Тожикистон Уламолар кенгаши раиси Саидмукаррам Абдулқодирзоданинг жавоблари
Июн йилнинг энг иссиқ ойларидан бири ҳисобланади. Мамлакат обу ҳавони ўрганиш Агентлиги мутахассислари бу ойда ҳароратнинг меъёрдагидан баланд бўлишини айтишмоқда. Бунга қўшимча тарзда жорий йилда Рамазони шариф ойи йилнинг энг иссиқ ойларидан бирига тўғри келди. Рамазони шариф ойи тақвимига кўра, ҳар бир мусулмон киши 3.15 дан 19.55 гача ейиш ва ичишдан тийилиши, яъни рўза тутишга вазифадор.
Тиб мутахассислари қандли диабет, қон босими бор, меъда, жигар ва юрак хасталикларига дучор бўлган кишиларга рўза тутишни тавсия қилишмайди. Уларнинг билдиришларича, агар бу хасталикларга мубтало кишилар 17 соат давомида ичимлик ичишмаса ё муайян егулик ейишмаса, уларнинг саломатлигига жиддий хатар таҳдид солади.
Тожикистон Республикаси Ислом маркази Уламолар кенгаши раиси Саидмукаррам Абдулқодирзода Тожикистон миллий ахборот агентлиги мухбири билан суҳбат асносида тиб мутахассислари сўзларини қувватлаб, Худои таоло муборак оятида рўза тутиш ҳар бир мусулмон киши учун фарз эканлигини ва инсон рўза тутиш пайтида парҳезли бўлиши ва яхши ишларни қилиши зарурлигини буюрди, деб айтди. Рўза тутиш турли инсонларга бир сабоқ ва панд, ибрат беришдир. Ислом пайғамбари (с.а.в.) ҳадисларида рўзадорлик сабрнинг ярми, дейдилар. Инсон рўза тутган пайтда сабру тоқат дарсу сабоғини амалда ҳаётга татбиқ этади. Рўзадорлик бир томондан сабр бўлса, иккинчи томондан очлик ва чанқоқликни ҳис қилишдир. Шунинг учун Худои таоло муайян соатдан мусулмонларга ейиш ва ичишни ман қилади. Лекин ҳар ибодатда истиснолар борлиги ва инсон бу қоидалардан четга чиқмаслигини айтиш зарур. Рўза тутиш учун инсон танаси соғлом, бақувват бўлиши ва ўзи очлик ҳамда чанқоқликка чидаши учун ҳам руҳан, ҳам жисман тайёр бўлиши зарур. Шу сабабли, Ислом шариати бемор шахслар ё оғир ишларни бажараётган кишилар, сафарда бўлганлар, уруш амалиётларида қатнашаётган жангчилар, муҳим иморат ва иншоотлар қурилишларида ишлаётган махсус одамлар, кончилар, қишлоқ хўжалигида меҳнат қилаётганлар, деҳқон, шоликор, нонвойларга рўза тутмасликка ижозат беради. Худои таоло "Бақара" сурасида: - Барча ибодатлар ва рўзадорликда сизларга осонлик истайман, - дея буюради. Шундай экан, рўзадорга ёши ва жинсидан қатъий назар машаққат ва беморлик хатари қаттиқ таҳдид қилар экан, Ислом шариати уларга рўзасини ейиш учун ижозат беради.
Саидмукаррам Абдулқодирзода сўзларига қараганда, Ислом пайғамбари (с.а.в.) Худои таоло мусофирдан рўзани кўтарди ва намознинг ярмини ҳам гарданидан соқит қилди, дейдилар. Айни бир пайтда Ислом шариати рўза тутиш жисмига ва қорнидаги боласига хавф туғдирадиган ҳомиладор аёллар, эмизикли чақалоғи бўлган оналарга эмадиган фарзандлари соғлом ва бардам вояга етишлари учун рўзаларини ейишларига ижозат беради. Ислом шариати, хусусан, бизнинг ҳаммамиз Имоми Аъзам Абуҳанифа ибни Собит (р.а.)га издошлик қиламиз, Ҳанафия мазҳаби мамлакат хавфсизлиги ва тинчлиги учун вазифадор бўлган ҳарбийлар, аскарлар учун ҳам рўзани ейишга ижозат берган. Яъни улар ҳамиша ҳушёр, зийрак ва кучли бўлишлари зарур. Бу кишилар ҳар доим куйдиргувчи қуёш нури остида қадам босадилар, назорат қиладилар ва агар улар рўза тутадиган бўлсалар, беморликка учрашлари ё кучсизланиб қолишлари мумкин. Бундай ҳолатда, ҳатто, мутасадди шахс уларнинг рўзаларини ейишга ва юртни, чегарани ҳимоя қилишга мажбур этишга вазифадор бўлади. Бу мавзуда "Ҳошияи ибни Обиддин" китобида бор тафсилотлари билан ҳикоя қилинган. Китобда ёзилишича, рўза тутиш натижасида ҳолсизланиб, кучсизланиб қоладиган ва ҳалок бўлиш ё жисмига зарар етиш хавфу хатарига дучор бўлиши мумкин кишиларга ё гуруҳларга рўзасини ейишга рухсат берилади. Айни пайтда ислом шариати ё имом Абуҳанифа (р.а.) мазҳаби жуда муҳим иморатлар ва иншоотлар қурилишларида, жумладан, "Роғун" ГЭС қурилишида ишлаётган кишиларга, у ерда ҳаво анча иссиқ пайтларда ишлаш қийин ва машаққатли бўлгани учун рўза тутмасликка ижозат беради.Чунки у ерда ҳалок бўлиш эҳтимоли ва ё ақлий-руҳий заифлашиш хавфи мавжуд. Агар қурилиш жараёни тўхтаб қоладиган бўлса, бунда давлат иқтисоди ва одамларга жиддий зарар етади.
Дарҳақиқат, агар очлик ҳаддан ортиқ бўлса, инсоннинг ақлий жиҳатдан заифлашишига олиб боришини фан ҳам исботлаган. Бундай ижозат, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ходимларига, далада ишлаётган шоликорлар ва деҳқонларга ҳам берилади. Агар улар ҳосилларини йиғиб-териб олмасалар, бир йиллик меҳнатлари зое кетади. Иккинчи томондан, бозорларда нархлар ошади ва бу ҳолатда егулик етишмаслигидек жиддий камчиликка олиб боради. Бу каби хатарларнинг таҳдид қилмаслиги учун Ислом шариати бундайин кишиларга рўзаларини ейишлари учун ижозат беради. Шу билан бирга мамлакат бозорларида, хусусан, пойтахтда нон тўкинчилигини таъминлайдиган нонвойларга ҳам рўза тутмасликка ижозат берилади. Бу касб эгалари 60-70 даражадан ортиқ иссиқликда нон пиширишади ва бунда рўза тутганларида уларга жиддий хатар таҳдид қилади. Ер остида ишлаётган кончилар ҳаво етишмаслигини ҳис қилишади ва уларга ҳам рўза тутмаслик кафолатланади. Лекин юқорида зикр қилинган кишиларнинг ҳаммалари рўзаларини еганлари учун қулай пайтда қазосини тутиб берадилар.
Мамлакат муфтисининг таъкидлашича, зикр қилинган шахсларга рўза жоиз бўлмаганлиги борасида муқаддас Қуръон китобида айтилган. Дарҳақиқат, Ислом шариати ва Ҳанафий мазҳаби шаръий ва воқеий узрлари бўлган инсонларга енгилликлар берган ва бу енгилликлардан мақсадга мувофиқ фойдаланиш зарур.
Шунингдек, мамлакат Уламолар кенгаши раиси Рамазони шариф ойи фақат жисмоний куч ва егуликдан парҳез қилиш жиҳатидан имтиҳон бўлибгина қолмай, балки руҳий ҳолат ва ният ҳамда амалнинг покизалиги жиҳатидан имтиҳон эканлигини ҳам айтиб ўтди. Бу нуқта одамларга хизмат кўрсатишда масъулиятли бўлган кишиларга тегишлидир. Кўпроқ фойда олиш учун бозор нарх-навосини сунъий равишда ошириш, бу ойдаги энг ёмон амаллардан бири бўлиб, бу мубин Ислом динида қораланиб, маҳкум этилади. Саидмукаррам Абдулқодирзода бу муборак ойда рўзадорлар учун парҳез қилиш, покизалик, атрофидагиларга мурувват кўрсатиш, йиқилганларга қўл бериш, имконияти даражасида ўз биродарларига кўмаклашиш, ҳар қандай ёмон амалга қўл урмаслик, яхши ахлоқ ва хайрли, савобли амаллар орқали уларни янада кучайтириш, ўзини жамият аъзоси дея ҳисоблаш ва ўнлаб қадриятларни зарур санаб, инсонлар қўшниларига яхши муносабат ва муомалада бўлишлари, беморларга раҳму шафқат қилишлари, қарияларга ғамхўр ва меҳрибон, хонадонлари аҳлига, яқинлари ва қариндошларига чиройли муносабатда бўлишлари, дўстлари ва ҳамкорларига мурувват кўрсатишлари, кундалик ҳаётларида, юриш-туриш, амалларида мардлик, олийҳимматлилик, қадрдонлик кўрсатишлари зарур, деб айтди.
Рамазони шариф ойида қилинадиган хайру савоблардан бири дея, етимлар ва мажруҳларга, қаровчисиз ва камтаъминланган, эҳтиёжманд оилаларга садақа бериш саналиши таъкидланади. Бу борада азиз Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деганлар: -Энг яхши ва қимматлироқ садақа Рамазон ойида берилган садақадир.
Бу борада Уламолар кенгаши раиси садақа фақатгина пулу мол билан чегараланиб қолмайди, деб таъкидлади. У кенг маънони қамраб олади. Чунончи, Ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.) бу хусусда шундай марҳамат қилганлар: -Мўмин биродаринг учун сенинг табассуминг садақадир. Бошқаларни яхши ишга ундаш ва ёмон ишдан қайтариш садақадир. Йўлини йўқотган одамга йўл кўрсатиш садақадир. Ёмон иш қиладиган кишига қарши сабр қилмоқ садақадир. Йўлдан тош, тиканни олиб ташлаш садақадир. Ўз идишингдан мўмин биродаринг идишига (сув, ёғ, ёнилғи) тўкиш садақадир.
Суҳбатда гап борган яна бир масала, бу ифтор беришдир. С. Абдулқодирзода Худои таоло ҳар қандай ҳолатда исроф қилмоқликни ман этганини ва исроф этувчиларни шайтоннинг оғайнилари деганини айтди. Агар инсон бу муборак ойда эҳтиёжманд, камтаъминланган ва оч одамларга ифтор қилиб берса, албатта, катта мукофот олади. Лекин ифтор ҳам Тожикистон Республикасининг "Тожикистон Республикасида анъаналар, тантаналар ва урф-одатларни тартибга солиш тўғрисида"ги қонуни асосида ўтказилмоғи лозим.
Тожикистон Уламолар кенгаши раиси Саидмукаррам Абдулқодирзода суҳбат охирида Ёшлар йилида ёшларни билим олиш, касб-ҳунар эгаллаш ва илм-маърифатга юз тутишга даъват этди: -Бугун террорчи ва экстремист гуруҳлар ёшларни жалб этган ҳолда, мамлакатлар тинчини бузаётганларини, минг-минглаб бегуноҳ одамларни сарсону саргардон қилаётганларини кўриб турибмиз. Мамлакатимиз ёшлари бу нотинчликлардан ибрат дарси олган ҳолда, Миллат пешвоси, муҳтарам Эмомали Раҳмон атрофида бирлашиб, ёмон ниятли кимсаларнинг мамлакатимизда ўз режаларини амалга оширишларига йўл қўймасликлари зарур, дея қўшимча қилди Уламолар кенгаши раиси.
Мавжуда АНВАРИЙ, "Ховар" ТМАА.
КАБУТАР
Чарх айланар мовий осмонда,
Оқ кабутар, оппоқ, кабутар.
Интиласан офтоб томонга,
Оқ кабутар, оппоқ кабутар.
Муфассал...
Ёки ўтган йилги марказлаштирилган кириш имтиҳонлари натижалари таҳлили ва жорий илда эътибор қаратилиши лозим бўлган баъзи жиҳатлар хусусида
Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий тест маркази таъсис этилганига ҳам беш йил бўлди. Марказ ташкил этилиши арафасида, унинг қандай фаолият юритиши, кириш имтиҳонларидаги шаффофлигу коррупцион амалларга қай даражада барҳам беришни таъминлай олиши борасида турли фикру мулоҳазалар пайдо бўлганди.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015