Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАСР

Муаллиф: Super user Категория: НАСР
Чоп этилган 13 Июл 2017 Кӯришлар: 1957
Печат

 

u jamol 13 07 1727 июн куни «Халқ овози» газетаси Бош муҳаррири Ёқубжон Абдуманонзода қўнғироқ қилиб қолди: -«Бирор киши телефон қилдими

-Йўқ, нимайди?

-Ўлмас ака оламдан ўтибдилар, эртага соат саккизда жаноза намози, таниш-билишларга айтиб қўйсангиз…

Кутилмаган хабардан карахт бўлиб, «Аллоҳ раҳмат қилсин, устозни»,-дея олдим холос.

Эртасига бомдод намозини ўқиб бўлгач, ўғлим Муҳаммаджон билан йўлга отландик. Устоз истиқомат қилувчи лола нақшли баланд ошёнали «дом»га яқинлашар эканмиз, ортимиздан келаётган Искандар ака ва Эркин акалар билан саломлашдик. «Бандачилик экан-да», дея тасалли беради Искандар ака, «Худо раҳмат қилсин»,- дейман мен.

Дом ёнида тумонат одам: устозни сўнгги манзилга кузатиш учун Хўжанддан, Қўрғонтепадан, Колхозободу Ёвондан, борингки, республикамизнинг турли шаҳарларидан ижодкорлару мухлислар, ёру дўстлар ташриф буюришган. Бизлар бирма-бир устознинг ўғли Ҳамзабек билан бағирлашиб, ҳамдардлик изҳор қилдик.

Шу пайт бир гуруҳ одамлар тобутни ўнглай бошладилар. Бир оздан сўнг жаноза намози бошланди. «Ният қилинг» хитоб қилди имом. Тўрт такбир билан жаноза намози ўқилди. Ўзбекнинг улуғ шоирини шу зайл чин дунёга кузатдик.

Мен устоз билан 2001 йилда танишган эдим. Ўшанда «Халқ овози» газетасида илк шеърларим чоп этилган пайтлар эди. Шоир Абдулла Насридиннинг хонадонига тўйга таклиф қилинган эдик. “Халқ овози” газетаси ходимлари билан Ваҳдатга олиб борадиган йўлда учрашишга қарор қилдик. Бекатга келсам, устоз бир-икки киши билан суҳбатлашиб ўтирган эканлар. Бир кўришданоқ шунчалик самимият билан саломлашдиларки, худди юз йиллик қадрдонлардек таассурот қолдирдилар менда. Шундан кейин мен устознинг зиёратига тез-тез борар ва унинг дилтортар суҳбатларидан баҳраманд бўлар эдим. Ўлмас ака нафақат шеъриятда, балки одамийлик бобида ҳам барчамизга ўрнак бўларлик фазилатлар соҳиби эдилар. 2002 йилда навбатдаги “Руҳим ранглари” китобим устознинг сўзбошиси билан чоп этилди. “Халқ овози” газетаси таҳририятида ушбу китобимнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Тожикистоннинг кўзга кўринган ўзбек адиблари иштирок этган ушбу йиғинда устозим Ўлмас Жамолнинг ўзлари: «Бир пайтлар менга Чустий домла шундай мурувват кўрсатган эдилар, энди мен ҳам қарзимни узишим керак», - деб йиғилганларга ош дамлаб бердилар. Устозларим, ижодкор дўстларим янги китоб ҳақида ўз фикрларини билдиришди. Ёдимда қолгани, Ҳайдар Жўраев, Санобар Аллаева, Ҳабибулло Дўстов менинг ижодим ҳақида фикр билдиришган эди. Устоз Абдулло Зуҳур эса, “Руҳимга”, «Изтироб» каби шеърларимни мисол келтириб, тасаввуф руҳидаги шеърларимга яхши баҳо бергани эсимда. Шу воқеадан кейин ушбу газетада соҳага оид мақолаларим ва шеърларим вақти-вақти билан чоп этила бошлади. Ўша йилларда Ҳайдар Жўраевнинг ташаббуси билан ҳар йили пойтахтда ўзбек ижодкорларининг «Замондош-шоу» тадбири ўтказилар эди. Ушбу шеърият ва қўшиқ байрамларида республикамизнинг таниқли шоир, ёзувчи, журналист, ишбилармон, соҳибкор, давлат ва жамият арбоблари қатнашиб, ўзбек миллатининг бой санъати, адабиёти ва тожик-ўзбек дўстлиги ҳақида чиқишлар қилишар эди. Тожикистон халқ артистлари Мастона Эргашева, Алижон Солиев (Аллоҳ раҳмат қилсин), ҳофизлар Сабоҳат Нажмиддинова, Машрабхон Қаландаров, Абдуваҳоб Тошматов, турсунзодалик хонандалар Валижон Мусоев, Шарифжон Тошматовлар ушбу учрашувларда ўзларининг қўшиқлари билан учрашувимизни байрамга айлантирар эди. Номи зикр этилган таниқли ҳофизлар Ўлмас аканинг дилбар ғазалларини куйга солиб куйлашар эди. Устоз шу давраларнинг гули ва фахри эди. Устознинг қўшиқлари қаторида менинг ҳам илк қўшиқларим ушбу давраларда ижро этила бошланди. Абдуваҳоб Тошматов менинг «Ватан обод», «Тасанно», Валижон Мусоев “Ёронлар”, «Онажон», Шарифжон Тошматов “Кўнгил ва гул” каби қўшиқларимни ижро этишар эди. Устозимнинг эътибори ва эътирофи туфайли мен ҳам адабий муҳитининг фаол аъзосига айланган эдим. Ушбу учрашувлар биз ёш ижодкорлар учун камолот мактаби вазифасини ўтади.

Узтозимиз, атоқли шоир Ўлмас Жамол гарчи расмий унвони бўлмаса-да, ҳақиқий халқ шоири эдилар. У киши қадимдан қондош ва жондош бўлган тожик ва ўзбек халқлари васфида ўлмас ғазаллар, мухаммасу мустазодлар, ширу шакарлар битган забардаст шоирдир. Республикамиз Ҳукумати томонидан у кишига «Дўстлик» орденининг берилиши ҳам бежиз эмас, албатта. Тожикистонда яшаб, ўзбек тилида хоҳ  насрда бўлсин, хоҳ назмда бўлсин, ижод қилаётган ҳар бир қаламкаш Ўлмас акани ўзига узтоз дея эътироф этади. У кишининг «Икки тилли бир халқ васфига» мухаммаси мана, чорак асрдирким, икки халқ дўстлигини тараннум этувчи шеърлар ичида ҳамон энг юқори чўққини эгаллаб турибди.

Устозимиз истиқлол йилларида баракали ижод қилдилар. Бу ижод маҳсули сифатида «Сурур», «Масрур», «Манзур» ва «Маъмур» номли девонлари нашр этилди.

Ушбу чор девонга кирган шеъру ғазаллар, туюқлар, рубоийлар, байтлар, мустазоду мухаммасларда дилбар ва ўйноқи сатрлар билан биргаликда донишмандона ҳикматлар ҳам ўз аксини топган. Ушбу девонлардан ўрин олган байтларда устоз маърифат боғининг боғбони бўлиб ҳикматга бой, фалсафий фикрлар силсиласини яратдилар.

Сўнгги йилларда устоз оғир беморликни бошидан кечирдилар. Ҳар гал хабарлашгани борганимда, турли мавзуларда суҳбатлашар эканмиз, у киши гоҳ туриб ўтирар, гоҳо ёнбошлаб олар эдилар. Устозни уринтириб қўймаслик учун кетишга чоғлансам, рухсат бермас, таниш-билишлар ҳақида савол берар эдилар. Чунки устоз ўз фаолиятларини Регардан бошлаганлари учун кўпчиликни яқиндан танир эдилар. Ўлмас ака ҳамиша «Ўзи яхшига – олам яхши» дегувчи эдилар. Дуо қилинг десак: «Илоҳим, нокасларга муҳтож қилмасун»,- деган дуони такрорлар эдилар. Ҳар гал девонлари чиқса, биринчилардан бўлиб менга дасхатлари билан совға қилар эдилар. Ўтган йили «Ҳаёт беланчаги» китобимни олиб бориб берганимда, устоз синчиклаб варақладилар, сўнгра китобимни ўпиб, пешонасига теккизди ва табассум билан менга боқиб: «Муборак бўлсин»,- дея ўз хурсандликларини изҳор этдилар. Сўнгра менга тутқазиб, дасхат ёзиб беришимни сўрадилар. Устоз астойдил сўраганлари учун, мен юз хижолат бўлиб дасхат ёзиб берган эдим.

Йиллар давомида мен устознинг меҳридан, мурувватидан баҳраманд бўлдим. У кишининг панду насиҳатларини эшитиш, дуоларини олиш шарафига муяссар бўлдим. Шунинг учун ўзимни ҳамиша бахтиёр ҳис қиламан ва бунинг учун Яратганга шукроналар айтаман. Устоз билан бўлиб ўтган суҳбатларни агар ёзаман десам, бир китоб бўлиши мумкин.

Сўнгги марта хабар олгани борганимда ҳам устозга тезроқ соғайиб, оёққа туриб кетишларини тилаб, кетишга изн сўрадим. Устоз барча қадрдонларга саломларини етказишларини илтимос қилдилар. Бизни кузатиб қўяр эканлар, Янгамулло: «Ҳаммаларингга раҳмат, қанчадан-қанча одамлар хабар олгани келишади. Одамлар келиб турса, устозингиз яхши бўлиб қоладилар. Бўлмаса, тушкунликка тушиб қоладилар»,- дея хайрлашган эдилар.

Жорий 2017 йилда Душанбедаги “Промэкспо”нашриётида тожик тилидан қилган таржималарим “Дийдор соғинчи”номи билан нашрдан чиқди. Китобга Ўлмас ака сўзбоши ёзиб бердилар.

Устоз Ўлмас Жамол тожик адабиётини ўқиб ўрганиш, тарғибу ташвиқ этиш Тожикистонда яшаётган ҳар бир адиб учун ҳам қарзу ҳам фарз амал, деб қайта-қайта такрорлар эдилар.

1 июл куни шоир Турғун Али ва жияним Сирожиддин билан биргаликда устознинг хонадонига фотиҳа ўқигани бордик. Дастурхон атрофида ўтириб, устознинг ҳақига дуои фотиҳа ўқидик. Шу пайт даҳлизда Янгамулло кўриндилар ва «Менга учраб кетинг»,- дея илтимос қилдилар. Мен дарҳол у кишининг ёнларига бордим. Ургутдан устознинг жиянлари келишган экан. Мен устознинг рафиқаси, қизлари Гулнора опа ва жиянларига ҳамдардлик билдирдим. Янгамулло: «Тағин устозим ўтиб кетди деб, борди-келдини канда қилманг»,- дея сўз бошладилар.

-«Устозингиз мабодо вафот қилсам, барча қадрдонларим етиб келишлари учун мени бир кеча уйда сақланглар, дея васият қилган эдилар. Шунга амал қилиб жанозани эрталабгача қолдирдик», - дея сўзларини давом эттирдилар.

Кейин устознинг сўнгги кунлари ҳақида сўзлаб бердилар: - «Ҳайит куни жиянлари келиб, у кишининг соч-соқолларини ораста қилиб қўйди. Кайфиятлари яхши эди. Эртасига негадир безовта бўлдилар. Ҳадеганда: - «Бугун қанақа кун?», - дея сўрай бошладилар. Мен: - Ваҳдат (Миллий бирлик куни), дея эслатдим. У киши: - «Барча яқинларимни, жиянларимни чақиринг», - дедилар. Мен уларни чақиртирдим ва чой олиб келдим. Бир оздан кейин, у киши омонатларини топширди. Жиянлари кўзингизни очинг дейишса ҳам, у киши уйғонмадилар», - янгамулло сўзлар эканлар кўзларида ёш халқаланар эди. Мен Ўлмас аканинг халқимизга қилган хизматлари ва элимизнинг унга нисбатан ҳурмат-эҳтироми ҳақида гапириб, янгамуллонинг кўнглига таскин бердим.

- Регардан кимлар келди? - дея сўрадилар. Мен шоир  Турғунали ака ва жияним Сирожиддин келганлигини айтдим.

Регарга қайтар эканмиз, Турғунали ака «Устознинг жанозасига бора олмаганим учун хижолатда эдим. Бугун кўнглим бироз ёришди»,- дедилар. Биз устоз ҳақидаги хотиралар билан ўртоқлашиб, манзилимизга етиб келганимизни ҳам сезмай қолибмиз.

Мен барча турсунзодалик ижодкорлар ва мухлислар номидан устоз Ўлмас Жамолнинг аҳли байтларига, яқинларига Парвардигордан сабри жамил тилаб қоламан. Меҳрибон Оллоҳим устознинг охиратларини обод, руҳларини шод айласин!

 

Ҳасанбой Ғойиб, шоир,

Турсунзода шаҳри.

**

МАНГУЛИККА САЗОВОР УМР

Ўзбек ва тожик халқининг ардоқли шоири Ўлмас Жамол шеърият мухлисларини доғда қолдириб, бу дунёни тарк этди.

Ўлмас ака билан 1981 йилдан бошлаб, бир маҳаллада қўшни бўлиб яшадик.

Бу истеъдодли  инсоннинг соддалик ва камтарлик билан лиммо-лим тўлган ҳаёти мени ҳайратга солиб келди.

ХХ аср ўзбек шеъриятида ўзига хос ғазалчилик мактабининг устозларидан бирига айланди десак, муболаға қилмаган бўламиз.

Шоирнинг ижодий корхонасида вужудга келган ҳар бир ғазал, достон ва девонлардаги фалсафий мушоҳадаларнинг теранлиги, мантиқий изчиллик, туйғуларнинг самимийлиги, фикрнинг парвози ва услубнинг муайянлиги каби аъло хислат ва ноёб фазилатлари туфайли уларнинг ҳар бири Ўлмас Жамолда жило билан товланиб турибди.

Шоир ўз ижодида тожик ва  ўзбек халқининг абадий азалий дўстлигини бор овоз билан тараннум этди.

Рамазон ҳайитининг муборак ва мусаффо кунларида фарзандларимиз билан бирга бемор шоирни зиёрат қилгани бордик.

Оппоқ чойшаб устида шифтга тикилиб ётган шоир бизнинг овозимизни эшитиб, ўринларидан туришга ҳаракат қилдилар.

Тинчлантириб, ўринларидан турмаслигини илтимос қилдик. Барибир ўрнидан ярим турган ҳолатда биз билан кўришди.

Биздан янгиликларни сўради. Рамазон ҳайити ва Ваҳдат байрами билан табриклади. Ана шу муборак айёмларда эл билан бирга эмаслигидан афсусланди.

-Акажон, гарчанд ўзингиз халқ орасида бўлмасангиз ҳам шеъриятингиз байрам давраларида кезиб юрибди-ку, - дея овунтирдик.

Адабиёт оламидаги баъзи бир янгиликларни айтиб, у кишини қувонтирмоқчи бўлдик. Дарддан аёвсиз қийналаётган шоир чидам билан бизни тинглади.

Шогирдларининг ғазалчилик санъатини эгаллашдаги ютуқларидан қувониб сўзлади.

Шу аснода узоқ йиллар давомида «Халқ овози» газетасида мусаҳҳиҳ вазифасини ўтаб келган Муҳаммадражаб Бердиёров қўлида газетанинг янги сонини кўтариб кириб келди ва саломлашгандан сўнг, устозга тақдим этди.

Газетани қўлига олиб, кўзига суртди. Варақлади. Биринчи саҳифадаги бир ахборотни менга кўрсатиб, баланд овозда ўқиб беришимни илтимос қилди. Ахборот Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларига бағишланганини эшитиб, хурсанд ҳолда юзлари ёришди. Икки халқ ўртасидаги  муносабатларнинг яхшиланишига асос бўлаётган икки мамлакат раҳбарлари саъй-ҳаракатларига шукроналар айтиб, енгил нафас олди.

Икки соатдан ортиқ суҳбатдан сўнг, у кишидан ижозат сўраб, дуо беришларини илтимос қилдик. Шоирнинг сўнгги дуолари шундай эди:

-Халқларимиз ўртасидаги янгидан қурилган кўприклар бундан-да мустаҳкам бўлсин. Биз ҳам шу дўстлик кўпригининг бақувват бўлишига ҳисса қўшайлик!

Бу шоирнинг сўнгги дуоси эканлигидан бехабар ҳолда хайрлашиб, у кишининг хонадонидан чиқдик.

Алвидо, азиз устоз ва қадрдон инсон! Охиратингиз обод бўлишини Аллоҳдан илтижо қилиб сўраймиз.

 

Бахтиёр Мўминов, адабиётшунос.

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

ҚАЛАМ ВА ҲАҚ СЎЗ – ЖУРНАЛИСТ ФАОЛИЯТИНИНГ АСОСИЙ МЕЗОНИ

Тожик матбуоти 104 ёшга тўлди. Ўзининг босиб ўтган йўлида у ҳамиша халқ ва миллат хизматига камарбаста бўлиб, меҳнаткашни мадҳ этиб, қаллобу фирибгарга қарши аёвсиз курашиб келган. Мустақиллик давридаги журналистлар ҳам ўз ўтмишдошлари бошлаган ишни давом эттириб, ҳар қандай вазияту шароитга қарамай, ўзларини мардонавор тутиб, қалам ва каломга бўлган садоқатларини амалда исботлаб келмоқдалар. 

Муфассал...

Кўрнамак

Эрталаб узоқ-узоқлардан таралаётган қуёш нурлари иссиқлик бермаса-да, атрофга ўзгача чирой бахш этарди. Эсаётган майин шабада таъсирида дарахт япроқларининг нозик садолари, унга ҳамоҳанг бўлаётган паррандаларнинг чуғурлашлари-ю анҳорда сувларнинг шарқираб оқиши табиатнинг жозиб куйи каби таралар эди. Турли рангларда очилган гуллардан таралаётган муаттар ҳидлар киши руҳига енгиллик бағишлайди. Мамажон ака ҳовлисида олча-ю шафтоли

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990517

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7477615
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
3543
4027
21228
7426653
99259
114875
7477615

Сизнинг IPнгиз: 3.145.40.121
Бугун: 23-11-2024 16:51:41

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015