…Бир дўстимизнинг отаси вафот этди. Марҳумнинг гўру чўпи, маъракаларни ўтказиш билан овора бўлган дўстимиз ҳар йилдагидек меҳнат муҳожиратига бора олмади. Бир этак ёш фарзандлари бўлган оила бошлиғи ўзимизда топиладиган ишлар билан қаноат қилиб, шу ерда устачилик қила бошлади.
«Фалокат бир келса, келаверади», - деганларидек орадан унча вақт ўтмай, бечоранинг онаси бандаликни бажо айлади. Ота маъракаларида қарзга ботган дўстим, энди онасининг «етти»си-ю «қирқини» ўтказиш пайидан бўлди. Қарз олай деса, ҳеч ким қарз бермайди. Устига устак илгари қарз берганлар ҳам унинг «оёғи лойга ботганидан» хавфсирашиб, пулларини сўрай бошладилар.
Бошига ташвиш тушган дўстим уйини гаровга қўйиб бўлса-да, фарзандлик бурчини ўташдан бошқа иложи қолмади. Вақтни учқур, дейдилар, унинг нақадар чопағон эканлигини банклардан қарз кўтарганлар янада яхшироқ ҳис этсалар керак. Зеро, бу ойнинг фоизини тўлаб, эндигина нафас ростлайман, десангиз, навбатдаги ой «эшик қоқиб туради».
Дўстимизнинг бошида ҳам шундай кўргуликлар бор экан. Иложсиз қолганидан бечора ҳовлисининг ярмини гаровга қўйиб, бир қишлоқдошидан пул олди-да, банкнинг қарзидан қутулди.
- Кўпам қайғуравермагин, ошна, - дейди дўстимизга ўзига тўқ қишлоқдоши. – Йигитчиликда бўлади. Мана, мен сенга қарашиб тураман. Банкнинг пулини бериб тураман…
Дўстимиз қувонганидан кўзига ёш олади. Дардига малҳам бўлган ҳамқишлоғига қандай миннатдорчилик изҳор этишни билмай, нуқул дудуқланарди.
- Фақат, бир оз расмиятчилиги бор-да, ошна, - дейди асл мақсадга кўчган қишлоқдоши. – Замонлар ўзгарган, одамларни тушуниб бўлмайди. Мен сенга ишонаман, лекин шу ҳовлингнинг ярмини менга хат қилиб берсанг, ишончлироқ бўлармиди. Пул топдинг, дарҳол қайта ўзингнинг номингга ўтказиб қўйган бўлардик. Энди мени тўғри тушунасан-да, ошна, қийналганингни кўриб, бир одамгарчилик қилай дедим-да. Аслида менга нима-ю, бу ташвишларга қўшилиб… Азбаройи савоб…
Ҳаммани ўзидек тўғрисўз, деб билган дўстимизнинг ота ҳовлиси қишлоқдош номига хат қилиб берилди. Арзимаган пул эвазига ота ҳовлисининг ярми гаровга қўйилганди. Дўстимиз қарздан қутулди. Энди у қишлоқдошининг пулини топиб бериш учун муҳожиратга отланмоқчи бўлди. Ҳарқалай, яхшилар топилади экан. Самолётнинг чипта пули ҳам қарз эвазига бўлди…
Аммо ҳангомалар икки-уч ойдан сўнг бошланди. Ғарибликдаги дўстимиз қарз берган қишлоқдошлари ҳовлиларининг ўзига тегишли қисмини девор билан тўсиб, уй солишни бошлаганлигини хотинидан телефонда эшитди. Қарздор қўшнисига яқинда пулни топиб жўнатишини, отасининг ҳовлисини сотмоқчи эмаслигини, у ерга ўғиллари учун уй қуриш нияти борлигини айтиб, қилган илтимослари бефойда эди. Савобталаб қўшни арзимас пул эвазига катта ҳовлининг тенг ярмини ўзиники қилиб олганди…
Яқинда бир танишимиз сўзлаб берган бу воқеани эшитиб, беихтиёр ёшлигим эсимга тушди. Мен ўсмир бўлган пайтлар қишлоғимиздаги барча муаммоларни оқсоқоллар ҳал қилишарди. Улар чиқарган хулосаларга ҳамма бирдек итоат этарди. Зеро, оқсоқоллар адолат билан ҳукм чиқарардилар.
Қишлоғимизнинг энг кекса кишиси Ҳасан бобо бўларди. Катта-кичик у кишини бирдек «Ота», деб аташарди. Айниқса, аёллар Отадан жуда ҳайиқишарди.
Бугунгидек эсимда: Ҳасан ота узун ҳасса тутиб юрарди. Ўзига жуда ярашган оппоқ соқолини тутамлаб, гузар бошида пайдо бўлиши билан барча хонадон бекалари – оналаримиз уйларига шошилишарди. Улардан ҳар бири Отанинг бугун ўз уйига меҳмон бўлишини хоҳларди. Шунинг учун барча аёллар муйсафид ўтириши учун бир неча қават кўрпача тўшаб, у кишининг уйларига ташриф буюришига интиқ бўлишарди.
Ота сабот билан қадам ташлаб, кўчада ўйнаб юрган болаларни ёнига чорларди. Биз жон-жон, деб оқсоқолни қуршаб олардик. Чунки Ҳасан отанинг оппоқ желаги чўнтаги ҳамиша турли ширинликлар, қанд-қурсга тўла бўларди.
Сўнгра Ота гузардаги уйлардан бирига ташриф буюрарди. Уй бекасидан ҳол-аҳвол сўрашиб, бир пиёла чой ичарди-ю дуо ўқиб, кейин қўзғаларди.
Қишлоғимизнинг энг кекса оқсоқоли бизникига ҳам тез-тез келиб турарди. У киши ўрнидан қўзғалиб, ташқарига йўл олгач, онамиз бизни навбат билан Ота ўтирган кўрпача устига ётқизиб, у ён- бу ён юмалатарди. Кейин билсам, оналаримиз табаррук инсоннинг, ҳатто, ўтирган ўрнига ҳам ўзгача эҳтиром, ўзига хос эътиқод билан қарашаркан.
Бирида Ҳасан ота ҳовлимизга кириб келди. Отам у кишини уй тўрига чорлади. Мен дастурхон, чой-нон келтириб, уларнинг ёнидан узоқ кетмадим.
- Раҳматли Сафар махсумнинг хотини катта ўғлини уйлантиришни ният қилибди, - деди Ҳасан бобо отамга эмас, қишлоғимиз ғарбида жойлашган раҳматли Сафар махсумнинг уйи жойлашган тепаликка кўз тикиб. – Биласан, хотини ёш болалар билан бева қолганди. Уларни боқаман, деб топган-тутгани ҳам ҳаминқадар бўлса керак. Шунинг учун, Сафар махсумнинг руҳини шод қилайлик, қишлоқчилик, кўпдан қуён қочиб қутулмас, деганлар…
- Тушунарли, - деди отам мўйсафидга тик боқмай. – Ташкил қиламиз…
Ўша пайтлар барча ишлар шундай ташкил қилинарди. Қўли калталарнинг маъракаси биргалашиб ўтказиларди. Етишмовчиликлар ҳам қишлоқдошлар томонидан битказиларди. Қишлоқнинг оқсоқоллари барча ишда бош-қош, маслаҳатдош эдилар.
Қишлоқдаги барча ишлар ҳашар тарзида бажариларди. Қўшни-қўшнининг оғирини енгил қилишда энг яқин киши ҳисобланарди. Тўй-маърака, хайр-худойи қишлоқ оқсоқолларининг кенгаши билан амалга ошарди. Катталарга ҳурмат-эҳтиром, қишлоқдошларга нисбатан меҳр-муҳаббат кучли эди…
Яқинда қишлоғимизга борганимда, айни пайтда мўътабар оқсоқолга айланган қўшнимиз Бўстонқул акадан сўрадим:
- Биз кичкина эканлигимизда, қишлоғимизнинг кўчалари кўзимизга анча кенг, ҳашаматли кўринаркан. Энди бундай разм солиб қарасам, унчалик ҳам эмас.
- Тўғри айтасан, укам, дарҳақиқат, қишлоғимиз кўчалари анча кенг эди. Афсуски, кейинги пайтлар кўчаларимиз одамларимизнинг кўнглидек торайиб бормоқда. Ахир, ҳар бир хўжалик кўча ҳисобидан ҳовлиси ҳудудини бир ярим, икки метрга кенгайтириб олгандан сўнг, шундай бўлади-да…
Ҳақиқатдан ҳам, барча уйлар қайтадан қурилиб, кўча томонга икки метргача чиқарилганлигига энди эътибор қаратдим.
Замонлар эврилди. Одамлар ўзгарди. Муносабатлар ҳам шундай, чок-чокидан дарз кетмоқда.
Қишлоғимизда Абдуқуддус деган киши бўларди. Бир умр деҳқончилик билан шуғулланган қишлоқдошимиз серфарзанд оилалардан бири эди. Кейинчалик у кишининг умр йўлдоши ота-боболаридан мерос ўтган синиқчилик касби этагини тутди. Айни пайтда биз томонда у кишидек қўли эм синиқчини эшитмаганман.
Кенжа ўғлимизнинг туғилганда нуқсони бор чап қўлини ўша синиқчи кампир ўн кундан етти марта боғлаб, даволади. Биз энди саккизинчи марта қишлоққа кампирнинг олдига боришни ният қилганимизда, у кишининг шаҳарга келганини эшитдик. Суриштириб, у кишини қизиникидан топдик.
- Мени уйингга олиб боргин, болам, - деди ёши саксонларни қоралаб қолган синиқчи кампир. -Сенинг отанг – раҳматли Сарихон бобонинг нон-тузини кўп еганмиз. Мен у кишининг невараларига дуо бериб, чолнинг арвоҳини шод қилайин…
Кампир кечаси уйимизга меҳмон бўлди. Ўғлимни кўрди. Унинг қўли яхши бўлиб кетишини, синиқчиликка тегишли бошқа муаммо қолмаганлигини айтди.
Рости гап, мен қишлоғимизнинг мўътабар кишиларидан бирига айланган оқ кўнгилли бу онахон билан биринчи марта суҳбатлашишим эди. У киши мен билмаган жуда кўп нарсаларни эслади. Қишлоғимизнинг биз кичкина бола эканлигимиздаги оқсоқолларининг сахийлиги, жўмардлиги, одамийлик фазилатларини улуғлади.
- Отанг саховатли киши эди, - деди синиқчи кампир менга. – У киши ҳамиша етим-есирлар, камтаъминланган ва серфарзанд оилаларга ёрдам қўлини чўзарди. Худо раҳмат қилсин…
Онамиз биз фарзандларига халқимизнинг бир мақолини мудом такрорлар эдилар: «Яхшилик қил, сувга сол, балиқ билар, балиқ билмаса, Холиқ билар». Ва яна халқимизда: - «Қайтар дунё, бу - дунё», - деган гап бор. Бу ҳикматларнинг барчаси ҳаётда ўз исботини топиб келган ва шундай бўлаверади.
Замонлар эврилаверади, одамлар ўзгараверади, муносабатлар ҳам янгича тус олаверади. Бу – ҳаёт қонуни.
Энг асосийси, бизнинг меҳру муҳаббатимиз, инсонийлик фазилатларимиз, одамгарчилигимизга дарз кетмасин…
Искандар МАҲМАДАЛИЕВ.
Сайловлар замонавий дунёда сиёсий жараён бўлиб, сиёсий ҳокимиятни шакллантириш ёки амалга оширишда халқнинг иштирокини таъминлашнинг тан олинган механизми сифатида кўрилади. Шу нуқтаи назардан, давлатлар ушбу муҳим механизмни амалга ошириш жараёнида ўзларининг миллий давлатчилик анъанаси ва маданиятига оид шаклланган қадриятлар, меъёр ва қоидалар доирасида ўз сайлов тизимини шакллантиришга интиладилар.
Муфассал...
Дунёда шундай бир туйғу борки, бу туйғу лаззатидан кимдир татиб кўрган, яна кимдир бебаҳра… Уни бозордан харид қилиб бўлмайди. Ҳатто, нарху навоси, тузилиши, ранги, ҳажми ҳам йўқ. Унга кимлардир баъзида бепарволик билан аҳамиятсиз қарайди, кимгадир эса, олтину зарларга ҳам топилмайди. Бу инсон ҳаётида энг муҳим ўрин эгаллайдиган ва ҳаётимизни янада гўзал қиладиган меҳр туйғусидир.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015