Иссиқ жоннинг иситмаси бор, дейдилар…
Тожикистонда қарийб саккиз ярим миллион иссиқ жон яшайди.
Воҳ, уларнинг иситмаси тутсами?!.
Албатта, аллакимларнинг, аниқроғи, дўхтирларнинг ошиғи олчи бўлади.
Гап нима ҳақида бораётганлигини зийракроқ муштарий аллақачон,
англаб олди: бугунги кунда бирор касаллик танангизга ёпишиб, жонингиз оғрийдиган бўлса борми!?.
Худо кўрсатмасин…
Яқинда ўртача ҳаёт кечирадиган бир ўқитувчи, яъни устоз билан суҳбатлашиб қолдим. Журналистлигим боисми ёки у киши мени ўзига яқин олибми, билмадим, дардини тўкиб солди:
- Халқимиз кўп донишманд-да, ҳар бир гапини ақл чиғириғидан ўтказиб, етти ўлчаб, бир кесиб айтади.
Боланг - балойи жонинг, деганлари - айни ҳақиқат.
Катта ўғлимнинг тоби қочди: қон босими пасайиб, боши оғриди, мадори қуриб, қувватдан кетиб қолди.
Врач кўригидан ўтказиш учун шаҳардаги марказий поликлиникага олиб бордим.
«Мулойим»гина дўхтир қабул қилди: қон босимини ўлчади. Ўпкасига қулоқ солди. Яна алламбалолар…
Мен тушунмайдиган ташхисни қўйиб, дори-дармонлар ёзиб берди.
Дорилар рўйхати ёзилган қоғозни кўтариб, шаҳар марказидаги дорихоналарнинг ўнтаси десам, виждоним йўл қўймайди, эҳтимол, муболаға бўлиб кетар, етти-саккизтасининг остонасига бош уриб чиққаним бор гап.
Бирорта аптекчи:- Дори бор,- демайди, зормонда қолгур…
Охири, яқин шогирдларимдан бири қулоғимга шивирлаб, шундай деди:
- Домла, бу дорини ёзиб берган дўхтир қайси махфияга (мафия демоқчи) аъзо бўлса, ўшанга тегишли дорихонадан изланг. Буни марказий поликлиника атрофидаги дори-дармон савдоси билан шуғулланадиган нуқталардан қидиринг…
Ҳафсалам пир бўлиб, дами чиқиб кетган пуфакдек шалвираб, марказий поликлиникага - врачнинг ҳузурига қайтиб келдим. Бўлган гапни: шаҳар дорихоналарини бўзчининг мокисидай кезганларимни, доридан асар ҳам топмаганимни оқизмай-томизмай, ипидан-игнасигача - ҳаммасини айтиб бердим.
Барчаси, нақ аптекачининг айтганидай бўлиб чиқди.
Шифокор ҳам энсаси қотган киши қиёфасига кириб, жавраб кетди:
- Э-э-э, Омон гаранг экансиз-ку, ака. Марказда нима қиласиз, галдираб. Мана, биринчи қаватда, Зуҳра Пўлатовнанинг дорихонасида тиқилиб ётибди-ку, бу дори…
Қарзу қавола қилиб, пулнинг қолганини икки кундан кейин олиб келиб бериш шарти билан боламнинг дардига шифо тилаб, дори-дармонларни сотиб олдим.
Аммо, айримларнинг айтишларича, поликлиника, касалхоналар ҳудудида жойлашган дорихоналар билан шаҳар марказидагилар ўртасидаги нарх-навода анчайин фарқ бўлиб, шифо масканлари ҳудудларидаги дорихоналарда мижоз жўнатган дўхтирнинг ҳам «доля»си қўшилиб, қиммат сотилар экан…
Тожикистоннинг ғарбий дарвозаси, деб тан олинган шаҳарда юз берган воқеани қаламга олиш баҳонасида, бугунги кун тиббиётида кишини хийла ташвишга соладиган ҳолатлар борлигини айтиб ўтиш зарар қилмайди, афтидан.
Беморхоналарда соҳа ходимларининг совуққонлиги даражаси жуда юқори, сабаби: касалхона остонасидан ҳатлаб ўтган беморнинг аҳволига қаралади. Агар касалнинг «қўли юпқа», чўнтаги «саёз»роқ бўлса, унинг тақдири билан ҳеч ким қизиқмайди.
У муолажа қилиш учун ётқизилган чоғда ҳам, ҳолига «маймунлар йиғлайверади».
Тиббиёт ходимлари ўртасида муносабатларга ғараз, ҳасад шунчалик «ин қуриб» кетганки, бунинг салбий оқибати залвори ҳам шўрпешона даво излаганнинг чекига тушади.
Бу нуқтага Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Тожикистон Республикаси Олий Мажлисига Пайём йўллаши жараёнида ҳам урғу бериб ўтганди.
Бугунги кунда тиббиёт муассасалари чайқов бозорига айланиб бўлди. Ҳар бир муолажа ва жарроҳликнинг ўз нарху навоси бор.
Даволаниш учун кассаларга тўланадиган маблағдан ташқари, қилинадиган харажатларнинг ҳисоби йўқ…
Назаримда, врач ўз касбига садоқат рамзи сифатида Гиппократ қасамини ичмагану, бемор касалхоналарда бўладиган ҳар қандай адолатсизлик, камситиш, азоб-уқубатларга бардош бераман, дея қасамёд қилгандек, гўё…
Бу кўнгилсизликларнинг жами, тиббиёт масканларида имону виждон саломатлигининг йўқолганиданмикан, деб ўйланиб қоласан, баъзан.
Озгина инсофи, виждони бўлган шахс юз бераётган, юракни оғритадиган кўплаб воқеаларга қўл урмайди…
Уролмайди ҳам…
Иймону виждон саломатлигини йўқотмайлик, қўлдан бой бермайлик, акс ҳолда, аламли ижтимоий кўргуликларга йўлиқишимиз ҳеч гап эмас…
Абдуҳафиз МИРЗААҲМЕДОВ,
«Халқ овози»нинг махсус мухбири.
Тожикистон Республикаси Бош прокурори аризаси асосида мамлакат Олий суди томонидан Тожикистон Ислом тикланиш партияси фаолиятида экстремистик-террорчиллик унсурлар бор, дея эътироф этилиши боис, унинг ман этилиши, фаолиятига барҳам берилиши, шунингдек, мазкур партияга тегишли «Нажот» газетаси тўхтатилиши, интернет сайтининг ёпилиши ҳамда партияга алоқадор аудио-видео ёзувлари, адабиётлару варақаларни олиб кириш, тарқатиш қатъиян тақиқланиши борасидаги хабарни телевидение орқали томоша қиларканман,
Муфассал...
Саразм қишлоқ жамоатига қарашли Чимқалъа қишлоғида туғилган Шамсиддин Туранов 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Ҳукм эълон қилиниб, кучга кирди. Ҳали ўттиз ёшга ҳам кирмаган, куч-ғайратини Ватан ободлиги, халқ фаровонлиги, оиласини таъминлаш учун сарфлаши мумкин бўлган йигит энди узоқ муддатга бола-чақасидан айри яшашга, жазо муддатини ўташга мажбур.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015