Ватан ҳақида ўйлаганимда, ҳар гал кўз олдимга отамнинг қишлоқ чеккасидаги бир тепаликни текислаб очган ери ва шу ерга ўтқазган ниҳоллари гавдаланади. Йиллар ўтиб, вояга етган дарахтлар бугун ғарқ мевага кирган, ўтган-кетган йўловчи бир четида ўтириб дам оладиган гўзал масканга айланди. Бугун мевасини еб, соясида ҳордиқ чиқараётганлар ҳақида эмас, шу боғнинг не-не машаққатлар билан барпо этилганлиги ҳақида ҳикоя қилмоқчиман.
Отам тепаликни текислаб, боғ яратгунча озмунча меҳнат қилмади. Ҳар куни уйга қўллари қип-қизил қон бўлиб қайтардилар. Сабаби, янги экилган ниҳоллар атрофини тиканли чангал билан ўраш керак бўларди. Йиллаб тўкилган меҳнат бугун ўз мевасини бермоқда. Негадир, шу бир парча ер менга Ватандек. Шу анҳор, дарахтлар, тераклар менга она-Ватан бўлиб кўринади. Қишин-ёзин жон-жаҳдим билан қўриқлайман. Сал эътиборсиз қолсам, мол-ҳол пайҳон қилади. Хуллас, мен севган Ватан отамнинг бир парча боғидан бошланади.
Бугун ўсиб-улғайиб, бўйим чўзилиб, қалбим ишққа тўлганида Ватан сўзининг туб моҳияти, қадр-қиммати ва фарзандлик ҳаққини гўзал байтларимдан ахтараман:
Шу дала-дашт, шу тоғу тош,
Менга Ватан, менга жондир.
Шу тўлин ой, сахий қуёш,
Онам каби қадрдондир.
Сувлар оққан анҳорлари,
Гулга тўлган баҳорлари,
Қўмсаб қолса хуморлари,
Бағри бахту шонга кондир…
Шодлик кўзларда акс этади. Кўнгил эса, асрлар ғамини ичига ютиб, кўз орқали айбини ювиб туради. Аслида Ватан ҳақидаги таъриф жуда узоқдир. Унинг бахту иқболини куйламаган, мадҳ этмаган ижодкор йўқ бўлса керак оламда. Аммо Ватан бошига оғир кун тушганда ҳимоя қилмаслик, жон бермаслик - ватанфурушнинг иши. Мен бир оддий қаламкаш сифатида Ватан хоини ҳожи Ҳалим Назарзода бошчилигидаги бир гуруҳ исёнчиларнинг хиёнати туфайли юртимизда рўй берган хунрезликлар ҳақида тўхталмоқчиман.
Бу гапларни ўша кезларда баланд пардаларда ҳайқириб айтишим мумкин эди. Бироқ мен бу йўлни тутмадим. Ўтган вақт мобайнида ўт бўлиб ёндим, ғаму ҳасрат ичида куйдим. Нохуш хабарни эшитган кунимдан бошлаб, ҳаловатим йўқолди. Хоин, қабиҳ ниятли инсонларга нисбатан нафратим ошди.
Дўст тутиндик, номард чиқдинг,
Ичинг қаро кўмир экан.
Ҳаром молу давлат йиғдинг,
Ҳайф сенга умр экан.
Тангри берди шону шавкат,
Икки кўзинг кўрмиди?
Келишувни буздинг – лаънат
Юзингдаги тўрмиди?
Қўл узатиб бир товоққа,
Тупуришинг билардим…
Шу куни тонгда тарқалган шум хабардан юрагим зирқираб оғрий бошлади. Бу ҳолатдан кўпчилик бехабар эди. Аҳён-аҳёнда онамнинг нигоҳлари сиримни фош қилиб қўярди. Онам безовталигимни сезиб, тафсилотлар билан ўртоқлашгач, шому саҳар Ватанимиз тинчлиги ва унда яшаётган 8 миллион одамнинг бахту иқболини тилаб, дуо қилди.
Минг шукрким, ғаразлиларнинг ниятлари амалга ошмади. Ҳар томонлама жасур ва қўрқмас ўғлонларимиз хавфни бартараф этишди. Энди бизда сокин ҳаёт, улуғ орзулар рўёби ва албатта, тинчлик-хотиржамлик ҳукмрон. Тонгда мусаффо осмон остида тўйиб-тўйиб нафас олиш, бахтиёр табиат бағрида ёш боладек чопқиллаш мумкин эди. Лекин дилда ҳамон бир дард пинҳон. Бўлиб ўтган воқеаларда бир қанча мард ва жасур, ватансевар ўғлонларимиз шаҳид бўлишганди. Бу кун бомдод намозидан кейин дуога қўл очган отахону онахонларимиз Ватан ҳимоясида ширин жонидан кечган мард ўғлонлар руҳига хатми Қуръон бағишлаб, дуо ўқийдилар.
Ботир ўғлим, жасур - ўғлим,
Гўзал ишққа асир - ўғлим.
Эзилади ярим кўнглим,
Ногоҳ номинг тушса ёдга.
Ватан учун жондан кечмоқ,
Орим дея, қасам ичмоқ.
Байроғини ёрдек қучмоқ,
Муносибдир сендек мардга.
Менинг эса, излаган ватаним отамдан қолган мерос – боғу роғлар бўлди. Дилимда янада янги ҳислар туғилмоқда. Энди мен билган Ватан ўша қадоққўл отамнинг боғлари билан биргаликда, миллатимиз шаънини юксакларга кўтарган муҳтарам Президентимиз Эмомали Раҳмон яратган гўзал Ватан-боғ бўлди. Эндигина 25 ёшга тўлган она-Ватанимизнинг порлоқ келажаги шу инсон раҳнамолигида обод бўлмоқда. Юртнинг тинчлиги, халқнинг фаровон турмуш тарзи ҳақида оталарча қайғураётган муҳтарам Президентимизга узоқ умр, халқ бахтига соғ-саломат бўлишларини тилаймиз.
Ватан учун қайғурган зот,
Барпо этиб нурли ҳаёт,
Яратгандан тилаб нажот,
Узоқ умр тилай сизга.
Шаъну шавкат, музаффар кунлар ва ёруғ келажак ўз-ўзидан келмайди. Биз қанчалик Ватан учун ёниб яшасак, унинг учун меҳнат қилсак, фарзандлик бурчимизни бажарган бўламиз. Бўлиб ўтган хунрезликлар бошқа такрорланмаслигига ишонч билдириб, ҳар лаҳза ҳушёр бўлишга интиламиз. Ўйланманки, ҳар бир юртдошимиз миллат шаъни, эртанги кун ишончи билан жон куйдириб яшайди. Орамизда ватан хоинлари ва ғараз ниятли ғаламисларга ўрин йўқ. Биз ёшлар туну кун қўлни қўлга бериб, ҳамжиҳатликда иш олиб борамиз. Ана шундагина юртбошимизга, халқимизга муносиб фарзанд бўламиз.
Сўзим охирида яна бир нарсани таъкидлаб ўтмоқчиман. Мен билган Ватан - отамнинг қонталаш қўллари билан барпо бўлган боғ. Бугун гуллаб-яшнаётган Ватандир. Ҳеч нарсадан тап тортмай, ҳадиксирамай шуни айта оламанки, Ватан ору номусим, танамдаги жонимдир.
Ватан, дея ҳайқирмадим,
Севсам пинҳон ёниб севдим.
Ўзга юртга талпинмадим,
Ширин жондан тониб севдим.
Ҳар гиёҳ, ҳар ниҳоллардан,
Тонгги насим, шамоллардан,
Бугунги бахт, иқболлардан,
Кўз қувониб, ёниб севдим.
Алишер Дўстматов,
Спитамен ноҳияси.
Тожик матбуоти 104 ёшга тўлди. Ўзининг босиб ўтган йўлида у ҳамиша халқ ва миллат хизматига камарбаста бўлиб, меҳнаткашни мадҳ этиб, қаллобу фирибгарга қарши аёвсиз курашиб келган. Мустақиллик давридаги журналистлар ҳам ўз ўтмишдошлари бошлаган ишни давом эттириб, ҳар қандай вазияту шароитга қарамай, ўзларини мардонавор тутиб, қалам ва каломга бўлган садоқатларини амалда исботлаб келмоқдалар.
Муфассал...
Қор тушиши билан бизга жон кирарди. Тонг бўзарганда қарабсизки, милтиқ елкада, ҳали из тушмаган боғ кўчадан ғизиллаб кетиб боряпмиз тоққа қараб.
Гоҳ ўртоқлар билан чиқсак, гоҳо… якка ўзим чиқардим. У ерда Назрулла деган ўртоғимнинг томи кекса толларга кўмилган уйлари бор. У ёлғиз онаси билан яшарди. Отаси урушда ўлган. Қизиқ бола эди у. Ким, овга юр деса, эргашиб
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015