Муҳарририят топшириғига кўра, Суриядаги жангларда иштирок этиб қайтишда қўлга тушган тутқин билан суҳбатлашишимга тўғри келди. Тутқиннинг исми Бахтиёр Мирзаҳматов (келишувга кўра, номи ўзгартирилган) лақаби эса, Абулбашир. Биз Бахтиёр билан унинг жангарилик фаолияти даври ҳақида суҳбатлашдик. Қуйида ана шу суҳбат мазмуни билан танишасиз.
- Бахтиёр, кўринишингиздан анча ёш экансиз, сизни бундай кирдикорга қўл уришга нима мажбур қилди?
- Мен туғилиб ўсган қишлоқ аҳли (жанубий ноҳиялардан бирида) азалдан меҳнаткаш, деҳқончилик билан кун ўтказишади. Ота-онам ҳам гарчи зиёли бўлсалар-да, ҳовлиолди ва даладаги еримизга турли экинлар экишиб, умргузаронлик қилишади. Гапнинг рости, ҳеч нарсадан камим йўқ эди. Ўзим ҳам мактабда аъло баҳоларга ўқир эдим. Мактабни тугатгач, ота-онамнинг: -Бирор билим юртига кириб ўқи ёки касб-ҳунар ўрган,- дея ёлворишларига қулоқ тутмай, тенгқур жўраларим билан Россияга мардикорликка йўл олдим…
Бошқа тенгдошларим Россияга бирор танга ишлаш, рўзғор боқиш ниятида йўл олган бўлсалар, мен эса, ҳавасга бу ишга қўл ургандим…
Дастлаб Москва вилоятининг Химки шаҳридаги қурилишда ишлай бошладим. У ерда ўзимиз ва қўшни мамлакатлардан келган болалар кўп эди. Ётоқ жойларимиз вагонларда. Олдимизга ўзини Абу Жунайд деб, таништирган бир андижонлик бола тез-тез келиб турарди. У ҳар ташриф буюрганида совға-салом келтирарди. Бу совғалардан вагондаги болалар, жумладан, менга ҳам тегарди. Совғалар, асосан, қанд-қурс, булка нон ва гўштдан иборат эди. Аввалига бироз тортиниб олмагандик. Абу Жунайд эса: -Тортинмай олаверинглар, биз мусулмонлар бир-биримизга биродарлармиз. Бу совғаларни Иркутскда тижорат билан машғул бир биродаримиз юбораяпти. У киши кўп саховатли инсон…-дер эди.
Хуллас, у бола (Абу Жунайд) вагонимизга ҳар ташриф буюрганида бизга диндан, мусулмонлар ҳаётидан сўз очиб, анча чиройли гапларни айтарди. Аста-секин гап орасида мен ҳақимда ҳам сўраб биларди. Кейинги ташрифида мени ва бошқа болаларни (бу пайтда анча диний саводимиз ошиб қолганди) Поклонная гора, Проспект Мирадаги масжидларда жума намозларини ўқишга таклиф қилди: - У ерда сизларни художўй болалар билан таништираман, - қўшиб қўйди у.
-Кейин нима бўлди?
-Кейин мазкур масжидларга қатнай бошладик. У ерда ҳам мамлакатимиз ва қўшни республикалардан келган болалар жуда кўп экан. Абу Жунайд мени у ерда Абу Жамил исмли бир дўсти билан таништирди. Абу Жамил эса, менга бугунги кундаги мусулмонлар ҳаёти, Суриядаги урушлар, жиҳод ва бошқа тушунчалар ҳақида жуда кўп гапира бошлади. Шундай мулоқотлардан бирида у менга: -Агар Сурияга борсанг, сен учун ҳамма шароит бор. Жуда гўзал шароитда яшайсан. Мана, уйланмаган экансан, у ердаги раҳбарлар истаган қизингга уйлантириб қўйишади. Ойига 10-15 минг доллардан маош ҳам оласан,- деди. Каловланиб қолганимни кўргач: -Хайр, сен бир мартага бор, ёқмаса қайтиб келасан, 15 минг доллар олиб борсанг, уйингдагилар ҳам хурсанд бўлишади,- деди. Аммо доимо бу суҳбатларимизни сир тутишни таъкидларди.
Сўнгра уйга бориб-келмоқчи бўлдим. Ватанга қайтиш олдидан Абу Жамил қўлимга бир сиқим пул тутқазди. Уйга келдим. Қишлоқ аҳли ўзига хос ҳаёт кечирарди. Укалариму сингилларим келтирган совғаларимдан бошлари осмонга етганди. Одамлар ҳам ўз ишлари билан машғул, маҳалла масжиди эшиги ҳам намозхонлар учун доим очиқ, диний маросимлар ҳам қонун-қоидага мос ўтказилади. Барчасини кузатиб, Абу Жамилнинг қулоғимга қуйган «кофир»ини топмадим… Иккиланиб қолдим. Шунда бир нарсани англаб етдим: Абу Жунайд билан Абу Жамилнинг совғалари-ю онда-сонда қўлимга тутқазган «кўк»лари мени занжирбанд қилиб қўйган экан…
- Ватанда қолиб, «ака»ларингиз билан шартта алоқани узиб қўймабсиз-да?
- Шундай ҳам қилмоқчи бўлдим. Бироқ улар ўз маърузалари орасида мени -Агар бу йўлингдан қайтсанг, одамларимиз уйингга бориб, яқин қариндошларинг, сўнгра ўзингни гумдон қилишади,-деб қўрқитишга ҳам улгурган экан. Ўша кеча-кундузда Қабодиён, Шаҳритуз ва Норакда номаълум кишилар «Ислом давлати»нинг қора байроғини осиб кетган кунлар эди. Уларнинг одамлари шу ерда ҳам бор экан-да… - деган қўрқув мени яна ортимга қайтишга мажбур қилди. Қайтишимда дикирлаб чопиб юрган укалариму сингилларимга узоқ разм солдим. Ота-онам дийдорига кўпроқ тўйиб олишга ҳаракат қилдим. Чунки мен Сурияга жўнаб кетишим керак эди, у ёқдан қайтаманми ё йўқ… Онам эса: -Бахтиёржон, нега ҳушинг ўзингда эмас, сенга нима бўлган ўзи?-дея атрофимда гирдикапалак эди. Сўнг Москвага қайтиб бордим.
- Москвага олдинги иш жойингизга бордингизми?
- Йўқ, мени аэропортда Абу Жамил кутиб олиб, тўғри Иркутск шаҳрига олиб кетди.
- Абу Жамил сиз учаётган самолёт рейсини қаёқдан биларди ёки унга телефон орқали айтиб қўйганмидингиз?
- Телефонда, умуман, гаплашмасдик. Алоқамиз фақат интернет ижтимоий тармоқлари орқали, айниқса, «Одноклассники»да суҳбатлашардик.
-Иркутскка ҳам самолётда кетдиларингми?
- Поездда. Абу Жамил мен билан яна икки болани Иркутскка олиб борди. У ерда бир квартирада турдик. Квартирада 10 кунларча турганимиздан сўнг, яна бир киши келиб, биз билан суҳбат ўтказди. Оиламиз, ота-онамиз, илгари Абу Жамил ва Абу Жунайдга айтиб берган автобиографиямиз ҳақида эринмай сўради. Бир йил олдин бир синфдошим милицияга ишга киришда анкета тўлдирганлиги ва мутасадди кадрлар томонидан сўроққа тутилганини айтганди, бизнинг айни пайтдаги ҳолимиз менга ўша синфдошимни эслатди. Савол-жавоб тугагач, Абу Жамил учаламизга ҳам Москва-Истанбул самолёти чиптасини тутқазди ва: -Сизларни Истамбулда одамларимиз кутиб олишади, -деб хайрлашди.
- Чинданам Истамбулда сизларни кутишаётган эканми?
- Ҳа, қўлларидаги таблода паспортимизда ёзилган ному насабимиз ёзилган икки киши кутиб олди. Улар бизни машиналарига ўтқазиб, кўзимизни қора рангли мато билан боғлаб, машинани ҳаракатлантиришди. Бирор соатлар юрилгач, машина тўхтади ва кўзимиздаги боғичлар олинди, қарасак, бир ҳовлидамиз. Ичкарига кирдик. У ерда етти-саккиз нафар турли миллат вакиллари - чеченлар, озарбайжон, доғистонлик ва бир нафар қозоқ бола бор экан. Бари МДҲ ҳудудидан. Фақат икки кишигина – ота-бола Арабистондан экан. Ушбу квартирада бирор ойча турдик. Бу ерда бизга, асосан, араб тилидан дарс айтиш билан бир қаторда, урушга шавқлантирувчи даъватлар қилиб туриларди. Шунингдек, қўлга тушгач, хавфсизлик ходимларини қандай лақиллатиш йўллари ўргатиларди, жанг майдонларидан лавҳалар кўрсатиларди. Бир ойдан сўнг, кечаси маршрут таксида Гозиёнтеп мавзесига йўл олдик. Айланма ва яширин йўллар орқали Сурияга ўтиб кетдик. Ҳалаб шаҳри атрофида жойлашган лагерда ҳарбий машқдан ўтгач, жангга кирдик.
- Сурия халқи ҳақида илгари ҳам хабарингиз бормиди?
- Бизга уларни кофирлар, деб айтишганди. Аммо бу ерда кўрганимиз бошқача бўлиб чиқди. Биз мусулмонларга қарши урушаётган эканмиз. Бунинг устига, қўмондонларимиз қилаётган амаллар ҳеч бир мусулмончиликка тўғри келмасди. Баъзи бир ҳамшаҳарларимиз хотин-бола чақаси билан келишган экан. 10-12 ёшдаги болалар ажратиб олиниб, махсус машқгоҳларга жўнатилар экан. Жангда ўлган жангчи хотинига бошқа жангчи уйланаверар экан. На идда, на ўша хотин ризоси эътиборга олинмас экан. Бизга ваъда қилинган жаннатий ҳаёт ва чин мусулмончилик қонун-қоидалари хаёл экану холос. Хато қилганлигини англаб қолиб, ортга қайтмоқчи бўлганлар дарров издиҳом олдида дорга осилар ёки итдай отиб ташланар эди… Хуллас, ўша Абу Жунайд билан танишганимдан буён ундан олган исломий сабоқларим асосида шуни айтаманки, Суриядаги «Ислом давлати» жангчилари орасида мусулмончиликдан ҳеч бир нишона кўрмадим.
- Шундай экан, яширинча бўлса ҳам ортга қайтмадингизми?
- Бунинг ҳеч иложи йўқ эди. Бу ҳақда, ҳатто, фикрлаганингизни сезиб қолсалар - отиласиз ё осиласиз!
- У ҳолда қаерда қўлга тушдингиз?
- Кейинги вақтларда Россия ҳарбий самолётлари «Ислом давлати» мавқеига унинг «пойтахти» - Раққа, жумладан, Ҳалаб шаҳрига ҳаво зарбалари берди, натижада, бирлашган кучлар эътилофи ҳужуми ортидан жангарилар тумтарақай бўлишди. Мен ҳам бир гуруҳ суриялик оддий фуқаролар сафида Ғозиёнтеп томон юрдим. Ва бу ерда Туркия чегарачилари мени қўлга олишди. Чегарачилар бизларни маҳаллий полицияга топширишди. У ерда қаттиқ сўроққа тутилдик.
- Ўшанда Тожикистон фуқаросиман, дедингизми?
- Йўқ, Хитой фуқаросиман - уйғурман, дедим. Чунки бизни қаттиқ қўрқитишганди. Агар Тожикистон фуқаросиман, десаларинг, ўзларинг ҳам, қавму қариндошларинг ҳам азобда қолади деб… Аслида ундай эмас экан. Аксинча, адашиб жангарилар сафига кириб қолганлар гуноҳини бўйнига олиб келганлар кечириларкан.
- Мени бир нарса ўйлантираяпти: нега ўша «устоз»ларингиз ўз номларини айтишмайди?
- Абу Жунайд, Абу Жамил каби куня-лақабларини айтишади. Бу, эҳтимол, уларнинг тегишли органлардан яшириниб юришларининг ўзига хос стратегияси, бўлса ажабмас.
- Қанча вақтдан бери Тожикистондасиз ва бу ерда ўзингизга нисбатан зўравонлик ҳис қилаяпсизми?
- 2016 йилнинг феврал ойидан бери Тожикистондаман. Ҳозирча ўзимга нисбатан ҳеч қандай зўравонлик ҳис қилганим йўқ. Тергов сўроқлари ҳам тегишли идора тайинлаган адвокат ҳузурида бўлиб ўтмоқда. Ота-онам келиб кетишди. «Передача» олиб келишган экан… Улардан ва бошқа маҳалладошларимдан қилган хатоим учун узр сўрадим. Жуда қаттиқ афсусдаман. Пушаймонликнинг оғир юкки кифтимни тобора эзмоқда…
- Менинг журналистлигимни биласиз. Шу боис, газетамиз орқали бирор айтадиган гапингиз борми?
- Мен жуда қаттиқ адашдим. Қилган ишларимдан пушаймонман. Мени вояга етказган Ватан ва унинг фуқаролари олдида ўта хижолатдаман, мени кечиринглар. Ёш тенгқурларимга гапим шуки, ҳар кимнинг гапига, берадиган сариқ чақа пулига учмасинлар. Ўша ваъдаларнинг бари ёлғон. Менга 15 минг ваъда бергандилар. Бир мири ҳам беришгани йўқ. Улар ўз ватандошлари ўлим ва хору зорликлари эвазига юз минглаб доллар маблағ ишлаб олаяптилар. Дейлик, мени авраган Абу Жунайд Абу Жамилга 1000 ёки икки минг долларга сотади. Абу Жамил эса, Иркутскдаги хўжайинидан биз учун камида 10-20 минг доллар пул олади. Иркутскдаги хўжайин эса, ўз навбатида Истанбулдаги гумашталардан янада кўпроқ доллар олишар экан… Биз Сурияга одам сифатида эмас, балки сотилган мол каби ўтганмиз, шекилли…
Мени яна бир савол қийнайди: мен ва мен каби гумроҳларни Сурия ёки бошқа минтақадаги мужоҳидлар сафига юбораётган кишилар авраш асносида: -Ўлсанг жаннатга тушасан, ўлмасанг жуда катта савоб ва беҳисоб бойлик эгаси бўласан, қолган умрингни роҳат-фароғатда ўтказасан, - каби алдовлар билан қўйнимизни пуч ёнғоққа тўлдиришаркан, уларга ҳаргиз ишонманг. Улар муқаддас Ислом номидан гапириб бошингизга кулфат келтиришар ва сизу бизнинг ҳисобимиздан бойиб яшарканлар. Буни ўз кўзим билан кўриб, ақлим билан англадим. Ўша сизу бизни жангга юбораётган хўжайинлар нега бу «жаннат»га ўзлари келишмайди ёки фарзандлари-ю ака-укаларини юборишмайди? Ахир ушбу жангда ўлган одам тўғри жаннатга тушадиган бўлса, нега унда ўша хўжайинларнинг ўзлари бу «жаннат»дан йироқларда юришибди? Нега бу «жаннат»ни ўз яқинларига раво кўришмайди? Жавоб ягона: уларнинг мақсади битта, у ҳам бўлса - пул ишлаш. Ўзларининг, фарзандларининг ва қавму қариндошларининг эса, жанггоҳларда беҳуда ўлиб кетишини асло исташмайди! Сурия ва бошқа минтақалардаги мусулмонларнинг ўзаро жанги ҳақиқий жиҳод эмаслигини ҳам улар яхши биладилар. Бир мусулмон бошқа бир мусулмонга қурол ўқталса, қасддан уни ўлдирса, жазоси абадий жаҳаннам эканлигини ҳам билишади. Аммо ўзларининг қинғир ишларидан, мўмай даромаддан қолишни асло исташмайди. Шу боис, эҳтиёт бўлинглар, ватандошларим, дегим келади.
Шунингдек, ўша юртларда адашиб юрганимда: бир мартагина бўлсаям Ватан ҳавосидан нафас олсам, армоним йўқ, деяр эдим. Ўша бегона юртларда адашган ит каби ўлиб кетмаганимга чексиз шукр қиламан! Худога беҳисоб шукрлар бўлсин!
Ҳа, қилган ишимдан қаттиқ афсусдаман, мен мамлакат қонунларида кўрсатилган ва тайинланажак жазони ўташга розиман. Чунки бунга лойиқман. Мени кечиринг, ватандошларим…
М. Довудхон суҳбатлашди.
Ёшлар – келажагимиз. Умримиз давомчилари - касбимиз давомчилари. Ҳаммамиз ҳам уларнинг порлоқ келажаклари учун имкон қадар шарт-шароитларни яратишга ҳаракат қиламиз.
Мен қарийб 40 йил Жаббор Расулов ноҳиясининг 19-ўрта умумтаълим муассасасида ўзбек тили ва адабиёти фанларидан дарс берган оддий қишлоқ ўқитувчисиман. Бу йил (2019 йил) мен учун ҳаётимда эсда қоларли қувончли
Муфассал...
Куз...
Ташқарида ёмғир ёғади майин,
Кулба ичра маъюс ўтирар бир жон.
Йўлларга термулиб кун давомида,
Кимнидир кутади, кутар у ҳамон.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015