Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАСР

Муаллиф: Super user Категория: НАСР
Чоп этилган 28 Ноябр 2019 Кӯришлар: 1817
Печат

 

biz fano 2019Тақдир

Абубакрдан келган қўнғироқни ўчирдим.

Компютерда чала қолган ишимни тугатгач, кабинетдан чиқдим.

Ишхона ҳовлисидаги улкан тут дарахти соясига ўтиб, бамайлихотир гаплашиш умидида қўнғироқ қилдим.

Самога бўй чўзган салобатли тут дарахтлари менга Ховалингни эслатади.

Бу тутлар соясида ўтирган чоғи Тобатош*даги булоқ бошида, Қултоба*да, Муродбахш*нинг "Боғи Халил"идаги салобатли тутлар соясида ҳис қиламан ўзимни.

Негадир, бу тутлар ҳазрат Навоийни кўрган, деган ўй чарх ураверади зеҳнимда. Машҳад мадрасаларида ўқиган ҳазрат Навоийни бу тутлар бўлмаса, буларнинг аждодлари кўргани аниқ.

...Қўнғироқ қилдим.

Овози қалтираб чиққан Абубакр: "Эшонбобо ҳам кетди..." - деди дабдурустдан.

- Э-э, чиқиб қаранг, узоқ кетмаган бўлсалар қайтаринг, анча вақтдан бери гаплашолганимиз йўқ,- дедим.

- Ўтди... - деди Абубакр бир оз сукутдан сўнг...

- Нима... Оббо!!!

Вужудимни зилу замбил ҳорғинлик қамради. Зеҳнимда замину замон чайқалди.

Руҳимда улкан табаддулот содир бўлди...

- Инна лиллоҳи ва инна илайҳи рожъиун.

Қаригандек бўлдим. Қариганимни англаб етдим...

 

Таъсир

Ажабо, қарилик ҳақида жуда кам ўйлардим...

Невараларим ҳам "Дадажон" дейишади. "Бобо" деса қариб қоладигандек...

Қарилик ҳақида ўйламасликка ҳаракат қилардим. Тенгдошларим нафақага чиқиб олиш илинжида жони ҳалак бўлиб юрган бир пайтда меҳнат дафтарчамнинг қайси идорада қолиб кетгани ҳам эсимда йўқ.

Аммо бирдан қаригандек бўлдим...

Эшонбобо мендан етти ёш катта эди.

Қизиқ, Неъмат ака (дўстона муҳитда у кишини "Эшонбобо" ёхуд "Неъмат ака" дея мурожаат қилардик) лалми бир тоғ қишлоғининг тупроқ кўчаларини чангитиб, бирга ўсиб-улғайган дўстим Сафар эмасди.

Нега бундай бўлди?

Дарвоқе, Сафар билан кўришмаганимизга ҳам йигирма йиллар бўлди.

Уни бот-бот эслайман. Соғинаман.

Турмушнинг шафқатсиз, зил-замбил тегирмон тоши бошида айланавериб, келбатини увоққина вужудга айлантирган болалик дўстим Сафарни бот-бот эслайман.

Уни соғинаман.

Ўтириб гаплашгим келади. Болалик хотираларини эсласак дейман...

Турмушининг қийинчилигини ўйлаб юрагим эзилади...

Руҳиятининг осойишталигини эслаб ҳавасим келади.

Соғинчларим кўз ёши мисоли шеър бўлиб қуйилганди бирида:

Асаблари пўлат,

Юзлари пўлат,

Ялтироқ шишадек

Кўзларга боқиб,

Тоғлар бағридаги

Сокин қишлоққа

Кетгим келаётир

Улоқиб.

 

Барча ташвишлардан,

Барча ғамлардан

Қонталаш қалбимни

Айлаб мосуво,

Кетгим келаётир

Сенинг бағрингга,

Бу ёруғ оламда

Энг гўзал маъво.

 

Сумбула, тунларинг нақадар соҳир,

Сурмаранг тонгларинг сўлим нақадар.

Қайта туғилишнинг имкони бўлса,

Бағрингдан бир қадам нари кетмасдим,

Саргардон кезмасдим дарбадар.

 

Мен нима ахтардим

Ва нима топдим,

Ҳолсиз юрагимга

Минг наштар уриб?!

Қисмат йўлларида аёвсиз чопдим,

Бир ҳўплам меҳрга ташна-ю ғариб.

 

Сиёсатнинг ғирром бозорларида

Савдога солинди дину диёнат,

Заминнинг покиза гулзорларида

Саболар ўрнига эсди хиёнат…

Алданиб яшамоқ ёмондир валек

Ўзингни алдамоқ ёмондан ёмон.

Шунча пасткашликка қодирмидинг сен,

Менинг алқаганим, Ҳазрати Инсон?!

 

Менинг чўпон дўстим, тенгдошим Сафар,

Сен жуда бахтлисан,

Бахтлисан, ишон.

Зероки, билмассан улкан шаҳарда

Қанча ҳамоқат бор, қанчалар ёлғон…

 

Асаблари пўлат,

Юзлари пўлат,

Ялтироқ шишадек

Кўзларга боқиб,

Тоғлар бағридаги

Мўъжаз қишлоққа

Кетгим келаётир

Улоқиб…

Аммо Неъмат ака совхознинг Сартездаги полизидан биргаликда тарвуз узиб қочган, отлиқ қоровул қувиб етган чоғи эшакдан тушиб, пастликка, Ғурулдига қараб югурган, қопнинг оғзи очилиб, ёлғизоёқ йўлдан юмалаб келаётган тарвузларга суриниб йиқилган болалик дўстим Сафар эмасди.

Ўсмирликнинг бор завқ-шавқини бирга тотиб кўрган жувонмарг дўстларим Муҳаммадсаид ва Муродхонлар эмасди...

Йигитлик айёмининг бутун шиддату изтиробларини бирга яшаган, китобдорлар сулоласига мансуб хўжандлик мўйсафиднинг Школний кўчасидаги лойсувоқ ижара кулбасида одаму олам ҳақида тонготар суҳбатлар қурган устоз Асқар Маҳкам, дўстларим Садриддин ва Бобоқул эмасди.

Нега бундай бўлди?

Ахир, Неъмат ака мендан етти ёш катта эди...

 

Тасвир

«Эшонбобо ҳам кетди...» деган Абубакр дорихонасидан чиқиб, узоқлаб кетмаган бўлса, қайтаришга ҳаракат қилмади.

Анчадан бери гаплашмаган эдик, суҳбат қиёматга қолди...

Жаннат аҳли жаннатга кирганда, ўзлари билан дунёда самимиятда яшаб ўтган дўстларини топмай, Аллоҳга юзланадилар: "Эй Парвардигор, дунёда бизнинг дўстларимиз бўларди. Улар биз билан намоз ўқишарди, рўза тутишарди. Биз уларни жаннатда кўрмаяпмиз",- дейишади.

Аллоҳ таъоло уларга айтади: "Дўзахга боринглар ва қалбида заррача иймони борларни чиқариб олинглар!"

...Дўзах аҳли уларнинг бу ердан чиқишлари сабабини сўрайдилар. Улар дўстларининг шафоат қилганларини айтадилар ва Аллоҳнинг бундай деб огоҳлантирганини эслатадилар: "Мана энди биз учун шафоатчилар ҳам йўқ. Бирон қадрдон дўст ҳам йўқ", дерлар" ("Шуаро" сураси, 100-101-оятлар).

Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Мўмин дўстларни кўпайтиринг. Чунки уларнинг қиёматда шафоатлари бўлади".

Ибн Жавзий роҳимаҳуллоҳ суҳбатдошларига қарата: "Агар жаннатда мени ораларингда кўрмасанглар, мен ҳақимда сўранглар. Эй Аллоҳ, фалончи банданг Сени бизга эслатарди",- денглар, дедилар-да, йиғлаб юбордилар...

 

Тараннум

Ўтган асрнинг 80-йиллари Тожикистон ўзбекларининг республика миқёсидаги минбари - "Совет Тожикистони" газетасининг олтин даври эди. Ўлмас Жамол, Неъмат Иброҳим, Асқар Маҳкам, Жамшид, Зикруллоҳ Вали, Одил Икром, Шоди Саттор каби иқтидорли шоирлар, Қосим Мамажонов, бетакрор ёзувчи Эшмуҳаммад Донохонов, шунингдек, Ҳасан Эрбобоев, Абдусаттор Аҳмадалиев, Ҳомиджон Ҳакимов, Садриддин Ашур, Абдуҳафиз Мирзааҳмад каби зукко журналистлар йиғилганди бу улуғ даргоҳда.

"Зўр йигитларни тўплагандим, қаламларидан олов чақнарди. Газетанинг тиражи 120 мингга етганди",- ифтихор билан эслайди ўша пайтдаги бош муҳаррир Мухторжон ака Баҳриддинов.

Орадан 25 йил ўтди. Маърифатнинг муҳиб ва мухлислари Асқар Маҳкамнинг журъатли мақолалари, гуриллаган шеърхонликлар, самимий адабий учрашувларни орзиқиб эслашади ҳали ҳам.

 

Таҳқир

Мавлавий Ҳиндистоний (қори Муҳаммаджон Хўқандий) ҳазратлари ёзган эди: "Ҳар бир қавмнинг душмани ўзидан чиқади: маҳаллий мўллалар устимдан ёзиб, 10 йилга айристон қилишди".

Ўшанда Тожикистон Компарияси Марказий Қўмитасида ишлайдиган қай бир "сиёсий ҳушёр" ўз миллатдошлари Неъмат Иброҳим ва Зикруллоҳ Валиларни "эшон"лиги учун мафкуравий фронтдан четлатиш ҳаракатига тушади.

Аслида "истеъдоди учун" четлатиш ҳаракатига тушади, дейишимиз керак.

Зеро, Парвардигори Карим истеъдод неъматидан қисган корчалонлар доимо истеъдодли инсонларнинг оёғини чалишга ҳаракат қилиб келишган.

Ўзбекнинг оташнафас шоири Шавкат Раҳмон куйинганидек:

Ҳали жуда кўпдир калламушният,

Дунёни кемириб сотиб юрганлар.

Умрида ўтқазмай бирорта дарахт,

Занчалиш кўксига муштин урганлар.

Хуллас, забардаст икки шоир ижодий жамоадан бадарға қилинди. Зикруллоҳ Вали техник ходим - мусаҳҳиҳликка ўтказилди. Неъмат ака эса, Ленин (ҳозирги Рўдакий) ноҳиясидаги педагогика ўқув юртида ўқитувчилик қилишни афзал кўрди.

 

Таҳажжуд

Тобора кўпроқ одамларнинг зеҳнига етиб борсин учун бу гапни такрорлайман-такрорлайвераман:

Авлиёлардан бири "Маърифат шундай гўзал хилқатким, унга жисм ато этилганида кўрган киши ҳушидан кетиб йиқиларди", - деган экан.

Хайриятким, маърифатга жисм ато этилмабди.

У ёруғлик, нур, поклик, мусаффолик каби жилваланади, тасаввурланади.

Бу Илоҳий нурдан бир чимдим насиба олган киши ҳар қандай муҳитда шам мисоли порлаб, атрофидагиларнинг зимистон қалбига зиё ва ҳарорат бахш этади. Маърифат аҳлининг атрофига маърифатлилар йиғилишади. Бу муҳит нурли-сафоли бўлади. Одамлар нурга талпинган парвоналар каби бундай муҳитга талпинадилар.

Неъмат Иброҳимнинг муборак вужуди сабаб ноҳиядаги мўъжаз педагогика билим юрти йирик маърифат даргоҳига айланди. Бу марказ оҳанрабо янглиғ зиё аҳлини ўзига тортарди.

Тошкентдан Душанбега ташриф буюрган шоир ва ёзувчилар билан бу билим юртида ижодий учрашувлар, шеърхонлик анжуманлари ўтказиларди.

"Совет Тожикистони"дагилар ҳам Рўдакийдаги билим юртига ҳавас билан қарайдиган бўлишди...

 

Таҳаммул

-Эътибор берганмисиз, эшонбобо суҳбат чоғи мутлақо бировни ёмонламайди? - сўрайман Абубакрдан.

-Йиллар давоми кимсани ёмонлаганини эшитмадим,-дейди Абубакр.

- Неъматжон дилбар шоир, шеърлари ҳам ўзи каби беозор, самимий,-дерди устоз Ўлмас Жамол.

- Эшонбобонинг овозини баландлатиб гапирганини эшитмаганман,-ҳайратини яширмайди шоир Абдулла Насриддин.

- Неъматжон кейинги йилларда фариштасифат инсонга айланди. Ижодида ҳам самовий оҳанглар уфуриб турарди. У маънавий камолотга етишган инсон ва шоирнинг тимсоли эди, - дейди устоз Эшмуҳаммад Донохонов.

- Эшонбобо - зўр шоир! Жимгина кулимсираб юришининг ўзи даҳшат! Бу даража яхши шеър ёзганлар босар-тусарини билмай, тентак бўб қолади, - дейди қатъият билан шоир Эркин Шукур.

Инсон руҳиятининг тенгсиз билимдони устоз Асқар Маҳкам эса, Саййид Неъматуллоҳ Иброҳимнинг инсоний фазилатлари ҳақида "Оқ китоб" номли рисола битган эди...

 

Табассум

Бирда акалари Саййид Таваккалхон ҳам иштирок этган ажиб бир даврада суҳбат мавзуи у киши руҳиятига жуда мос бўлишига, бир неча бор суҳбатга тортишимга қарамай, Неъмат ака устоз Асқар Маҳкам таъбири билан айтганда "куйик" чеҳрасидаги малиҳ табассум ила жимгина тинглаб ўтирди охиригача.

Кимдир "акалари наздида гапирмадилар, эҳтиром юзасидан" деб ўйлаган бўлиши мумкин. Аммо бу ориф бир инсоннинг "Хилват дар анжуман" (Даврада худди хилватдагидек сукут сақлаб ўтириш, мавзуни бошқалардан кўра яхшироқ билса-да, сўз қотмаслик) ҳолати эди...

 

Табдил

Харсанг тошни ёриб чиққан нозик гиёҳни кўрган қалб кўзи очиқлар истеъдоднинг қудратини яхши англашади. Истеъдод тор хонага, ҳовлига, кимлар томонидандир бўлиб-бўлиб олинган мамлакатларга сиғмайди.

У бутун ер куррасига, барча инсониятга тааллуқли.

Биз миниб юрган автомашина, хонамизни ёритган электр чироқ, уйимизга муздек сувнинг оқиб келиши ҳам Худо берган қай бир истеъдод ақл-заковатининг маҳсули.

Истеъдод - Илоҳий неъмат.

Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим каби нодир истеъдодлар ҳам маҳдуд ҳудудларга сиғмасди.

"Навоийдан кейин" ғазалини ўқиб жуда таъсирландим.

Аслида у кишининг аксари ғазалларини кўз ёшисиз ўқиб бўлмасди.

Мана ўша дилкаш ғазал:

Кимларни топди ахтариб кўзлар

                           Навоийдан кейин?

Бунча ғарибу музтариб Сўзлар

                           Навоийдан кейин.

 

Қайда нафосат мактаби, недур гўзаллар матлаби?

Борми замонда Гул каби қизлар Навоийдан кейин?

 

Ҳазрат Қамар* эрди,

                 яна кавкаб** эди минглар анга,

Сўнди самода неча юлдузлар Навоийдан кейин…

Ирфонга ким муштоқ эрур?

               Шеър мулкида ким тоқ эрур?

Айтинг, нечоғлик оқ эрур юзлар Навоийдан кейин?

 

Кўрмам фасоҳат шоҳда ҳам,

                  топмам адолат жоҳда ҳам,

Кетмиш ўчиб бу роҳда*** ҳам излар

                         Навоийдан кейин…

 

Умри кузакка етмади…

                     Каъба тавофин этмади…

Сарғайди-ю, лек кетмади кузлар Навоийдан кейин.

 

Нафс кўйига от солдиг-эй,

                     ботил хаёлга толдиг-эй,

Қайси мақомда қолдиг-эй,

                   бизлар Навоийдан кейин!?

***

Душанбега борганимда меҳмонга чақирди. Абдулла Насриддин билан биргаликда бордик. Зуваласи садоқат, одамийлик ва диёнат ила қорилган бу мард йигитнинг самимиятига бот-бот қойил қолганман.

- Бир жойга боришимиз керак, лекин сиз ишдасиз... - дердим нуфузли газеталардан бирида масъул котиблик қилаётган Абдулла Насриддинга.

- Ака, - дерди Абдулла содда ва самимий оҳангда,- кечқурун соат олтидан эрталаб саккизгача бўшман. Парво қилманг, хоҳлаган жойингизга бораверамиз.

Бу диёнатли йигит билан Тожикистонни Шаҳритуздан Ғармгача, Кўлобдан Хўжандгача кезиб чиқдик. Туғишганларимдан-да яқин бўлган бу йигит билан руҳимиз уйғунлашиб кетган. Гапирмасдан туриб бир-биримизни англаймиз.

Абдулланинг самимияти ҳақида гапириб, Бобоқул эсимга келди.

Жуда истеъдодли бу рассом йигитнинг яшаш тарзи оддий одамлардан фарқ қиларди. Олам кўзига тор келиб қолган чоғи бошига кўрпани тортиб, 2-3 кеча-кундуз ухлар ёхуд хаёл сурарди. Илҳоми келганда эса, 3-4 кеча-кундуз ухламасдан расм чизарди.

Устоз Асқар Маҳкам студентлик йиллари унинг суҳбатларини тинглаб, иккита шеър ёзган эди. Бу шеърларни китобларида учратмадим. Аниқ эсимда: бирининг сарлавҳаси "Бобоқулнинг одами" эди.

Хуллас, бир куни эрта тонгда Хўжанднинг "Ватан" кинотеатри орқасидаги маҳаллага, Бобоқулнинг квартирасига бордим. Ухлаб ётган экан. Уйғотдим.

- Бир жойга боришимиз керак, - дедим.

Юз-қўлини ювиб йўлга тушди.

Автовокзалга келиб, Сомғорнинг автобусига ўтирдик.

Автобус йўлга тушганда чидаёлмай савол бердим:

- Нега қаерга борамиз, деб сўрамайсан?

- Ёмон жойга бормаслигимизни билгач, сўраб нима қиламан, - деди Бобоқул.

Ҳазрат Мавлоно:

«Ҳамдилий аз ҳамзабоний беҳтар аст» (дилдошлик тилдошликдан афзал), деб шу мавридларда айтган бўлсалар керак.

 

Таважжуҳ

Нутқ - инсонга ато этилган буюк Илоҳий неъмат.

Гапириш, дардлашиш, фикр алмашиш, унс тутиниш одамзод фарзандининг фитрий эҳтиёжидир.

Инсонни бу эҳтиёждан мосуво айлаш - жуда оғир жазо.

Одамзодни жазолаш учун яратилган бир кишилик камералар шунинг учун барпо этилган.

Баъзида ўйлайман: Сафар, Муҳаммадсаид, Муродхон, Абубакр, Абдулла Насриддин, Садриддин, Бобоқул, устозларим Хушбахт ака Абдуназаров, Асқар Маҳкам, Эшмуҳаммад Донохонов, Ҳасанбой Эрбобоев, Саййид Неъматуллоҳ Иброҳимлар бўлмаганида нима бўларди.

Булар - менинг маънавий муҳитим.

Булар - қалбимнинг хилватхоналарини ёритган чироқлар.

Булар - сирдошларим, дарддошларим, руҳдошларим...

Таҳайюр

Неъмат ака мендан етти ёш катта эди.

Синфдош ёхуд курсдошим эмасди.

Нега охират сафари маънавий ва жисмоний ҳаётимда зилзила барпо қилди?

Бир ой бош қотирдим.

Ориф зот бу саволга бундан етти йил аввал "Таҳайюр" китобига ёзилган дастхатда жавоб берган экан:

...Абдуллоҳ Зуҳурга

Менинг Ҳақни кўрган кўзимсан, дўстим,

Ботилга санчилган сўзимсан, дўстим.

Энг яқин хешлар ҳам дарддош бўлмади,

Руҳдошу ақрабо ўзингсан, дўстим!

Неъматуллоҳ Иброҳим

20.06.12 й.

Ҳа, бу ориф инсон билан

Қишлоқдош эмасдик ... руҳдош эдик.

Синфдош эмасдик... руҳдош эдик.

Курсдош эмасдик ... руҳдош эдик.

Гуруҳдош эмасдик... руҳдош эдик.

Дардимизни дастурхон қилмаган дарддош эдик биз...

 

Абдуллоҳ Зуҳур, шоир.

ИЗОҲ:

Ховалинг*, Тобатош*, Қултоба*, Муродбахш*, Сартез* - Жанубий Тожикистондаги жой номлари.

КАЛЕНДАР

« Декабр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
            1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 31          

МАҚОЛАЛАР

ХАЙРУ ХУДОЙИЛАР ТАОМСИЗ ЎТКАЗИЛАДИМИ?

 

Республика Дин ишлари, анъаналар, тантаналар ва миллий маросимларни тартибга солиш комитети раиси Сулаймон Давлатзода жорий йилнинг олти ойлик ҳисоботини Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси муҳтарам    Эмомали Раҳмоннинг "Тожикистон Республикасида анъаналар, тантаналар ва урф-одатларни тартибга солиш тўғрисида"ги қонун қабул қилинганининг 10 йиллиги муносабати ила мамлакат фаоллари билан ўтказилган мулоқоти ва муҳтарам Президентимизнинг у ердаги сўзларидан иқтибос келтиришдан бошлади.

Муфассал...

ШҲТ ХАЛҚАРО САЪЙ-ҲАРАКАТЛАРНИ БИРЛАШТИРИШ ЙЎЛИДА ДИАЛОГ ВА ҲАМКОРЛИКЛАРГА ТАЙЁР

 

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Минтақавий террорчиликка қарши кураш тузилмаси Ижроия комитети доимий амал қилувчи орган ҳисобланади. Ташкилотнинг штаб-квартираси Ўзбекистон Республикаси пойтахти - Тошкент шаҳрида жойлашган.

ШҲТ Минтақавий террорчиликка қарши кураш тузилмаси Ижроия комитети ўз фаолиятини ШҲТ Хартияси низомномаси, Шанхайнинг

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
2000412

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7553757
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
3807
2506
11523
7486842
13486
161915
7553757

Сизнинг IPнгиз: 18.97.9.171
Бугун: 05-12-2024 14:22:01

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015