Ватан - ҳар мавжудот бинога келиб, ўз борлиғи, тақдирини боғлайдиган муборак замин. Муқаддас маъво…
Одам боласининг киндик қони тўкилган тупроқ ишқи, айнан, ўша лаҳзалардан, унинг қони-жонига қоришиб, бутун вужудига сингиб кетади.
Шунинг учун ҳам, инсон зурриётининг қалби мудом ана шу табаррук
Замин - жонажон Ватанига талпинади. Унинг бир сиқим тупроғига нисбатан қондош, жондошликдек улуғ туйғуни ҳис этиб яшайди.
Тупроғини кўзига тўтиё айлайди. Унга бўлган муҳаббати етмиш икки томирида қон бўлиб оқади.
Бани башар Ватанини ўзига қанча яқин олса, қалбида меҳрини навозиш этса, тирик жон сифатида тасаввур қилади. Унга фарзандлик садоқати юрагидаги жавҳар туйғуга айланади.
Бежизга, Ватанни онага менгзамайдилар. Зеро, инсоннинг она, Ватан олдида хизмат қилишдек қарздорлик бурчи ҳам фарз, ҳам қарз.
Шаъну шараф, ору номусдир…
Инсон ўзлиги, борлиғи ва тақдирини Ватанининг бир сиқим тупроғи билан чамбарчас боғласа, унинг ҳимояси йўлида, ҳатто, жонини аямай, нисор этса, элнинг ардоғида абадий яшайди.
Спитамену Темурмалик, Широқу Муқанна, Нусратулло Махсум, Тўйчи Эрйигитов…
Бундай муборак номлар рўйхатини узоқ давом эттириш, мартабали исмлар мунчоғини хотира ипига шода-шода маржон янглиғ тизиб чиқиш мумкин.
Дарҳақиқат, халқлар ўзининг чинакам ўғлонлари билан бир умр фахрланиб келган. Уларни наслнинг гавҳари санаган.
Бежизга йигитни мустаҳкам қалъа, саломат қўрғонга қиёсламайдилар.
Чунки кўкси қалқон йигитлар - элу юртига келган балоларни қайтарувчи - балогардон…
Шу кунларда Тожикистон Қуролли кучлари сафларига баҳорги чақириқ жараёни қизғин олиб борилмоқда.
Бугунги дунё сиёсат саҳнида юз бераётган алғов-далғовликлар, турли бузғунчи ҳамда зўравон гуруҳларнинг қабиҳликларга йўғрилган фаолияти ўзининг авж нуқтасига кўтарилган бир пайтда, ҳар бир эл ва юртнинг тақдири кўз ёшидек қалқиб турган бир замонда, Ватан ўз халоскорларини хизматга чорлайди.
Суғд вилоятининг минг нафардан ортиқ ўт юракли, Тоғли Мастчоҳ, Тоғли Бадахшон мухтор вилоятининг Мурғоб, Хатлоннинг Носир Хусрав ва бошқа бир қатор ноҳияларнинг қалби олов йигитлари кўнгилли равишда жондан-да азиз Ватан даъватига "лаббай", деб жавоб бердилар.
Улардан ибрат олиб, анъаналарини давом эттиришни кўнглига туккан фидойи, жасур ўғлонларни санаб, саноғига етиб бўлмайди.
Ўтган ярим асрдан кўпроқ давр мобайнида мамлакатимиз Қуролли кучлари ҳар жиҳатдан равнақ топди. Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо давлатлар миллий армиялари орасида ўз ўрни ва нуфузига эга бўлди. Нафақат, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, балки дунё миқёсида обрў қозонди.
- Бугун қуролли кучларимизнинг ҳарбий қисмлари ҳар қачонгидан ҳам обод. Аскарларнинг Ватан олдидаги бурчларини чин юракдан адо қилишлари учун зарур бўлган барча шароитлар муҳайё.
Маънавий, жисмоний тайёргарлик, дейсизми, озиқ-овқат масаласими, ҳаммаси бинойидек. Айниқса, кейинги йилларда командирлар таркибининг замонавий ҳарбий билимларни пухта эгаллаган кадрлар билан мунтазам тўлдирилиб борилаётганлиги, ҳарбий хизмат сирларини қисқа муддатда, чуқур ва сифатли ўзлаштириш имкониятини беради,- дейди республикамиз жанубий ҳудуди - Шаҳритуз ноҳиясидаги "Айваж" чегара заставасида ўз йигитлик бурчини аъло даражада ўтаб қайтган, Турсунзода шаҳри ёшларининг вакили Муҳаммаджон Ҳайдаров.
- Қўлимда қурол билан жонажон Ватаним чегараларини қўриқлаш йўлида қўяётган ҳар бир қадамимда элимнинг, юртимнинг менга бўлган юксак ишончи борлиги, янада садоқат билан хизмат қилишга ундайди. Азиз Ватанимнинг ўзим қўриқлаётган мусаффо осмонига тикилиб туриб, бағрим ифтихор ҳиссига тўлади.
Ҳарбий хизматни бошлаганимдан бўён, дўстлар орттирдим. Ҳаётнинг ўзим билмаган кўп қирраларидан сабоқ оляпман. Армиянинг катта ҳаёт мактаби эканлигига иймон келтирдим, - дейди Тожикистон Республикаси шимолидаги Зафаробод ноҳиясида жойлашган чегара қисмларидан бирида ўз йигитлик бурчини адо этаётган Умаржон Абдусаттор ўғли.
Ҳа, Ватан ҳимоясини йигитлик ғурури ҳам ифтихори, дея қабул қилган, бу йўналишда самарали тарбия кўрган фарзандлар истаганча топилади.
Аммо… Шоли курмаксиз бўлмайди, деганларидек, орамизда йигитлик бурчини адо этишдан бўйин товлаётган, ғурур ва ор-номусни оёқ ости қилиб, топтаётган ёшларимиз ҳам бармоқ билан санарли даражада бўлса-да, учраб туради.
Хўш, бу иллатнинг илдизи қаерга бориб тақалади!?. Айб тошдами ёки мошда?!.
Менимча, бу қусур омилларини оила ва таълим муассасаларидан изламоқ керак.
Оилада Ватаннинг муқаддаслиги, унинг муҳофазаси комил инсоний бурч эканлиги ҳақида оғиз очилмаса. Таълим муассасаларида ҳарбий таълим дарслари зўрлаб, соҳадан йироқ бўлган рус тили ва адабиёти фанлари ўқитувчиси зиммасига юклатилса, Жисмоний тарбиядан хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари "сабоқ берса".
Бундай таълим жараёнларида илм олган йигитлардан келажакда нимани кутиш мумкин!?.
Жисмоний ва ҳарбий тайёргарликнинг пойдевори ташланадиган фанлар ўқитилиши ўлда-жўлда йўлга қўйилса, эртанги кунда қайси савиядаги Ватан "қўриқчи"ларига кунимиз қолади?!!
-…Чўлда ўрмалаб юрган жониворлар ҳам туғилишданоқ, ўз маконларини билади, ҳавода учувчи қушлар ҳам, денгиз ва дарёларда яшовчи балиқлар ҳам ўз ошёнларини ҳис қилади, ҳатто, болари ва шунга ўхшашлар ҳам ўз уяларини муҳофаза қиладилар, - деб ёзади белорус маърифатпарвари Франциск Скорина.
Инсон зурриётига хос энг гўзал фазилатлар ҳам унинг ватанпарварлигида намоён бўлади. Чунки Ватанга муҳаббат - ўта номусли ва назокатли туйғу. Ана шу номус ва назокатгина бани одамни Ватаннинг жўмард фарзандлиги сари етаклайди.
Зеро, Ватандан, улусдан юз ўгирган одам, виждон ва иймонга ҳам бегона бўлади…
Абдуҳафиз МИРЗААҲМЕДОВ.
Умр - ўткинчи…
Шиддатла тортилган камон ўқи суръатида кечадиган бу жараён -тирикликка йўғрилиб, инсонга ато этилган бир сиқимгина ҳаёт парчаси.
Ёшлик - бандасига берилган умрнинг гуллаб-яшнаган фасли, тақдир яратувчи палласи.
Муфассал...
Тожикистон Республикаси Адлия вазирлиги Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги Тил ва терминология комитети томонидан янги туғилган чақалоқлар учун исмлар каталоги тайёрланганлиги ҳақида яқинда ўтказилган матбуот конференциясида маълумот берди.
- Ота-оналар айнан ана шу каталогда келтирилган исмлар билан янги
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015