«Она-Ватан – муқаддас маъво» танловига
ОНА СИЙМОСИДАГИ ВАТАН
Эргаш туш кўрди. Тушида кўҳликкина аёл «болам», дея унинг бошини силармиш, пешонасидан ўпармиш, у эса, оғиз очиб бирон сўз айтолмасмиш. Онам деса, ёш - тоғ жувонларига монанд сулувлиги бор. Туш таъбири Эргашни ўйлантириб қўйди.
Хира тортган кўнгил марҳум онасини ёдга солди: «Энамнинг руҳи безовтамикин?»
Туш таъбирини бировдан сўраб билмоқ – кўнгилга таскин солмоқ эканлигини дилига туккан Эргаш амакиси – Хушвақт раис хонадонига йўл олди.
-Кечагина Тожикистон мустақилликка эришди, энди юртимиз – мустақил давлат! Кўрган тушинг Ватанга боғлиқ. Саттор бобом Ватанни она сиймосида туш кўрган экан. Ватан, деб кўксини қалқон қилган отанг Норқобил амаки шу замин тупроғини кўзларига тўтиё этган инсон эди. Ватаннинг она сиймосида тушингга кириши авлод-аждодларимизнинг юртсеварлигидан. Гапнинг қисқаси, тушингдаги «она»нгга ўгаймас, асл фарзанд бўл, у сендан олийҳиммат юмушларни кутмоқда,- деди фозил инсон Хушвақт раис Эшбеков.
Елкасига оқ яктак ташлаб олган Эргаш қизғиш белбоғини белидан гир айлантирди-да, тортиб боғлади ва икки қўлини полвонларга хос олдинга чўзди. Унинг бутун вужудида юрт ободлиги йўлида ҳар қанақа юмушларга қодир, ташвишларга ҳозир тургувчи ғайрат жўшиб борарди. Эргаш хўжаликда ғаллачилик бригадасига етакчи эди. Йил ўтиб-ўтмай юртда алғов-далғовли кунлар бошланди, эл уяси бузилган аридек тўзғиди, кўпчилик қўшни давлатларга қочиб ўтди. Эргаш эса, Ватандан кетолмади, кўч юклашни ор билди. Аро йўлда қолганларга таскинли гаплар айтиб, уларга Ватанда муқим яшашнинг файз-баракаси ўзгача эканлигини тушунтирарди: - «Тожикистон – киндик қонимиз томган макон. Шу юрт бизга Ватан, шу ўлка бизга мўътабар. Ватанни она сиймосида кўриб, юртга содиқ ўғлон бўлиб яшамоғимиз зарур. Кимки Ватанни севса, қалби ҳис-ҳаяжонга тўлиб, унинг бир сиқим тупроғини кафтига олган ҳолда бутун Тожикистонни она, Ватан дея ҳис этолган инсонгина шу юрт фарзанди бўлади»,- дея кўпчиликка Ватан сўзининг асл моҳияти нималардан иборатлигини тушунтирган бўлади. Ва яна гапида давом этиб, раҳматлик онам айтардилар: -«Сенга онаман, Ватан ҳам она, ўғлим! Она-Ватан, бу она ва тан дегани. Юртни онадек, тан яъни, жисмингу жонинг - бутун вужудингдек ҳис этмоғинг даркор. Юрт бошига оғир мусибат тушса, танангда оғриқ сезиб қайғурсанг, дарддан тўлғонсанг, буни ватанпарварлик ҳиссиёти дейди»,- дея даврадагиларга бир-бир қараб қўярди Эргаш.
Ортда қолаётган кунлар ҳисобидан ойлар ҳам ўтаверди, умргузаронлик борган сайин оғирлашаверди. Бир қоп юк ортмоқлаган киши кўринса, бош буриб қаровчилар кўпайди. «Буғдоймикин ё арпа… нима бўлсаям егулик нарса-да», дея улар сўлғин юз, ҳорғин кўзини тикиб турарди. Шундай кунларда тандирга нуқул макка унидан нон ёпилиб, қозонлар ўчоққа осилиб-осилмай қолган дамлар кўпайди. Хўжалик омборига қуролли кимсалар дорий бошлагач, бирида Эргаш хўжалик раисига маслаҳат солди: -«Омбордаги буғдойни ҳар бир аъзонинг иш ҳақи ҳисобига имзосини олган ҳолда килолаб тақсимлаб берсак…» Вазиятдан ҳадикка тушган раис розилик берди. Буғдой тез кунда тақсимлаб берилди. Нон топиш мушкуллигидан толиққанлар белига қувват иниб, қоматлариям сал тикланди.
Эргаш умр йўлдоши кўмагида икки-уч бош сигир сутидан тайёрланган қатиқ, товуқ тухумини тўплади, қишлоқ оралаб харид қилганлариниям қўшиб, Душанбе шаҳрига сотиб келадиган бўлишди. Неча қатновлардан сўнг, бу ишнинг ҳадисини олиб ҳисоблаб кўрса, даромад мўмайгина. Шаҳарга қатнов давом этаверди. Ўша кун кеч қайтишди, улар ўтирган автобус тоғ йўлида елиб борарди. Тасодифан қандайдир кишилар йўл ўртасига чиқиб, автобусни тўхтатишди. Шу заҳоти икки нафар қуролли кимса автобус эшигидан отилиб кирди ва ўтирганларни зимдан кузатдилар-да, яна пастга тушиб кетишди. Энди қуроллилар ҳайдовчига дўқ-пўписа қила бошлашди. Шу дам улардан новчароғи барваста қўли билан ҳайдовчининг кифтига қоқди ва бармоқларини бургут чангалига айлантирди: тананинг шапалоқдек қисми кўйлакка қўшилиб бармоқлар орасида сиқилди. Ҳайдовчи тишини тишига босди. Овоз чиқарса, зўравонлик бундан-да кучайиши аниқ эди. Шу сиқув исканжасида ҳайдовчини судраб пастга туширдилар. Бу ҳолга гувоҳ бўлиб ўтирганларни қўрқув босди, ранглар учди, қўл-оёқлар қалтирай бошлади. Эргаш эса, ҳайдовчига ачинар, қуроллиларга нафрат кўзини тикарди. Шу заҳоти у тунда кўрган тушини ўйлаб қолди. Яна она сиймосида кўрингувчи сулувгина аёл пешонасини силаб: -«Болам, пок-покиза бир оиланинг тақдири қўлингда, сен асл фарзандимсан, сахийлигингни аяма! Ватан фарзандлари бир-бирига тиргак бўлишади, қалби қалбига яқин бўлмоғи керак. Бирни бердингми, Тангрим икки қилади», - деган эмиш. Гуруҳ бошлиғи ҳайдовчига: «Бир ярим соат муҳлат, айтилган пулни манзилга етказ. Акс ҳолда, оилангдан бири гаровга олинади…»- деди-ю ҳайдовчининг кифтига қурол қўндоғини тираб суриб юборди, у маст одамдек гандираклаб кетди. Сўнг бир жойда чўккалаб ўтирганича, бошини икки тиззасига қўйди. Йўловчилар қистови билан ҳайдовчи автобусни юргизишга тушди, қўли қалтираётган шофёр рулни меъёрида тутолмасди. «Автобус хизматидан тушиб турган пул тирикчиликдан ортмаяпти, улар боғлам-боғлам пул сўрайди-я!»- дея ўз-ўзига ғудраниб гапираётган шофёрнинг зорланиши Эргашни ўйга чўмдирди. Охири ҳозирги воқеа тафсилоти туши билан боғлиқлигини англаб етди. У ҳовлисига келиб тўхтаган автобус ҳайдовчисига кутиб туришини эслатди-да, зудликда машина хариди учун тўплаётган пулни уйидан олиб чиқди.Тугунни ҳайдовчига тутқазаркан, на қарз, на насиядан гапирди: -«Бало-қазолардан қутулсангиз бас!»- деди. Оила аъзолари омонлигини ўз ажали туфайли сақлаб қолиш даражасига етиб борган ҳайдовчининг сўлғин юзига қон югурди, яшашга умиди мийиғида пайдо бўлган кулгуда ифодаланди. Шу кундан бошлаб Эргаш ва Фатҳулло шофёр оиласида дўстлик риштаси боғланди. Икки оила кишилари икки миллатга мансуб бўлса-да, борди-келдилар туфайли тузатилган дастурхон атрофида бир хонадон аъзоларини эслатарди.
Хўжанд шаҳрида Тожикистон Республикаси Олий Кенгаши XVI сессияси бўлиб ўтадиган кун эди. Эргаш бу хабардан дарак топгач, Хушвақт Эшбековнинг уйига шошилди. Ахир, у Олий Кенгаш депутати. Борса, бошини рўмол билан танғиганича тўшакда ётган эди. Раис у билан истар-истамас омонлашди. Бу ҳолатдан Эргаш хавотирга тушди. Гап хушламас амакиси, ҳатто, аёли келтирган егуликка ҳам қўл теккизмади. Узоқ ўтириб қолишга фурсати йўқлиги баҳонасида Эргаш турмоққа шайланди ва чордона қуриб ўтирган кўйи қўлларини тиззалар устига қўйганича ирғиб ўрнидан турди.
-Эрга-аш,- деди заиф овоз билан раис телевизор томонга ишора қилиб. -Улаб юбор, ҳозир сессия бошланади, иштирок этишим зарур эди, ҳолим йўқ. Йўл узоқ, бардош беролмасдим.
Телевизор қўйилди. Раис ёстиққа ёнбошлаганича, ҳар бир депутатнинг чиқишига эътиборини қаратди. Барчаси юртнинг осудалигини истаб сўз юритарди. Айни чоғда нотиқлик қилаётган Эмомали Раҳмон эса, кутилмаган бир пайтда «Мен Тожикистонга тинчлик олиб келаман!»- дея баралла, юрак тўридан хитоб қилди. Шу лаҳза тўшакда ётган раис кўрпасини қайирди-ю ўрнидан туриб кетди. Раис қувонди, бир оғиз сўз таъсиридан дард чекиндими, лабига табассум югурди. Бу ҳолат Эргашга ҳам кўчди. Давлат сарварининг бир оғиз сўзи ҳар икковининг вужудига куч бағишлади, учқунланиб турган умидлар аланга олди.
Эргашнинг зиммасига пахтачилик бригадаси тушди. У ҳосилдорликни ошириш фикри-зикрида тинчлик билмади, имконият излаб иш юритди. Ҳар бир аъзосининг турмушида ўзгаришлар вужудга келиши учун қайғурди. Режасини ўз томорқасида синаб кўришни маъқул топди. У иссиқхона усулида иш юритиб, бодринг, помидор етиштирди. Даромади қувонтирмай қолмади. Сўнгги йилда бригада аъзолариниям жўяклар устидан плёнка тортиб, экин экишга чорлади. Чорлабгина қолмай, уларнинг экинзорида тез-тез бўлиб, ўз маслаҳатини аямади. Бегали Сатторов, Эшмуҳаммад Ибрагимов, Турғун Норқувватов, Тоштемир Турдиалиев, Нурулла Жумақовлар Эргашнинг маслаҳатига кўра иш тутиб оила даромадини юксалтиришди. Деҳқончиликнинг бу усулида ишловчилар сафи ортди-ю, плёнка, уруғ, ўғит масаласига келганда қўллари калталик қилаётган кишилар кўпайиб қолди. Кенг доирада фикрловчи Эргаш тирикчилиги ночор ҳолга тушиб қолган бу оилаларга ачинарди. Деҳқон нимага муҳтожлик сезган бўлса ундан ёрдамини дариғ тутмади. Шундай қилиб, қўшнилару маҳалладошлари Эргаш Сатторовнинг маслаҳати, кўмагида рўзғор кемтикларини деҳқончилик даромадлари ҳисобидан бутлаб олишди.
Эргаш ҳаж сафарига отланди. Уни Фатҳулло ҳожи автобусида ҳаж зиёратига олиб борадиган бўлди. Ҳожи мақомида қишлоққа қайтди. Ҳукуматнинг ерни ўз эгаларига топшириш, яъни деҳқон ва фермер хўжаликлар ташкил этиш борасидаги қарорига чиққанида, кўпчилик ўз пайларига ер олишдан ҳайиққандек иккиланиб қолдилар. Деҳқонларга яна Эргаш ҳожининг маслаҳати қўл келди. У ер олувчиларга даромаднинг манбаи қаерда эканлигини далилли мисоллар билан тушунтирди. Фермер ва деҳқон хўжалик ташкил этувчилар далада жўяк пушталари устидан плёнка тортиш усулида деҳқончилик қилиб ютди. Ҳозир уларнинг рўзғори бут, хонадонлари обод, тагларида машина.
Эргаш ҳожи Сатторов Дўстий ноҳиясидаги Нури Вахш қишлоқ жамоатининг «Дўстлик» маҳалласида халқаро ташкилотнинг Шаҳритуз минтақаси бўлими кўмагида Япон халқи меъморчилигига хос беш хонадан иборат саломатлик маркази биноси қурилишида пудратчиларга сарварлик қилди. Жорий йил Жиликўл қишлоқ жамоатининг Панжрўд маҳалласида тўрт хонали тиббий нуқта биноси қурилишида пудратчиларни бошқариб, ишни муддатидан илгари – Наврўз кунлари ўринлатиб, халқаро ташкилот раҳбарлари раҳматномасини олди. Айни чоғда ноҳия марказидаги биринчи рақамли гимназия ўқувчилари учун бешта қўшимча синфхона қурилиш ишларида Эргаш ҳожи бошу қош. У гоҳ қурувчилар ёнида бўлади, гоҳ Эшбек Сатторов номли деҳқон хўжалигида сабзавот ва полиз экинлари етиштирувчи ижарачиларга маслаҳат бераётганда учратасиз.
Ўғиллари Арслону Алишер ҳам чинакам деҳқон, улар қарийб ўн хил маҳсулот етиштирадилар. Бултур қовун сайлида Эргаш ҳожи кўргазмага кўп маҳсулот олиб чиқиб, Хатлон вилояти ҳукуматининг Ифтихорномасини қўлга киритган эди.
Ифтихорномани қўлига олган дамда Эргаш ҳожини ҳаяжон босди. Ўшанда у ўзича: -«Эргаш, олган нарсанг юксак мукофот эмас-ку, нега бунчалик энтикасан? Ҳаяжонни босиб, ўзингни қўярга жой тополмаяпсан»,- дея овоз чиқариб пичирлаганди. Тўғри, у ўшанда ҳаяжонланди, бу ҳаяжонга, қалбининг ғурурга тўлишига Ифтихорнома сабабчи бўлган эди. У ўз юртида яшаб, Ватани, халқининг эътиборига тушишни бахтиёрлик ҳисоблади. Ҳаж сафарига борганида Эргашнинг ёнида нотаниш бир киши пайдо бўлган эди. У елкама-елка туриб Эргашга бир оғиз сўз гапирмас, фақат кузатар, энтикиб-энтикиб нафас оларди. Ва ниҳоят: -«Янглишмасам, сиз тожикистонликсиз-а?» - деган эди у. Эргаш ҳам унинг не мақсадда сўзлаётгани билан қизиқди:
-Ҳа,- деди у Эргашга завқ-шавқ билан тикилиб.
-Сизга ҳавасим келади, менга Ватан ҳиди, юрт соғинчи ором бермаяпти. Ёшим бир ерга етди, уйқумда ҳам, уйғоқлигимда ҳам хаёлимда Ватан соғинчи. Хаёлим Тожикистонда бўлганлиги учунам сизни шу юрт фуқароси, деб тушундим», - деган эди.
Шу дамдан бошлаб, Эргашнинг ҳаловати бузилди. Қалбидаги юрт муҳаббати кучайиб, Тожикистоннинг шаҳар-қишлоқлари, тоғу дарёлари кўз олдида қайта-қайта жонланавериб, оромини йўқотган эди.
Шу-шу Эргаш ўз Ватани, киндик қони томган юртда яшаётганидан беадад шукронада бўлади. Шукр қилиш билан бир вақтда, эл ва юрт хизматига ўзини камарбаста ҳис этади.
-Ватанни севиш туйғуси кучли инсонни қандай фарқласа бўлади? - деган эди Эргаш ҳожи бир суҳбатда. - Мисол тариқасида олсак, бир киши ҳамроҳлигида сафарга чиқдингиз, йўл асфалтланган, машина бир маромда манзилга елаяпти. Ҳў-ў, анави дарёда кўприк қурилибди, нарироқда муҳташам бино қад ростлабди. Ватандўстлик ҳисси юқори бўлган шу инсон йўл равонлигидан, янги кўприк, кўпқаватли бино қурилаётганини фахрланиб гапиради. Ватаннинг келажаги ҳали бундан-да зиёда бўлишига урғу бериб сўзлайди. У инсоннинг қалби ватандўстлик туйғусига йўғрилган бўлади, юрагида юрт ривожига нисбатан заррачаям ғайирлик бўлмайди.
Ҳақ гапни айтадиган бўлсак, Эргаш Сатторов бу гапни ўз қалбида кечаётган ватанпарварлик туйғулари оғушида сўзлаган эди. Эргаш учун Ватан тушунчаси – юксак. Тушида Ватаннинг турли гўшаларида кезади. Барчасига сабабчи тушида уни давомли юмушлар ташвишига чорловчи, ёшларнинг юртсеварлик руҳида камол топишини фикрлашга ундовчи, она сиймосида тушига кириб, пешонасини силагувчи Ватандир.
У туш кўрди. Тушида кўринган аёл янаям чирой очибди. У Эргашга бирам меҳрибонмиш, гўё онаси мисол мурувват кўрсатармиш. «Фарзандим», дея унинг бошини қайта-қайта силармиш ва: «Йигирма беш йил тарбиям давомида тузимни еб, тузлиғимга тупурганниям кўрдим. Сен каби Ватанни туққан онаси каби азиз тутувчиларгаям гувоҳман, шундан ғурурланаман. Ҳадисда: -«Ватанни севмоқ имондандир»,- деган гап бор. Кимки имони бут бўлса, Ватанни она ўрнида кўради. Ватан бежизга онага қиёсланмайди. Шуни ёдга олиш мавриди келди. Ҳаж сафари чоғида, ҳатто, тунлар ҳам бедор бўлиб, Ватанни қўмсадинг. Тожикистон заминига оёқ қўйишингданоқ, ўзингни бахтиёр ҳис этдинг. Шунда беадад шукронада бўлдинг. Яхши эслагин, Эргашвойим, автобус Тожикистон ҳудудига ўтгач, ҳайдовчига «тўхтат» ишорасини қилдингу пастга тушдинг, энгашиб бир сиқим тупроқ олиб ҳидладинг, юз-кўзингга суртдинг. Сўнг ерга тиз чўкиб, таъзим айладинг. Сендаги Ватан ҳақида тушунча шунчалик беқиёс, тенгсиздир. Сен каби буни қалбан ҳис этгувчилар беҳисоб. Тожикистон Президенти, Миллат пешвоси Эмомали Раҳмон Ватанни ўз онаси ўрнида мўътабар, Ватанни тирикликнинг негизи бўлмиш – кўксида депсинаётган юрак ва муқаддас маъво, деб тушунади. Сен ҳам шунақа ўғлон, тушингга кириб беҳуда бошингни силамайман. Оналарнинг меҳри ийса, фарзандининг бошини силайди-ку! Англадим, Ватан деган тушунчанг буюк, шу боис сен Ватанга суюк!»
Имомқул Эшмуродов,
Дўстий ноҳияси.
Янги Эра арафасида… мизми?..
Замон шитоби тез. Одамзод омочдан тракторгача бӯлган масофани, эҳтимол, 6000 йилда босиб ӯтгандир, трактордан космик кемагача бӯлган йӯлни эса, бор йӯғи 60 йилда босиб ӯтди. Ҳайратланарли тезлик.
Муфассал...
Ёхуд "Озодий" радиосида нашр этилган баъзи "фейк" хабарлар хусусида Бутун дунё халқлари ҳамма томонлама ривожланиб бормоқда. Тараққий этиб бораётган жаҳон давлатлари қаторида Тожикистон ҳам ўз мавқеига эга. Тожик халқининг тарихи эса, олис мозийлар қаъридан жой олган. Ва Орийлар саналган бу қавм жаҳон маданиятига ўзининг улкан ҳиссасини ҳам қўшганлигини ҳеч ким инкор этолмайди. Яқинда "Озодий" радиоси Жаббор Расулов ноҳиясининг Меҳробод
Ёлғон хабар қаламга хиёнатдир
2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015