ҳеч  қачон улардан хизматимни, ёрдамимни, ширин сўзимни аямасдим.

Хуллас, худо кетма-кет фарзандлар берди, қайнонам ҳам мен билан баравар фарзандларимни тарбиялашга ёрдамлашди. Айтсам баъзилар ишонмайди-ю, кўпинча ўз ота-онамдан хабар олиш ҳам эсимдан чиқиб қоларди. Балки, бу ҳақиқий бахтдан эсанкирашдир, балки ўз хонадонингдаги ҳузур-ҳаловатли ҳаётдаги меҳрибонликлар билан банд бўлиб қолишдир.

 Оила – муқаддас маскан. Чунки унинг пойдевори, асоси меҳрга, Аллоҳнинг иродаси, элу юрт, қариндош-уруғ, жамият розилигининг тимсоли муқаддас ришта  никоҳга таянади. Оилавий муносабатларда очиқлик ва ўзаро самимият етакчи ўрин тутади. Чунки бу муносабатлар дунёдаги ҳар қандай манфаатлардан ҳам устун. Бирорта оила йўқки, унинг аъзолари ўзаро бир-бирига суянмаса…

Мустаҳкам оила мустаҳкам жамиятнинг асосидир. Шундай экан, жамият ичидаги кичик жамоа  оилада ўзаро муомаланинг барча қоидаларига амал қилиниши керак. Катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, бир-бирига меҳрибон бўлиш, айниқса, аёлларни эъзозлаш каби қоидалар кундалик одатга айланиб бориши керак. Ота-она болаларига намуна бўлиши муҳим. Соғлом оила муҳитида тарбия топадиган фарзандларимиз бизнинг чинакам ворисларимиз, чироғимизни ёқадиганлар бўлиб етишишлари учун анчайин муаммоларни ҳал қилиб яшашимизга тўғри келади. 

 

Давлатёр Қўчқоров, Тожикистон

матбуоти аълочиси,Конибодом ноҳияси.

Мамлакатимизда ижтимоий аҳвол сизнингча?

Аъло - 38.5%
Яхши - 38.5%
Ӯртача - 0%
Ёмон - 7.7%
Билмайман - 15.4%

Проголосовали: 13

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

АЙНИЙ ҲАҚИДАГИ ҲИКОЯТЛАР

 

Муқаддима

Маълумки, машҳур кишиларнинг ҳаёти афсона ва ривоятларга кўмилиб кетган бўлади – улар орасида тарихий ҳақиқатга мувофиқ келадиганлари ҳам, бадиий тўқима маҳсуллари ҳам оз эмас. Нафақат, ўзбегу тожик, балки Шарқ, ҳатто, жаҳон адабиётининг забардаст намояндаларидан бўлган Садриддин Айний ҳаёти ва фаолияти ҳам бундан мустасно эмас. У ҳақдаги ҳикоят ва ҳангомалар ичида, айнан, ҳаётдан олинганлари билан бирга, халқнинг ижодий таҳайюли

Муфассал...

Фикрдошлик тарихининг жонланиши

Тожик ва ўзбек халқларининг адабий алоқалари тарихига бир назар

Халқларнинг бир-бири билан яқин алоқада бўлиши, бир-бирининг ҳаёт тарзи, адабий, маданий, илмий ва тарихий тажрибасидан кенг фойдаланиши, улар адабиётларининг шаклланиши ва ривожланишига ҳам улкан ҳисса қўшганлигига тарих гувоҳ.

Ўзбек адабиёти туркий халқлар адабиёти ва маданияти муҳитида ўзининг

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990385

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7477319
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
3247
4027
20932
7426653
98963
114875
7477319

Сизнинг IPнгиз: 3.133.139.164
Бугун: 23-11-2024 16:40:40

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015