Тожикистон Республикаси Ҳукумати оиланинг жамиятдаги роли ва фарзандлар таълим-тарбиясига жиддий аҳамият қаратади. Шу боисдан, ота-оналарнинг фарзанд таълим-тарбияси, қонун олдидаги масъулиятини ошириш ва тартибга солиш борасида бир қатор ҳуқуқий-меъёрий қарорлар қабул қилган.
Техника ва технологиянинг юқори суръатларда ўсиб бораётгани ва глобаллашув жараёнидаги ютуқлардан ортда қолмаслик мақсадида ҳар йили давлат бюджетининг кўп қисми илм ва маориф соҳасига йўналтирилаётганлигини таъкидлаб ўтиш ўринлидир.
Фарзанд таълим-тарбияси ва оиланинг жамиятдаги ўрни муҳимлиги боис, мамлакат Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон ўзининг Олий Мажлисга йўллаган бу йилги Паёмида, жумладан, шундай деди: «… соғлом жамият соғлом оила ва соғлом авлодлар билан шаклланади. Шу муносабат билан, 2015 йилни мамлакатда «Оила йили» деб эълон қилишни таклиф этаман». Шу билан бирга, Давлат бошлиғи статистик маълумотларга биноан, 2014 йили 95 минг 500 никоҳ қайдга олинганлиги, шундан 9 мингтаси бекор қилинганлигини таъкидлаб ўтди. Бу 2013 йилга нисбатан 9,5 фоизга зиёддир. Президентнинг қайд қилишича, бу ҳолатларнинг асосий сабаби, ёшларнинг мустақил ҳаётга тайёр эмасликларидир.
Ота-оналар ўз вазифаларини керакли даражада бажармаётганликлари ва фарзандларнинг таълим-тарбиядан узоқда қолаётганликлари бунга асосий сабабдир. Агар ота-оналар Тожикистон Республикаси «Оила кодекси» ва Тожикистон Республикасининг «Фарзандлар таълим ва тарбиясида ота-оналар масъулияти тўғрисида»ги қонунини тўлиқ ижро этишса, бундай нохуш вазиятлар вужудга келмайди.
Мазкур қонунда ота-оналар, педагоглару мураббийлар, давлат органлари, махсуслаштирилган муассасалар ва бошқа тизимлар вазифалари аниқ кўрсатиб қўйилган. Жумладан, мазкур қонуннинг 5-боби, 15-моддасида ота-оналар ва педагогларнинг болалар таълим ва тарбиясидаги масъулиятлари тўғрисида шундай дейилган:
1. Мазкур Қонун Тожикистон Республикасининг бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларида кўзда тутилган ёки уларнинг лозим бўлган даражада ижро этилмаслиги ҳолатларида болаларнинг ота-оналари ва педагоглар Тожикистон Республикаси қонунчилиги бўйича жавобгарликка тортилади.
2.Ота-оналар ўз фарзандлари таълим-тарбияси учун Тожикистон Республикаси қонунчилиги бўйича тенг жавобгардирлар.
3.Болалари билан бирга яшамайдиган ота-оналар ўз ота-оналик мажбуриятларини қонунда кўзда тутилган ҳолатлардан мустасно равишда ижро этмаганликлари учун жавобгардирлар.
Оила жамият институтларидан бири бўлиб, унинг ажралмас қисми саналади ва унда фарзанд вояга етади. Оила қуйидаги сифатларга эга:
1.Эркак ва аёл ўртасидаги битим.
2.Ўз истак ва иродаси билан мустақил ҳаёт қуриш учун ҳиммат камарини боғламоқ.
3.Ўз истаги билан фарзанд таваллудини, таъминотини ва таълиму тарбиясини зиммасига олиш.
Оила Тожикистон Республикаси “Оила кодекси”нинг биринчи моддасида шундай шарҳланади: «Тожикистон Республикаси қонунчилиги оила, оила қуриш зарурлиги, оилавий муносабатларни бунёд этиш ва бир-бирига нисбатан ҳурмату эҳтиром ва муҳаббатга замина қўйиш, оила аъзоларининг оиладаги масъулияти ва ҳамма томонлама ёрдами, оила ишларига ҳар кишининг асоссиз дахолатини раво кўрмаслик, оила аъзоларининг ўз томонларидан вазифаларини ижро этиш ва ҳуқуқларининг тўсиқсиз татбиқ этилиши ва уларнинг суд ҳимояси имкониятлари билан асосланади».
Оила жамиятнинг муқаддас тизимларидан бўлиб, инсоният пайдо бўлган пайтдан буён жамиятнинг давомчиси ва тараққий эттирувчиси ҳисобланади.
Давлат ва миллат биносининг тамал тоши ушбу кичик муассасада устувор этилади. Одоб, ахлоқ, маданияту диёнат ва таълиму тарбия, шубҳасиз, шу маскандан бошланади. Инсон катталарга нисбатан ҳурмату эҳтиром ва муносабатни, гўдакларга нисбатан меҳру мурувватни, дўстларга нисбатан самимийликни, ота-онага бўлган ҳурматни ва бошқаларни, албатта, оила муҳитида ўрганади. Лекин, оила муҳитидаги барча яхши инсоний фазилатлардан бебаҳра қолган кишилар «ноқис» тарбия топишади. Ва бу эса, жамият ва оиладаги кўнгилсиз воқеалар юз беришига олиб келади. Шу боисдан, фарзанд тарбияси учун, энг аввало, соғлом ва устувор оила бўлмоғи зарур. Оила қанчалик соғлом бўлса, келажак авлод шунчалик эзгуликка эш бўлиб камол топади ва ота-онанинг хурсандчилиги ҳамда давлату миллатнинг тараққиётига ўз ҳиссасини қўшади.
Оиланинг устувор булиш омиллари
1.Ота-она бир-бирининг ҳуқуқини поймол қилмаслиги, ўз вазифасини сидқидилдан ижро этмоғи лозим ва бир-бирига нисбатан тўғрисўз бўлиб, ўзаро илиқ муносабатни сақламоқлари зарур. Ота-онанинг бир-бирига бўлган дағал муносабати фарзанднинг одобсиз бўлиб вояга етишига олиб келади.
2.Оила аъзолари оила бошлиғини ҳурмату эҳтиром этиб, унинг атрофида бирлашмоқлари ва берган топшириқларини ижро этмоқлари зарур.
3.Шунинг бараварида, оила бошлиғи ҳам оиланинг барча аъзоларига, жумладан, болаларга яхши муносабатда бўлиб, уларнинг айтганларини бажармоғи лозим. Бу пайтда эса, унинг оила аъзолари олдидаги ҳурмати ортади ва оилани бошқариш ҳам бир мунча осонлашади.
4.Анъаналарга кўра, оила бошлиғи барча аъзоларига имкон қадар совға бериши, агар имконияти бўлмаса, сабабини тушунтирмоғи лозим. Акс ҳолда, оила муҳитида юзага келган тушунмовчилик мушкул вазиятни келтириб чиқаради.
5.Баъзи вақтларда оила бошлиғи турмуш ўртоғи ва оила аъзолари ишларига кўмаклашмоғи керак. Бу йўл билан у бир тарафдан оила муҳитида ўзининг эҳтиромини мустаҳкамласа, бошқа томондан, келажакда мустақил оила қурадиган фарзандларига ибрат намунаси бўлади.
6.Оила аъзолари бир-бирига меҳрибон бўлмоғи, бир-бирларини ҳурмат қилмоғи керак. Бундай ҳолат бола хулқига таъсир кўрсатиб, унинг атрофидаги одамларга нисбатан шу меъёрга риоя этишига сабаб бўлади.
7.Ота-онанинг ўз ота-онасига нисбатан кўрсатган ҳурмат-иззати бола учун улкан тарбия дарси ҳисобланади.
Агар ўз оилаларимизда кексалар учун тинч, осуда шароит яратиб берсак, улар ўз навбатида, невараларини эркалатиб ўйнатсалар ва керак бўлса, бизнинг ўзимиз уларнинг хизматини қилсак, мақсадга мувофиқ бўлади. Бир томондан бобою бувиларнинг ўзлари қаровчига муҳтож бўлсалар, бошқа томондан, болалар ҳам уларнинг ҳаёт тажрибаларидан ва маслаҳатларидан баҳраманд бўлишади.
Чунончи, мазкур қонуннинг 3-боби 10-моддаси балоғат ёшига етганлар ва меҳнатга лаёқатли фарзандларнинг ўз ота-оналарини парвариш қилиш ва уларни боқиш бўйича мажбуриятлари тўғрисида келганидек:
-Балоғат ёшига етган ва меҳнат қилишга лаёқатли бўлган болалар ўз ота-оналарини таъминлаши, уларга қараши ҳамда моддий-маънавий қўллаб-қувватлашлари шартдир.
-Кўрсатилган ана шу мажбуриятларни ижро этмаётган балоғат ёшидаги ва меҳнатга лаёқатли болалар Тожикистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартиб бўйича жавобгарликка тортилади.
Жамиятда баъзи ноқобил фарзандлар ўз ота-оналарига нисбатан ҳурматсизлигу лоқайдлик қилиб, уларни кексалар ва қаровчисиз қолган қариялар уйларига олиб бориб ташлаётгани аянчли ҳолдир. Иш тажрибамда бундай ҳолатларни жуда кўп учратганман. Бу на қонун, на Ислом дини талаблари ва на аждодларимиздан қолган ахлоққа тўғри келади.
Оила муҳитида таъкидланиши керак бўлган бир неча нуқта:
-овқат тановул қилиш ва уйқудан уйғониш вақтлари тартибга солиниши керак;
-ўқиш, ишлаш, дам олиш ва болалар тарбияси учун ҳам ажратилган вақтлар аниқланиши керак;
-бола учун дам олиш ва мактабу кўчада дўстлари билан ўйнаши учун ҳам вақт ажратилиши керак;
-фарзанд тарбиясидаги муваффақиятли ва самарали йўллардан бири, меҳру муҳаббат ва тартибу қоидага эга бўлишдир. Бу усуллар билан фарзанд тарбиясини йўлга қўйган ота-оналар тинч бўлишади ва жамият ҳам улардан хотиржам бўлади.
Аз муҳаббат тифли ашкам гавҳари дил мешавад,
Чун мураббї шуд падар, фарзанд қобил мешавад.
Агар бола бирор хатоликка йўл қўйса, уни билмасликка олиш лозим. Боланинг айбини одамлар олдида юзига солиш яхши эмас. Чунки бу нарса уни безбет қилади ва тарбиядан ҳам узоқлашишига сабаб бўлади. Одамлар олдида бола йўл қўйган хатоликни соддалик билан тушунтирилса, яхшироқ бўлади. Агар бу усул қўл келмаса, ёлғиз қолганда болани ёнингизга чорлаб, у ҳақида яхши фикрда эканлигингизни ва уни бундай амалларга қўл урмаслигига ишончингиз комил бўлганлигини таъкидланг.
Болаларимизни жасур ва довюраклик руҳида тарбияламоғимиз керак. Чунки улар нафақат ўзларини жамиятга яхши фойда етказишга масъул, балки ўз хатоларини тўғрилашга ҳам ўргатмоғимиз зарур. Шунда бола қачон бирор киши тўғри йўлни кўрсатади, деб қараб ўтирмайди. Агар болани жасурлик руҳида тарбияламоқчи бўлсак, албатта, икки муҳим нуқтага аҳамият қаратмоғимиз зарур:
1.Болага келтирадиган мисолларимиз, албатта, ўзимиз ва ўтганларимизнинг ҳаётидан бўлмоғи лозим.
2.Ҳодисаларни ҳикоя қилиш пайтида муболағага йўл қўймасдан, ҳақиқатни эртакка айлантирмаслигимиз керак. Акс ҳолда, талқин этган воқеаларимиз бола зеҳнида абадий қолмаслиги мумкин.
Фарзандни тарбиялаш пайтида дағал сўзлардан фойдаланмаслик мақсадга мувофиқдир. Ҳақоратлаш, нафратланиш ва таҳқир этадиган сўзлардан фойдаланишга йўл қўймаслигимиз зарур. Акс ҳолда, бола ўзидан кичик ёшдагиларга шундай сўзлашишни раво кўради.
Бола вояга етган сайин уни севиш ва қўрқув мувозанатини сақлаш руҳиятида тарбияламоқ мақсадга мувофиқ. Аслида, ҳар бир инсон ҳаётида «қўрқув» мавзуси зарур унсурлардан бири саналади.
Бу икки турдаги ҳиссий мувозанат бузилиб, бирига кўпроқ аҳамият берилса, у ўз таъсирини инсон руҳий ҳаётида яққол кўрсатади. Ҳақиқатдан ҳам, неъмат умиди ва уқубат андишаси ёнма-ён бўлмоғи лозим. Тавфиқ ва фазилат эгалари мукофот умидида ва атрофдагиларга қўрқув-азоб улашувчи кишилар жазо билан таҳдид қилиниб турмоғи керак.
Фарзанд тарбиясида ота-она бир-бирлари билан келишиб олмоғи лозим. Агар оилада шундай келишув бўлмаса, ота-онадан бирлари иккинчисининг ишини инкор қилса, иккинчиси биринчисининг сўзларини ёлғон деса, бу ҳолда, фарзандларининг уларга нисбатан ҳурмати йўқолади. Фарзанд яхши тарбия топиши учунгина ҳам яхши шарт-шароит муҳайё этиш зарур. Тожикистон Республикасининг «Фарзандлар таълим ва тарбиясида ота-оналар масъулияти тўғрисида»ги қонунининг 2-боби 9-моддасида ота-оналарнинг фарзандлар таълим ва тарбиясидаги мажбуриятлари тўғрисида шундай дейилган:
-олти ёшгача бўлган болаларнинг мактабгача таълим ва тарбия олишлари учун шароитларни яратиш;
-болаларнинг билим олиш билан қамраб олинишини таъминлаш ва уларнинг ўрта умумий таълим мактабларида билим олишлари шароитларини муҳайё этиш;
-талабаларни керакли ўқув қуроллари билан таъминлаш ва улар таълими учун зарур шароитларни яратиш;
-болаларни таълимнинг барча жараёнларида мактаб формалари билан таъминлашга эришиш ва ана шу кийим-бошлар устидан назорат олиб боришни таъминлаш;
-жисмоний ва руҳий камчиликлари бўлган болалар таълими ва касбий тайёрлиги шароитларини муҳайё этиш, уларнинг жисмоний ва руҳий нормал бўлмаган ҳолатларини сир тутмаслик, ана шу болалар таълими шароитлари мавжуд бўлмаган ҳолатларда маориф, соғлиқни сақлаш ва аҳоли ижтимоий ҳимояси бўйича тегишли давлат муассасаларига мурожаат этиш;
-мактаб-интернат ва ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъий назар, улар билан таълим жараёнлари бўйича ҳамкорлик қилиш;
-болаларнинг билимга эга бўлишлари ва таълим жараёнидаги иштирокларини назорат қилиш ва бошқа ихтисослаштирилган мактабларда билим олаётган ўз фарзандлари ҳолидан хабардор бўлиш, педагоглар, таълимгоҳ ходимлари ва раҳбарлари билан болалар таълими бўйича доимо ҳамкорлик қилиш;
-муассаса Устави бўйича белгиланган тартиб ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий тадбирларда иштирок этиш, ота-оналар йиғилишлари ва мактабдаги бошқа ишларда маъмурият даъвати бўйича қатнашиш;
-болалари таълим олаётган маориф муассасаси Устави талабларига риоя этиш ва бажариш;
-болаларини бошқа ноқонуний муассасаларда билим олиш бўйича ўз фаолиятларини лицензиясиз амалга оширувчи алоҳида шахслар таъсиридан сақлаб қолиш;
-болаларининг Давлат ваколатига эга бўлган органлари рухсатисиз мамлакатдан ташқарида билим олишларига йўл қўймаслик;
-Тожикистон Республикаси қонунчилигида кўзда тутилган бошқа барча мажбуриятларини ижро этиш.
Болалар ўзлари камол топган муҳитда вояга етадилар ва ўша муҳит фарзанди саналади. Фарзанд таълим-тарбиясидаги асосий унсурлар қуйидагилардан иборат: биринчи - оила, иккинчи - мактаб, учинчи - дўсту ўртоқлар муҳити ва тўртинчиси у билан бирга дарс тайёрлайдиган ўртоқлари саналади. Носоғлом муҳитда камол топган бола, албатта, бир кун ёмон йўлга кириб кетади. Шу боисдан, болалар вояга етадиган ҳар бир жойни ўз оиламиздан бошлаб назорат остига олмоғимиз керак. Чунки доно халқимиз: “Касални даволагандан кўра, олдини олган афзал”, дейди. Тарбия чоғида қуйидаги масалаларга аҳамият қаратмоқ зарур:
а) Бола она вужудида ривожланаётган пайтидан бошлаб, унинг луқмасини ҳалолу пок беришга жуда катта аҳамият қаратмоқ зарур;
б) Бола дунёга келгандан кейин ҳам уни ҳалол маҳсулотлар билан озиқлантирмоқ ва қарамоғини яхши йўлга қўйиш билан бирга, ёмон кўзлардан ҳам сақлай олишимиз керак;
в) Бизнинг юриш-туришимиз ва сўзлашимиз ҳам бола учун ибрат намунаси бўлмоғи лозим. Агар фарзандимизнинг ору номусли ва иффатли бўлишини истасак, шундай муносабатни аввал ўз оиламизда ўрнатмоғимиз ва биринчилардан бўлиб, уларга намуна бўладиган ҳам бизнинг ўзимиз. Шу боисдан, уйдаги юриш-туришимиз ва иффату ҳиссиётимиз фарзанд тарбиясида муҳим унсурлардан бири саналади ва бу унсурлардан, албатта, тўғри фойдаланилмоғи зарур.
Фарзандларни қадрлаш руҳида тарбияламоғимиз лозим. Яхшилик қилишни ва яхшиликнинг қадрига етмоқликни ўз боламизга ўргатмоғимиз керак, токи уларнинг ўзлари ҳам қадрдон бўлсин;
г) Бола калтак зарбидан ёки сўкишдан қўрқмоғи эмас, балки ушбу амални содир этгандан сўнг ота-онасининг меҳру шафқатини қўлдан беришни андиша этмоғи лозим… Агар отанинг қош чимириши ва ёки она иссиқ чеҳрасининг маҳзун бўлиб қолиши болани ўзига келтирадиган бўлса, бу амални бажармоқ лозим саналади;
д) Оилада ҳурмат эгаси бўлиш жуда муҳим. Агар хонадонда бирор киши эҳтиром соҳиби бўлмаса, оила идора қилиш масаласида инқирозга юз бурмоғи мумкин. Оила бошлиғи бир киши бўлмоғи маъқул ва бунда яшаш шароити жуда муҳим.
Эркак киши оилада баъзи масалалар юзасидан хонадоннинг умумий интизомига масъул бўлади. Кўпгина масалаларда дастлаб унинг ўзи жавобгардир. Болалар ҳам уйдаги шундай масъул кишига эҳтиёж сезадилар. Агар бола масъулиятли бўлишни оиладаноқ ўрганса, ўз мустақил ҳаётида сарсону саргардонлик ва бепарволикка учрамайди;
е) Барча болаларга бир хил муносабатда бўлмоқ лозим. Ҳақиқатдан ҳам, бу мавзудаги озгина бепарволик фарзандлар ўртасида ота-она сўзининг таъсирсиз бўлиб қолишига олиб келади.
Бир болани иккинчисидан ортиқ яхши кўриш қолганларнинг рашкини уйғотади ва агар ота-онанинг фарзандларига бўлган муносабатлари бир хил бўлмаса, беихтиёр қолган акаларининг унга нисбатан нафрат ҳисси пайдо бўлишига сабаб бўлади.
Болаларингиз сизнинг фирибгарлик, ёлғончилик ва ноўрин амалларингиздан бехабар деб ўйлайсизми? Ҳеч қачон! Ўз кўзлари билан кўрган ҳар бир воқеа уларнинг хотира дафтарларида сақланиб қолади;
ё) Бола ҳар бир билиши керак бўлган нарсани билмоқлиги керак, лекин билиши керак бўлмаган нарсани билмаслиги маъқул. У руҳий қобилияти қабул қила оладиган, ўз ёшига мувофиқ бўлган керакли масалалардан хабардор, шунингдек, миллий қадриятлардан ҳам бохабар бўлмоғи лозим.
Алишер Мавлонзода,
Душанбе шаҳри,
Фирдавсий ноҳияси суди судяси.
Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон олиб бораётган ободончилик ва бунёдкорлик сиёсати маҳаллаларда тўлиқ қўллаб-қувватланаётганлиги қувонарлидир. Жумладан, Шаҳристон ноҳиясида ҳам Президентимизнинг бошлаб берган эзгу ташаббусларидан руҳланган саховатпеша юртдошларимиз талайгина. Бу ерлик бунёдкор кишилар Давлатимиз сарварининг
Муфассал...
Ўқувчиларнинг ёзги таътилларини қизиқарли ва мазмунли ўтказиш Тожикистон Республикаси Ҳукумати олиб бораётган ижтимоий сиёсатнинг асосий йўналишларидан ҳисобланади.
Шу боис ҳам, Тожикистон Республикаси Ҳукуматининг 2019 йил 1 мартда қабул қилинган 103-қарори талабаларнинг ёзги дам олиш мавсумини самарали ташкил этишга қаратилган.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015