Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАСР

Муаллиф: Super user Категория: НАСР
Чоп этилган 19 Феврал 2018 Кӯришлар: 2077
Печат

 

farosat 2018Университет таҳсили давомида бир устоз беш йил мобайнида беназир Абдулла Қаҳҳорнинг қуйидаги сўзларини ёддан айтиб, бизниям шу парчани беихтиёр ёд олишга мажбур этганди:  «Шеър – фикр экстракти бўлиши жиҳатидан ҳикмат, кўнгилга йўл топиши, ундан ўзига ҳамоҳанг садо чиқариши жиҳатидан мусиқа. Шеър – ошиқнинг оҳи, мусибатдийданинг кўз ёши, саодат ва сурур ифодаси бўлган қаҳқаҳа товуши. Шеър – кўнгилнинг ойнаси, кўнгилда нима

бўлса, шу акс этади. Шеър – маъсум гўдак, риёни билмайди. Риё бўлган ерда шеър йўқ. Шеър – бир мўъжиза. Унинг мўъжизалик сирларидан хабардор бўлиш, бу сирларни жиловлаш ҳар кимга ҳам муяссар бўлавермайди. Бунга эришиш учун зеҳн, сабр ва меҳнатдан бошқа яна нимадир керак. Поэзия - юксак санъат». Устознинг қатъий талаби билан кўр қори каби бу сўзларни ёдлаб олдик. Мазмун-моҳиятига эътибор ҳам бермадик. Аммо... Яхши СЎЗни танишни ўргангач, бу сўзларнинг қийматини тушуниб етдим.

Бугунги бозор иқтисоди даврида кузги беқадр хазонлар каби ҳамма ёқни китоблар босиб кетди. Истасанг-истамасанг, кўзинг таҳриру таҳлил кўрмай чиққан китобларга тушади. Уларни китоб, дейишдан кўра, китобмас, дейиш осон. Чунки нашр бўлган китобларнинг барчаси мазмун жиҳатдан бадиийлик мезонларига жавоб бера олмайди. Қуйида мен ана шундай китобларнинг атиги тўрттасига бир назар ташлашни лозим топдим. Муаллифлар номини айтмай, фақат китоблар номини бериш билан кифояландим. Сабаби: «яхши отга бир қамчи». Китоблар Суғд вилоятида 2017 йили нашр қилинган. Фақат биттаси 2014 йили чоп этилган. Муаллифларнинг иккитаси «ёш талант», иккитаси ўзини катта шоир, деб билади. Бизнинг бу кузатишлар Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Танқид-сараламоқдур» сўзларига амал қилишдан келиб чиқмоқда. Ҳазрати Беҳбудий айтадилар: «Ёзилган китобларни маънан тафтиш этиб, ундаги нуқсонларни баён этмак танқиддур, таарруз ва душманлик эмас... Янги рисолалар хийла босилиб турибдир, жаридаларда мақола ва ашъорлар ёзилиб турибдир, аммо ҳануз танқид даврига етишганимиз йўқ».

Ана шу маънода қуйидаги кузатишларга душманлик кўзи билан қараманг, муҳтарам муаллифлар.

Биринчи муаллифимиз китоби «Кетсанг гар йироқ...» деб номланади. Муқова ёш ҳаваскорнинг ўз расми билан безалган. Нашриёт кўрсатилмай, Хўжанддаги «Аврангзеб» кичик корхонасида 300 нусхада чоп этилган. 60га яқин шеър ва наср (4та кичик насрий, шундай аташ жоиз бўлса, парчалар)дан иборат жажжи китоб. Атак-чечакни ўрганаётган гўдакни ҳаммамиз кузатганмиз. Ушбу жажжи китоб ҳам шунга ўхшаш таассурот қолдиради кишида. «Шеър», деб шеърхонга тақдим этилган машқлар шеърликдан йироқ, оддий ҳаваскор машқлари бўлиб, ёшлик дафтарида ёзилиб, кейинроқ унутилиб юбориладиган «ўлдим-куйдим» дарди, холос. Масалан, «Тўйга бордим», деб номланган шеърига диққат қаратайлик:

Тўйга бордим, сени ахтардим,

Тополмай ёр, ортди оҳ-воҳим.

Нега йўқсан бугунги тўйда,

Ўртанар дил минг хаёл-ўйда.

Саволлар кўп жавобсиз бироқ, 

Билсанг сенсиз қийнайди фироқ.

Келмадингми ё кўринмадинг?

Кўринишга ё уринмадинг…

Тўйга бордим, сени ахтариб... (Тиниш белгилар айнан сақланган – М. О.)

Шу тарзда «бечора ошиқ» дарди ҳоли давом этади. «Жажжи китоб» деярли мана шундай машқлардан иборат. Бу навқалам шеър ёзиш фақат қофия ва туроқларни тўғри қўллашдан иборат, деб ўйлайди, шекилли. Китоб аксари шундай ҳис-туйғулар билан тўлиб-тошган «машқлар»дан иборат. Шеър фақат қофиябозлигу туроқбозлик эмаслигини бу навқалам билмаслиги мумкин, аммо китобга муҳаррирлик қилишни зиммасига олган одам, албатта, билиши шарт. Бу бир. Иккинчидан, бундай «машқлар» машқ дафтарига хослигини, ҳали китоб бўлишга муносиб шеъри йўқлигини бу навқаламга тушунтириш кифоя эди.

Иккинчи «навқалам” китоби “Саман минган санамман”, деб аталади. Китоб 2017 йил, Хўжанд шаҳрида, «Меърож» нашриётида, 200 нусхада чиққан. Шеърлар мутолаасидан олдин китоб сўзбошидаги парчага эътибор берайлик: “Унинг равон ўқиладиган, таъсирли ва мазмунли, чиройли бадиий “либос”лар билан безатилган оҳангдор ва мафтункор шеърларини китобхонлар илиқ кутиб олдилар.” Китобга нақ 13 бетлик сўзбоши ёзилиб, “шоира” шеърлари таҳлилу талқин этилган. Биз қуйида ўз таҳлилимизни ҳавола этамиз.

Онажоним, онажон

Ёлғизгинам, бир донам,

Биттагина дурдонам.

Босган изи мардонам,

Дилга мадор, танга жон,

Онажоним, онажон.

Боласини кийдирган,

Оқ сут бериб тўйдирган,

Ойдин қадам қўйдирган,

Йўлим этган нурафшон,

Онажоним, онажон…

Онажоним, онажон! (Тиниш белгилар айнан сақланган – М.О.)

Шеърни ўқувчи нигоҳи билан кўрайлик. Дастлаб ўқиганда, кўз олдимга 1-синф ўқувчилари келди. Фақат уларгина шунақа шеърларни ёдлаб айтиши мумкин. “Ёлғизгинам, бир донам”, деяпти шоира. Она икки дона бўлганини ким кўрган? Юқоридаги таъкид нимани билдиради? “Ойдин қадам” деганда шоира нимани назарда тутган? Шеърдаги мазмун саёзлиги бир тараф, мантиқсизлик иккинчи тараф. Қўлига янги қалам ушлаган ҳаваскор ҳам бунақа машқ қилмаса керак. Китобга ном бўлган шеърдан бир парчага ҳам назар солайлик.

Саман минган санамман

Жозибали кенг осмон,

Атроф гулу чаманзор.

Менга жуда меҳрибон

Бор эди бир самантой.

Тойга меҳр қўйганман,

Саман минган санамман.

Қувнашиб бир икковлон

Қир-адирни кезардик.

Бир-бировнинг бир жаҳон

Меҳр тафтин сезардик.

Шоҳи дашти даманман,

Саман минган санамман...

Мен - шеърхон. Менга жозибали кенг осмон нималигини шоирами ё айни, шу китоб муҳарририми тушунтириб беришсин. Той билан саманнинг бир-биридан фарқи борлигини шоира ё муҳаррир билармикан? «Той отнинг икки яшардан кичик боласи» (Ўзбек тилининг изоҳли луғати, Тошкент, 1981, 2-том. 197 бет). «Саман оч малла, сомон ранг (от туси). Шу тусдаги от» (Ўзбек тилининг изоҳли луғати, Тошкент, 1981, 2-том. 15-бет). Тойга меҳр қўйиб, саманни миниб кетиб бораётган чавандозни тасаввур қилингу олинг. Ва “дашту даман”да қувнашиб, кезиб юрган икковлон(той ва санам) “бир жаҳон меҳр тафти”ни сезган. Нима демоқчи шоира? “Бир жаҳон меҳр” мантиққа тўғри келадими? Меҳрнинг ўлчови борми? Бундай мантиқсиз жумлалар, ғализ ўхшатишлар китобда ғиж-ғиж.

Учинчи китоб “Кундузнинг кўзлари” (Хўжанд, Наби Фахри матбааси, 2017, 200 нусха), деб номланган. Китобнинг илк саҳифасидаги шеър “Тунга қасида”, деб аталади.

Мен тундан кечаман Сен кечган кеча,

Кечаман дарахтнинг Шитирлашидан.

Бизни ёд этади сокин, бўш кеча,

Кечаман йиғлатган ғам тарошидан.

Қучаман бўшлиқни ўзгани қучсанг,

Учаман кўчангдан масту мастона.

Сен менинг руҳимдан

                                        ғолиброқ кучсан,

Енгиб ўтолмайсан Ёлғизлик - она.

Енгиб ўта олмас нидоман, нидо...

Рости. Шеърхон сифатида мен “ғам тароши”, деган иборани тушунмадим. Лирик қаҳрамон нега маъшуққа “Сен менинг руҳимдан ғолиброқ кучсан”, деб яна ўзига ўзи қарши бориб, “Енгиб ўтолмайсан. Ёлғизлик -она”, деб маъно ғализлигини келтириб чиқарган. “Тунга қасида” тўкилмаган, аксинча тўқилган битикка ўхшайди, назаримда. Бунинг каби тўқилган битиклар “Юрак – уфққа бош қўйган қонталаш қуёш”, “Оҳимдан отилган аччиқ фарёдим”, “Яна бир зум туринг, жимгина туринг”(“Шовқинламанг”, Чўлпонни эсланг) каби қатор шеърларда кўзга ташланади. Афсус, қофия-ю туроғи ўз ўрнида маҳорат билан қўлланилганига қарамай, мазмундаги мантиқсизликлар бу китобга муваффақият келтирмаган.

Тўртинчи китоб 2017 йилда чиққан китобларга 2014 йилдан кийдирилган тож каби. “Бурунлар ва думбалар”(ҳажвий шеърлар). Ғафуров, 2014, 200 нусха. “Гулшан” компютерлик марказида чоп этилган. Ушбу китоб муқовасининг ўзиёқ қуйидаги таърифни оқлаб тушади. Вулгаризм (лотинча vulgaris — қўпол, содда, жўн ва vulgus - халқ, оми, оломон сўздан олинган) — анъанавий стилистикада оддий сўзлашувда қўлланиладиган, аммо адабий тилнинг стилистик қонунларига тўғри келмайдиган сўзлар. “Агар ҳаё қилмасанг, хоҳлаган ишингни қилавер”, дейилади ҳадиси шарифда. Ушбу китоб ҳам айни ҳаёсизлик маҳсулидир. Мисолга диққат қилинг:

Бурун (бурни борлар ўқимасин) (?! – таъкид бизники М.О.)

Дунёда гўзаллар кўп,

Чиройли улар бурни.

Барно йигитларнинг ҳам (?)

Бордур ўз бурунин ўрни.

Қишда шарт-шурт қоқамиз,

Ёзда чирт-пирт қоқамиз.

Билсанг ёрга кўз эмас,

Бурун билан ёқамиз.

Қирра бурун аёллар,

Юрагимни ёқади.

Қилич бурун йигитлар

Мардлик билан балқади(?)...

Ғовак бурунлар машҳур

Ичи кўриниб турар.

Гўё чашма, гўё нур

Суви кўриниб турар...

Бу ҳолва. Думбанома бундан-да “зўр”.

Баданимда гўёки Қора бурга ўрмалар.

Хаёлимни олади

Дунёдаги думбалар...

Қориндумба йигитлар

Полвон бўлар, албатта.

Қориндумба аёллар,

Яшар тож-тахтда...

Гарчанд китоб ҳажвий шеърлар номи остида чиққан бўлсаям, юқоридаги каби маза-матрасиз шеърлар на сатирик, на юмористик шеъриятга мансублиги билан шоирнинг фикрлаш сатҳи ва “шоирона иқтидорини” алайно ошкор кўрсатиб турибди. Китоб ичидаги бурун ва думба тасвирлари адабий савиясизликнинг ёрқин мисоли. Китобдаги шеърлар сатирик шеърлар эмаслигини қуйидаги иқтибос билан асосладик: “Сатира (гр. турли, аралаш сўзидан) сатира, ҳажв. Ижтимоий ҳаётдаги нуқсонларни, айрим шахс ёхуд социал гуруҳларга хос камчиликларни қаттиқ масхаралаб, танқидий руҳ билан ёзилган асар”  ( Н. Ҳотамов, Б. Саримсоқов. Адабиётшунослик терминларининг русча-ўзбекча изоҳли луғати. Тошкент: Ўқитувчи, 1983, 288-бет). Шунингдек, “Бурунлар ва думбалар” китобига киритилган шеърлар юмористик шеърлар сирасига ҳам кирмайди. Бу асос яна шу муаллифлар китобидан келтирилаётган иқтибос: “Юмор (инглиз. намлик, суюқлик) ҳазил-мутойиба. Кенг маънода ижодкорнинг ёки умуман, шахснинг воқеликка бўлган муносабатини ифодаловчи тушунча... Тор маънода юмор комиклик туғдирувчи воситалардан бири ҳисобланади” (Н. Ҳотамов, Б. Саримсоқов. Адабиётшунослик терминларининг русча-ўзбекча изоҳли луғати. Тошкент: Ўқитувчи, 1983, 373-бет).

Китобга туппа-тузук ижодкорлар сўзбоши-ю сўнгсўз ёзишганини нима, деб аташ кераклигини узоқ ўйладим. Улар муаллифнинг юзидан ўтишолмагандир, аммо оддий шеърхоннинг юзига қандай қарашни ўйлашмадими?

Юқорида қисқа таҳлиллари келтирилган шеърларни китоб қилиб чиқариш ёки чиқармаслик учун шеърий фаросат ва фиросат, шунингдек, адабий ҳаё керак. Ҳолбуки, бетакрор Чўлпон таърифлаган: “Адабиёт ҳар бир миллатнинг ҳисли кўнгул тарихининг энг қоронғу хоналарида маишат(тирикчилик)нинг кетишига қараб ҳар хил тусда ва рангда етишган, файзли тил бирла тақдир этула олайдирғон бир гулдир” (“Адабиёт надур?” мақоласидан). Энди айтинг-чи, азиз ўқувчи, бу аллома сўзидан кейин юқоридаги шеърларнинг “адабиёт”га дахли борми?

 

Мунаввара ОЙМАТОВА,

шоира, филология фанлари номзоди, Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи аъзоси.

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

ҚИТЪА МИҚЁСИДАГИ НУФУЗЛИ ТУРНИР

 

Эртадан кейин, яъни 18 август куни Индонезиянинг Жакарта ҳамда Палембанг шаҳарларида «сариқ қитъа»нинг энг нуфузли турнири - XVIII «Осиё ўйинлари- 2018» мусобақаларига старт берилади.

Мазкур мусобақаларда Тожикистоннинг 100 нафар вакили, жумладан, 80 нафар спортчи иштирок этади.

Муфассал...

Кесарево жарроҳлиги

 

Ёхуд тиббиёт соҳасидаги баъзи нохуш кўринишлар хусусида

Азиз Ватанимиз мустақиллик йилларида ҳар томонлама гуллаб-яшнади. Турли соҳалар ривожу равнақ топди. Буни ҳеч ким инкор этолмайди. Бироқ баъзи соҳаларда ҳанузгача камроқ бўлса-да, негатив ҳолатлар кўзга ташланади. Айниқса, тиббиёт соҳасида бундай камчиликлар кўзга ташланса, бирам хунук кўринарканки…

Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990716

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7477974
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
3902
4027
21587
7426653
99618
114875
7477974

Сизнинг IPнгиз: 3.145.164.47
Бугун: 23-11-2024 17:10:55

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015