Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ

Муаллиф: Super user Категория: ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ
Чоп этилган 30 Декабр 2014 Кӯришлар: 3196
Печат

 

Бу ҳаётда ҳар бир кишининг ӯз ӯрни, ӯз сӯзи ва ӯз қадри бор. У қайсидир хислати ёхуд ибратли ҳаёти билан кишилар қалбидан ӯрин олади. Ҳаётда ӯзидан муносиб из қолдириб яшайди. Рӯзиқул Боймуродов ҳам шундай инсонлардан. У киши заводда оддий мутахассис бӯлиб ишлайди. Спорт доимий машғулоти. У гарчанд, шоири замонлик талаб қилмаса-да, шеърлари одамлар қалбидан жой олган. Суҳбатдошимиз бир неча йиллардан буён ТАЛКО давлат унитар корхонаси газ тозалаш ускуналарини таъмирлаш цехи устаси ва корхона қошида фаолият юритиб келаётган «Перевал» спорт клубида енгил атлетиканинг марафон тури билан шуғулланади. Дунёнинг турли мамлакатларида Тожикистон шарафини юқори кӯтариб, улкан ютуқлар билан юртимизга қайтган киши.

Рӯзиқул ака билан суҳбатлашган одам унинг гурунгидан баҳра олади. Янги йил арафасида  шундай файли мулоқотлардан бири тафсилотини сиз азиз муштарийларга ҳам илиндик.

dust-Рӯзиқул ака, ҳаётда нимани кӯпроқ қадрлайсиз?

-Энди сизга нима десам экан, одам ёши ӯтган сайин қадр тушунчасини кӯпроқ англаб етаркан. Ёшликда қадрлай олмаган кӯп нарсаларни теранроқ эъзозлай бошларкансан. Бу сирли равишда одамнинг дилида армон янглиғ муҳрлана бораркан. Бу армон кундан-кун катталаша бориб, одамнинг елкасидан бир оғир тошдек босаркан. Шунда беихтиёр «оҳ» деворади киши. Биласизми, бу қисқа умрда одам ӯз ҳатти-ҳаракатлари билан атрофидаги кишилар кӯнглига озор бериб яшамасликнинг ӯзи катта бахт, жӯнгина одамийлик муносабатларини ӯрганиш маънавий билим ҳисобланаркан. Мен англаб етган фалсафа шуки, дӯстлик биродарлик ва тинчлигу осойишталикнинг қадрига етиб яшашлик улкан бахт. Яна шундай ӯзингга хос армонлар бӯладики, уни ҳеч ким билан бӯлишгинг келмайди.

Талотумли бу дайру фанода ҳамма замонлар бӯлгани каби халқлар дӯстлиги – биродарлиги олдинги фонга қалқиб чиқмоқда. Шукрки, юртимизда тинчлигу фаровонлик ҳукм сураётир. Муҳтарам Президентимиз Эмомали Раҳмон сиёсати қадимий дӯстлик анъаналарининг давоми сифатида намоён бӯлаётир. Дунё аҳли орасида Тожикистон Республикаси Президентининг тинчлик сиёсати, деган иборалар пайдо бӯлди. Ва бу сиёсатнинг натижаси ӯлароқ, кӯп эзгу ишлар тарихга айланди. Дӯстлик, биродарлик туфайлигина жамиятда тинчлик барқарор бӯлади. Дунё аҳли аро ӯзбек билан тожикнинг дӯстлиги узоқ-узоқ ӯтмишларга бориб тақалади. ӯтаётган йилда ҳазрати Абдураҳмон Жомий таваллудининг 600 йиллиги жуда кӯтаринки руҳда нишонланди. Бу тантаналар давомида улуғ боболаримиз Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий каби зотларнинг дӯстликни қадрлашлари бир неча марта тилга олинди, эътироф қилинди. Мен Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий дӯстлиги ҳақида ӯқирканман, Жалолиддин Румий ва Шамс Табрезийлар дӯстлиги эсимга тушади. Қаранг, бу зотлар ӯзларининг беғараз дӯстликлари билан тарихда қолишди. Орадан неча асрлар ӯтган бӯлмасин, одамлар бу дӯстликка ҳавас билан қарашади. Биз шулардан ӯрнак олиб, ӯз ҳаёт мезонларимизни, беғараз дӯстлик мезонларига уйғунлаштиришимиз керак.

Тожикистон халқ шоири Саидали Маъмур ӯз битикларида худди шу буюк алломалар дӯстлиги орқали бизни жаҳон аҳли тан олганини қайд этади:

Жомий, Навоий бирла танитди дунё,

Хешу табору ёрдир ӯзбегу тожик.

Истиқболи йӯлида жадал юришда,

Бир-бирига мададдир ӯзбегу тожик.

(Ӯлмас Жамол таржимаси).

Дарвоқе, шоир мисраларида келтирилган хешу таборлик худди бизнинг оиламизга атаб ёзилгандек. Менинг раҳматлик онам тожик миллатига мансуб эдилар. ӯзбекистонда дафн этилганлар. Руҳлари шод бӯлсин.

Раҳматлик отам ӯзбек миллатидан бӯлиб,  охират манзиллари Тожикистон заминидадир. Бобомнинг боболари ҳам шу юртда яшаб ӯтганлар. ӯзим ӯзбек мактабида таҳсил олганман, оилам эса тожик аёли. Шундай экан, бизларни, фарзандларимизни қандай ажратиб бӯлади. Ахир, бу халқлар эту тирноқдай бӯлиб кетган эмасми?

Ҳа, ӯзбек ва тожик халқларининг ибтидо бешиги бир жойдан. Улар бир-бирига ёру мададкор ва хешу табор бӯлиб кетганлиги ойдин ҳақиқатдир. Бу ҳолатни мен туғилиб ӯсган Шаҳринав ноҳиясида умргузаронлик қилиб келаётган, Турсунзода шаҳри ҳудудида ӯзим меҳнат қилаётган «Тожик Алюминий ширкати» давлат унитар корхонаси жамоа аҳли орасида яққол ҳис этаман. Тӯю маъракаларда давра суҳбати ва гурунглар, кӯча-кӯйда ӯзбек ва тожик тилида бирдек: тожик миллатига мансуб  кишилар ӯзбекча, ӯзбек миллати намояндалари эса тожик тилида эркин ва озод гапираверади. Улар бир-бирлари билан шу қадар чатишиб кетишганки, баъзан қай бири қайси миллатга мансуб эканлигини англаёлмай қоласан. Ҳамид Олимжон бу икки халқ тӯғрисида шундай деган экан: «Биз бир қориндан талашиб тушган халқларнинг вакилларимиз. ӯзбеклар тожиклар билан бир ҳовлида яшаб келганлар. Бизнинг халқимиз бир-биридан қиз олиб, қиз бериб қуда-қудағай бӯлиб келганлар. Бизнинг боболаримизнинг қабрлари жуда яқин қӯйилган. Чӯпонларимиз Ҳисор тоғларидан қӯй ҳайдаганлар. Аждодларимиз бир мадрасада ӯқиганлар. Боболаримиз бир-бирига атаб китоб ёзганлар. Йигитларимиз бир майдонда улоқ чопганлар. Уруғларимиз бир-бирига чатишиб кетган. Халқларимизни бир-биридан ажратиб бӯлмайди…»

Юқорида сиз берган саволга жавоб шуки, биз ҳаётда қадрига етишимиз керак бӯлган унсурлардан бири шу қадимий дӯстликдир. Агар мумкин бӯлса, дӯстлик борасида ёзган бир шеъримни сизга тортиқ қилсам.

-Марҳамат.

-Узоқда Ванждан иншои нома этиб,

Изҳори дил айлабон дӯстлик томон.

Хасталик ғурбатин ёнингдан қувиб,

Менинг тожик оғам бормисан омон?!

Дилбасталик жону қонингда бордир,

Иймону инсофда тенги йӯқ авлод.

Дӯстим Шамшод, номинг дилимда ёрдир,

Меҳру садоқатинг қалбим этар шод.

Хокимиз бир, бирдир дину диёнат,

Биродарим қисматимга ёрмисан?

Ватан бӯйлаб эсди шамоли Ваҳдат,

Озод юртда мамнун бахтиёрмисан?..

-Рӯзиқул ака…

-Кечирасиз, ҳали биринчи саволингизга жавобим тугамади. Тожигу ӯзбек халқларининг мустаҳкам дӯстлиги ҳақида гап кетганда, Тожикистон халқ шоири Камол Насруллонинг нафис мисралари отахон шоиримиз ӯлмас Жамол таржимасида ӯзгача жаранглайди. Мана, тинглаб кӯринг:

Бир иймоннинг пайванди, фарзанди мусулмонмиз,

ӯзбегу тожик эмас, парвардаи бир нонмиз,

Бир чеҳрада икки кӯз, бир сойда икки соҳил,

Бир уйда икки устун ва ёки жуфт айвонмиз.

Ҳамсояю қисматдош, ҳамхонаю исматдош,

Борлиқ аро қоришган бир тан ила бир жонмиз.

Шаҳринг менинг шаҳримдир,

                                    наҳринг менинг наҳримдир,

Умум мозор ичида, ӯлсак агар ниҳонмиз.

Бир уйу тӯйимиз ҳам, суратда сийратимиз,

Бир орзу қӯш қаноти, парвозига дармонмиз…

Мен шуни қайд этишни хоҳлардимки, дӯстликни мустаҳкамлаш, ӯзбек халқига нисбатан иззат-икром кӯрсатиш борасида Давлатимиз бошлиғи Эмомали Раҳмон олиб бораётган оқилона сиёсат ибратлидир.

Сӯнгги йилларда ҳурматли Президентимиз Турсунзода шаҳрига бир неча бор ташриф буюриб, шаҳримизнинг 1 май (ҳозирги Т. Тӯйчиев) жамоатида жойлашган Алишер Навоий номли мактаб очилишида шахсан иштирок этдилар. Дӯстлик ва Тожикистонда яшовчи турли миллат вакилларига ҳурмат кӯрсатиш, хусусан, ӯз она тилларини ҳурмат қилиш ва уни қадрлашлари борасида ҳикматомуз сӯзларни айтдилар. Турсунзода халқи, алалхусус, машҳур боғбонлар Камол ҳожи Мадумаров, Неъмат ҳожи Усмоновларнинг ҳалол меҳнатларига юқори ва муносиб баҳо бердилар. Демак, юрт ободлиги, унинг тараққиёти йӯлида қилинган ҳалол меҳнат ким бӯлишидан қатъий назар, юқори баҳоланаверади. Бу эса, ҳурматли юртбошимизнинг дӯсту биродарлик, тинчлик сиёсатининг ёрқин намунасидир.

-Сиз билан дӯстлик ҳақида суҳбатлаша туриб, гапларингиз маъносидан юртимиздаги барқарор тинчлик ва осойишталикдан, осмонимиз софлигидан мамнун эканлигингиз баралла акс этиб турибди… 

-Албатта, фурсатдан фойдаланиб дӯстлик, биродарлик, тинч-тотув яшашлик борасида баҳоли қудрат фикрламоқчиман. Лекин сиз саволларингиз билан фикрларимни бӯлиб юборяпсиз (ҳазил). Энди бу соҳада кӯп гапириш мумкин. Чунки, биз дӯстлик борасида узоқ ва бой тарихга эгамиз. Дӯстлик бор жойда тинчлик бӯлади. Ҳозир дунёда экстремизм ва терроризм каби мудҳиш тушунчалар қулоч ёймоқда. Мисол учун БМТнинг охирги ҳисоботига кӯра, қарийб беш минг киши Украинадаги қуролли қарама-қаршиликлар оқибатида ҳалок бӯлишган. ӯн минглаб киши турли хил жароҳат олишган. Юз минглаб кишилар хонумонидан ажраган. У ердаги инфратузилмалар издан чиққан. Тараққиёт неча ӯн йиллар орқага сурилиб кетди. Куни кеча Покистоннинг Пешоваридаги террорчилик оқибатида 148 нафар мактаб ӯқувчилари ҳалок бӯлишди. Уларнинг ҳам яшашга ҳақлари бор эди. Мана сизга бесару сомонлигу нотинчлик оқибати…

Юртимиз Тожикистонда осойишталикни барқарор этишда ҳурматли юртбошимиз Эмомали Раҳмоннинг тинчлик йӯлидаги сиёсатини халқимиз чин юракдан қӯллаб-қувватлайди. Бу олижаноб инсоннинг мамлакатда тинчликни ӯрнатиш ва шу бараварида, унинг тараққиёти йӯлидаги хизматлари беқиёслигини яна бир бор эслатмоқчиман.

Бу тинчлик қадрини юртимизнинг оддий фуқаросидан тортиб, дунё ҳамжамияти аҳли ҳам яхши билади, қадрлайди ва юксак баҳолайди. Республикамизнинг илк мустақиллик кунларидан бошлаб, то ҳозирга қадар юрт тинчлиги, ободлиги, дея сарф этилган чексиз меҳнат ва машаққатлар эса тарих саҳифаларида ӯчмас из қолдиради.

Аллоҳга шукр, халқимиз тинч ва хотиржам. Ҳамма яратувчанлик меҳнати билан машғул. Ҳеч ким оиласи ва бола-чақаси тинчлигини ӯйлаб хавотирланмайди. Тӯқсонинчи йиллар таҳликаси ӯлароқ, хавотирга тушмайди. Чунки, халқ бир умр муроса ва тинчлик тарафдори бӯлиб келган.  Осуда ҳаёт кечириб, фарзандлар камолини кӯраётган, ишлаб чиқариш корхоналари, боғ-роғлар, ӯзларига тегишли хусусий ерлар, деҳқон хӯжаликларида меҳнат қилишаётган, осмонӯпар бинолар, юксак тӯғонлар, биллурдай равон кӯчалар қураётган, корхона ва ташкилотларда фидойилик кӯрсатаётган халқимиз юрт тинчлиги ва ободлигидан шукроналар қилишади. 

-Агар адашмасам, сизнинг иккита шеърий тӯпламингиз чоп этилган. Ҳозирги кунда шеърият, умуман, адабиёт ҳақида нималар дея оласиз? Ҳозир чоп этилаётган прозаик ёки шеърий асарларнинг савияси қай даражада?

-Биласизми, мен шоирлик даъво қилмоқчи эмасман. Устоз шоирлардан бири «Шоирлигим ёлғондир, аммо Фузулий ғазалига қизиқишим рост», деган эканлар. Мен аслида, бадиий адабиёт мухлисиман. Бу мухлислик шу савиядаки, гоҳо ӯзим ҳам қалам тебратиб тураман. Менинг шеърларимга ӯқувчилар холис баҳосини беришади, деб ӯйлайман. Фикримча, бизда назмдан кӯра насрда қалам тебратаётган ижодкорлар сермаҳсулроқдек. Прозамизда Жӯрақул Ажиб, Эшмуҳаммад Донохонов, Абубакр Асоев, Искандар Маҳмадалиев, Абдужалил Ғафуров, Абдуҳафиз Мирзааҳмедов, ӯринбой Усмонов, Ҳасан Эрбобоев, Ҳуснинисо Аҳмедова каби ёзувчиларимизнинг асарларини эҳтиром қиламан.

Шеъриятга келсак, Асқар Маҳкам, ӯлмас Жамол, Абдулло Зуҳур, Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим, Авлиёхон Эшон, Саид Жамол, Зулфия Бобоева, Мунаввара Ойматова, Абдулло Саидов, Ҳасанбой Ғойибов, Абдулвоҳид Алматовларнинг шеърияти шайдосиман.

ӯзини шоирман, ёзувчиман, деб атаб юрганлар кӯп. Бироқ, менинг қалбимдан ӯрин олган ижодкорлар юқорида зикр этганларимдир. Мен албатта, Тожикистон адабий муҳитини назарда тутяпман.

-Тӯғри, бу фақат сизнинг хулосаларингиз. Энди айтинг-чи, бадиий ижодда сизнингча нималар етишмаётир?

-Адабий танқидчилик етишмайди. Илгарилари бирор-бир прозаик ёки шеърий асарлар баҳс-мунозараларга сабаб бӯларди. Танқидчиларимиз ӯзларининг холис баҳоларини беришарди. Ҳозир-чи, танқидчилик соҳаси умуман йӯқ ҳисоби. Борлари ҳам асар буёқда қолиб, ижодкор шахсиятидан кир қидиради.

- Адабий танқиднинг вазифаси дидларни ӯстириш ва бадиий-эстетик саводхонликни тарбиялашдир, - деган эди таниқли адабиётшунос И. Ғафуров. 

Ҳозир бировнинг асарларини ӯзлаштириб эълон қилаётган ижодкорлар ҳам талайгина. Чоп қилинаётган китобларни қӯя турайлик. Китоб чиқариб, шуҳратпарастликка интилиш иллати урфга айланиб кетди…

- Спорт – тинчлик элчиси, дейишади. Машҳур шоирлар, ёзувчилар, олимлар қатори спортчилар ҳам ӯз мамлакатларини дунёга танитганлари сир эмас. Дунёнинг қайси гӯшасида бӯлмасин, халқаро мусобақаларда ғолиб спортчилар шарафига ӯз мамлакати мадҳияси баланд янграйди ва Ватани байроғи юқори кӯтарилади. Сиз дунёнинг кӯплаб мамлакатларида марафон мусобақаларида қатнашгансиз. Сизда ҳам шундай ҳолатлар юз берганми?

-Дарҳақиқат, чет элларда ҳар бир мамлакатнинг  давлат байроғи олий даражадаги расмий учрашувларда ҳамда ғолиб спортчилар шарафига юқорига кӯтарилади. Биз спортчилар бундан фахрланамиз. «Тожик алюминий ширакати» давлат унитар корхонаси қошидаги «Перевал» ҳаваскор югурувчилар клубининг аъзосиман. Ҳаваскорлар клуби бӯлишига қарамасдан, ӯзининг 35 йиллик фаолияти даврида бу жамоа неча ӯнлаб кучли спортчиларни тарбиялаб, халқаро мусобақаларда қатнашиш даражасига етказди. Соҳибжон Шарипов, Нозимжон ва Шокиржон Эрматовлар, Баҳодир Боймуродов, Муҳиддин Фахриддинов, Сотиболди Ҳайитов сингари марафончиларимиз Тожикистон терма жамоаси таркибида жаҳоннинг турли мамлакатларидаги халқаро мусобақаларда совринли ӯринларни эгаллашиб, юртимиз шарафини ҳимоя этишди.

Бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Москва халқаро тинчлик марафонида қатнашиш учун 1999 йили «Перевал» клубининг 13 нафар аъзоси Россия пойтахти Москва шаҳрига етиб бордик. Мусобақа ташкилий қӯмитаси жойлашган муҳташам бино ҳовлиси саҳнида марафон қатнашчилари бӯлган турли мамлакатларнинг байроқлари ҳилпираб турарди. Бироқ, уларнинг орасида бизнинг байроғимиз кӯринмасди. Биз ташкилий қӯмита қайдидан ӯтиб, шахсий рақамларни олдик. Бино ташқарисига чиқиб, не кӯз билан кӯрайликки, биз ҳужжатларимизни расмийлаштиргунга қадар, ташкилотчилар томонидан юртимиз байроғи кӯтарилган эди. Жаҳоннинг юзга яқин давлатлари байроқлари қаторида бизнинг давлатимиз байроғи ҳам ҳилпираб турганини кӯриб, юрагим тасвирлаш қийин бӯлган даражада ифтихор туйғусига тӯлди.

Бу фахр туйғуси бизни олға ундайди. ӯшанда биз минглаб югурувчилар орасида совринли ӯринларни эгаллагандик.

-Халқлар дӯстлигининг мустаҳкамланишида, бирлик, ватанпарварлик ва тинчлик ғояларини тарғиб этишда спортнинг ӯрни ёхуд сиз аъзоси бӯлган «Перевал» клуби жамоаси қандай эзгу ишларни амалга оширишмоқда?

-Клубимизда мактаб талабасидан бошлаб 70 ёшли табаррук отахонлар, умуман, 60 нафардан зиёд турли миллат вакиллари югуриш машғулотлари билан шуғулланади. Спорт бу, саломатлик гарови ҳамдир. Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги Ёшлар, спорт ва сайёҳлик комитети томонидан «ТАЛКО» давлат унитар корхонаси раҳбарияти ташаббуси билан тез-тез дӯстлик ва ваҳдатга бағишланган катта-катта марафон югуриш мусобақалари ташкил этилади. Биз бундай мусобақаларнинг бир нечтасида қатнашдик. «Турсунзода-Хӯжанд», «Турсунзода-Кӯлоб», «Турсунзода-Роғун» каби югуриш марафонлари шулар жумласидандир.

Айниқса, 2009 йилда ташкил этилган «Мурғоб-Хоруғ-Кӯлоб-Қӯрғонтепа-Душанбе-Истаравшан-Хӯжанд» 14 кун давом этган 1412 километрлик улкан марафон мусобақасида қатнашганим ҳеч қачон эсимдан чиқмайди. Биз тинчлик ва бирлик тимсоли сифатида кӯтарилган жонажон Тожикистонимиз байроғини Бадахшон, Хатлон, Суғд вилоятлари ҳамда республика бӯйсунишидаги ноҳиялар, умуман, 25 шаҳар ва ноҳиядан олиб ӯтиб, 27 июн – Миллий бирлик байрами муносабати билан Хӯжанд шаҳрига ташриф буюрган муҳтарам Президентимиз Эмомали Раҳмонга топширдик. Мамлакат Президенти спортчилар билан суҳбатлашар экан, бирлик ва ободлик йӯлидаги ҳатти-ҳаракатлар ёхуд ташкил этилган байрамона мусобақа учун миннатдорчилик билдирдилар. Биз югуриб ӯтган масофа схемасини ва байроқни тарихий ҳодиса сифатида баҳолаб, музейга қӯйишга кӯрсатма бердилар. Бу воқеалар, давлат бошлиғи билан бӯлган суҳбатимиз ва ундан олган таассуротларим ҳали-ҳануз мени тарк этган эмас. Мусобақа мобайнида босиб ӯтган йӯллардаги юртимизнинг чиройи мени ӯзига янада мафтун айлади. Ич-ичимдан тожикистонлик эканлигимдан фахрландим. Ифтихор билан шуни айтишим мумкинки, юртим кенгликларини, унинг муқаддас тупроғини пою пиёда кездим. Республикамизда яшовчи кӯплаб миллат ва элатларнинг одамийлик ва меҳмондӯстлиги дунёнинг ҳамма ерида ҳам топилавермайди. Халқимизнинг тинчликсеварлик ва ватандӯстлик хислатлари инсонийлик фазилатлари сифатида улуғланади.

Бадахшоннинг осмонӯпар тоғлари, Хатлоннинг уфққа туташиб кетган ҳудудсиз далалари, Суғднинг серҳосил боғу роғлари дилни энтиктиради, шодлик бағишлайди.  Дунёларга жар солиб: -Бундай ВАТАН қаерда бор?- дегинг келади.

Энтикдим эркинлик шаббодасидан,

Истиқлол нурларин қучайин Ватан.

Жамолинг нуридан баҳра ололган,

Гуллар ифорини ҳидлайин Ватан.

Ҳуррият шуъласи қалбимда чироқ,

Орзулар ушалган давронсан Ватан.

Боғингда гуллару ниҳол ҳам япроқ,

Зикрингни ӯқиган боғбонсан Ватан.

Дӯстлик биродарлик қомусин битиб,

Ҳур юртим ҳамиша шодликка шонсан.

Оппоқ келажакни чӯнг мақсад этиб,

Олға одимлаган ота маконсан.

-Янги йил арафасида газетхонларимизга тилакларингиз…

-Мен 2015 йил халқимиз учун баракотли йил бӯлишини Яратгандан тилаб қоламан. Келаётган янги йил бундан кейин ҳам юртимиз тинчлик-осойишталик макони бӯлсин. Халқимга омонлик, ушалмай қолган орзулари ушалишини истайман.

 

Эркин Шукур, «Халқ овози».

 

Мамлакатимизда ижтимоий аҳвол сизнингча?

Аъло - 38.5%
Яхши - 38.5%
Ӯртача - 0%
Ёмон - 7.7%
Билмайман - 15.4%

Проголосовали: 13

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Сифатли уруғ – мўл ҳосил гарови

 

Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон таъкидлаганидек, суғориладиган ерларда илм-фан ютуқлари асосида пахта ҳосилдорлигини ошириш, енгил саноат ривожининг асоси ва кўплаб иш жойлари манбаидир.

Эътибор берайлик, Вахш водийсида пахтачилик соҳасидаги вазият яхши томонга юз тутмаяпти. Чунки репродукцияси стандартга мувофиқ

Муфассал...

Кўнглимга бир ёр топмадим…

 

Назм азалдан кўнгил мулки бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Шоир учун ҳар бир инсоннинг ўзи бир китоб. Шеъриятга ошно кўнгиллар оташин сўзлар мубталосига айланиб юришади. Абдуқодир Алимаҳмадовни Турсунзода шаҳрида шеърият, қўшиқ шайдоларининг кўпчилиги яхши танишади, иззат- икром этишади. Абдуқодир Алимаҳмадов узоқ йиллар Турсунзода, қолаверса, республикада донғи кетган «Навбаҳор» ансамблига раҳбарлик ҳам қилган.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990442

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7477444
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
3372
4027
21057
7426653
99088
114875
7477444

Сизнинг IPнгиз: 3.147.205.19
Бугун: 23-11-2024 16:45:21

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015