Панжакентдан Самарқандга ўтиш йўли. Чегаранинг у томонида ҳам, бу томонида ҳам ўтувчиларнинг ҳисоби йўқ. Чегарачилар уларни очиқ чеҳра билан кутиб олиб, тезда ҳужжатларини тахт қилиб беришяпти. Иккала тарафда ҳам йўловчиларни ташувчи машиналар қаторлашиб турибди. Чегарачилар ҳамда божхона ходимларининг илиқ ва самимий муносабатларини кўриб, севиниб кетдим.
Самарқанд сари йўл олдим. Кўчаларда «Тожик ва ўзбек-икки тилда сўзлашувчи бир халқ», «Дўстлигимиз абадий бўлсин!» деган шиорлар, иккала давлат сарварларининг портретлари кўзга яққол ташланиб турарди.
Чегаранинг икки томонида ҳам одамлар нарх-навонинг пасайгани ва савдо-сотиқ ишлари юришиб кетганидан хурсанд.
Ўзбекистонлик оддий халқ Тожикистондан электр қуввати келганини алоҳида бир хурсандлик билан тилга олишарди. Халқ орасида Миллатимиз пешвосига нисбатан меҳр-муҳаббатнинг кучли эканлиги сезилиб турарди.
Бугун Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон ва Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёевнинг оқилона сиёсати туфайли, тожик ва ўзбек халқлари дўстлиги, қўшничилик муносабатларида янги давр бошланганлиги, айниқса, ўттиз кунгача визасиз режимнинг жорий этилиши, иккала республика чегарасидаги тўсиқлар олиб ташланганлиги, эркин борди-келдининг йўлга қўйилганлиги тожикнинг ҳам, ўзбекнинг ҳам қалбига шодлик ва севинч ҳисларини олиб кирганлигини ҳар қадамда кўриб, сезиб турибмиз. Бундай қўшничилик муносабати минг-минглаб кишилар қаторида менинг ҳам юрагимни тўлқинлантириб, кўнгил уйимни нурафшон қилиб юборганлигини сўз билан ифодалаш қийин, албатта.
Панжакент ва Самарқанд оралиғи бор-йўғи ярим соатлик йўл экан. Ўзбекистон Ёзувчилар иттифоқининг Самарқанддаги бўлими, «Зарафшон», «Овози Самарқанд» вилоят газеталари ходимлари билан учрашдим.
Ўша куни Ўзбекистон Халқ шоири Азим Суюннинг 70 йиллигига бағишланган тадбир ўтказилаётган экан. Тантанали йиғилишдан аввал Самарқанднинг қоқ марказида тожик ва ўзбек халқлари дўстлигининг рамзи сифатида ўрнатилган Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйиш маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, атоқли таржимон, таниқли адиб ва зукко мунаққид Иброҳим Ғафуров тожик ва ўзбек халқлари дўстлигига тамал тошини қўйган икки буюк зот - Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоийнинг буюк хизматларини эсга олиб, бу дўстлик дарахти ҳозир ҳам гуркираб ўсаётганлигини ўзгача бир ҳаяжон билан сўзлаб берди.
Ўша куни замонавий тожик адабиёти асосчиси, буюк адиб Садриддин Айнийнинг Самарқанддаги уй-музейини томоша қилдик.
- Шу йилнинг март ойида бўлиб ўтган Тожикистон ва Ўзбекистон Президентлари учрашуви чоғида, - деди Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси илмий ходими Амриддин Пўлатов, - Ўзбекистон Ҳукумати домла Айний уй-музейини таъмирлаш учун давлат ҳисобидан маблағ ажратгани, шунингдек, Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий ҳайкали қайта таъмир қилинганлиги учун Тожикистон Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга ўз миннатдорчилигини билдириб, айни маҳалда, Душанбеда Алишер Навоий номидаги боғ бунёд этилиши ва унда бу икки буюк сиймо ҳайкали ўрнатилишини айтганини оммавий ахборот воситалари орқали эшитиб, хурсанд бўлган эдик. Ҳозир домла Айний уй-музейини таъмирлаш тадбирлари режаси ишлаб чиқилган. Ана шу режага кўра, ишчи гуруҳи тузилган. Домла Айний уй-музейини таъмирлаш ва реконструкция қилишда қуйидаги жиҳатлар ҳисобга олинган: уй-музей таъмирдан чиққандан сўнг, ободонлаштириш ишлари давом этади. Бу ерда замон талабига жавоб берадиган ахборот технологиялари ўрнатилиб, уй-музей веб-сайти фаолияти йўлга қўйилади. Уй-музей ҳовлиси адибнинг бюстини ўрнатиш учун торлик қилгани боис уни ҳовли ташқарисига чиқариш назарда тутилган. Бу эса, ўз навбатида домла Айний уй-музейига келувчилар, сайёҳлар сонининг кўпайишига сабаб бўлади. Чунки улуғ адибнинг уй-музейи унга кирмасданоқ ташқаридан намоён бўлиб туради. Бундан ташқари уй-музейда сақланаётган буюм-ашёларни асл ҳолатда сақлаш жуда муҳим. Шу боис, буюмларни алоҳида хонада жойлаштириб, унинг ўрнига макетларини қўйиш назарда тутилган. Шунингдек, катта зал замонавий тарзда қайтадан таъмирланиб, у ердан асарлар намойишгоҳи, адиб ҳаёти ва фаолиятига доир тасвирлар жой олиши режалаштирилган.
Буюк адиб Садриддин Айний таваллудининг 140 йиллиги муносабати билан музей-қўриқхона лозим даражадаги қўшимча материаллар билан бойитилмоқда. Шунингдек, бу чора-тадбирлар орасида музей-қўриқхона васийлигида «Овози Самарқанд» вилоят газетаси билан ҳамкорликда домла Айний ҳаёти ва ижоди ҳақидаги энг яхши мақолаларни тўплаб, китоб шаклида чоп этиш назарда тутилган.
Сафаримнинг эртаси куни домла Айний туғилган Бухоро вилоятининг Ғиждувон ноҳияси томон йўл олдим. Соктаре қишлоғида домла Айнийнинг «Эски мактаб» китобида тасвирлаб берилган бино - эндиликда уй-музейига айлантирилган экан. Музейга кириладиган эшикнинг бир четига машҳур тожик шоири Боқий Раҳимзоданинг қуйидаги тўртлиги зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйилган:
Ўзбек ва тожикнинг бирдир авлоди,
Йигитлари паҳлавон, қизлари нозик.
Ким кўрса, тўсатдан сўраб қолади,
Биродар сен кимсан, ўзбекми тожик?
Музей ходими, домла Айнийнинг авлодларидан бири Робия Сайфуллоева музей тарихи, унинг яқинда таъмир қилиниб, керакли материаллар билан таъминланганини мароқ билан сўзлаб берди.
Биз Бухородан бир олам таассурот билан Самарқандга, сўнг Панжакентга қайтар эканмиз, одамларнинг визасиз борди-келди йўлга қўйилганидан хурсанд эканликларини ҳар қадамда сезиб турдик.
Ҳа, тожик ва ўзбек халқлари дўстлиги муҳтарам Президентимиз Эмомали Раҳмон таъкидлаганидек, Худонинг амри биландир. Бу дўстлик уфқлари тобора ойдинлашиб боришига шак-шубҳа йўқ.
Сулаймон Эрматов, Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи аъзоси,
Душанбе-Панжакент-Самарқанд-Бухоро-Душанбе.
27 апрел- 2 май 2018 йил.
-Қизим, мойчироқнинг пилигини тозаладингми?
-Ҳа, ойижон.
-Ичига керосин солдингми?
-Ҳа.
-Шишасини-чи, шишасини тозаладингми?
Муфассал...
Хатлон вилояти раиси Қурбон Ҳакимзода Кўшониён ноҳиясида фуқароларнинг кўчма қабулини ўтказди. Дастлаб вилоят раиси уч нафар меҳнат фахрийларининг уйига ташриф буюриб, уларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатди.
Сўнгра давлат ҳокимияти Кўшониён ноҳияси ижроия органи мажлислар залида вилоят раиси фуқароларнинг арзу шикоятларини тинглади. Кўчма қабул жараёнида вилоят ва ноҳия масъул раҳбарлари иштирок этишди.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015