Хизмат юзасидан Кўлоб шаҳридан қайтаётганда Фархор ноҳиясининг Қизил сув дарёси атрофида жойлашган бир хонадонда меҳмон бўлдик. Уй соҳиби Рустамжон билан тонг отгунча суҳбат қурдик. Рустамжон гап орасида қани бир журналист бўлса-ю, дилимдаги ҳасратларимни айтиб, кўнглимни бўшатсам, ҳаётимда бўлган воқеаларни баён этсам, ҳозир ҳамма, айниқса, ёшлар оила бузилмаслиги учун курашсалар, дейман деб қолди.
Уч фарзанднинг меҳрибон отаси, турмуш ўртоғи қилмишларидан куйган, қалби пора-пора бўлган эркак фарзандларини ташлаб кетган аёли Назира хусусида шундай ҳикоя қилди:
-Ҳаётда биров бахтли, биров бахтсиз бўлиб яшаркан. Лекин ҳаммасини вақт кўрсатар, тақдирингда нима ёзилган бўлса ўшани кўрар экансан, киши. Назира билан бир-биримизни севиб турмуш қурдик. Ҳамма бизга ҳавас қиларди. Ойлар, йиллар оқар сув каби ўтиб кетаркан. Бирин-кетин уч ўғилнинг севимли отаси бўлдим. Оиламизда иқтисодий жиҳатдан қийинчиликлар пайдо бўлиб, ҳаёт аравасини тортишда қийналардик. Қўшнимизнинг ўғиллари хорижий мамлакат - Россияда ишлашиб, данғиллама, замонавий уйлар қуришди. Бунинг устига, сўнгги русумдаги машиналар сотиб олишди. Қўшнимизнинг уйида «Опел», «Мерседес», «Донг», умуман, уч хил машина ялтиллаб турарди. Назира ҳар куни гап орасида шундай дерди:
-Дадаси, қаранг, қўшнининг янги уйи, машиналари кўзни қамаштиради. Уйнинг ҳар бир хоналарида қимматбаҳо гарнитурлар, дивану музлаткич, телевизорлар қўйилган. Телевизорлардан нақ одами чиқиб келай дейди-я. Биз-чи, шу эски алмисоқдан қолган уйда қанча яшаймиз. Бугунги топганимиз эртага етмайди. Сиз ҳам эркаксиз-ку, ахир. Яхшиси келинг, биргаликда хорижга бориб ишлайлик.
Шундай хархаша, дилни хуфтон қиладиган гаплар кунора бўлиб турарди. Охири пичоқ суякка бориб етди. Назира бир куни шундай деди:
-Келинг, хўжайин, сут бериб турган ягона ола сигирни сотиб, пулига самолётга билет оламиз-да, Россияда ишлаб келамиз. Болаларни эса, онангиз қараб туради.
-Назира, бир шу соғин сигир рўзғоримизни тебратиб турибди. Сутини ичамиз, қатиғини бозорга сотиб, чойпули қиляпмиз,- дедим.
Назира оёғини бир этикка тиқиб туриб олди. На чора? Онамнинг «Сигирни сотмагин болам, рўзғоримизни шу тебратиб турибди. Фарзандларинг суту қатиққа зор», дейишига қарамай, охири Назиранинг қистовлари билан ола сигирни сотиб юбордик. Иккаламизга хорижий паспорт ва билет олдик. «Москва шаҳри қаердасан?»- деб учиб бордик. Иш жойимизнинг тайини йўқ. Яхшиямки, тожигу ўзбек йигитлари бизни иш жой билан таъминлашда ёрдам қилишди. Менга қоровуллик, Назирага эса, иш жойларимизни супуриш топширилди. Бошлиғимиз мену Назирага яқин 600 доллар маош беришини айтди. Жуда хурсанд бўлдик. Умримизда долларни кўрган бўлмасак. Бир-икки ой яхши ишлаб, уйга онаму фарзандларим учун пул юбордик. Учинчи ойда Назира турли қилиқлар чиқара бошлади. У бозорга бориб келиш баҳонасида кетарди. Бунга унчалик эътибор бермасдим. Бир-икки ҳафта орасида минг сомонийлик палто, қимматбаҳо этик, тилла узугу сирғаларга эга бўлди. Бундан ҳайратим ошди.
-Назира, янги кийимлар харид қилибсан, пулни қаёқдан олдинг?- сўрадим.
-Қўшни корхонанинг арман миллатли бошлиғи мени ишга олди. У жуда ҳам яхши одам экан,- деди у.
Назира ёнимдаги ишдан бўшади. Бир куни ўша бошлиғи билан оппоқ янги машинада келди.
-Энди мени бошқа кўрмайсиз,- дея уй кийимларини целлофан халтага солиб, орқасига қарамай кетди.
Кейин билсам, ўша арман бошлиғи Назирани ўзига хотин қилиб олган экан. Бир йил ишладим, топган пулларимни онамга юбордим. Онам эса, фарзандларимни боқди. Қиш ҳам келди. Москвада қалин қор ёғди. Самолётга билет олиб, ёлғиз ўзим уйга қайтдим. Кетганимизда учинчи ўғлим Нодиржон энди бир ёшга тўлганди. Уйга киришим билан онам келинининг қаердалигини сўради.
-Онажон, келинингиз яхши иш топган, яна бирон йил ишлайди,- дедим.
-Вой болам, ўзинг қолиб, келинни юбормадингми? Ҳар куни ўғилларинг онам қачон келади, деб хархаша қилишади. Фарзандларинг менинг меҳрибонлигимга ҳеч ҳам кўникишмаяпти. Онамга бораман-эй, онамни топиб беринг, дейди, болам.
-Онажон, ўғилларимга ўзим қарайман, уларга ҳам ота ва ҳам она бўламан,- деб жавоб қайтардим.
Онамга ҳам қийин, фарзандларимни ювиб-тарайди, озода кийинтиради ва иккитасини мактабга жўнатади. Мана, Нодиржон онасиз етти ёшдан ошди, 1-синфга борди. Мактабга ҳамма ўғил-қизларни оналари етаклаб боришса, мен Нодиржоннинг қўлидан ушлаб, гулдаста билан ўқитувчига топшириб келдим. Етти йил бўлдики, Назирадан дарак йўқ. У ўзининг орзу-ҳавасини қондириш йўлида бошлиғи билан яшамоқда. Мен ҳанузгача уйланганим йўқ. Ҳар эрталаб ўғилларим, айниқса, Нодиржон «Онажон, қачон келасиз, сизни жуда-жуда ҳам соғиндим, тезроқ келинг», деб йиғини бошлайди. Ўғлимни қучоғимга олиб, «Оппоғим, онанг эртага келади», дея юпатаман.
Ҳаёт шундай аччиқ экан. Фарзандларимнинг она, деган сўзлари юрак-бағримни тилиб юборади. Нима қилишимни билмайман. Онанинг меҳри бошқача экан. Ҳеч ким, айниқса, фарзанд она қучоғидан айрилмасин экан. Ўғилларимнинг она меҳри-ю дийдорига зор бўлиб ўсаётганликлари қалбимни тирнайди. Қўлимдан нима ҳам келарди? Бировлар тирноққа зор бўлса, аёлим бойликка учиб, фарзандларини ташлаб кетди.
Рустамжоннинг ҳасратларини оққа кўчирувчи:
Жайлов Ҳасанов,
Панж ноҳияси.
- Дунёнинг бир қатор давлатлари каби Тожикистон Республикасида ўлим ҳукми бекор қилинмаган бўлса-да, 2004 йилдан буён унга мораторий эълон қилинган, яъни ўлим ҳукми вақтинча тўхтатилган, - деди матбуот конференцияси жараёнида Тожикистон Республикаси Олий суди раиси Шермуҳаммад Шоҳиён.
Тожикистон Республикаси Олий суди раисининг айтишига кўра, дунё давлатлари ўлим ҳукмига нисбатан турлича муносабатда бўлишмоқда.
Муфассал...
15 январ куни Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон ҳамда Душанбе шаҳри раиси Рустами Эмомали пойтахтнинг Шоҳмансур ноҳиясида пайпоқ ишлаб чиқариш корхонаси "Ваҳдат" МЧЖ фаолиятини бошлаб беришди.
Ушбу корхона Миллат пешвосининг топшириқлари асосида маҳаллий тадбиркор Илҳом Мирзоев ташаббуси билан қурилиб, уни таъсис этишдан
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015