ёхуд уруғчиликда тажриба мактаби
Картошка! Иккинчи нонга айланган бу табиат неъматисиз кўп йиллардан бери тасаввур қилиш қийин бўлиб бугунги кунда озиқ-овқат саноати маҳсулотига ҳам айланиб бормоқда. Картошка ва унинг ҳосилдорлиги бўйича кўп йиллардан бери шуғулланиб келаётган таниқли олимларнинг таъкидлашларича бу озуқа тури подшо Пётр I даврида, яъни 1710-1725 йилларда Голландиядан Россияга келтирилган. Тожикистонга эса, картошка илк бор ХХ аср бошларида Ўратепага келтирилиб, кейинроқ Раштонзаминга тарқалган.
Картошканинг Ғончига келиши эса, янада қизиқарли. Россияга тижорат билан қатнаб турган Бобокалон Ўзбеков илк картошка ва помидорни келтирган. Ўша давр кишилари бу неъматни ейишдан чўчишган, ҳатто, бу кофирларники, деб тарғиб қилишган. Кейинроқ унинг мазаси кўпчиликка маъқул бўлган ва Б.Ўзбековга таҳсин айтишган. Шунданмикан, ҳозиргача ғончиликлар бу янгилик фидойисини «Бокалон-картошка» дея эслашади.
Бугунги кунда ўз даврининг оддий, айни пайтда, янгича дунёқараши билан ҳаётимизга кириб келган картошка Ғончига шон-шуҳрат келтирди, республикага танитди.
Иттифоқ вақтида картошканинг катта қисми Россиядан келтириларди. Шунинг учун, маҳаллий хўжаликларда экиладиган картошка навлари ҳам «Кореневский», «Нарымка», «Кардинал», «Эпикур», «Жуковский», «Кантор» кабилардан иборат бўлиб, такрор-такрор экилганлиги туфайли турли касалликларга чалиниб, ҳосилдорлиги ҳам пасайиб кетди. «Кардинал», «Невский» навларидан эккан кишилар кейинги йилларда олимларнинг ҳамкорлигида яратилган «Шукрона», «Нуринисо», «Каримий», «Овчи», «Ғончи» каби навлар етиштиришни жорий этмоқдалар. Бу навлар 300-350 центнергача ҳосил бермоқда. Изланувчан деҳқонлар Олмон Агроакцияси билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, 2013 йили тажриба сифатида 13 тонна «Ред-Фантазия» картошка навидан келтириб экдилар. Ноҳия иқлимига мослашган бу уруғлик 450 центнергача ҳосил бера бошлади. Бу борада Тожикистон қишлоқ хўжалиги Фанлар академияси ва қишлоқ хўжалиги олийгоҳи олимлари билан ҳамкорлик соҳада мисли кўрилмаган натижа бермоқда. Жумладан, боғдорчилик ва сабзавоткорлик институти картошкакорлик бўлими мудири, таниқли олим Бақо Каримов мана ўн йилдирки, янги навлар етиштириш бўйича тажриба майдонларида заҳмат чекиб келмоқда. «Нуринисо», «Каримий», «Шукрона» каби ўнга яқин янги навлар Б.Каримовнинг кўп йиллик тажрибалари натижасидир.
Масалан, «Нуринисо» нави 120-125 кунда етилади ва ҳосилдорлиги 350 центнердан ортиқ. У Америка гибридидан яратилган. Бу нав замбуруғ ва бактериологик касалликларга чидамли ва шу билан бир вақтда лаззатлидир. «Каримий» эса, «Нозанин» ва «25» навлари дурагасидан яратилган бўлиб, гектарига 450 центнергача ҳосил беради. «Абдумалик», «Овчии «Ғончи», «Шариф» хўжаликларида 115 навли уруғлик экилади.
«Иккинчи нон» мазасини кўрган деҳқонлар йил сайин картошка майдонларини кенгайтиришга ҳаракат қилаётирлар. Агар рақамларга назар солсак, 1995 йили ноҳияда атиги 359 гектар майдонга картошка экилган бўлса, 2014 йили бу кўрсаткич аҳоли ҳиссаси билан ҳисоблаганда, 3288 гектарни ташкил қилди. Ҳосилдорлик эса, 134 дан 277,1 центнерга етказилди.
Картошкакорлик хўжаликлари орасида кўп йиллардан бери «Овчии Ғончи» кооператив- уруғчилик хўжалиги етакчиликни қўлдан бермай келмоқда. Юртбошимиз 2009 йили Ғончига қилган сафари чоғида «овчи»ликлар билан мулоқотда ғончиликлар картошкапарварликда рекордсменлар, дея юксак баҳо берган эди. Бу номга сазовор бўлган хўжалик уруғлик етиштиришда тажриба мактабига айланди. Жумладан, 2014 йили Хатлон вилояти ва республика бўйсунишидаги ноҳияларга сотилган 30 минг тонна картошканинг 80 фоизи фақат шу хўжаликда етиштирилган.
-Ўтган йили бир ярим гектарга картошка эккан эдим. Олинган ҳосилдан 20 тонна уруғликни 2,5 сомонийдан хатлонлик ҳамкорларга пулладим. Яна шунчасини бозорга чиқардик. Рўзғорда ишлатилганлари бу ҳисобга кирмайди. Оиламда 9 фарзанд тарбияланяпти. Биронтаси чет ўлкаларга ишлаш учун борганлари йўқ. Ахир, ризқу рўзинг ўз эшигинг олдида чиқиб тургач, бунга ҳожат бормикан?- дейди кекса деҳқон Абдуғаффор Турсунов.
Мирзо Ҳотамов эса, олинган ҳосилдан қониққанлигини таъкидлаш билан бирга, давлатимиз раҳбарининг ерни ўз эгасига бериш борасидаги кўрсатмалари амалга ошаётганлиги, бу эса, эл тинчлиги, дастурхон тўкинлигига асос бўлаётганлигини қайта-қайта тилга олади.
-Советлар даврида хўжалигимиз ҳудудида экиладиган картошка майдони 100 гектардан ҳам ошмасди. Бугун картошкадан келаётган даромадни кўрган ерли деҳқон йил сайин экин майдонини кенгайтириб бормоқда. Муҳожирлик нонидан деҳқончиликни афзал кўрган қишлоқ аҳли тоғ этакларини тош-шағалдан тозалаб, керак бўлса тупроқ солиб, ер очмоқдалар. Шундан келиб чиқиб, айни вақтда 280 гектарга картошка экиляпти,- дейди «Овчии Ғончи» хўжалиги раиси Заҳриддин Умаров. -1991 йилгача ҳосилдорлик 200 центнердан ошмасди. Ҳозирда яратилган янгича навлардан икки баравар кўп ҳосил етиштиряпмиз. Давлатимиз Ҳукуматининг «Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилик махсус хўжаликлари ва минтақалари борасида» қабул қилган қарори деҳқонларимизга қаноат бағишлади. Ана шу қарор амали ўлароқ, Хатлон вилояти, республика бўйсунишидаги ноҳиялар деҳқонлари, ҳатто бадахшонлик ҳамкасбларимиз Овчи уруғига эътибор қаратдилар. Натижада, Овчининг уруғчиликдаги тажрибаси мамлакатимизга тарқалди.
Очиғини айтганда, Овчи мавзеси тоғ ён бағирларида жойлашган бўлиб, етиштирилган картошка экологик жиҳатдан тоза, лаззатли. Шунинг учун бўлса керак, республика раҳбариятининг бу минтақада етиштириладиган сара навли картошка уруғига муносабати бошқача. 2011 йили Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, ер захиралари ва суғориш дирекцияси агентлигининг қўллаб-қувватлаши билан 189 минг 711 сомоний маблағ ҳисобига 4419 метр масофага сув қувури ётқизилди ва бу билан 150 гектар ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланди. Яқинда эса, Суғд вилояти раиси Абдураҳмон Қодирийнинг бевосита кўмаги билан яна 4 километрга қувур ётқизилди. 720 минг сомоний маблағнинг тенг ярмини маҳаллий соҳибкорлар қоплашди. Шу йўл орқали яна 100 гектар ўзлаштирилиб, ишлаб чиқаришга киритилди. Яъни, яна 170-200 оиланинг қозони қайнайдиган бўлди.
-Картошка денгиз сатҳидан 2000-2800 метр баландликда, тоғ ён бағирларида, салқин, иқлими мос бўлган мавзеда яхши ҳосил беради. Бугунги кунда мамлакат эҳтиёжи 110-120 минг тонна уруғликни ташкил этади. Олимларнинг хулосасига кўра, ана шу эҳтиёж тўла қондирилса, республикамиз картошкани четга сотиш имконига эга бўлади,-деди Овчи қишлоғида бўлиб ўтган халқаро илмий-амалий конференцияда сўзга чиққан қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Давлатжон Комилзода.
Шуни таъкидлаш жоизки, мазкур нуфузли тадбир юртбошимиз топшириғу кўрсатмалари амали йўлида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги фанлари академияси ва Суғд вилояти раҳбарияти, шунингдек, Ғончи маҳаллий ҳокимиятининг қўллаб-қувватлаши билан Хатлон вилояти, республика бўйсунишидаги ноҳиялар вакиллари ва Россиялик иқтисод фанлари доктори, професссор А.Миндрин иштирокида ташкил этилди.
Иқтисодиёт фанлари доктори Н. Амировнинг айтишича, Советлар даврида республикада бор-йўғи 12 минг гектар майдонга картошка экиларди. Бугун бу рақам неча баравар ошган. Жазирама ва ёғин-сочин кунларда заҳмат чеккан деҳқон ўз меҳнати самарасини кўриши керак. Лекин аксар вақт бечора деҳқон қилган харажати миқдорида ҳам даромад ололмайди. Экиш вақтида бир килограмм уруғлик 2,5 сомонийдан харид қилинсаю, ҳосил йиғиштирилганда атиги 1-1,2 сомонийдан сотилса, буёғини ўйлаб кўраверинг. Шуни ҳисобга олиб, соҳани бошқариб туриш ассоциацияси ташкил этилса, ёмон бўлмасди.
-Деҳқонни рағбатлантириш ҳам муҳим эканлигини унутмайлик. Ўтган йили 70 тонна уруғлик сотиб олган эдик,- дейди Ҳисор ноҳияси қишлоқ хўжалиги идораси етакчиси Абдусалом Ҳамдамов. -Ҳосилдорлик ўртача 210-230 центнердан тушди. «Латиф Муродов», «Вахдат», «Ҳамдам Миров» хўжаликлари ўртача ҳисобда 2-3 баравар кўпроқ ҳосил кўтардилар. Лекин харидор тополмадилар. Агар вазият шундай давом этиб, бозор талаботлари билан келиша олмасак, соҳа тараққиёти оқсаб қолиши мумкин.
Эгамназар СОҲИБНАЗАРОВ,
Ғончи ноҳияси.
Кабинетимдан кўриниб турган виқорли тоғлар салобати, қоплаган оппоқ қор, жозибали кўкламнинг шишадек беғубор осмонига кўрк бағишлайди. Бу манзара мен учун Худонинг марҳамати эканлигини мамнуният билан қайд қилган бўлардим. Осмонда қуёш чарақлаб турибди, бироқ унинг тафти қайтган. Лолақизғалдоқ офтоби бўлишига қарамасдан, мўътадил иқлим танга роҳат бағишлайди. Рамазон кунларининг мўъжизаси-бу. Нигоҳларим тоғ бошидан
Муфассал...
Хориждан Ватанга қайтган ТИТПнинг А. Жомий ноҳиясидаги бўлими собиқ раиси Талбак Рустамов билан суҳбат
- Талбак ака, Ватанга қайтганингиз билан табриклайман. Менимча, қайтганингиздан оилангиз ва фарзандларингиз ҳаммадан ҳам кўпроқ хурсанддир…
- Энг аввало, ўзим хурсандман. Оиладан йироқлик, кўп машаққатлар, оғир
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015