Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ

Муаллиф: Super user Категория: ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ
Чоп этилган 20 Июл 2017 Кӯришлар: 1313
Печат

 

x xujaev 2017Бу ҳолатни кўпчилигимиз бошдан кечирганмиз: узоқ давом этган мажлисдан сўнг ёки айтайлик, чўзилиб кетган бирор-бир зерикарли юмушдан кейин, бошимиз ғувиллаб, асабларимиз таранглашиб, обдан толиққанимизни ҳис этамиз. Ҳатто, «тиқ» этган товуш ёқмай қолади. Шу тобда ҳеч ким халақит бермаса-ю ҳамма нарсага этак силтаб, кўзни қаттиқ юмганча, ҳеч нарсани ўйламай ётаверсангиз ва шу аснода қаттиқ уйқуга кетсангиз… нақадар мазза!..

Аммо сиздаги бу узлатхоҳликни Тангри қувватламайди гўё, ногоҳ, остонада аллаким пайдо бўлиб, сиполик билан томоқ қиради:- Кечирасиз, кирсам мумкинми?

Албатта, сиз давра кўрган, зиёли бир шахс сифатида ташингиздаги анчайин тундликни ичингизга ютишга шошилиб қоласиз, боз устига ўша одам ўзингиз таклиф этган киши эканлигини кўриб, юзингиздаги малоллик нуқсини илтифот «ифодаси»га алмаштириш ҳаракатига тушасиз:

- Ие, ўзингизмисиз… Зап келибсиз-да?!.

Шунда ғалати ҳолат юз беради. Ҳар бир ҳаракати, сўзидан ёруғ самимият ёғилиб турган бояги инсоннинг дилнишин рафтори шу заҳоти кўнглингизга ўтиради қолади: руҳингиздаги чарчоқ ва танглик қаёққадир чекинади, чекинади-ю бутун вужудингиз беихтиёр қулоққа айланади. Ҳаётда ботамкин ва дилбар инсонлар (улар вазир бўлишадими ёки олим, ўқитувчими ёки деҳқон – бунинг сира аҳамияти йўқ) борлигига, уларга рўбарў этганлиги учун Яратганга шукр айтишга тушасиз. Бугина эмас, ушбу гурунгларга бошқаларни ҳам чорлаш, баҳраманд қилиш фикри туғилади, сизда.

Сираси, қўлимизга қалам олишга ҳам ана шу туйғу сабаб бўлди. Пировардида биз савол беришдан чарчамадик, суҳбатдошимиз Ҳайитали ака Хўжаев жавоб қайтаришдан. Балки толиққанларини сездирмасликка урингандир…

Қоғозга туширишга улгурганларимиз эса, қуйидагилардан иборат.

- Умрим бўйи ишлаб чиқариш соҳасида фаолият олиб борганман. Менга ўхшаганлар адабиётдан бир мунча узоқ бўлишса керак. Бироқ яхши сўз, ибора, ҳикмату афоризмларга завқим баланд. Уларни ҳамиша ёд олишга ҳаракат қилганман, ён дафтаримга кўчириб юрганман. Мана шулардан бири:- Ҳаёт ўтган кунлар эмас, балки эсда қолганларидир,- дейди машҳур рус олими Пётр Павленко. Ушбу ақидага тиббиёт нуқтаи назаридан ёндашсак, олим ўзи истамаган ҳолда, қовун туширгандай бўлиб туюлади. Зеро, инсон руҳияти шундайки, у дориломон кезларни айтарли унутиб, фақат «совуқ кунлар»ни эсда сақлаб қолади. Лекин масала моҳиятига теранроқ назар ташласак, Павленко анойиларча фикрламаётганини кўрамиз. Яъни ҳаётнинг ҳар лаҳзасини эсда қоладиган даражада мазмунли қилиб ўтказмоқ зарур, деган маънони уққандай бўламиз.

Бироқ одам боласи ҳаёт жараёнида «ўшанақа мазмун»нинг кетидан  қувиб юрмайди. Айниқса, ёшликда. Андак баландпарвоз гап бўлиб кўринса ҳам айтай: мазмуннинг ўзи Ватани, халқи, оиласи, яқинлари учун киройи жонбозликка қодир инсонларнинг «кетидан тушади», тушадигина эмас, унинг шахсиятига айрича улуғворлик бахш этади. Менинг масрурлигим шундаки, юраги соф, орияти бутун, мақсадлари муаззам зотларга кўп марта юзма-юз келдим, уларнинг дилбар хулқи-ю жоннисорликларидан ҳайратларга тушдим, ўгитларини тингладим, изларидан эргашдим, каминани писанд қилиб, давраларига муносиб кўрганликларидан кўнглимда ифтихор ҳисларини туюб яшадим.

Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, ўз умримда «тўртта одам» раҳмат айтса, арзийдиган иш қилолган бўлсам, бунга биринчи навбатда отам ва онам сабабчидирлар.

Падари бузрукворим Хўжа Аҳмедов (дадамни ҳамма «Ҳожи ака» деб чақирарди) савдо ходими бўлсалар-да, ҳеч гоҳ бировнинг ҳақига кўз олайтирмаган беназир киши эдилар. Волидаи муҳтарамам Рафоат Абдуллаева уй бекаси, жонсўз, мулойим аёл бўлиб, айни чоғда қаттиққўл, талабчанликлари билан ажралиб турардилар. Мен ва синглим Тожигул, укаларим Нарзулло-ю Амонулло отамизнинг кўзига тик қарамай, онамизнинг гапларини икки қилмай улғайдик.

Ҳарбий хизматга чақириқ қоғози келганида, университетда ўқир эдим. «Олим бўлиш қочмайди, бориб йигитлик бурчингни ўтаб кел», дердилар отам. Армия баҳонасида Россиядаги Калининград, Владивосток, Петропавловск- Камчатск деган юртларни кўриб келганман. Шугина эмас, ишқий можароларни ҳам бошдан кечирганман десангиз… Рус тилини яхши билганлигим учун қўмондонликка яқинроқ юрардим. Полкимиз командирининг ўринбосари, подполковник Пироженко (хотирам қурсин, исм-шарифини унутибман)нинг қизи Валентина билан кўз уриштирадиган бўлиб қолдик. Валянинг оила аъзолари муносабатларимизга зид чиқишмади, фақат хизматдан кейин, шу ерда қолиб яшашимни исташарди. Мен эса, туғилиб-ўсган жаннатмакон юртимдан айро тушишни хаёлимга ҳам келтира олмасдим.

Пироженко қатъиятли ҳарбий қўмондон бўлишдан ташқари, узоқни кўра биладиган донишманд киши эди. Бир куни орамизда «эркакчасига гурунг» бўлиб ўтди.

-Сен, хумпар, Валянинг ўй-хаёлини бутунлай ўғирлаган кўринасан…- деди у ярим ҳазил, ярим чин оҳангда. - Проблемани узил-кесил ҳал қилишимиз шарт! Режа эса, қуйидагича: қизим билан турмуш қурасизлар. Алоҳида уй-жой масаласини ўзим ҳал қиламан. Сени ҳарбий академияга ўқишга юборамиз. Тўқ, фаровон, порлоқ келажак биргина «ҳа» дейишингга боғлиқ…

Ҳарбий раҳбар билан суҳбат қанақадир андиша-ю иккиланишни кўтармас эди. Бинобарин дудуқланиб ўтирмадим.

- Бизнинг томонларда бу йўриқни «умр савдоси» дейдилар,- жавоб қайтардим унинг кўзига тик қараб, - Кейин… «ҳе йўқ, бе йўқ» ўз менталитетим қобиғидан чиқиб кетолмайман. Бунга мени боқиб катта қилган ота-онамнинг розилиги керак!

Пироженконинг «шарқона мулоҳаза юритишини» сира ҳам кутмаган эдим.

- Уйга бор, майли, сени уйлантиришсин, -деди у мени беҳад ҳайратга солиб.- Қайтиб келиб, Валя билан ҳам яшайверасан. Бу сир иккимизнинг ўртамизда қолади. Бундан на қизим хабар топсин, на у ёқдаги қайлиғинг. Хўш, шунга нима дейсан?..

Камина Пироженконинг «антиқа» фикрига мутлақо қўшилмасам-да:- Буни ўйлаб кўриш керак, -деган андишани айтдим.

-Майлику-я, уйга битта хат ёзиб юборсанг қандоқ бўларкин? Шу ерда ишлагани қолдиришмоқчи, деб ёзсангмикин… Ўсмоқчила. Қани кўрайлик-чи, ота-онанг фикрингни ёқлашармикин!?.

Волидайнлар фарзандлари саодатини ўйлаб, не «устамонлик»ларга боришмайди, дейсиз! Ўз қўли остидаги оддий солдатга фақат буйруқ бериб юрган подполковникнинг ҳозирги ҳолатидан димоғим шишгудай бўлса, паст кетган бўлардим, албатта. Аксинча, унга нисбатан эҳтиромим чандон ошганлигини ҳис этдим.

Дарров мактуб ёзишга тутиндим. Жавоб хати узоқ куттирмади.

- Йигит халқини Регарда ҳам жасоратталаб ишлар кутиб турибди,- дейилганди унда.- Қурилаётган алюминий заводи ҳақида оғзингдан бол томизиб гапириб юрган ўзинг эмасмидинг!?. Мўлжалларингни яхшилаб тарозига солиб кўр…

Бу дадамнинг «йўқ» деганлари эди. Масаланинг мени ғуссага солган бошқа томони – мактубда икки томчи ёш изи қолган, бу онаизоримнинг кўз ёшлари эди. Ўшанда илк марта юрагим санчгандир, эҳтимол. Биз волидаларимизни билиб-билмай йиғлатганлигимиз учун Ҳажга кўтариб элтибгина қолмай, балки бир умр қўлимиздан туширмасак ҳам камлик қилади, шундай эмасми, Абдужалил?!.

Эртаси куни подполковникка рўбарў келганимда, унинг кўзларига тик қаролмай қийналдим. У мени дарҳол тушунди. Елкамга аста қоқиб, силаб қўйди. Олижаноб шахс, улуғ инсон эди Пироженко!..

Баъзан адоқсиз ўйларга толаман. Ўшанда ёшлик ҳиссиётларига берилиб, Шимол томонларда қолиб кетсам, тақдирим қандоқ кечарди экан… Балки қандайдир ҳарбий мартабаларга эришармидим. Эҳтимол, ҳар жиҳатдан ошиғим олчи туриб, тараллабедод қилиб юрардим ҳам дейлик. Лекин барибир, шохим чиқмасди. Биласизми нега? Чунки ҳар бир инсон ўз киндик қони тўкилган манзилу маконга жон ришталари ила боғлангандир. Адашмасам, бетакрор рус адиби И. С. Тургеневда шундай сатрлар бор: -Россия бизнинг ҳар биримизсиз ҳам кунини кўравериши мумкин, лекин бирортамиз Россиясиз яшай олмаймиз; ким усиз яшашни ўйласа, ҳолига вой, ким усиз яшай олса, баттар бўлсин!

Энди, она-Тожикистонимизнинг сеҳрларга чулғанган қучоғи, лафзи ҳалол ва мард халқи қаердан ва кимдан кам?!. Ҳатто, Ҳақ дунё чинакам саодатига эришиш учун Ҳаж сафари чоғида: бандаликни бажо келтириш орзусидаги юртдошларимизнинг аксарияти сафари яримламай туриб, шу мунис Ватанни узлуксиз туш кўриб қолсалар, ажабмас. Бу менинг - яқин келгусида Ҳажга бориш тараддудидаги фуқаронинг дил сўзи. Хато ўйлаган бўлсам, Аллоҳнинг ўзи кечирсин. 

Раҳматли отамнинг гапларига фаришталар «омин» деган эканми, ҳарбий хизматдан кейинги ҳаётимни жонажон диёрим билан боғлаб, асло кам бўлмадим. Ўтган асрнинг 80-йиллари бошида Регар ноҳияси матлубот жамиятида маълум вақт товаршунос бўлиб ишлаганимдан сўнг, комсомол комитетига таклиф қилишди. Нозир сифатида ишлай бошладим. Яхши биласиз, ўша кезларда собиқ Иттифоқ ва республика раҳбариятининг бутун диққат-эътибори Тожикистон рангли металлургиясининг тўнғич корхонаси – алюминий заводини қуриб битказиш ва ишга туширишга қаратилган эди. Бу жараёнда маҳаллий ёшлар асосий бунёдкор куч саналар, уларнинг маҳорати ва фидокорликларига кўп нарса боғлиқ эди. Чунончи, гигант корхонани бунёд этиш, зарбдор комсомол қурилиши, деб эълон қилинди. Бунга маҳаллий йигит-қизлар ташаббуси асос бўлди. Орадан 15-20 кун ўтгач, заводда комсомол-ёшлар ташкилотининг ҳисобот-сайлов йиғилиши ўтказилди. «Алюминстрой» қурилиш бошқармаси бошлиғи Александр Василевич Поляковнинг тавсияси билан мени корхона бирлашган комсомол ташкилотининг котиби этиб сайлашди. Сира эсимдан чиқмайди: шу вазифада қарийб беш йил фаолият юритган бўлсам, ҳар замонда, лоақал, бир тўйиб ухлаш энг асосий орзуларимдан бирига айланган эди. Буни ўша даврда завод қурилиш майдонларида тер тўккан ҳамшаҳарларимиз яхши билишади.

Бу орада, 1975 йили корхона раҳбарларидан бири Станислав Максимович Сечко менинг молия ва савдо-сотиқ соҳасидаги тажрибамни назарда тутиб, «Алюминстрой»дан завод бошқармасига ишга таклиф қилди. Мен мазкур бўлим бошлиғи Александра Ивановна Петренконинг ўринбосари сифатида иш бошладим. Кўп ўтмай, у декрет таътилига чиқиб кетди. Шу тариқа бўлим мудири вазифасини ижро этувчи бўлиб ишга киришдим.

Икки йил ўтиб, корхона касаба уюшмалари комитети раиси Турсун Муҳаммедович Алиев мени ўз соҳасида синаб кўрмоқчи бўлди. Аммо заводнинг ўша пайтдаги директори Салимжон Маҳкамбоев бунга кўнмади. Кейинчалик, вазият тақозосига кўра, бир муддатга касаба уюшмалари комитети раисининг ўринбосари бўлиб ишлаб беришимга тўғри келди.

Фаолиятим давомида моддий-техника таъминоти, асбоб-ускуналар бўлимларида бошлиқ ўринбосари, бошлиқ вазифаларини ижро этдим. Заводимизнинг ўша пайтлардаги машҳур директори Михаил Фёдорович Синани даврида 10 йил касаба уюшмалари комитетига раҳбарлик қилдим. 1998 йилдан 2004 йилга қадар кадрлар, 2004 йилдан 2015 йилгача мутахассис ходимлар тайёрлаш бўлимларининг бошлиғи лавозимларида ишлаб, сўнг нафақага чиқдим.

Камтарона меҳнатларимни қадрлаган Ҳукуматимиз кўксимга қатор орден ва медалларни тақиб қўйди. Кўплаб «Фахрий ёрлиқ»ларим бор. Меҳнат фахрийси бўлдим. Биласизми, Абдужалил, муҳими бунда эмас. Шу муборак Ватаннинг фарзанди, шу жамиятнинг муносиб аъзоси эканингни жўнгина эътироф этишса, замондошлар сенга ёмон қарашмаса, орқангдан қўлларини бигиз қилишмаса, ўз умрингдан хижолат чекмай, қаддингни ғоз тутиб яшасанг, шунинг ўзи одам боласи учун энг бебаҳо ёрлиқ экан. Ва яна оиланг фаровонлиги-ю тотувлиги… Абадий йўлдошим, дардкашим – турмуш ўртоғим Муҳаббатхонни пешонамга битгани учун Аллоҳга шукроналар қиламан.

Ўғил-қизларим: Фарҳод, Фируза, Фароғатлар билан ҳамиша фахрланиб юраман. Уччаласи ҳам олий маълумотли, уй-жойли, нуфузли касбларнинг эгалари. Тўққиз нафар неварам бор. Улар менинг кеча-ю кундузлик қувончларим, адоғи йўқ орзуларим! Ахир, нега қувонмай, Худо бир бандасига берса, шунчалар беради-да!..

Қайсидир манбада ўқиган эдим, бир донишманд: -Ҳар субҳи тонгни ўз ҳаётинг ибтидоси бил ва қуёшнинг ҳар кунги ботишини ўз ҳаётинг интиҳоси деб тушун. Шу кундалик ҳаётинг қандайдир хайрли иш билан ўз устингдан бирор-бир ғалаба қозонишинг ёки ниманидир ўрганишинг билан нишонлансин, -деган экан.

Азиз юртимизнинг ҳар бир тонги саболари қанотида янгича сурур ва иқбол нашидаларини олиб келсин. Бу юраги пок, тинчликсевар ҳар бир замондошимизнинг энг эзгу ниятидир, менимча…

 

Абдужалил ҒАФУРОВ қоғозга туширди.

Мамлакатимизда ижтимоий аҳвол сизнингча?

Аъло - 38.5%
Яхши - 38.5%
Ӯртача - 0%
Ёмон - 7.7%
Билмайман - 15.4%

Проголосовали: 13

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Одамийлик ўлмасин…

 

Инсон – олам безаги, аммо ўта мураккаб мавжудот…

Аввалам бор, одам боласи ҳаётининг оддий эмаслиги шундаки, у икки оламда яшайди. Бири – уни ўраб турган борлиқ, атроф-муҳит бўлса, иккинчиси, унинг ботини, қалб дунёсидир. Ички, яъни маънавий олами бой, етук бўлмаган шахс ҳеч қачон моддий дунёнинг нақши бўлолмайди.

Муфассал...

Бохтар шаҳрида бунёдкорлик ишлари

 

Тожикистон давлат мустақиллигининг 30 йиллигини муносиб кутиб олишга тайёргарлик тадбирлари доирасида Бохтар шаҳрида 268та иншоот бунёд этилиши кўзда тутилган. Жумладан, ўтган йили 19та иншоот қурилиши бошланиб, уларнинг 10таси фойдаланишга топширилди.

Давлат ҳокимияти Бохтар шаҳри ижроия органидан хабар беришларича, У. Хайём кўчасида биринчи қаватида хизмат кўрсатиш маркази жойлашган

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990629

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7477852
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
3780
4027
21465
7426653
99496
114875
7477852

Сизнинг IPнгиз: 18.117.105.215
Бугун: 23-11-2024 17:02:31

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015