Журналистика соҳасидаги фаолиятим давомида давримизнинг кўплаб машҳур кишилари, жамоат ва сиёсат арбоблари, дипломатлар, вазирлар ва бошқа таниқли шахслар билан учрашиб, очерку мақолалар, эссе-ю интервюлар ёзишимга тўғри келган. Шулардан икки нафарининг матбуотга муносабати менга алоҳида таассурот бағишлаган эди.
Биринчиси – Доғистон Республикасининг собиқ Президенти Рамазон
Абдулатипов. Ушбу юксак лавозимни эгаллашидан илгарироқ у Россия Федерациясининг Тожикистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси бўлиб ишларди. «Замондош» газетаси раҳбариятининг топшириғига биноан, Р.Абдулатипов билан мулоқот уюштиришим зарур эди. Махсус каналлар орқали атоқли дипломат билан боғландим. Билдимки, у хасталикка чалиниб, қизғин иш фаолияти анчайин чеклаб қўйилган пайт экан. Лекин элчи каминанинг раъйини синдирмади. «Мен соғлиқни тиклаш йўлида анча-мунча юмушларни иккинчи ўринга суришим мумкин, аммо бу илтимосингизни ерда қолдиролмайман, - дея лутф этди у киши. - Чунки журналистлар давр ва ҳақиқат жарчиларидир».
Иккинчи худди шундай хайрихоҳликни элимизнинг ардоқли фарзанди, боғбонлигу соҳибкорлик илми пирларидан бири турсунзодалик Ҳожи Камол Мадумаровнинг муносабатида кузатдик. Мўътабар отахон кўпдан бери безовта қилиб келаётган оёқ оғриғидан фориғ бўлиш учун беморхонага қатнаб даволанаётган дамлар эканига қарамай, ўша куни касалхонага бормай, бизнинг муродимизни ҳосил қилди.
Сирасини айтганда, қаламкаш биродарларимиз йиллар давомида ишлаб чиқариш жараёни-ю кўрсаткичлари ҳақида савол беравериб, ҳожи бобони хўп чарчатишган. Бинобарин, биз бу сафар бошқача йўл тутдик. Машҳур соҳибкорнинг сокин хотиралари, ўй-кечинмалари, орзу-армонларини билгимиз келди. Натижада қуйидаги ошкора ва самимий мулоқот қарор топдики, уни сиз, азиз муштарийларнинг эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз.
- Ҳожи бобо, Сиз эл назарида ниҳоятда кўнгли очиқ, хушчақчақ ва дилбар инсонсиз. Бу ниманинг ифодаси: азалдан шундай характерга эгамисиз ёки ҳалол меҳнат орқали топилган қадр ва эътибор нишонасими?
- Саволингизга нима деб жавоб беришгаям ҳайронман. «Ҳа», дея жавоб қайтарсам, ўзимни мақтаганга чиқиб қолмасмикинман… Сираси, мақтов кимга ёқмайди дейсиз! Агар у ўринли бўлса, самара келтиради. Йўқса, инсон камолоти йўлидаги ғовга айланади. Бизнинг ишимизниям тез-тез олқишлаб туришади. Бу менга ҳар гал одамийлик ва ишбошилик масъулиятини кучайтиришга навбатдаги чорловдек бўлиб туюлади. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Зеро, шахсий манфаат учун эмас, кўпчилик хизматига камар боғлаган одамнинг юраги эл-юрт ташвишлари-ю интилишлари билан ҳамоҳанг тепиши, умумнинг кўксига шамол теккан онлардагина ҳаловат туйиши лозим, деб ўйлайман.
Лекин сиз тилга олган хулқим раҳматли ота-онамдан мерослиги рост. Падари бузрукворим Муҳаммадумар Зайлонов хушхулқ, ростгўй, кишининг кўзига тик қараб гапирадиган, кулса, сидқи дилдан яйраб куладиган, ўзини қадрлаш баробарида, ўзгаларнинг қадрини ҳам яхши биладиган одам эди. Ҳамёни бутун инсонларнинг боласи бўлганликлари учун бир умр йўқчилик гузарларини четлаб ўтган. Биз, фарзандларини ҳам шундай умргузаронлик қилишга даъват қиларди. «Ҳамиша тўғриликка таянинглар. Ҳалол меҳнат – фаровонлик калити. Ҳеч қачон ишдан қочманглар. Фақат Худодан қўрқиб яшанглар. Ана ўшандагина кўнглингиз нурга тўлиб, юзингиз ёруғ бўлади!» - деган дил сўзларини у қулоғимизга ҳам, бунисига ҳам тез-тез қуйиб турарди, раҳматлик.
Волидаи муҳтарамам Хадичахон Абдуллаева ҳақидаям узундан-узоқ гапириб беришим мумкин. Бироқ вазиятдан келиб чиқиб, фақат шуни айтмоқчиманки, жаннати онам дадамга қуйиб қўйгандек муносиб аёл эди. Катта рўзғор юмушларидан боши чиқмаса-да, зинҳор нолимасди. Қўллари қадоқ эди. «Рўзғор омочи»ни отам билан бирга тортишга ярарди. «Дадангдан ўрган. Дадангдай бажар. Дадангнинг чизган чизиғидан чиқма….» дегани-деган эди. Хўш, энди айтинг, шундай бир тарбия ва ибрат шароитида биз, ўғил-қизлар «бошқача» бўлиб улғайишимиз мумкинмиди?! Тиниб-тинчимаслик орқасидан камчилик кўрмадик, ҳайтовур. Баъзи бировлар ярим чин, ярим киноя, ярим ҳайрату ярим ҳасад билан айтадиган: «фалончининг егани олдида, емагани ортида»,- деган андишаларни орқа-олдига қараб гапирадиганлар ҳеч гоҳ ёқламайдилар. Ҳалол таомнинг таъмини ҳалол тер тўкканларгина билишади!
- Совет тузумининг кўпгина афзалиятлари билан бир қаторда, унинг халқ ҳаётидаги салбий оқибатлари ҳам оз бўлмаганлигига тарих гувоҳдир. Жумладан, асоссиз қатағонлар, «қулоқчиликка барҳам бериш» кампанияси ва ҳоказо кўргуликлар шулар жумласидандир. Хусусан, «қулоқлик қисмати» сизларнинг оилангизга ҳам «бегона бўлмаганлиги»дан огоҳмиз. Шулар ҳақида нима дея оласиз?
- Қисмат тушунчасини ҳар ким ҳар хил талқин қилади. Айрим кишилар: «Тақдирдан қочиб қутулолмайсан», деб «уқтирсалар», бошқалари: «Пешонангга нима ёзилган бўлса, ўшани кўрасан»,- дея такрорлашдан чарчамайдилар. Элчиликка хос лафз экан, бунақа гап-сўзлар беихтиёр ўзимизнинг ҳам оғзимиздан чиқиб туради. Аммо масала моҳиятига теранроқ назар ташласак, тушкун бир манзарани кўрамиз. Ўзингиз ўйлаб кўринг: бундан чиқди, минг чиранганим билан пешонамга ёзилганидан бошқа нарсани кўрмайман деганча, Яратганнинг марҳаматига кўз тикиб, қўлни қовуштириб ўтираверишимиз керак экан-да?! Бунақа кайфиятдаги кимсалар эрта бир кун «пешонаси шўрлиги»дан нолишга ўтишса-ю бундан сиз ажаблансангиз, мен асло ажабланмайман.
Мен Худо берган тақдиридан шукр қилиб яшайдиган инсонлар тоифасига мансубман. Ишимиз бошимиздан ошиб-тошиб ётганлиги сабабли, илмий китобларни ўқиб туришга фурсатим йўқ. Шунга қарамай, эшитганим борки, баъзи руҳшунослару қисматшуносларнинг таъбирича, ҳаёт йўлларининг қай зайлда қарор топишига ҳар қайси шахс хоҳиш-мақсадларининг ўзи замин яратар экан. Оддий фуқаро тили билан айтганда, бу – ниятингга яраша кўрасан, деган маънони англатади. Шундай экан, азалий турмушга эш бўлган катта-ю кичик муаммолар, қийинчиликлар ва тўсиқлар олдида эсанкирамасдан, эрта-ю кеч Худони дилга жо қилиб, ёруғ хаёллару порлоқ режалар оғушида олға интилаверишга нима етсин?!. Айтмоқчи, мен қисмат масаласига берилиб, асосий мавзудан жиндай узоқлаша бошладим шекилли…
- Йўқ, йўқ, ҳаммабоп фикрларни айтаяпсиз. Давом этаверинг…
- Шундай қилиб десангиз, дадамнинг ишбилармонликлари, омилкорликлари ва Оллоҳ берган бошқа хислатлари туфайли омборимиз буғдойга тўла, оғилу қўрамизда семиз ва бўлиқ моллару қўй-қўзилар кавшаниб ётарди. Турган гапки, бундай тўкислик ҳамма «тенг ва эркин яшаши» белгилаб қўйилган йўқсиллар жамияти турмушига мутлақо ёт эди.
Ўтган асрнинг 28-йиллари эди чоғи, юзлаб, минглаб қулоқлар сафида Фарғонанинг Олтиариқ районидан мана шу ёқларга қараб йўлга чиқдик. Дастлаб Шаҳринавга келиб жойлашдик. Кўп ўтмай, Регар районининг Виждон қишлоғига (Жданов, демоқчи - муаллиф) кўчиб келдик. Ўшанда ҳозирги сўлим манзаралар, гўзал иморатлар қаёқда эди, дейсиз. Чор-атрофда қуёш нурида жизғанак бўлган тепаликлар, ёввойи ва йиртқич ҳайвонлар манзили, турли хасталиклар ўчоғи саналган қамишзорлар ястаниб ётарди. Теваракни бирмунча эпақага келтириб, яшаш ва ишлаш учун лоақал жўн шароитни яратиш йўлида барисига чидаб, эрта-ю кеч тиним билмай тер тўкиш талаб этиларди…
- Осмон узоқ, ер қаттиқ эди, денг?
- Маъзур тутасиз, бу фикрингизгаям қўшилолмайман. Бу мақолни ҳам, юқорида тўхталганимдек, ожизу нотавон кишилар ўйлаб чиқаришган бўлса, ажабмас. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, ўшанда муҳожирларнинг кўкни яқин, заминни юмшоқ қилишга қодир шашти бор эди! Балки давлатнинг сиёсати-ю муайян шарт-шароит одамларни шунақа матонат ва шижоат кўрсатишга ундагандир. Яна билмадим… Пастқам, пахсадевор уйларда истиқомат қилардик. Ўнгимиз тугул, тушларимиздаям ер билан олишардик. Шу тариқа катта-катта майдонлар текислана борди. Чакалакзорлару қамишзорлар аста-секин чекиниб, пировардида йўқликка юз тутди. Деҳқончилик уюштириладиган ерларга сув чиқарилди. Ҳазрати деҳқоннинг достонларга арзигулик жонбозлиги Худойимга хуш келди, шекилли, она - заминнинг мана шу гўшаларини ростакамига жаннатга ўхшатиб қўйди. «Биҳиштмонанд ўлкам…» - деб фахрланишимиз ана шундан.
Дадам бодринг, помидор ва бошқа сабзавот экинлари етиштиришнинг ҳадисини олган миришкор эди. Парник остида (иссиқхонада) экин ўстириш ҳам ўша даврда одат тусига кирганди. Кечагидек ёдимда. Масалан, етиштирилаётган бодринг ниҳоллари устига кечки пайт клёнка ёпилиб, қуёш чиқиши биланоқ, очиб қўйиларди. Деҳқончиликнинг бунақа «йўл-йўриғи»ни ҳали билмаган одамлар шу ишлар бажарилаётган маҳалда атрофдаги тепаликларга чиқиб ўтирволиб, «тажриба орттиришарди». Ҳовлимиз олдида устун кўтариб, узум ҳам етиштирардик. Унинг маълум қисми мақбул шароитда сақланиб, қишда сотиларди. Қандай қилиб дейсизми? Масалан, узум бошлари симларга махсус равишда ўзаги қуриб қолмайдиган қилиб осилар, кечаси «узумхона»нинг эшик-дарвозалари очиқ турар, эрталаб эса, беркитилиб қўйиларди. Бу ҳолда маҳсулот сифати бинойидек сақланарди.
Ўтган асрнинг 70-йилларигача бу теварак-атрофда узум кам экиларди. Кейин аста-секин кўпая борди.
- Ақлини таниган давридан бошлаб, соғлом ва яратувчилик муҳитида жавлон уриб, улкан ҳаёт ва фаолият тажрибасини орттирган сиздай нуктадон инсон нега олий маълумот кетидан «қувмаганлигингиз» кишини бироз ажаблантиради...
-Аввало айтиб қўяй: «олий маълумот эгаси» ҳақида гап борганида, қандайдир диплом ёки чиройли муҳр босилган ялтироқ ҳужжат соҳибини кўз олдимизга келтирмаслигимиз керак. Ишонинг, юзлаб олтин сандиқлари ҳали очилиб, очилмаган мана шу сеҳрли замин, мана шу саховатли боғ-роғлару бепоён экинзорлар мен учун чинакам институт, чинакам академия бўлиб келган эди ва бўлиб қолади. Мустақиллик шарофати билан ерлар ўзининг ҳақиқий эгаларига, яъни замин билан тиллаша оладиган ишбилармонларга тақсимлана бошлангач, кўпчилик қатори менинг олдимда ҳам «бор ҳунаримни кўрсатиб», халқимга ва Ватанимга фойда етказишнинг катта истиқболлари очилди. Аввалига узумчилик билан шуғулланиш учун 5 гектар ер олган эдик. Ишимизнинг натижасига қараб, деҳқон - фермер хўжалигимиз йилдан-йилга кенгайишга ўтди. Ҳаммасини ўзингиз кўриб турибсиз. Бошқасини гапириб ўтирмайман…
- Эндиликда Сизнинг раҳнамолигингиз остида тўнғич фарзандингиз ҳожи Муҳаммадамин бошқараётган «Боғи Сомон» деҳқон фермер хўжалиги худудида аҳолининг асосий қисми тўқ - фаровон ҳаёт кечирмоқда. Лекин кенгроқ миқёсда сўз юритсак, «бой» ва «камбағал» тушунчаси ҳамон яшовчандир. Буни қандай изоҳлаган бўлардингиз?
- Оддий мисол келтираман. 1991 йили дадам ва Тойиб тоғам билан биргаликда қариндош-уруғларни йўқлаб, Фарғонага бордик. Йўл-йўлакай, ўша, бир пайтлар ўзимиз ташлаб чиқиб кетган уйимизга ҳам бош суқиб ўтдик. Отамнинг хонадони қулоқ қилингач, бу гўшани эгаллаб олган кишилар қўрқиб кетишди. Рангларининг қони қолмади. Дадамнинг таъбирича, уйларини қайтариб олгани келишган, деб ўйлашди шекилли. Энг қизиғи, ҳовли-жой қадимги аҳволда эди. Бирор-бир ўзгариш бўлмаган. Унда яшаётганларнинг кийим-боши йиртиқ-ямоқ, кўзлари кишига мўлтираб боқарди. Биз уларга соғлик, омонлик тилаб, қўзғалдик. Қолганини ўзингиз тушуниб олаверинг. Ҳа, қимирлагангина қир ошади. Қимирлашга бўйни ёр бермаганлар эса, беҳуда атрофга аланглаб, ёрдам кутиб, жовдираб қолаверадилар.
- Ҳожи бобо, ижозат беринг, ёзғувчилигимга бориб, дилимдан тилимга кўчган яна бир образли иборани айтишга журъат этай. Яъниким, борлиқ яралганидан бери, сайёрамизнинг ўз ўқи ва офтоб атрофида мунтазам айланиши ўлароқ, ҳар куни қуёш тоғлар ортига «юмалаб кетаверади». Аслида эса, Қуёш ботмайди. У ўз тизимидаги юлдузларга, жумладан, Ерга илиқлик, барҳаётлик бағишлаб, атрофидаги сайёраларга нисбатан бир жойда мудом нур таратиб туради. Шу маънода камина жойи келса, ўзидан ҳам кечиб, ўзгалар учун ёниб-жўшиб яшаётган инсонларни ҳеч бир муболағасиз ана шу қуёшга қиёслагим келади. Буни қуруқ ҳамду сано деб ўйласангиз, гапимни қайтариб олганим бўлсин…
- Бу ўхшатишингиз кўз ўнгимда улуғ юртбошимизнинг қиёфасини жонлантирди. Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон, чиндан ҳам, мамлакатимизни буюк эврилишлар ўзанига чиқара билган, дунё миқёсидаги жараёнларга дахл эта олган беназир йўлбошчидир. Давлатимиз сарвари билан ҳар гал юзлашганимда, қучоқлашиб кўришганимда, руҳимда битмас-туганмас юксалишни, кундалик ҳаётга, шоён меҳнатга янгича иштиёқни ҳис қиламан. Президентимизнинг ўзаро муомаладаги оддийлиги, самимийлиги, барчага нисбатан дўстона хайрихоҳлиги мени доимо ҳайратга солиб туради.
Баъзан ёқимли ўйларга толиб қоламан: жамолини оламга кўз-кўз қилса арзийдиган Ватаним бор. Ялангтўш ва закий халқим бор. Дунё меҳробига кўтарилган муаззам Президентимиз бор. Юзимни ерга қаратмайдиган, орияти бутун, маърифатли ўн нафар фарзандим бор. Ниманики орзу қилсам, Тангри таоло қўшқўллаб бериб турибди. Бир оддий инсонга бундан ортиқ яна нима керак?! Ўзига шукр, минг карра шукр…
- Мана шу ойдин ҳислар сизни тоабад тарк этмасин. Ҳамиша сарбаланд бўлиб юринг.
- Йўқлов учун сизга ҳам ташаккур. Қаламингиз доимо бурро бўлсин!
Абдужалил ҒАФУРОВ, Турсунзода шаҳри.
Кўзларимиз нимқоронғиликка кўниккандан кейин ҳужра ичкарисида озғиндан келган кампирнинг миқтигина жуссаси кўринди. Унинг қорачадан келган ориқ юзларидаги ажинлар бўртиб чиққанди. У муштдеккина, хотиржам, бамисоли сояга ўхшаб кетарди. Агар унинг бошида кўпчилик кекса лақай аёллари бошига олиб юрадиган минорага ўхшаш дўмпайган бош кийими бўлмаганда, биз уни пайқамаган бўлардик.
Муфассал...
Қосим Мамажонов - атоқли адиб ва журналист, А. Лоҳутий номидаги мукофот лауреати, Тожикистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.
"Ёрқин зиналар". "Ота қўшиғи", "Бу сирли олам", "Ғўлакандоз чинорлари", "Зиндонбанд қарчиғайим" сингари китоблар муаллифи. Хотира ҳафталигида ҳурматли адибимизни эслар эканмиз, унинг 10-15 йилча бурун ёзган очеркларидан бирини эътиборингизга ҳавола этишни ихтиёр этдик.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015