Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ

Муаллиф: Super user Категория: ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ
Чоп этилган 24 Ноябр 2016 Кӯришлар: 1547
Печат

 

munisa opam«Томирларимда оққан қонимсан, укажон!»

(Меҳри дарё Махфират опамнинг сўнгги гапларидан)

Бу ёруғ оламни эрта тарк этган кўплаб азиз кишиларим – дўст-биродарларим, устозларим ҳақида дилим ўртаб хотиралар, марсиялар ёзганман. Бир қаламкаш сифатида қўлимдан келгани – шу.

Ахир ҳар ким ҳам айрилиқ азоби қаршисида ўзига юпанч излайди, сабрга таянади.

Жудолик аламини жўн ифодалаш мумкинми?! Бунинг учун ранг сифатида – юрак қони ва қалам сифатида чўнг бардош лозимдир. Бинобарин, зада бўлиб эдим. Минбаъд қонга ботириб қалам тебратмайман, деган тўхтамга келиб эдим. Аммо…

Бироқ, шу сафар ёзмасам бўлмайдигандек – тарс ёрилиб кетадигандайман. Гап эса сизу бизнинг муҳитда яшаб ўтган, ҳаётдан эрта кўз юмган иймони бутун муслима, ўзидан қутлуғ хотиралар қолдирган бир фариштасифат аёл ҳақида боради. Ул зоти шарифа – Махфират Рауфжонова менинг опам бўлганликлари учунгина юқоридаги фикрларни қоғозга тушираётганим йўқ, бу маҳалла-кўй, қўни-қўшнилар, яқин-йироқ инсонларнинг холис ва ёрқин мулоҳазаларидир.

Хотиралар… Сокин ва  нурли, айни чоғда мунглиғ ва аччиқ хотиралар… Уларнинг адоғи йўқ. Бу хотираларнинг ҳар бири жаннатмакон опамнинг офтобдан-да ҳароратли чеҳраси, болдан-да тотли меҳри, жондан-да азиз шахсияти ила уйғунлашиб кетгандир.

Яхши эслайман. Серфарзанд оилада улғайдик. Орамизда Махфират опам ўзининг зийраклиги, одоблилиги, меҳрибонлиги билан ажралиб турардилар. Мактабда аълохон эдилар. Ўша пайтларда бадиий китоб ўқиш менинг энг севимли машғулотим бўлган. Мактаб кутубхонаси – «иккинчи уйим» эди. Мен қайта-қайта мутолаа қилмаган асарларнинг ўзи қолмаган эди ҳисоби. Бир куни мактаб ота-оналар йиғилишида қатнашган онам менга дакки берган бўлдилар: «Бошқа дарслар қолиб, нуқул китобхонликка берилган эмишсан. Тағин миянг айниб қолмасин, болам!» Бу гапни эшитиб турган Махфират опам менинг тарафимни олдилар: «Қўйинг, бувижон, укамнинг ҳафсаласини синдирманг, -дедилар илтимос оҳангида. –Агар кўп ўқиш зарар бўлса, Лениннинг мияси чалғиб қолган бўларди!»

Ўша замонларда ёзувчи-шоирларнинг асарлари дастлаб «Шарқ юлдузи» журналида чоп этиларди. С.Аҳмаднинг «Уфқ» романи 1-китобини ўқиб, шу қадар мутаасир бўлдимки, унинг 2-китоби ўша журналнинг келгуси ойдаги сонида чиққунча сабрим чидамайдигандек эди. Кунлар шунақаям оқсоқлаб ўтарди-ки! Янги ой яқинлашавергач, журнални суриштиравериб, кутубхоначи опанинг бошини оғритиб юборганим кечагидек ёдимда.

Иттифоқо Махфират опам уйимизда қуёшдек порлаб кириб келдилар.

–Аввал суюнчисини чўз! - дедилар ичларига сиғмай. –Мана ўша журнал! Фақат бошқа фанларниям яхши ўрган, бувимизни гапга қўймасликка сўз бер…

Ўшанда турмушга чиққанларига бир неча йил бўлиб қолган, рўзғор юмушларидан ортиб, журнални қаердан излаб топганликлари менга ҳанузгача қоронғи. Кейинчалик англаб етдимки, опажоним «жигарчилик мақоми»ни юқори қўядиган, одам боласининг интилишлари, ички ҳис туйғуларини теран илғай биладиган, эзгу амалларини чуқур қадрлайдиган оқила аёл бўлган эканлар ва сўнгги нафасларига қадар ана шу фазилатларини бой бермай келдилар.

Махфират опам чинакам уй бекаси бўлганлар. Қачон бормайин, уйлари тўла меҳмон, опагинамни ўчоқ ва тандирнинг ёнида кўрардим. Қўлларидан супурги тушмасди. Шукрки, кейинчалик хуштавозе келинлар оқила қайнона ишини ўз қўлларига олдилар. Уч келин билан худди дугоналардек (атрофдагиларнинг баҳоси) муомала қилар, алқагани-алқаган эди. Ўғил-қизларининг юзларидан ўпиб, бошларини силаш кундалик одатлари эди. «Фарзандларинг қабринг устида юракдан йиғлашини истасанг, уларни ҳаргиз қақшатма», деган экан бир донишманд. Дарҳақиқат, ҳаётда яқинларига зуғум ўтказишдан ор қилмайдиган, «боққани», «катта қилгани»ни такрорлайвериб жондан тўйдирадиган, муқаддас оила ўчоғини ғурбат тутунлари билан бурқситишдан боши чиқмайдиган нотавонлар озмунчами?!

Бундайлар наздида опам фариштага менгзар эдилар. «Махфиратхоннинг меҳргиёси бор эди», деб юришади тенг-тўшлари. «Сиёсатлари ҳам бор эди», дея қўшимча қилган бўлардим мен. Ёшлик кезларимда мен хумпар, мен нодон муштипар онамнинг сўзларини гоҳи иккита қилганлигим, акаларимнинг фикрларини эътиборсиз қолдирганлигим бор гап. Аммо Махфират опамнинг кўзларига ҳеч қачон тик қараган эмасман. Зеро, унинг жоннисор хулқи, ёруғ қалби, сутдек пок ниятлари беғубор нигоҳларида тўла-тўкис аксланиб турар, бу сифатлар елкадошлик, дарддошлик, сирдошлик ёғдуларига уйқашиб, фақат ва фақат  ҳурмату эҳтиром ҳисларига йўл очарди-ю, бас.

Тақдир экан, умримнинг анча-мунча қисми сафарларда, мусофирчиликларда ўтди. Олис Литванинг шовуллаган ўрмонларида ҳам, қаҳратон Мурманск ҳарбий казармаларидан ҳам, такаббур Москва ва асабий Красноярск гавжум хиёбонларида… ҳам – ҳар қаерда ва ҳар қачон муштипар опам шахсиятига таяниб, руҳий мададини кутиб яшадим. Салқин саҳарларда сўлим Душанбенинг дилрабо елларига: «Бориб, мени дуо қилиб ўтирган жигарбандимнинг табаррук юзларини силаб-силаб ўтинг», деб ёлвордим. Саратон айёмларида Сайҳун соҳилларида чўккалаб: «Ул муштипаримга бир коса сув тутқазингиз», дея ўтиндим. Файласуф куз оқшомларида кўҳна Насаф кўкига кўтарилган йўловчи қушларига юзланиб: «Регар томонларда муқим бўлмиш Махфиратхон исмлик биҳиштий аёл манзилининг томларига қўниб ўтинг», деб илтижолар қилдим…

Дорилфано кечмишлари нақадар ўлчовли, нақадар омонат!.. Кечагина офтобрўй опамга бу ёруғ олам эзгуликларини тилаб ўтиргандим ахир, бугун-чи, эвоҳ, бугун дорилбақодан маскан тутган ул дилбандимга Аллоҳ марҳаматини сўраб, самоларга қўл чўзмишман…

Махфират опам ҳаётни жуда-жуда севар эдилар. Шум ажал билан узоқ-узоқ олишдилар. Ақлли аёл эмасми, умр якун топаётганига имон келтириб, ўлимга мардонавор пешвоз чиқдилар. «Зинҳор йиғламанглар, ҳеч нарсадан қўрқманглар, -дедилар атрофдагиларга қарата. –Бир келиб, бир кетиш – ҳамманинг бошида бор!» Ана шу «бир кетиш»га йўл бермаслик учун  оқил фарзандлар Ғуломжон, Нўъмонжон, Нодирбек қўлларидан келган ҳамма ишларни қилдилар. Раънохон ва Барнохон она бошидан бир лаҳзаям нари силжимадилар. Пойтахтнинг энг яхши клиникаларида даволатишди. Турсунзода шаҳар марказий касалхонасининг тажрибали шифокорлари кеча-ю кундуз бемор ҳолатини назоратдан қочирмадилар. М.Рауфжоновани операция қилган таниқли жарроҳ Камолиддин ҳожи Ҳасанов ва унинг ассистентлари бемор фарзандлари ҳақида: «Онаси учун бунчалик жонкуяр фарзандларни ҳали-ҳозирча учратган эмасмиз», деган гапларни айтиб юришди.

Аммо…

Бироқ, Худонинг айтгани бўлди. Яна тағин ўша машъум кунларда сирли ҳам ғалати ҳодисалар юз берди. Ҳатто, боши устида ўтирганларни таниб-танимай, кучли иситма оғушида алаҳсираб ётган бемор кичкинтой неваралар кўргани киришса, беихтиёр ҳушёр тортиб, уларнинг бошини силашга тутинар, ширин сўзлар билан алқашга тушар эди! Беморнинг юраги уришдан тўхтаб, орадан маълум вақт ўтганидан сўнг (синглим Мавлуданинг ҳикояси), у иттифоқо кўзларини катта-катта  очади ва недандир қаноатланган каби жилмайиб, абадий уйқуга кетади.

Бу қалби гўзал муслима аёлнинг ўлими эди…

Дийдор қиёматга қолмиш, водариғ,

Сизсиз ўтган кунлар нурсиз, бесамар.

Ғамбода дилимиз қонларга тўлмиш,

Бўзлатиб кетдингиз охират қадар.

 

Абдужалил Ғафуров.

Суратда: М.Рауфжонова (ўртада) яқинлари даврасида.

Мамлакатимизда ижтимоий аҳвол сизнингча?

Аъло - 38.5%
Яхши - 38.5%
Ӯртача - 0%
Ёмон - 7.7%
Билмайман - 15.4%

Проголосовали: 13

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

САҚЛАН ТАРКИ АДАБДАН…

 

Дунё адабиётининг йирик вакилларидан бири бўлган, шоир Юсуф Набий 1678 йили карвон билан бирга ҳаж зиёратига чиқди. Карвонда энг обрўли давлат генераллари ҳам бор эди. Карвон муборак Ҳижозга яқинлашгач, Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.)ни зиёрат қилишга бўлган иштиёқ Набийнинг қалбида янада жўш урди. Вужуди ажиб сурурга тўлиб, уйқуси қочди, ухлай олмади. Кечқурун карвон Пайғамбар шаҳри - Мадинаи Мунавварага яқинлашди.

Муфассал...

Қароғингга чўкиб кетсам, қутқармагил…

 

СИЛАБ ҚЎЙДИМ

Ҳар замонда кўзим ёшлаб,

Армон билан ёдлаб қўйдим.

Хотиралар қат-қатига,

Мен севгимни ўраб қўйдим.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1991043

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7478569
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
4497
4027
22182
7426653
100213
114875
7478569

Сизнинг IPнгиз: 3.12.146.100
Бугун: 23-11-2024 17:44:22

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015