Душанбе шаҳри раиси Рустами Эмомалининг 19 февралда чиқарган қарорига биноан, жорий йилнинг 1 мартидан жамият транспорти йўлкира ҳақи ўзгарди. Баҳорнинг биринчи кунидан бошлаб, пойтахт йўловчилари троллейбусларда 1 сомоний, автобусларда 1 сомоний 20 дирам, маршруткаларда эса, 1 сомоний 60 дирам йўлкира тўлай бошлашди. «Экспресс» тартибида ҳаракатланувчи автобусларда йўлкира 1 сомоний 50
дирам этиб белгиланган. Шаҳарчалараро қатнайдиган маршруткаларнинг йўловчилари учун йўлкира 2 сомонийни ташкил этади.
-Жамият транспорти йўлкира ҳақи охирги марта 2011 йилнинг июн ойида оширилганди, - деди «Душанбенақлиётхадамотрасон» Давлат унитар корхонаси директори Фирдавс Саидзода. – Бу муддат давомида ёнилғи мойлаш маҳсулотлари нархи 60 фоизга ошган бўлса, электроэнергия 3,5 марта қимматлашди.
Дарҳақиқат, кейинги пайтларда йўлкира тўлашда йўловчи ва ҳайдовчилар ўртасида айрим тушунмовчиликлар мавжуд эди. Узоқ масофага қатновчи айрим йўналишларда маршруткалар учун белгиланган 1 сомоний 60 дирам ўрнига йўловчидан 2 сомоний талаб қилинса, 80 дирам этиб белгиланган масофа учун йўловчилар 1 сомоний тўлашга мажбур эдилар. Бундан ташқари, микроавтобусларга йўловчиларни меъёрдан ортиқ юклаш кўплаб ноқулайликлар туғилишига сабаб бўларди.
- Янги нархлар Тожикистон Республикаси Ҳукумати ҳузуридаги Монополияга қаршилик хизмати ҳамда йўловчилар ташиш билан машғул компаниялар билан мувофиқлаштирилди, - деди Фирдавс Саидзода журналистларга. – Эндиликда компаниялар маршруткалари йўловчиларни фақат жамият транспорти бекатларида юклаб, ўша ердагина тушириши ҳамда микроавтобус салонидаги ўриндиқлардан ортиқча йўловчи олмаслик мажбуриятини олдилар.
Пойтахт жамият транспортларидаги янги нархлар дастлаб йўловчи ва ҳайдовчилар ўртасида тушунмовчиликларни келтириб чиқарган бўлса-да, зудлик билан бу муаммо ўз ечимини топганлигини кузатиш мумкин.
Шаҳар раиси қарори 19 феврал куни чиқарилган бўлишига қарамай, йўловчилар ўртасида тушунтириш ишлари олиб бориш мақсадида, шаҳар маъмурияти янги нархларни 1 мартдан бошлаб татбиқ эта бошлади.
- Шаҳар маъмуриятининг тезкорлик билан вазиятни яхшилаганлиги биз учун айни муддао, - дейди пойтахтлик Шаҳзода Муродова суҳбатимиз жараёнида. – Бугун бир нечта маршруткага миндим. Ўриндиқлардан ташқари йўловчилар йўқлиги, микроавтобуслар салонларининг озодалиги, энг асосийси, назоратчиларнинг қайтимни тангалар билан ҳисоб-китоб қилаётганлиги кўпчиликка манзур бўлаётганлигини кузатдим. Қайтимнинг тўғри ҳисоб-китоб қиланаётганлиги эса, йўловчи ва назоратчилар ўртасидаги илгари мавжуд тортишишларга барҳам берди.
Кузатувлардан маълум бўлишича, айни кунларда пойтахт кўчаларида Тожикистон-Туркия «AKIA AVESTO» қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган «AKIA» тамғали автобуслар йўловчиларга хизмат кўрсатмоқда.
Душанбе шаҳри раиси аппаратининг Ахборот ва жамоатчилик билан алоқалар бошқармасидан хабар беришларича, айни кунларда шаҳар кўчаларида 13та «AKIA» тамғали замонавий автобуслар йўловчиларга хизмат кўрсатмоқда. Бошқармадан маълум қилишларича, халқаро Наврўз байрамигача уларнинг сони 45тага етказилади. Шуни ҳам таъкидлаш ўринлики, Душанбе шаҳри техника паркини янгилаш мақсадида, «AKIA» бренди остида фаолият юритаётган Туркия фирмаси ва давлат ҳокимияти Душанбе шаҳри ижроия органи ўртасида Тожикистон ҳудудида йиғилган яна 100та «AKIA» тамғали автобус сотиб олиш ҳақида шартнома имзоланган.
«AKIA» автобуслари замонавийлиги ҳамда йўловчилар учун бир қатор қулайликларга эгалиги билан ҳам диққатга сазовордир.
- «AKIA» автобусларида 26та ўриндиқ мавжуд бўлиб, унинг иссиқлик ва совуқ ҳаво узатиш, электрон бошқарув тизими бошқа автобусларга қараганда анча афзалликларга эга, - деди Тожикистон-Туркия «AKIA-AVESTO» қўшма корхонаси директори Асрор Мирзоев. – Автобуснинг ичида ўрнатилган катта ҳажмли монитор турли роликлар ва маълумотлар тарқатишда фойдаланилади. Ўрта эшик яқинида жойлаштирилган махсус тугмача ногиронларнинг ўз манзилига яқинлашганлигини ҳайдовчига маълум қилиш учун хизмат қилади.
- Кейинги кунларда шаҳар кўчаларида автобуслар сонининг кўпайганлиги қувонарли ҳол, - дейди Тожикистон Тиббиёт университети талабаси Салимжон Баротов. – Илгаригидек, автобус ёки маршрутка кутиб, бекатларда тўпланган йўловчилар кўзга ташланмайди. Маршрутка ёки автобуслардаги назоратчилар қайтимни ўз вақтида бераётганлиги яна яхши. Фақат, маршруткалар нархини белгилашда талабаларнинг моддий аҳволи эътиборга олинса, яхши бўларди. Зеро, биз – Тиббиёт университети талабалари баъзида бир кунда 3-4та тиббиёт муассасасига қатнаб ўқишимизга тўғри келади. Уларнинг айримлари яқинига автобуслар бормаслиги сабаб, маршруткаларга ўтиришга мажбурмиз. Талабалар учун янги нархлар бир оз қимматроқ бўлса керак.
- Микроавтобусни ижарага олганман, - дейди ўзини Аҳмад Жалолов деб таништирган ҳайдовчи. – Ҳар куни 150 сомоний ижара пули тўлайман. Бундан ташқари, назоратчига 50 сомоний бераман. Назоратчи икковимизнинг тушлигимиз, барча ҳужжатларни расмийлаштириш учун чиқимлар… Яхши ишлаган кунимиз ўзимга 70-90 сомоний фойда қолади. Бундан ташқари, машина бузилганда ўз ҳисобимдан тузатаман. Янги нарх-наво ва талаблар боис, эрталаб барвақтроқ чиқиб, кечки пайт кечроқ уйга қайтишимга тўғри келади.
«Душанбенақлиётхадамотрасон» Давлат унитар корхонасидан хабар беришларича, айни пайтда ҳар куни пойтахт кўчаларига барча йўналишлар бўйлаб 170та автобус, 60-70та троллейбус ва 200тага яқин маршруткалар чиқади.
Дарҳақиқат, кейинги кунларда пойтахт кўчалари бўйлаб жамият транспортида қатнаш анча яхшиланганлигини қайд этиш ўринлидир. Тожикистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йили, дея эълон қилинган жорий йилда пойтахтимизда йўловчиларга хизмат кўрсатиш даражаси яхшиланганлигини олқишлаш лозим. Зеро, пойтахтимиз – азиз Тожикистонимиз сиймоси.
- Агар шунча қулайликлардан сўнг, маршруткалар ҳайдовчилари ва назоратчиларнинг муомала маданиятига ҳам сал эътибор қаратилса, нур устига аъло нур бўларди, - дейди куюнчаклик билан шаҳар фуқароси Мирзо Раҳимов. – Айрим ҳайдовчилар салонда баланд овозда мусиқа қўйишлари, ўз транспорт воситаларини бошқараётганда йўл ҳаракати қоидаларини бузиб, катта тезликда автомобил бошқаришлари, назоратчиларнинг эса, ота-онаси тенги йўловчилар билан қўпол муомала қилишлари хизмат кўрсатишда доғ бўлиб тушаяпти. Агар шаҳар маъмурияти шунинг ҳам иложини қилганда, янада яхши бўларди. Ахир, бизлар асрлар қаъридан маданиятли халқ эканлигимиз билан ажралиб турамиз-ку. Маданиятимиз ҳам миллий қадриятимиз ҳисобланади. Муомала маданиятига риоя қилиш, ҳайдовчи ва назоратчилар учун жуда муҳим ҳисобланади.
Албатта, Душанбе шаҳри маъмурияти келгусида йўловчиларга хизмат кўрсатаётган ҳайдовчи ва назоратчилар учун муомала маданиятини ўргатадиган қисқа муддатли курслар ташкил этиши мақсадга мувофиқ бўларди. Айниқса, хусусий автомобилларнинг айрим ҳайдовчи ва назоратчиларининг муомаласи йўловчиларга ноқулайлик туғдираётганлиги сир эмас.
Пойтахтимиз йўловчиларига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш транспорт воситаларининг кўпайиши, унинг озодалигини таъминлаш, нарх-навонинг мўътадиллиги билан бирга, йўловчиларга хизмат кўрсатувчиларнинг муомала маданиятига ҳам боғлиқ. Азиз Тожикистонимиз пойтахтининг ободлигига ҳисса қўшиш эса, ҳар бир фуқаронинг бурчи ҳисобланади.
Искандар МАҲМАДАЛИЕВ,
«Халқ овози».
Миллат пешвоси ўзининг навбатдаги Паёмида таъкидлаганидек, 2018 йилнинг Сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йили, дея эълон қилиниши халқ ижтимоий-иқтисодий ҳаётида мазкур йўналишлар аҳамиятини англашга жиддий туртки берди.
Зикр этилган масалалар ҳал этилишини тезлаштириш ва қишлоқлар инфратузилмасини ривожлантириш заруратини ҳисобга олган ҳолда, 2019-2021
Муфассал...
Шеър балосига қачон йўлиққанимни, ҳарчанд уринмай, эслай олмайман. Сайфуллохон акам эса, жонли кутубхонанинг ўзгинаси эди. Юзлаб шеърларни акамнинг оғзидан жонҳолатда ёдлаб олганим эсимда. Қисматимдаги устоз аталмиш сийрат сиймоси яратилса, у, шубҳасиз, акам қиёфасида намоён бўлган бўларди… Чунки, менинг назаримда, устоз деганлари фақат кўздаги ёшни артиб қўядиган ёки «айтганимни қилгину қилганимни қилма», деб дағдаға қилиб, ҳар мақомга йўрғалайдиган чала мулла эмас.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015