Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ

Муаллиф: Super user Категория: ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ
Чоп этилган 11 Июн 2015 Кӯришлар: 2128
Печат

 

bolalar uyiКун пешиндан оққан маҳал. Кинолентада кўнгил уйининг ташвишлар  чанг-тўзонларини тўзғитиб, алғов-далғов қилгувчи тасвирлар ва... қўшиқ... Мусофирлик, ғариблик, етимлик... Бир қадар таниш ва оғриқли туйғулар... Чок-чокидан дарз кетган дилим парчаларининг ҳазин куй оғушида қалқишига чидай олмай, Муҳаммад Юсуф китобини варақладим. “Етимнинг қўшиғи”...

Кўзларим қароғи кипригимга узатган куйик куйлар юрак-бағримни ўртаб, овозимни баланд чиқариб шеърни қироат қила бошладим:

Ўксимагин о, юрак,

Бўлма хомуш, бўлма лол:

Менинг отам оқтерак,

Менинг онам – мажнунтол.

Мағрур, қадди басти ориятидек букилмас “оқтерак”лар, меҳру муҳаббатидек хоксор,  ҳалиму дилбар “мажнунтол”лар болаларини кўзларим билан кўришни, қорачиқларидаги дардни қароғларимга суртишни истадим. Бу куй пояндоз мисол пойимга тўшалди, унинг оппоқ оҳорлари узра оқиб кетдим. Ва ногоҳ ўзимни болалар уйи остонасида кўрдим. Юрагимдаги шу ҳазин куй уйғотган оғриққа малҳам бўла оладиган ягона маскан. Душанбе шаҳар ҳукуматига қарашли 1- мактабгача ёшдаги болалар уйи. Дарвозадан бошлангувчи ва бутун бинонинг қамраб олиб, хоналарга-да зеб бериб яшнаб ётган саноқсиз гуллар-да мунгли, кемтик дилли митти вужудларни бағрига босиб турган иморатлар устунлари-да мунгли... Менга пешвоз чиққан митти-митти қўлчалардан тутдим – қўллариммас, қалбим титради. Умид, илинж, илҳақликларнинг асл макони бўлмиш нигоҳларга нигоҳларим қоришди – дардим титради... Битта-битта кўтариб кўзларидан ўпдим, бағримга босдим – қарашлардан уққаним сатрлардан бағрим титради:

Осмонда ой ёлғиздир,

Ёлғизман мен ҳам, ахир.

Менинг опам ялпиздир,

Синглим лола қон бағир.

-“Ая, ая”- дея мурожаат қилаётганлари  - фариштасиймо мураббия Файзинисо (Акрамова)га термуламан. Ҳа, вужудидан меҳрнинг ифори уфуриб турган, бир гуруҳ болалар ва қизалоқларнинг соғинчу сўзишига малҳам бўлавериб, юраги қон бўлаёзган матонат тимсоли мураббияга таҳсинлар айтгим келади.

Хоналарга кираман. Кимнингдир йўлига кўз тикиб турган болажонлар чувиллашиб қарши олишади. Турли-туман кийимларини мақтаниб намойиш этишади. Ўйинчоқларини, каравотчаларини кўз-кўз қилишади. Аммо ҳасратим яна минг чандон ошади. Бу мақтанишлар, бу кўз-кўзлашлардан аслида мана бу сатрлар янграётгандек туюлаверади:

Тўшагим шу шўр тупроқ,

Кўрпам кўкда булутдир.

Менинг акам - улуғ тоғ,

Менинг укам бургутдир.

 

Табассумим чақмоқлар,

Ёмғирлар кўз ёшимдир.

Арслон мени ардоқлар,

Қоплон қариндошимдир...

***

-Дунёни гўзаллик қутқаради,- деган сўзни эшитиб, бироз ажаблангандим ва хаёлимда бошқа фикр пайдо бўлган эди: балки дунёни меҳр қутқарар. Бугун шу фикримга яна бир марта иқрор бўлдим. Болажонлар бошини меҳр қўллари билан силаётган маскан сарвари Руқатмоҳ Мегниева болалар уйининг шинамгина, тўкис  шарт-шароитлари билан таништирар экан, спорт майдончасини айланиб, мусиқа залига кирдик. Бир гуруҳ болажонлар куйлашдан тўхтаб, бизга салом беришди. Руқатмоҳ Мегниева ишораси билан Азиза, Нозанин, Зикриоллоҳ, Сумайя, Аъзамжон, Меҳрафзун каби бир гуруҳ болалар куйлашда давом этдилар:

Эй отажон, онажон,

Мен ҳам жигарпорангман.

Энди уйим ёт макон,

Наҳот, энди зорингман...

Эй отажон, онажон...

Чидолмадим. Қўшиқнинг давомини тинглашга ортиқ сабрим етмади. Ташқарига чиқарканман, наҳотки, бу ердаги хизмат қилаётганларда қалб бўлмаса, тоқат бўлмаса, улар мана бу мунглиғ саволларга уйқаш нигоҳларга қандай қарайди, бу юракни парчалагувчи нолишларни қандай жимгина тинглайди, дея ўйладим...

– Ҳа, чиндан ҳам эндигина ишга келган пайтларимиз чидаш қийин эди. Аммо, бора-бора болаларнинг  юрагидаги соғинчларга меҳримиз малҳам бўлишини англаб етдик. Уларга ота-оналари бера олмаган муҳаббатни биз беришга бурчли эканлигимизни билдик. Болаларнинг баъзилари ярим етим. Оталари ёки оналари гоҳ-гоҳ хабар олиб туришади. Аммо йўқламайдиганлар ҳам бор. Шукурки, орамизда саховатли, савобталаб, меҳр билан дўстлашган инсонлар ҳам кўп. Масалан, “Вечерная Душанбе” газетаси ижодкорлари болаларни боғларга сайрга олиб боришади. “Сафина” телевидениеси томонидан ҳар йили совға-саломлар келтиришади. Қарияи боло касалхонасининг кардиология бўлими ҳар йили Наврўз арафасида болалар учун байрам дастурхони безатиб, меҳмонликка чақиришади. Ва биз шу масканда меҳр улашишга вазифадор эканмиз, буни қисматимиз деб биламиз ва ҳақли равишда шу болаларнинг севимли онаси эканлигимиздан шодмиз, - дейишади Зебохон (Сулаймонова), Гулнора (Наврўзова), Шаҳло (Шамсуддинова), Хосият (Алиева) опалар.

Дарҳақиқат, болани улғайтирган, бағрида ардоқлаб вояга етказган она Онаман дейишга ҳақлидир.

***

Бир танишим мана бундай воқеани сўзлаб берганди:

– Бошланғич мактабда таҳсил олиб юрган пайтларим уйимизда бир бола пайдо бўлди. Тоғалариму холаларим ва укамнинг қаршиликлари, турткилашларига учраган шўрликнинг ота-онаси вафот этибди (сабабини ҳануз онамдан сўраган эмасман). Онам етимхонага хабар бериб, улар келгунича уйда яшаб туришини айтдилар. Кўзларида ҳамиша икки томчи ёш тўкиламан-тўкиламан, деб турган бу маҳзун норасида негадир юрагимга яқин туюлди. Бирга ўтга борадиган, ўтин терадиган бўлдик. Онам ишга кетган пайтлари унга мен меҳрибонлик қилардим. Аслида онам етимхонага хабар бермаганликларини, шу болани асраб олмоқчи эканликларини сезгандим.  Аммо бувимнинг, тоғалариму холаларимнинг қаҳру ғазаби урчиб ётган бу ҳовлига биз сиғмаймизу бировнинг етим боласи сиғармиди.

Кунларнинг бирида онам уни етимхонага бердилар. Ўзлари йиғлаб келдилар. Биз ҳам йиғладик. Ўша тун осмондаги ой ҳам етимнинг қалбидаги ҳасратлари янглиғ лим-лим тўлган эди. Уям йиғлади. Нурларини тупроқларга қориштириб йиғлади. Саҳаргача онам тўшакда тўлғаниб чиқдилар.

Тонг отгандан бошлаб, оиламизда етим боланинг номи тилга олинмади. Аммо ўтга борсам, майсалар шивирлаб  уни сўраётгандек бўлади, ўтин тергани чиқсам ҳам дарахтларнинг сап-сариқ япроқлари унинг изларини қидираётгандек заминга тўкилади. Йиғлайман, исмини айтмай, “Етим бола, етим бола” деб йиғлайман.

Орадан йиллар ўтди, аммо уни эсламаган куним бўлмади. Қаерда экан, нима ишлар билан машғул экан? Аллақачон бизни унутдимикан? Мен унга кўп яхшиликлар қилишни истагандим, мендан хафа бўлмадимикан? Уни асролмаганимдан, унга ғамхўрлик қилолмаганимдан кўнгли ўксимадимикан?”.

Болаларга термулиб турганча, ўша танишимнинг қалбидаги қайғунинг таъмини  туйгандек бўлдим.

***

Бир юзу ўттиздан зиёд етимларнинг бошини силаб, меҳр бераётган болалар уйидан чиқарканман, яна ўша ҳасратларим тоғи қалбимдан қўпорилиб, вужудим қақшай бошлади, бўзладим: “Етим бола, етим бола! Қайлардасан? Сенга ҳовучида кулча тутган, турткилашларни эшитмаслигинг учун қўлларингдан ушлаб ўтлоқларга, ўрикзор боғларга тортқилаб кетган қизалоқни эслайсанми? Етим бола! Исминг ким эди? Нега унутдим? Кўзларингдаги тўкилай-тўкилай деб турган икки томчи ёшинг ҳам  хотирамдан ўчган эмас. Эгнингдаги либосинг мисол, қалбингдаги оҳори тўкилмаган ғуссаларинг ҳам ёдимда ҳануз. Аммо номингни нега унутдим? Етим бола... Сени қалбимнинг тубида ҳануз асрайман. Сенга ҳар лаҳза Яратгандан умр сўрайман, сабр сўрайман. Етим бола...

Пиёдалар йўлагидан ўтиб бораётган сон-саноқсиз одамларга қарайман. Кўзларимдаги нафратми, ажабланишми, аламми, ўзим англаб етмаганим туйғуни нигоҳларим наштари ила юзларига санчиб-санчиб кетавердим. Бир ҳовуч меҳрини юраги тубига жойлаб қўйган сиймоларга термулавердим. Ахир, кўнгиллардаги меҳр парваришсиз қолган боғлар эмасмикан? Уларни парваришласак, мўл-кўл ҳосил бергувчи эмасмикан. Нега ўша бир ҳовучгина меҳрни парваришлаб, улғайтириб,  улашиб-улашиб, яна парваришламаймиз? Етим бола, қанисан деб сўзлагим келди. Сенга атаб дилимдагини бўзлаб-бўзлаб куйлагим келди:

Ўн саккиз минг олам кўзларингга жо,

Барига сиққулик дардсан, болажон.

Дардкашинг бўлай деб қилдим илтижо,

Қалбимда абадий гардсан, болажон.

Ғуссангга чайқадим нигоҳларимни,

Ҳам тирноқ, ажралмас этим, болажон.

Тариқдай сочдима аламларимни,

Сен эмас, аламлар етим, болажон...

 

Куйнинг пояндози узра оҳорлари тўкилмаган ғуссаларни ортмоқлаб кетарканман, Ўткир Ҳошимовнинг: «Одам ҳамма нарсага тўйиши мумкин. Фақат бир нарсага – меҳрга тўймайди. Бу масалада шоҳу  гадо баравардир», деган сўзлари хаёлимдан ўтди.  Ҳолбуки, дунёда бундан арзон нарса йўқ. Ҳолбуки, бир оғиз ширин сўз, бир чимдим меҳр ҳеч кимни ўлдирмайди! Биз эса, шуни ҳам бир-биримиздан аяймиз...

 

Тахмина МУҲАММАДСАИД, “Халқ овози”.

Суратларда пойтахтдаги 1-рақамли мактабгача ёшдаги болалар уйидан лаҳзалар акс этган.

Мамлакатимизда ижтимоий аҳвол сизнингча?

Аъло - 38.5%
Яхши - 38.5%
Ӯртача - 0%
Ёмон - 7.7%
Билмайман - 15.4%

Проголосовали: 13

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Идигул ҚОСИМЗОДА - Миллий либос менга жуда ярашади

 

Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги Хотин-қизлар ва оила комитетининг ўтган йил якунига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Комитет раиси Идигул Қосимзода бир қатор долзарб масалалар юзасидан ўз фикрларини айтди.

Ўзаро ҳурмат-эҳтиром…

Муфассал...

Аввал кассага, кейин киссага…

 

Бу дунё бозорга менгзайди…

Бунда ҳар бир нарсанинг, кўрсатиладиган хизматнинг ўз нарху навоси бор. Қийматнинг эса, кўрадиган кўзи, сийлайдиган қўли, бағишлайдиган меҳр-оқибати, эшитадиган қулоғи, раҳм-шафқатга тўла қалби, қийналадиган виждони йўқ.

Барчага бир хил…

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990475

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7477517
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
3445
4027
21130
7426653
99161
114875
7477517

Сизнинг IPнгиз: 3.133.146.94
Бугун: 23-11-2024 16:48:18

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015