Мустақил Тожикистонда Миллий армия ташкил этилганидан бери кўплаб ўғлонлар Ватан хизматига отланиб, ўз йигитлик бурчлари - ҳарбий хизматни ўтаб, яқинлари қучоғига мағрур қайтмоқда. Энг қувонарлиси, йилдан-йилга ўз хоҳиш-истаги билан Ватан хизматига отланаётганлар сони ортиб бормоқда.
Жорий йилнинг аввал баҳори – 12 март куни мамлакат Президентининг “1988-1997 йилларда туғилган ёшларни Қуролли кучлар сафига чақириш тўғрисида”ги фармони эълон қилингач, шаҳру ноҳиялар ҳарбий комиссариатларида ўз ихтиёри билан Ватан хизматига отланган юзлаб ёш йигитларнинг номлари рўйхатга олинди.
1 апрел кунидан бошлаб Суғд вилоятининг барча шаҳру ноҳияларида ёшларни ҳарбий хизматга жўнатиш маъракаси бошланди.
2 апрел куни Қайроққум шаҳридан 20 нафар ўз ихтиёри билан ҳарбий хизматга отланган ватанпарвар ёшлар Қуролли кучлар сафига йигитлик бурчларини ўташ, ватанимизнинг муносиб ҳимоячилари бўлиб етишиш мақсадида жўнаб кетишди.
Шаҳар марказида ёшларни ҳарбий хизматга кузатиш маъракаси тантанали байрамга айланди. Тадбир аввалида 45025-ҳарбий қисм аскарлари сафга тизилиб, давлатимиз миллий мадҳиясини куйлашди. Сўнг шаҳар раиси Матлубахон Амонзода нутқ сўзлаб, мамлакат Президентининг ҳарбий хизматчиларга кўрсатаётган ғамхўрликларини таъкидлади. Ёшларни Ватанимиз чегараларини қўриқлаш ва мамлакатимизда тинчлигу бирликни таъминлашда садоқат билан хизмат қилишга чақириб, уларга соғлиқ-саломатлик тилади.
Шу куни Конибодом ноҳиясидан ҳам мамлакат Қуролли кучлари сафига йигитлик бурчини ўташ учун 83 нафар йигит отланди. Давлат ҳокимияти Конибодом шаҳар ижроия органидан маълум қилишларича, шаҳар марказида жангу меҳнат фахрийлари, зиёлилар ва ўрта умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчилари иштирокида тантанали тадбир ташкил этилди. Шаҳар ижроия органи масъул ходими ўз ихтиёри билан Қуролли кучлар сафида хизмат қилишга отланган ёшларни ҳарбий хизматга жўнатиш маъракаси чинакам байрамга айланиб кетганлигини таъкидлайди.
2 апрел куни Б.Ғафуров ноҳиясидан ҳам юзлаб ёшлар ҳарбий хизматга сафарбар этилди. Ноҳия марказидаги Бобожон Ғафуров майдонида ёшларни ҳарбий хизматга жўнатиш маъракасида ноҳия раиси Абдусамад Маннонзода, вилоят ижроия органи маъмурий бўлим мудири Обид Шарифов, вилоят ҳарбий комиссари Назар Назаровлар иштирок этишди. Ушбу маърака катта тантанага айланиб кетди.
Шу куни ноҳиянинг қишлоқ жамоатларида ҳам ёшларни ҳарбий хизматга жўнатиш олдидан байрамона тадбирлар ўтказилди. Ёва жамоатида ёшларни Қуролли кучлар сафига жўнатиш маъракасида минглаб одамлар йиғилди. Ёшларни ҳарбий хизматга кузатиш тадбирида ноҳия ижроия органи ва ҳарбий комиссариати вакиллари, қишлоқ жамоати ходимлари, уруш ва меҳнат фахрийлари, интернационал жангчилар, жамоат ҳудудидаги барча умумтаълим муассасалари раҳбарлари ва юқори синф ўқувчилари, маҳалла қўмиталари раис ва фаоллари, ота-оналар ва ўз ихтиёри билан ҳарбий хизматга отланган 21 нафар ватанпарвар қатнашди. Ҳарбий комиссариатга кўнгилли равишда ёзилган бу ёшлардан 12 нафари 2 апрел куни Қуролли кучлар сафига жўнаб кетишди.
Қайд этиш лозим, Ёва жамоати ҳудудида ёшлар ва ота-оналар орасида тушунтириш ишлари олиб бориш намунали даражада йўлга қўйилган бўлиб, жамоат қишлоқлари ҳар йили Қуролли кучлар сафига даъват тадбирларини ибрат олса арзигулик даражада ўтказишади. Айни пайтда мазкур жамоат ҳудудидан юзлаб йигит мамлакатимизнинг у ёки бу минтақасида ўз ватанпарварлик бурчини ўтамоқда. Ўтган йили 26 нафар аскарнинг ота-оналари давлат ҳокимияти вилоят ва ноҳия ижроия органлари қўллаб-қувватлаши билан ўз фарзандлари хизмат қилаётган ҳарбий қисмларга сафар қилиб, фарзандлари ҳол-аҳволи ва хизмат шароити билан яқиндан танишиб қайтишганди.
Шу куни Хўжанд шаҳридан ҳам 40 нафар ватанпарвар ҳарбий хизматга жўнатилди. Ёшларни ҳарбий хизматга сафарбар этиш маъракасида шаҳар раиси Ражаббой Аҳмадзода иштирок этиб, ўз чиқишида ёшларга қарата шундай деди:
–Республикамиз Ҳукумати, мамлакатимиз Президенти Эмомали Раҳмон томонидан Тожикистон Қуролли кучларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, юқори малакали ва тажрибали мутахассислар билан таъминлаш, зобитлар сафини тўлдириш ва ҳарбий хизматчилар шарт-шароитини яхшилашга оид ишлар амалга оширилиб, ушбу соҳага алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Биз азиз халқимиз ўз чегараларини ҳимоя қила оладиган ва халқи ҳимояси учун доим тайёр бўлган армияга эга юртда тинч ва осуда ҳаёт кечиришини жуда-жуда истаймиз...
Хўжанд шаҳри раиси Р. Аҳмадзода сўзи охирида ёшларни мустақил давлатимиз Қуролли кучлари сафида ўз қасамёдларига содиқ қолиб, Она Ватан олдидаги муқаддас бурчларини шарафмандлик ҳисси ила ўташларига ишонч билдирди.
Тоғли Мастчоҳ ноҳияси эса, Қуролли кучлар сафига ёшларни чақирув баҳорги режасини, нафақат, Суғд вилоятида, балки Республикада биринчи бўлиб бажарди.
Ноҳия ижроия органидан маълум қилишларича, масъулларнинг баҳорги чақирувга алоҳида тайёргарлик кўрганлари зое кетмади. Ёшларни Қуролли кучлар сафига жўнатишнинг биринчи кунидаёқ ноҳия режаси ортиғи билан бажарилди. Режада кўрсатилган 25 нафар ўрнига 30 нафар йигит ихтиёрий равишда рўйхатга ёзилиб, 1 апрел куни мамлакат Қуролли кучлари сафида ўз бурчларини ўташ, Она Ватанга хизмат қилиш учун жўнаб кетишди.
Мамлакат Мудофаа вазирлиги матбуот маркази бошлиғи Фаридун Маҳмадалиев берган маълумотларга кўра, ўтган кузги чақирувда Хатлон вилоятининг Балжувон ва Носир Хусрав ноҳиялари биринчилардан бўлиб режани бажаришганди.
Суғд вилояти ҳарбий комиссари сиёсий-тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари Илҳом Бониёзовнинг берган маълумотларига биноан, айни пайтда вилоят шаҳру ноҳиялари баҳорги чақирув режаси, ўртача олганда 50 фоизга етган. Вилоят комиссариатидан эса, режада кўрсатилганининг 35 фоизи илк кузатишдаёқ бажарилган эди.
Суғд вилояти шаҳру ноҳияларидан мамлакат Қуролли кучлари сафига чақирилган ёшлар Душанбе шаҳри, республика бўйсунишидаги ноҳиялар, Хатлон ва ТБМВдаги ҳарбий қисмларда хизмат муддатини ўташи айтилмоқда.
Ҳарбий хизматга чақирилган ёшлар икки йиллик, агар олий маълумот эгаси бўлса бир йил, хизмат муддатини Тожикистон Республикаси Қуролли кучларининг жойлардаги ҳарбий қисмларида, шунингдек, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг чегара қўшинлари, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги ички қўшинлари, Республика Ҳукумати қошидаги Фавқулодда ҳолатлар ва фуқаролар мудофааси комитети қўшинлари, Адлия вазирлиги жиноий жазо ижроси Бош бошқармаси посбонлик бригадаси сафида ўтайди.
Кузатувчилар фикрича, юқорида қайд этилган барча тизимларда ҳарбий хизматчилар учун қулай хизмат шароити яратилганлиги сабабли ўз ихтиёри билан мажбурий ҳарбий хизмат муддатини ўташ мақсадида мамлакат Қуролли кучлари сафига отланаётган ёшлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Озод МЕЛИБОЕВ,
“Халқ овози”.
Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон ташаббуси билан Тожикистон Республикасининг "Тожикистон Республикасида анъаналар, тантаналар ва маросимларни тартибга солиш тўғрисида"ги қонуни қабул қилиниши мамлакатимиз ҳаётида бир қанча маданий-ижтимоий ўзгаришларни юзага келтирди.
Сўнгги ўн йилдан зиёд вақт давомидаги тажриба мазкур қонун доирасида маърака ва тантаналарни тартибга
Муфассал...
АЗИЗ ТОЖИКИСТОН
Тожикистон – она юртим, кўксимдадир номинг сенинг,
Эзгу ният, меҳру – шафқат тонг ила шоминг сенинг.
Қайда бўлсам сен билан мен, сен билан умрим обод,
Қайда бўлсам мен биландир пайку пайғоминг сенинг.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015