Бугунги кун газетхонини нималар қизиқтиради? Улар газета саҳифаларида қайси мавзулар ёритилишини исташади?
Биз Спитамен ноҳиясидаги энг йирик - Куруш қишлоқ жамоатига борар эканмиз, айнан, шу каби саволларга жавоб топишни, газета ҳақидаги фикрларни бевосита ўқувчиларнинг ўзларидан эшитишни истагандик.
«Халқ овози» ва давлат ҳокимияти Спитамен ноҳияси органи нашри - «Паёми Спитамен» газеталари ўқувчилари билан учрашувга турли ёш ва касбдаги кишилар келишганди.
Учрашувда «Паёми Спитамен» газетаси бош муҳаррири ўринбосари Раҳматжон Шоимқулов, «Халқ овози» намояндаси бу нашрларда ёритилаётган турли мавзулар, келгуси йил режалари ҳақида ҳикоя қилишди.
Дастлаб сўз олган инсон – Меҳнатобод маҳалла комитети раиси Йўлдош Худоёров, нафақат, ўзи, балки кўплаб газетхонлар норозилигини уйғотаётган муҳим масала ҳақида сўз очди.
Йўлдош Худоёров – кўпни кўрган инсон. Газетанинг жамиятдаги ўрнини жуда яхши тушунади. Меҳнатобод қишлоғида 525та хўжалик бор. Бу хўжаликлар аъзолари орасида «Халқ овози» муштарийлари ҳам оз эмас.
- Биз ҳар йили газетага обуна бўламиз. Лекин қўлимизга етиб келмайди. Почтачилар хизмат кўрсатишмайди, - деди Йўлдош Худоёров.
Учрашувда сўз олган бошқа газетхонлар ҳам худди шу муаммони кўтаришди. Жумладан, уй бекаси Шоҳида Норқулова ҳам обуна бўлишга бўлиб, газеталарни ололмаётганини айтди. Маълум бўлишича, газеталар жамоат маркази – Куркат қишлоғидаги кутубхонага етказиб берилар экан. Муштарийлар у ердан ўзлари олиб кетишар экан.
- Мен ҳозиргина еттита газета, жумладан, «Халқ овози»га обуна бўлдим, - деди «Очилбобо» деҳқон хўжалиги раиси Ғайратжон Душаев.
Ғайратжон газета саҳифаларида деҳқон хўжаликлари муаммолари ёритилишини истайди. «Қишлоқ хўжалигида ислоҳотлар ижроси тўлиқ бўлмаётганидан норозимиз»,- деди деҳқон хўжалиги раиси. Унинг айтишича, минг машаққатлар билан боғ-роғга айланган ерларига, гарчи қўлларида унга эгалик ҳақидаги сертификат- ҳужжатлар бўлишига қарамасдан, кимлардир кўз тикаяпти, тортиб олишмоқчи.
Худди шу муаммони Курушдаги бошқа деҳқон хўжаликлари бошлиқлари ҳам айтишди. Улар, агар ерлари олиб қўйилса, бу майдонларда экин ўстириб, мева етиштираётган, шу меҳнатлари эвазига олинаётган фойда ҳисобига яшаётган деҳқонлар, боғбонларнинг қайнаётган қозонлари сувга ташлаб қўйилмасмикан, деган хавотирдалар.
Ҳаштияк қишлоғи клуб мудири Абдумажид Ёрбеков эса, газетада ёшлар тарбиясига оид, террорчилик ва бузғунчиликка бошлайдиган оқимларнинг асил башарасини очиб ташловчи мақолалар бериб борилишини хоҳлайди.
- Муқаддас Ислом динининг асил мақсадлари, инсонпарварлик ғояларини тушунмаган ғўр ёшлар ғараз ниятли одамларнинг тузоғига илинмоқда. Бу ёшларнинг ота-оналари: -Ўғлим намоз ўқияпти-ку, - деб хотиржам юриб, кейинчалик пушаймон бўлиб қолишмоқда. Аслида, фарзандлари каби айрим ота-оналарнинг ўзлари ҳам ҳақиқий Ислом дини нималигини билишмайди ва болаларининг алданаётганларидан ғофил юраверишади. Менимча, Ислом дини ҳақида ҳурматли, илмли уламолар, мутахассисларнинг мақолалари бериб борилса, йўлдан адашганларнинг аччиқ қисмати ёритилса, ота-оналарни ҳам, ёшларни ҳам тўғри йўлга бошлашга хизмат қилган бўлар эди.
Уй бекаси Гулчеҳра Каримова ҳам тарбиявий масалаларда таъсирли, қизиқарли материаллар кўпроқ берилишини таклиф қилди.
- Оила ҳақида кўпроқ мақолалар берилса... Ёш оилаларнинг бузилиш ҳоллари кўпайиб кетмоқда. Қайнона-келин муносабатлари, ортиқча харажатлар билан ўтказилаётган тўйлар оқибатлари, ёшларни оила қуришга тайёрмаслиги ҳақида ҳаётий воқеалар мисол келтирилган ҳолда, мақолалар тез-тез бериб борилса, яхши бўларди, - деди Гулчеҳра Каримова.
Учрашувда қатнашган газетхонларнинг кўплари мактаб муаммолари журналистлар эътиборидан четда қолаётганлигини айтишди. Энди ўттиз ёшдан ўтган Жонибек Суяровнинг сўзларига кўра, мактабда турли баҳоналар билан йиғди-йиғдилар кўпайиб кетган.
- Яна бир нарса – кейинги пайтда электрон журнал, деган янгилик чиқди. Аслида, бу - ёмон эмас. Ота-оналар электрон журнал орқали болаларининг қандай ўқиётганликлари билан танишиб туришади. Лекин қишлоқ жойларида бунинг учун имконият йўқ, ҳали. Масалан, электрон журнал билан мунтазам танишиб бориш учун интернетга уланиш зарур. Интернетга уланиш учун эса, қимматбаҳо телефон, планшет ё компютер сотиб олишга тўғри келади. Ахир, бунга кўп ота-оналар қодир эмаслар. Чўнтаклари кўтармайди. Бунинг ўрнига мактаб ва ота-оналар алоқасини мустаҳкамлаш яхшироқ эмасми?
Жонибек мактабда, маҳаллада, иш жойларида асоссиз текширувлар кўпайиб кетганини айтди. Куркатдаги Маданият уйи директори Фахриддин Файзиев ҳам, айни, шу текширувлардан норозилар кўпаяётганини билдирди.
«Биз болаларнинг уяли телефон ишлатишларига, айниқса, мактабга телефон олиб боришларига қаршимиз. Майли, ўқувчиларнинг телефон олиб келаётган-келмаётганларини текширишсин. Лекин ноўрин текшириш ва ҳатто, тинтувлар кўпайиб кетган. Айни дарс ўтилаётган пайтда, текшириш мақсадида, дарсни бузиб киришлар ўқитувчини ҳам, ўқувчини ҳам чалғитмайдими?»- деди у.
Фахриддинни ташвишлантираётган бу масалалар ҳақида бошқа курушликлар – ўқитувчилар ва ота-оналардан ҳам эшитдик.
Учрашув қатнашчилари Тожикистон Республикасининг «Тожикистон Республикасида анъана, тантана ва маросимларни тартибга солиш тўғрисида»ги қонуни ўзлари учун ғамхўрлик эканлигини айтар эканлар, унга киритилган янги ўзгартиш ва қўшимчаларнинг айрим нуқталарини яхши тушуниб етмаётганликларини билдиришди. Айнан, шу қонун тўлиқ берилган «Халқ овози» газетаси тарқатиб берилганда, уни олишни истаганларнинг кети узилмади. Шунингдек, «Халқ овози»нинг бошқа сонларини ҳам талашиб-тортишиб олишар экан, биз бир хулосага келдик: одамлар газета ўқишади, фақат унинг аҳамиятини тушунтира олиш, мазмун-мундарижасини янада бойитиш, бунинг учун, ўқувчилар фикрини ўрганиб бориш ва вақтида обуначиларга етказиб бериш зарур!
Ўринбой Усмон.
Кейинги пайтларда бозорларда нарх-навонинг бирмунча ошаётганлиги яққол кўзга ташлана бошланди. Айниқса, кундалик эҳтиёж маҳсулотларининг нархи ошганлигини турли сабаблар, жумладан, доллар нархининг кўтарилганлигини важ қилиб кўрсатилмоқда. Бироқ шунга қарамай, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Жаноби олийлари бошчилигида ўтказилган мажлислардаги аҳоли мушкулини енгиллатиш борасидаги дастуру ҳидоятлари асосида жойларда эҳтиёждаги маҳсулотлар ярмаркаси ташкил этилиб, аҳолига қулай
Муфассал...
Бобоназар Янгибоевнинг истиқомат жойи - Ғаровўтидаги Ойхотин қишлоғи. Иш жойи - Шаҳритуз ноҳиясининг қўйчилик хўжалиги фермаси. Яқинда касалхонадан қайтган Бобоназарни қўллари бинт билан боғланган ҳолда учратдик. Машина ўриндиғида ўтирган қирқ беш ёшли бу инсон суратга туширишимизга розилик бермади. Ўриндиққа ўтирдик, Бобоназар бизга Ромит дарасида бўлиб ўтган воқеа-ҳодиса хусусида сўзлаб берди:
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015