Ҳаловатсиз тунлар
Тун яримдан оғганда ҳам кўзига уйқу келмади. У ёнига ағдарилди, бу ёнига ағдарилди, ёстиқни пастлатди, баландлатди. Қани энди, кўзлари юмилса-ю ухлаб қолса! Йўқ, кўзини юмди дегунча, бошига устма-уст томчилар келиб урилар, лўқиллаётган боши ёрилгудай эди. Нима қилсин?! Бошини кўрпага ўраса ҳам, совуқ томчилар миясини тешгудай муттасил келиб уриларди.
Тезроқ тонг отса эди! Тонг отса… тонг отса… томоғидан бир пиёла чой ўтмасдан, яна мактабга шошадими? Йўлини умид билан пойлаб синфларига кириш-кирмасликларини билмай турган ўқувчилар кўзларига қандай қарайди? Ана, кеча мактаб остонасидан ўтмасданоқ муаллималардан бири арзу ҳол бошламадими? «Кеча мактабга келмаётган ўқувчиларнинг уйларига боргандим. Тушунган айрим ота-оналар майли, ўқувчингиз эртага мактабга боради, дейишди. Лекин ўқувчиларимдан биттасининг онаси индамай мени уйига бошлаб кирди-да, тўшакка ўраниб ётган қизини кўрсатиб, портлаб кетди: «Туни билан на у ухлади, на мен. Хайрият, келиним ҳамшира, икки марта укол қилди. Бўлмаса, иссиқ ўтида ёниб кетарди. Бугун беморхонага ётқизамиз. Томидан тўхтовсиз чакка ўтиб турган синфда шамоллайди-да. Билмадим, сизлар қаерга қарайсизлар? Директорларингни томидан чакка ўтмайди-да, шиферлаб қўйган...» У тўсатдан тилини тишлаб қолган ўқитувчига савол назари билан қаради. «Гапингизнинг давомини айтмайсизми? Биламан, ўша аёл айтган гапнинг давомини нега айтмаётганингизни. Мени кўнгли оғрийди, деб ўйлаяпсиз. Тўғрими? Қўрқманг. Менинг ўзимга ҳам юзингда кўзинг борми, демасдан айтишган. Жарақ-жарақ пулни санаб оляпсанми, уддаласанг директорлик қил-да, дейишган. Минг аламим келса-да, томоғимга аччиқ бир нарса тиқилса-да, ўзимни босганман. Чунки ота-оналар ҳақ!»
Муаллимага айтган бу гапларини эслар экан, Янишой мактаб томидан чакка ўтаётганига норози ота-оналарга айта олмаган гаплари хаёлидан ўтди. Мактаб томи битум билан ёпилиши, лекин қурилиш бошида турган одамми ё ишни лойиҳада кўрсатилгандай бажармаган одамми - кимнингдир айби билан, мана, энди чакка ноғорабазм қиляпти. Сифатсиз ёпилган томдан ўтаётган чаккани тўхтатишнинг иложини топишолмади. Бир ҳафта илгари шовиллаб қуйган ёмғир бутун синфхоналарда кўлга айланибди. Агар яна бир марта ўшандай қаттиқ ёмғир ёғса борми? Нима қилиш керак? Фақат битта илож бор – имкони борича тезроқ томни шифер билан ёпиш зарур! Лекин шиферлаш учун қурилиш ашёларига, усталарга қаердан пул топиш мумкин? Қачондан буён мактаб таъмири учун маблағ ажратилмаётган бўлса?! Лекин кимгадир ишониб, кимнингдир мурувват кўрсатишини кутиб ўтиришса, эрта-индин мактаб поли чириб, деворлар нурай бошламайдими? Кейин одамлар нима дейди? Фалончи директорнинг даврида, унинг уқувсизлиги, эътиборсизлиги туфайли замонавий мактаб биноси тамом бўлди, дейишмайдими? Майли, дейишса-дейишар. Оғзига кучи етмаганлар нималарни валдирашмайди? Лекин минг нафардан ортиқ ўқувчилар-чи? Улар қаерга бориб ўқишади? Ўқитувчилар-чи? Улар қаерга бориб ишлашади? Қаерга? Аҳил-иноқ, мамлакат келажаги – болалар таълим-тарбияси учун бирдай жон куйдирадиган муаллимлар жамоаси тарқалиб кетадими? Йўқ, бўлиши мумкин эмас! Иложини топиш зарур! Шарт!
«Так-так, так-так, так-так». Янишойнинг бошига урилаётган томчилар кўпайди, кучайди. Минг ўйламасликка уринмасин, кўзига заррача уйқу келмади. Энди тун қора пардаларини йиғиштираётган паллада юзини совуқ сув билан ювар экан, фикри тиниқлашди: «Ота-оналарга мурожаат қилиш зарур! Ахир, улар ҳам фарзандларининг келажагини ўйлашади-ку! Қачон лойиҳа тузилади, қачон у кўриб чиқилади, қачон томни ёпиш учун пул ажратилади, деб кутиб ўтиришса, чакка томдан элакдан элагандайин ёғилади.
Тун ортида ёруғ тонг бор. Тонг отишига ишонган, ёруғликка интилиб яшаган киши ҳеч қачон тушкунлик исканжасида қолиб кетмайди. Ота-оналар мажлисида мактаб томини тўлиқ таъмирлаш, шифер билан ёпиш ҳақидаги масала кўпчиликни эътиборсиз қолдирмади. Ота-оналар ёрдам беришга аҳд қилишди. Ўша пайтдаги мактабнинг ота-оналар қўмитаси раисаси Замира Аҳмаджонова енг шимариб ишга киришди. У мактаб директори Янишой билан бирга ота-оналарни мактаб томини тезроқ шифер билан ёпиш йўлида бирлаштира олди. Томни ёпиш учун эса, озмунча шифер кетмади. Икки минг дона! Том ёпиш босқичма-босқич олиб борилди. Мактаб биносининг шифер билан ёпилган қисми таъмирланар, кейинги қисмида эса, шиферлаш бошланарди. Шу тариқа мактаб томи тўлиқ шифер билан ёпилди ва айни пайтда бино сифатли таъмирдан чиқарилди.
- Ўша кунларда мактаб биносини қуриш учун жонкуярлик қилган инсонлар ҳам кўз ўнгимдан ўтаверди, - дейди Янишой Пардаева. – Айниқса, у пайтлари Калинин номли колхозга раислик қилган ишбилармон инсон, Социалистик Меҳнат Қаҳрамони Имомназар Хўжаназаров қаршимда тургандай, эл болалари ўқиётган мактаб биносини асраб қола олармикансан, дея савол бераётгандай бўлаверарди.
Эндиликда Янишой ҳар қандай синовчан, ўткир нигоҳга бошини баланд кўтариб қарай олади. Ўша уйқусиз тунлардан сўнг, уч йилдан кўпроқ вақт ўтди. Томдан чакка ўтмайди. Мактаб томини шифер билан ёпиш, бинони таъмирлашда ёрдам берган инсонлар - ўша пайтдаги Ошоба қишлоқ жамоати раиси Ашурали Деҳқонов, тадбиркор, раҳматли Йигитали Юнусов, Еттитепа мавзеидаги деҳқон хўжаликлари бошлиқлари, ота-оналарни миннатдорчилик билан эслайди…
Эъзозлаган эъзоз топар
- Муаллима, сизни сўраб келишибди.
- Айтинг, кираверсинлар, - деди Янишой эшик олдида турган ёш ўқитувчига.
Ичкарига ўттиз ёшлардаги ёш аёл қимтинибгина кириб, салом берди. Янишой кўрсатган курсига ийманибгина ўтириб, кўзини столдан узмасдан тураверди.
- Келинг, синглим. Менга хизмат бор эдими?
- Муаллима, нима десам экан, - ёш аёл шу сўзларни айтди-да, жим қолди.
- Синглим, сиз тортинманг, - Янишой сўзлаётиб, аёлга бир қур назар ташлади. -Азоб тортган кўринади. Нимага айтмоқчи бўлган гапини ичига ютяпти? Наҳотки, одамларга ишонмай қўйган бўлса?!. Синглим, кўзимга иссиқ кўриняпсиз. Лекин танимайроқ турибман. Гапингизни айтаверинг. Қўлимдан келса, ёрдам бераман.
- Мен Дилфуза. Дилфуза Холиқоваман. Аслида шу тарафлардан бўламан. Инглиз тили ўқитувчисиман. Иш сўраб келгандим. Лекин…
Дилфузанинг негадир кўзлари ёшланиб, ўзига саволчан, лекин меҳрибон нигоҳ билан қараб турган мактаб директорига бошига тушган савдоларни ҳикоя қилгиси келди.
… У Душанбеда ўқиётганда фуқаролар уруши бошланиб қолибди. Лекин тинчиб қолар, деб ўқишни ташлаб келишга кўзи қиймабди. Тақдир экан, ўша ерда турмуш қурибди. Учта фарзанди бор экан. Лекин тақдир яна Ашт томонларга қайтибди. Ишламаса, бўлмас. Йўқса, болалари оч қолиши мумкин экан. Лекин бор ҳужжатлари уруш пайтида йўқолиб кетибди…
Янишой Дилфузанинг сўзларини тинглар экан, кўз олдида онасининг йўлига у нон, егулик олиб келармикан, деб термулиб ўтирган болалар гавдаланди. Дилфузага жуда-жуда ёрдам бергиси келди. Устига-устак, мактабга чет тили ўқитувчиси зарур. Лекин унинг ҳужжати йўқ бўлса, маориф бўлимидагилар рози бўлишармикан?
Боши қотиб қолди. Ўйланди. Шу лаҳзалар мактаб директорининг қонун олдидаги масъулияти билан она, аёл кўнгли баҳслашарди. Ҳужжати йўқ бўлса, ишга олсанг, гапнинг тагида қолиб кетасан, дерди директор. Ишламаса, меҳнат ҳақи олмаса, бу шўрлик аёл болаларини қандай боқади, агар болалар…
Ниҳоят, директор бир қарорга келди. Дилфузани мактабга ишга олади. Фақат синов шарти билан.
Янишой Дилфузанинг яшаш шароити билан танишар экан, унинг яшашга уй-жойи йўқлиги маълум бўлди. Ўзи ҳаракат қилиб, ижарага уй топиб берди. Ёш муаллиманинг ўз ишини яхши билиши, малакаси, болаларга таълим-тарбия бериш учун жон куйдиришини кўриб, унга ёрдам бера бошлади. Айнан мактаб директорининг елиб-югуриши билан Дилфуза Холиқовага уй қуриш учун томорқа ажратилди.
- Айтинг, уйида ҳаловати, тинчи бўлмаган, болаларини яхши кийинтириб, яхши едира олмаётган қайси бир ўқитувчининг иши самарали бўлади? Дарс пайтида ақлу ҳуши ўз муаммолари билан банд бўлмайдими? Шунинг учун мактаб директори ҳар бир муаллимнинг қандай яшаётганлиги билан қизиқиши, иложи борича ёрдам бериши зарур, - дейди узоқ йиллик тажрибасидан келиб чиқиб, мулоҳаза юритар экан Янишой.
У Ленинобод Давлат педагогика институти (ҳозирги академик Бобожон Ғафуров номли Хўжанд Давлат дорилфунуни)ни битириб, жуғрофия фани бўйича ихтисос эгаллади. Мактабда иш бошлаганига ҳам ўттиз беш йил бўлиб қолибди. Унинг ташкилотчилик, раҳбарлик қобилиятини англаган Ашт ноҳияси маориф бўлими раҳбарлари мактаб директори вазифасига тайинлашди. Йиллар ўтиб кетаверар экан, бу вазифада салкам йигирма йил ишлабди.
Янишойни фақатгина у ишлаётган мактаб ўқитувчиларигина эмас, балки ота-оналар, ўқувчилар ҳам эъзозлашади. Меҳнати ардоқланиб, Тожикистон Халқ маорифи аълочиси кўкрак нишонига сазовор бўлган…
Хотима яна дебочага уланади
Узоқ йиллар Янишой Пардаева сарварлик қилган А. Исмадиёров номли 49-ўрта умумтаълим муассасаси тарихи ошобаликлар томонидан Еттитепа мавзеини ўзлаштиришга бориб тақалади. Янги ерларни ўзлаштираётган кишиларга мўлжаллаб Марҳамат шаҳарчаси бунёд этилар экан, уларнинг фарзандлари учун мактаб қурилиши режалаштирилди. Қурилиш 1986 йилда бошланди. Мактаб битгунча болалар турар жойлар учун мўлжаллаб қурилган биноларда ўқишди. Ўша пайтда мактаб саккиз йиллик эди. 1988 йилда янги мактаб ўз эшикларини очди.
Кейинчалик Марҳаматда 6-гимназия ташкил этилди ва ўқувчиларнинг қарийб ярми бу таълим даргоҳида таҳсил ола бошлашди. Ҳозирги вақтда 49-ўрта умумтаълим муассасасида 50 нафардан ортиқ ўқитувчи 630 нафар ўқувчига таълим-тарбия бермоқда. Муаллимларнинг ҳаммаси олий маълумотга эга. Улардан икки нафари – она тили ва адабиёт фанлари ўқитувчиси Комила Ўсарова ва жисмоний тарбия муаллими Жамшид Эркабоев Тожикистон Халқ маорифи аълочиларидир.
Илм олишга чанқоқлик, танлаган касбни пухта эгаллаш учун интилиш ҳар йили ўнлаб битирувчиларни олий ўқув юртлари томон бошламоқда. Биргина ўтган йили мактабни битирган 14 нафар ўқувчи мамлакатимиз ва Россиядаги олий ўқув юртлари ҳамда коллежларга ўқишга киришди.
Яқинда мактаб аҳли Янишой Пардаевани тантанали тарзда нафақага кузатди. Вақтида мактабда дарс берган тажрибали педагоглар –Мирзабобо Тиллаев, Мирзаабдулло Холдоров, Абдуллажон Назматов, Абдумутал Жуманов, Мамасоли Исмоналиев, Равшаной Сатторова, Охунжон Маматқулов, Аҳмаджон Ҳошимов, Икромали Муталлибов, Мелибой Ашурматов, Тоштемир Умаров, Иброҳим Воҳидов, Ўғилой Йўлдошева, Умринисо Рўзматова кабилар Янишой томонидан қанчалик эъзозланган, уларнинг мактаб, марҳаматлик болалар таълим-тарбияси учун сингган меҳнатлари қанчалик қадрланган бўлса, эндиликда ўрта ёшли ва ёш ўқитувчилар унинг ўзини шунчалик эъзозлаб, қадрлашмоқда.
Ҳар ишнинг бошланиши бўлганидек, хотимаси ҳам бор. Эндиликда ёши улуғ Янишой Пардаева меҳнати роҳатини кўриб, дам олиш ниятида.
- Биз Янишой опани яна мактабга чақириб оламиз. У кишининг куч- ғайратлари, билимлари, тажрибалари ёш авлод тарбиясига кўп асқотади. Янишой опанинг ёнимизда бўлишлари эса, ҳар биримизга далда, куч беради, - дейди мактабнинг янги иш бошлаган директори Баҳромжон Ашурматов.
Демак, умрини маорифга, ёш авлод таълим-тарбиясига бағишлаган Янишой Пардаева жонажон мактабига «хайр», деб кетмаган экан. «Кўришгунча», деган. шундай экан, ҳадемай, хотима дебочага қучоқ очади.
Ўринбой УСМОН,
Ашт ноҳияси.
Юртимизда - баҳор. Баҳор - яшариш, янгиланиш фасли, бунёдкорлик ва ободончилик мавсуми, улкан мақсадларни рўёбга чиқариш учун белни маҳкам боғлайдиган палла. Олдинда эса, Наврўз шодиёналари. Ҳар гўшада - байрам, ҳар бир кишида байрамона кўтаринки кайфият.
Яқинда аср қурилиши, юртимизнинг улкан гидроэнергетик иншооти - Роғун ГЭСи қурувчиларига ана шундай баҳор нафаси,
Муфассал...
Милиция подполковниги Ўктам Жўраев ўз даврининг буюк фидойи инсонларидан бири бўлган ғончилик (бугунда Деваштич) Жўра Расулнинг невараси. Жўра Расул ноҳиянинг Эшонқўрғон қишлоғида туғилган. Оддий чоряккор-батрак сифатида ўз даврининг бойлари хонадонида хизмат қилиб, вояга етгач, ишчи ва деҳқонлар давлати бўлган Шўролар сиёсатини қўллаб-қувватлаб, оддий ишчиликдан то раҳбарлик лавозимигача кўтарилган.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015