Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ

Муаллиф: Super user Категория: ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ
Чоп этилган 09 Декабр 2016 Кӯришлар: 1548
Печат

j jabborov09

ёхуд тутинган ўғиллар ҳақида

Бу воқеани Вахш ноҳиясининг "Дружба" қишлоғида яшовчи дўстим Чориёр айтиб берган эди.

Биродаркушлик уруши вақтида у Қўрғонтепа шаҳридаги Қараболо касалхонасига қандайдир иш билан бориб, аввалдан таниш бўлган бош врач ҳузурига киради.

Бош врач гап орасида ўтган куни содир бўлган автоҳалокат ҳақида гапиради. Ўша пайтлар давлатимиз чегарасини Россия армияси аскарлари қўриқлар эди. Уларнинг ҳарбий УАЗ русумли машиналари йўлда танк билан тўқнашиб кетган. Натижада, танкдаги ҳарбийлар ҳалок бўлган икки нафар офицер ва бир аскарни Қараболодаги ўликхонага ташлаб кетишади. Учовининг ном-насаби ва ҳарбий унвонларини бир қоғозга ёзиб бериб, қариндошларига хабар юбориш учун уларнинг  ҳужжатларини олиб кетишади. Ўликхонага хабар олишга кирган касалхона ходими бирининг кўзи ярим очилиб-юмилганини кўриб қолган. Уни бу ердан олиб чиқишиб, бошининг очилиб қолган чаноғини тикиб, жарроҳлик амалиётини ўтказганлар. Рўйхатдаги номга асосан бу оддий аскар Алексей Золотов экан. 

Чориёр касалхонадан чиқиб шаҳар почтасига борди ва Панжда  чегара яқинида яшовчи оғайниларига қўнғироқ қилиб, саломатликларини сўради, кейин бош врачнинг гапи ёдига тушиб, "Алексей Золотов деган аскарни  танийсизларми, аварияга учраб, касалхонада ётибди",- дейди. Улар Алексейни танишларини, яхши-одобли аскар эканлигини, керак бўлган пайтларда ўзларига фойдаси кўп текканини айтиб, Чориёрдан унинг аҳволидан хабар олиб туришини илтимос қиладилар.

Чориёр аввалига хешларининг илтимоси туфайли моддий жиҳатдан қийналса ҳам, (ўша кунларда ҳаммага қийин эди) битта нон топса, ярмисини олиб бориб, Алексейдан хабар олиб турарди. Кейинчалик у соғая бошлагач, гаплари қўшилиб, унга ўз ўғлидек қарайдиган бўлди. Бир куни хабар олишга борганда, бош варч уни суриштирганини айтишади. Олдига борса, у:

- Алексей Золотов анча яхши бўлиб қолди, - дейди, - эшитишимча, сендан бошқа ҳеч ким уни сўроқламаган. Менимча, ҳарбий қисмлардаям тартиб-интизом аввалгидек эмас. Касалимизни ўлдига чиқариб, рўйхатдан ўчириб, ҳужжатлариниям йўқотиб юборган бўлсалар керак. Бирор марта йўқламадилар ҳам. Унга жавоб берсак борадиган жойи йўқ, ҳозирги алғов-далғов вақтда ҳужжатсиз кўчага чиқса, бирон хавф-хатарга дучор бўладими, деб қўрқаяпман. Шунинг учун, вақтинча сенинг уйингда яшаб турса демоқчийдим.

-Мен ҳам шу фикрда эдим, -дейди Чориёр.  Алексейни уйига олиб келади ва оила аъзоларини у билан таништиради.

-Мен сенларга айтган аскар - Алексей шу йигит бўлади, -дейди. Кейин ўгирилиб гапини давом эттиради: -Сен энди менга "старший сын" - катта ўғилсан, ўғилларини кўрсатиб, булар эса, укаларинг Эркин ва Жалол. Уруш тинчиб, йўлларда юриш осонроқ бўлса, ҳужжатларингнинг пайидан бўламан, тўғрилаёлсам, уйингга кетасан.

Алексей укалари билан тез тил топишиб кетди. Русча-ўзбекча сўзларни бир-бирларига ўргатишарди. У ўзлари ҳақида, қишлоғи ва урф-одатлари тўғрисида нақл қилиб берарди. Ота-онасини гапирганда, қуйилиб келаётган кўз ёшларини кўрсатмаслик учун кўпинча бирон нарсани баҳона қилиб, суҳбатдошларидан узоқлашарди. Чунки, уларни жуда кўргиси келар, қўмсарди. Ўзининг эса, саломатлиги кундан-кунга яхшиланиб, ориқлаб қолган бадани тўлишиб борарди. Деҳқончилик билан умргузаронлик қилаётган Чориёр оиласининг ҳақиқий аъзосига айланиб қолди. Ҳовли, томорқадаги ишларда укалари билан баравар меҳнат қилиб юрди. Қўни-қўшнилар ҳам келиб, у билан суҳбатлашишни ёқтиришарди.

Алексейнинг йўқотилган ҳужжатларини тиклаш қийин кечди. Чориёр касалхонадаги маълумотнома ва Алексейнинг суратини олиб ҳарбий қисмлар, комиссариатларга бот-бот  қатнади. У катта ўғлининг ўзларининг яшаш шароитларига мослашиб қолганлигидан мамнун бўлса-да, унинг ич-ичидан ота-онасини, Ватанини соғинаётганини сезарди ҳамда унга тезроқ ёрдам беролмаётганидан изтиробга тушиб, руҳан эзиларди.

Орадан олти ой ўтиб кетди. Ахири ҳақиқийми, қалбакими, Чориёр ўзиям билмайди, ишқилиб, ҳарбий билет ёздириб олди. Хизмат қилди, деб муҳр ҳам босиб беришди. Энди Алексейни уйларига Подолск шаҳрига жўнатиш ташвиши бошланди. Аллақаердан ҳарбийларнинг кийим-кечагини - аскар формасини топиб келиб, уни кийинтирди. Оғилидаги катта сигирини сотиб поездга Москвагача чипта олиб берди. Қўлигаям пул бериб, Душанбе темир йўл шоҳ бекатидан (вокзалидан) ўзи кузатиб қўйди.

Вагонга чиққанида Алексейнинг мовий кўзлари қувончдан шунчалар чарақладики, айрилиқдан маъюсланаётган Чориёр ҳам буни кўргач, чин дилдан севинди. Лекин катта ўғилга ўрганиб қолишган экан, анча вақтгача унинг ўрни билиниб турди, ҳар куни эсга олишарди. Айрим кишилар:  - "Ҳозир уйсиз, дайдиб юрган одамлар тўлиб ётибди. Чори девона эса, аллақандай адашган ўрисни деб, сигирни сотиб қўйибди", деган гап ҳам қилишди. Чориёр бу гапларга парво қилмади.  Алексейнинг жўнаётган пайтдаги хурсандчиликдан порлаган кўзлари ёдига тушиб: - Бир мусофирни, тўғрироғи, ўғлимдай бўлиб қолган болани ота-онасига топширишим олдида битта сигир нима деган гап, - деди.

Шундан тўрт-беш йил ўтгач, тақдир тақозоси билан Чориёр Москвага муҳожир бўлиб бориб, қурилишда ишлай бошлади. Ёшликда қурилиш техникумини битириб, совхозда анча йил прораб бўлиб меҳнат қилгани сабабли, бу ишда тажрибаси бор эди, чизма-лойиҳаларга ҳам оз-моз тушунарди. Шунинг учун кўп ўтмай, олтмиш кишига бошлиқ -бригадирлик қила бошлади. Якшанба кунлари дам олишарди. Бир шанба куни Алексей ёдига тушди-да, барвақтроқ ишдан чиқиб Подолскка жўнади. Сўраб-суриштириб кечга яқин Золотовлар яшайдиган манзилни топиб, ҳовлиларининг дарвозасини тақиллатди. Алексей уйда экан, чиқиб Чориёрга анча тикилиб турди, кейин: - "Дядя Чары", деб югуриб келиб, уни қучоқлади ва кўзларидан шашқатор ёшлар оқизиб ўпа бошлади. "Сынок", деб кўришаётган Чориёрнинг ҳам шодликдан кўзлари намланди. Шовқинни эшитиб ташқарига чиққан Алексейнинг ота-онаси ўғилларининг кўриниши осиёликларга ўхшаш, паканароқ, хушрўй киши билан қучоқлашаётганини кўриб, унинг Чориёр эканлигини англадилар. Чунки фарзандлари у ҳақда деярли ҳар куни сўзлаб турарди. Улар ҳам келиб, Чориёрни қучиб ўпа кетдилар. "Сен туфайли ўлдига чиққан ўғлимиз билан топишдик", дейишарди кўзларидан ёш томиб. Хурсандчилик билан бошланган зиёфат, гурунг тонг отгунча давом этди. Алексей Тожикистондан келгач, уни қайтадан дўхтирларга кўрсатибдилар, ҳужжатларини ҳақиқий қилиб тиклабдилар. Ҳозир қайсидир депутатга ҳайдовчилик қилаётган экан. Отаси ҳам ҳайдовчи, онаси эса, бухгалтер бўлиб ишларкан. Якшанба куни меҳмон кетмоқчи бўлди: - "Эртага эрталаб ишга чиқишим керак",- деди. Мезбонлар кўнишмади, олиб қолишди. Душанба куни саҳарлаб Алексей Чориёрни машинасида Москвага - иш жойига етказиб келди, мажбурлаб чўнтагига пул ҳам солиб қўйди.

Бир нарсани ёзиш эсимдан чиқаёзибди. Алексей Чориёрникида яшаб юрган кезлари ўзим ҳам уни кўриб суҳбатлашганман.

***

Бу воқеани қўшни қишлоқлик танишим Абдусаломга сўзлаб берган эди.

Одатда эркаклар хотинларини тириклигида мақташмайди. Абдусалом: - Аёлим Кибриё дунёдан ўтди, энди уни мақтасам бўлади, - деди.

Хотинининг жанозаси куни тобутни кўтараётганларида башанг кийинган нотаниш бир ёш йигит овозининг борича онамлаб йиғлаб келиб, марҳуманинг устига чиройли материал ёпади ва тобутни кўтаришиб қабристонгача йиғлаб боради. У ерда ҳам  қайтишдаям йиғлаб келади. Ҳамма ҳайрон бўлиб Абдусаломга қарайди. У елка қисади. Ўғиллариям унга бошқачароқ қарайди. Аллакимнинг шипшиганини эшитиб қолади: - Вой писмиқ Абдусалом-ей, ҳеч кимга билдирмай бошқа хотин олган экан-да, ўғлини қаранглар, бўйчанлиги худди ўзига ўхшайди.

Табиатан уятчанроқ Абдусалом ўнғайсизланади, ҳар хил хаёлларга боради, аммо уни танимаса нима ҳам дерди.

Қабристондан қайтган одамлар ҳовлидаги сўриларда ўтириб марҳуманинг руҳига бағишлаб, дуо қилишгандан сўнг, тарқала бошладилар. Ўғиллари ва яқин кишилари  ҳузурида юқоридаги воқеага ойдинлик  киритмоқлик учун Абдусалом ҳалиги йигитнинг ёнига бориб ўтиради.

-Ўғлим, биз сени танимай турибмиз,- дейди.

-Менинг исмим Акбар, Душанбедан келдим,- дейди у кўз ёшларини артиб. Мени биринчи марта кўриб турибсизлар, танимасликларингиз табиий. Аммо Кибриё онам тирик бўлганларида танирдилар, -у яна йиғлай бошлайди. Кейин ўзини босиб олиб, онаси билан боғлиқ ҳаётини сўзлаб беради: - Фуқаролар уруши энди тугаб, давлатимиз раҳбарлигини зиммасига олган олижаноб  инсон  муҳтарам  Эмомали Раҳмоннинг ташаббуси билан қочоқлар уй-уйларига қайтарилаётган пайтлар эди. Ўшанда мен ўн икки ёшли бола эдим. Ота-онам ўлиб, кимсасиз етим бўлиб, хор-зор Рашт кўчаларида тентираб юрардим. Жанубий ноҳиялар вакиллари автобусларда келиб, аёллар ва ёш гўдакларни унга миндиришди. Эркаклар учун кейинроқ, йўллар тинчигач, яна келишларини айтишди. Менга: - "Бўйинг чўзилиб қолибди, эркаклар билан борасан, дейишди. Лекин мен кетаман, деб йиғлаб туриб олдим. Душанбеда тоғам яшарди. Ягона илинжим ўша ёққа бориш эди. Аёллардан қайси бирининг раҳми келиб, чидаб туролмади, шекилли:

-Чиқ, болам, автобусга чиқ,- деди.-Тақдирингдагини кўрасан.

У шу марҳума онам эдилар. Ҳар постда автобусимизни тўхтатиб текширишарди. Ичиб-чекиб олган, кўзлари қизарган айрим жангарилар мени олиб қолмоқчи бўларди. Шунда бояқиш онам устимга ташланиб, йиғлаб: - Болажонимни қаёққа олиб борасизлар, боламни беринглар, - деб тармашиб, зўрға ажратиб олардилар. Агар автобусдан туширмай, ичига кириб қараб чиқсалар, жуссали аёл эмасми, мени этагининг ичига солиб қўярдилар. Шундай қилиб, Душанбега келгунча ўн етти постда онажоним мени ўн етти ўлимдан олиб қолдилар, ўзлариям ўн етти марта ўлиб-тирилдилар. (Йигитнинг кўзлари яна ёшланди). Тоғамникида яшаб ўрта мактабни, кейин коллежни битирдим ва  ишга кирдим. Биринчи маошимга кўйлаклик мато олиб, онамдан дуо олмоқчи бўлиб келгандим, жанозаси устидан чиқиб қолдим. Бир марта бўлсаям кўриб, миннатдорчилик билдиролмай армонда қолдим.

У ҳўнграб йиғлаб юборди. Ёнидагиларнинг ҳам кўнгиллари бузилиб, кўзлари ёшга тўлди.

Тутинган ўғиллари Акбар ҳар йили ҳайитларда онасининг қабрини зиёрат қилишга келганда,  Абдусалом отасидан ҳам хабар олиб кетаркан.

 

Жума ҳожи Жабборов,

 Ж. Балхий ноҳияси.

Мамлакатимизда ижтимоий аҳвол сизнингча?

Аъло - 38.5%
Яхши - 38.5%
Ӯртача - 0%
Ёмон - 7.7%
Билмайман - 15.4%

Проголосовали: 13

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Тожикистон паҳлавони – мутлақ ғолиб!

 

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Хоразм вилояти Урганч шаҳрида Паҳлавон Маҳмуд хотирасига бағишланган халқаро турнирда мутлақ чемпионликни юртдошимиз Неъматулло Асронқулов қўлга киритди. Бу музаффарият, нафақат уники, балки бутун Тожикистон халқиники эди. Паҳлавон сафардан қайтгач, у билан бир пиёла чой устида суҳбатлашишга муяссар бўлдик.

Муфассал...

"ГИННЕС КИТОБИ"ГА ДАЪВОГАР БОЛАКАЙ

 

Рўдакий ноҳияси Гулистон қишлоқ жамоатига қарашли Болошаҳр маҳалласида истиқомат қилувчи 166-ўрта умумтаълим муассасаси 1-синф ўқувчиси Эмомҳусейн Умаровнинг спортга қизиқиши, унинг 6 соату 20 дақиқада 11 минг марта спорт тили билан айтганда, "отжимание" қила олишлиги ҳақидаги хабар халқ орасида тарқала бошлагач, биз ҳам ушбу мавзуга қизиқдик.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990978

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7478403
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
4331
4027
22016
7426653
100047
114875
7478403

Сизнинг IPнгиз: 18.118.119.129
Бугун: 23-11-2024 17:37:53

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015