Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Олий Мажлисга йўллаган Паёмида сайёҳлик соҳасига алоҳида эътибор бериб, ҳар томонлама ривожлантириш зарурлигини таъкидлаб ўтди. Жаннатмакон ўлкамизда сайёҳликни ривожлантириш мақсадида 2018 йилни Сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йили, деб эълон қилди. Бу таклиф бир
овоздан маъқулланди.
Президентимизнинг сайёҳлик соҳасига катта аҳамият берганлиги бежиз эмас. Кейинги уч йилда ўлкамизга ташриф буюрган сайёҳлар сони икки ярим бараварга кўпайгани, қизиқиш тобора ошиб бораётгани бу соҳани жадал ривожлантириш, сайёҳлик инфратузилмасини ўзгартириш, хизмат кўрсатишни яхшилаш, имкон қадар кўпроқ сармоялар жалб этиш ва малакали кадрлар тайёрлашни тақозо қилмоқда.
Носир Хусрав ноҳиясида жойлашган Чилучорчашма табиатнинг ана шундай мўъжизаларидан биридир.
Ҳар сафар ана шу чашма тўғрисида ўйлаганимда, турфа ҳикоялар ёдимга тушади. Бу ҳикоятларда Чилучорчашмага муҳаббат туйғулари бор…Одамларнинг Чилучорчашма ҳақидаги ҳикоялари менда янги ҳислар қўзғаб, ушбу фикрларнинг вужудга келишига сабаб бўлди.
... Қишлоқ ва сенинг оралиғинг ўттиз чақиримча йўл. Шунга қарамай, онам сенга боришни ҳар куни ҳавас қиларди, ҳазрати ЧАШМАЖОН! Йўл азобини сира ўйламасди. Эрта ҳам, кеч ҳам сени ёдга олар, сенга сиғиниб, сенга талпиниб яшар эди.
Бармоқдай қора-қизғиш тешик тош - мен учун қадрдон. Зеро, онам уни Чилучорчашмадан, яъни сенинг бағрингдан келтирган экан. Бу тош чақалоқлигимда, бешигимда осиғлик турар, у ҳамиша овунчоғим бўлган экан. Айтишларича, бу ярқироқ тош бало-офатни йўлатмасмиш.
Хаёл кўзгусида яна акс этдинг, чашмажон! Сенинг майин оҳангингни тингламаган, шўх ва жозибадор куйингни қалбида туймаган, шаффоф сувингни ҳовучлаб ичмаган одамгина қадрингга етмаслиги мумкин. Агар бунчалик азиз бўлмаганингда, номингга "жон" сўзини қўшиб эркалашармиди? Одамларга яхшилик ҳадя этмаганингда, қариялар ёшларни чашмадек соф ниятли, хайрихоҳ-гулқадам бўл, деб дуо қилашармиди?
Сенга ҳурматсизлик азим гуноҳ сифатида қабул қилинган.
Сувинг ер юзига қачон отилиб чиққанини билмайман. Лекин шуниси менга аёнки, неча минглаб сувга ташна карвонлар сендан чанқоғини қондирган. Сувинг чўл жазирамасида куйиб-пишиб келган йўловчиларга ором бахш этган. Жангга кетган аскар йигит мактубларида сувинг таъмини қумсаб, битилган соғинч сатрларини ўқиганман.
Таниш ҳайдовчи Гилдиёрни учратаман:
-Акам Солиҳ касалхонада. Унга чашмажондан сув элтмоқчиман…
Бригада бошлиғи Розия келади:
-Бу сувни йигирма йилдан бери ичаман. Танга малҳам.
Бўш челакни ҳаволатганча, Ҳаким ота шошиб бораяпти:
-Таниш табибдан эшитдим. Чашма суви беморга қувноқ руҳ, тетиклик бахш этармиш…
Бу сўзларни эшитиб, сендан фахрланиб кетаман.
Сувинг азалдан шундай қадрланиб келинган. Толеи кулиб, жангдан омон қайтган йигитлар энг аввало сени тавоб қилганлар. Одамлар тилида "Тўғрилигимга чашма гувоҳ", "Чашма урсин, агар хиёнат қилсам!" қабилидаги сўзлар юради.
Айтишларича, нияти холис одам сенга қўл солиб тош олса, у дуру жавоҳирга айланармиш. Ва аксинча, нопок одам қўл узатса, олган тоши илон бўлиб, бўйнига чирмашармиш. Сендан терган тошларни бўйинларига маржон қилиб олган кекса момоларни кўп учратганман. Улар бу совғани бобокалонлари бағрингдан топиб келганини ва у муқаддас мерос сифатида авлоддан -авлодга ўтаётганини фахр билан сўзлашади ва бу зебу зийнатни тумордай азиз сақлашади.
Улкан қоятош бағридан қирқ тўрт ирмоқ бўлиб сизиб чиқаётган сувинг катта анҳор бўлиб, одамлар сари шошади. Минг хил тусга кирасан, минг бир рангда жилоланасан, қадрдоним чашма! Минг бир соҳир хаёллар оғушида қоламан, она-табиатнинг бу бетакрор мўъжизаси олдида. Уфқларга туташ чексиз пахтазорлар, боғ-роғлар, мислсиз кўкламзорлар сувингдан баҳраманд бўлаётганининг гувоҳиман. Шилдираб оқаётган сувинг тошга урилиб, сачраб кетган томчилари энди униб чиққан майса-барраларнинг юзига қўнади. Шу томчиларда акс этган қуёш нурлари тизгинсиз сеплардай ўша муҳитни чўлғаб олди.
Сени бугун ошиқлар маскани, деб аташади. Йигит ва қизларнинг никоҳ тўйлари бағрингда ўтади. Бахт ва шодлик куйлари мавжли тўлқинларингга қўшилиб кетади. Кеча-кундуз бу ердан одам қадами аримайди. Булар ҳаммаси сенга буюк ҳурмат ифодасидир, чашмажон!
Сенга боқаман-у узоқ хаёлга толаман. Одамларнинг: - Чашма фарзандлари жангдан қайтмаган оналарнинг армонидир, - деган сўзлари ёдимга тушади. Лекин мен сени бахтиёр оналарнинг севинч ёшлари қўшилиб кетган ҳолатда кўришни истайман. Мудҳиш уруш сира такрорланмаслигини, оналар кўзи ёшланмаслигини истайман.
Ҳолбуки, минг йиллар илгари, одамлар сени бошига кўтариб, атрофингни обод қилишга киришган эдилар. Кимдир сен сари йўл солган, кимдир теварагингга чинор ўтқазган, кимдир тош йўниб, зина ясаган. Кимдир ёнғоқ танасини йўниб, сўри қурган. Кимдир сендан юқорига, юксак тоғ тепасига борадиган сўқмоққа асос солган. Тепаликда текислик бўлиб, кимдир харсанг тош бағрини ковлаб, кичик-кичик охурчалар ясаган. Одатда унга кўз соққасидай тошчалар қўйилиб, жуфт-жуфт ўйналган. Кимнинг тоши жуфт чиқса ўша одам омадли саналган...
Ҳозир муқаддас жой ва тарихий обидаларга муносабат яхшилик сари ўзгарганидан хабаринг бор. Эндиликда сен яна одамлар хизматидасан. Бундан қувонаман, албатта. Қувонаман-у, лекин кўнглимнинг қайси бир бурчагида ваҳима қўзғалади. Азиз бошингга қора кунлар келишидан хавотирга тушаман.
Бунинг сабаби бор. Бешкент чўлини ўзлаштириш чоғида, даштнинг оқова сувлари сенга қўшилиб, бойлигинг-беозор балиқчаларга, атрофингдаги ёш чинорчаларга катта зарар етказгани туш эмас - ҳақиқат. Ёнгинангдан катта канал қазилиб, Кофарниҳон суви ўша ердан ўтказилди. Аммо каналга бетон ётқизилмади. Натижада, дарё суви ер ости қатламлари орқали сенинг танингга сингиб борди. Табиий ҳусну тароватингни хиралаштирди. Ўшанда яна бир қаттиқ тўлғондинг, азоб чекдинг. Сен билан баравар мен ҳам тўлғонганман. Эндиликда ушбу хатолар такрорланмаслигини истайман.
Инсон бирор ерга сафарга чиқса, меҳмондорчиликда бўлса, албатта, ўша ернинг яхши анъаналари-ю эътиборга сазовор тарихий жойлари билан қизиқади. Шаҳритуз ва Қабодиён ноҳиялари аҳолиси бундай пайтларда, биринчи навбатда, сени эслайди ва ўзгача бир ғурур билан таърифингни келтиради, чашмажон!
Эсимда, украиналик бир гуруҳ сайёҳлар сенда меҳмон бўлдилар. Ўшанда, менга жуда оддий кўринган манзаранг меҳмонларни қанчалик ҳайратга, ҳаяжонга солганини тасвирлашга тил ожизлик қилади. Улар соатлаб сендан кўнглини уза олмадилар. Кетиш олдидан, сувингдан яна бир бор тўйиб ичар экан, жаннатнинг ўзи-ку, дея бир-бирларига сен ҳақингда сўйладилар.
Жамоа ва давлат хўжаликлари бирлашиб, теварак-атрофинг обод гўшага айланишига бош қўшсалар, ғоят улуғ иш бўларди. Зотан, сен фақат шифобахш сувинг билангина эмас, балки яхши оромгоҳ бўлганинг учун ҳам машҳурсан. Одам юрса оёғи, қуш учса қаноти куядиган кимсасиз бир чўлга алоҳида тароват бахш этиб турганинг она-табиатнинг одамзодга кўрсатган буюк мурувватидан ўзга нарса эмас. Табиат инъоми эса, ҳамма замонларда бўлгани каби бугун ҳам, кўз қорачиғидай асралмоғи зарур.
Чашма садоси эшитилаяпти. У, нечундир, онам алласини эслатади менга. Улар орасида қандайдир ўхшашлик бордай. Онам меҳрини унга қиёс этгим келади. Чунки меҳр покиза қалбда ҳувайдо бўлгани каби, сен ҳам мусаффолик рамзисан. Зеро, икковинг ҳам беғуборликнинг олий нуқтасисизлар. Ана шу кўз илғамас икки нуқта туташган ерда ҳаёт, деб аталмиш буюк тушунча маъно кашф этади. Бу икки нуқта яхшилик доясидир.
Сени иймонга қиёс этгим келади. Чунки иймон каби уйғоқсан. Шу порлоқ туйғу одамзодни бебошликдан асраб, кўнглида шафқат чироғини ёқиб келади. Бу чироқ асло ўчмаслигини истайди кўнгил!
Бегуноҳ гўдак кўз ёшидай ярқираяпсан, чашма. Мусаффо, беором юрак каби уйғоқсан, сен. Эзгуликдан сўйлаганинг сўйлаган. Танти ва мард аждодлар ўлмас руҳи, дард ва изтироби зоҳир сенда. Она ва чашма. Одамзод онадан, ҳаёт чашмадан бошланади, деб бекорга айтишмаган. Бор бўлсин она, бор бўлсин ЧАШМАЖОН!
Сулаймон Эрматов, Лоҳутий мукофоти лауреати.
Дўстлик – Яратганнинг бандаларига кўрсатган энг улуғ инояти…
Дўстликни ардоқлаб, қадрига етган инсон ҳам, халқ ҳам шон-шуҳрат топади. Шарафларга кўмилади…
Дўстлик бобида тожик ва ўзбек миллатларини ҳеч иккиланмай, Аллоҳнинг назари тушган халқлар, деб аташ мумкин. Чунки қондошу жондош,
Муфассал...
- Халқ учун нондан кейин энг муҳими мактабдир, - дея ёзган эди Жорж Дантон.
Ҳақиқатдан ҳам, мактаб ёш авлод таълим-тарбияси, уларнинг тафаккури, дунёқарашини шакллантириш, келажакда етук инсон сифатида камол топишида муҳим ва тақдирсоз рол ўйнайди. Шу боисдан бўлса керакки, аджодларимиз азалдан мадраса ва таълимгоҳлар бунёд этишга биринчи даражали эътибор
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015