Мен ҳар гал Деваштич ноҳиясидаги Яхтан қишлоғига борар эканман, энг аввало, Совет Иттифоқи Қаҳрамони Ўринбек Ёқубов, донгдор «Ленинград» совхозига омилкорлик билан раҳбарлик қилган, собиқ СССР Олий Совети депутатлигига сайланган Тожимурод Ражабалиев ва ҳамкасбим Абдураззоқ Умаров ҳақида эслайман.
Яхтанга кираверишда, йўлнинг ўнг томонидаги янги токзорларни кўрар
эканман, аввал, кўз ўнгимда Тожимурод Ражабалиев гавдаланади. Ана у токзорлар ҳосилдорлигини ошириш, лалми ерларда мўл ғалла ҳосили ундириб, эл дастурхонини тўкин қилиш мақсадида, янги режалар тузиб юрибди. Унинг ортида икки бош узумни кафтида тутган Абдураззоқ ака пайдо бўлади. У «Яхтанимиз узумини емабсиз, дунёга келмабсиз», дейди. Мен ертокни биринчи марта мана шу Яхтанда кўрганман. Ўшанда ўтган асрнинг етмишинчи йиллари эди. Аввалига ертокда бунчалик ширин мазали узум бўлади, деб, ҳатто, хаёлимга келтирмаганман. Абдураззоқ аканинг қўлларидан олтин ранг узумни олиб, тановул этар эканман, наҳотки, ер бағирлаб ўсган токда шунчалик тотли неъмат етишса, дея ҳайрон бўлганман.
Яхтанликлар ҳозирда ана шу шириндан-шакар узум етиладиган токзорларни кўпайтириш учун қизғин ишга киришишган. «Биргина Яхтаннинг ўзида 27, жамоатимиз бўйича эса, 35 гектарда янги токзорлар бунёд этдик», - дейди Яхтан қишлоқ жамоати раиси Темур Раҳмонзода.
Яхтандаги биргина Жўрабек номли деҳқон хўжалигида 2 гектарлик янги токзорда серҳосил, дастурхонлар чиройини, одамлар иштаҳасини очувчи узум етиштирилмоқда. Тожимурод Ражабалиевнинг невараси – Элмурод Ражабалиев эса, Яхтан жамоатига қарашли Дам қишлоғида салкам уч гектарлик токзор яратди.
Жорий йилда Яхтанда ғалладан мўл ҳосил етиштирилди. Лалми ва сувли ерларда ҳосилдорлик мўлжалдагига қараганда, гектарига 8-10 центнердан ошди. Омборлар буғдой ва арпага тўлди. «Лалми ерларда ҳосилнинг бўлиш-бўлмаслиги ёғингарчиликка боғлиқ, шунинг учун, иложи борича сувли майдонларни кўпайтиришга ҳаракат қиляпмиз. Бунинг учун скважина қудуқлари қазияпмиз. Бу йил яна битта қудуқ қазиб, сув чиқардик»,- деди яхтанлик моҳир тадбиркорлардан бири Турдиали Жумаев.
Турдиали сўзлар экан, яна Абдураззоқ акани эслайман. У киши бизни кичикроқ тандир оғзидек қувурдан сув отилиб турган ерга бошлаб борар эканлар, келажакда бундай қудуқлар кўпайса, лалми ерларда деҳқончилик қиладиган яхтанликлар қачон ёмғир ёғар экан, дея осмонга тикилиб ўтиришларига ҳожат қолмайди, деганди. Ўшанда Яхтанда биттагина ерости суви чиқадиган қудуқ бор эди. Абдураззоқ ака орзу қилган дамлар Тожикистон мустақиллиги йилларига тўғри келди. Ҳозирда биргина Яхтаннинг ўзида 10тадан ортиқ скважина қазилган. Жамоатдаги бошқа қишлоқларни ҳисобланганда эса, уларнинг сони 20тага етади.
Турдиали Жумаев каби Сексари мавзесида деҳқончилик қилаётган Собиржон Раҳмонов, Хўжатоҳир қишлоғидаги Ворис Орипов номли деҳқон хўжалиги аъзолари ҳам мўл-кўл ҳосил етиштиришмоқда.
Шу кунларда Яхтанда бўлган киши бу ердаги ободончилик ишларига эътибор бермасликнинг иложи йўқ. Шундайгина янги токзорлар қаршисида, йўлнинг чап томонида икки қаватли кўркам иморат қад кўтарган. Пардозлаш ишлари олиб борилаётган бу бинода 240 ўринли болалар боғчаси жойлашади. Боғча ишга тушгач, деярли 50 киши иш билан таъминланади. Болаларидан хотиржам оналарнинг иш унуми эса, албатта, ошади.
- Мен қишлоқдаги маҳалла комитетига раисман. Жорий йил май ойида боғча қурилиши бошлангани ҳақида эшитиб, бир чеккада қараб ўтира олмадим. Чунки қишлоғимизда боғча бўлишини орзу қилардим. Лекин бунчалик ҳашаматли, замонавий боғча қурилишини сира ўйлаганим йўқ эди, - деди ҳозирда боғча қурилишида ишлаётган Абдуғани Қодиров.
Яхтандаги бошқа бир йирик қурилишда бош бўлиб турган инсонлардан бири ҳам қишлоғининг ободлигини ўйлайдиган кишилардан. Тожимурод Собуров Яхтандаги 17-умумтаълим муассасасини замонавий тарзда қайта қуриш ишига прораблик қилмоқда.
- Мактаб саҳни илгарига қараганда, деярли икки баравар кенгайди. Ҳали пардозлаш ишлари буткул тугагач, келиб кўрасиз – мактаб қиёфаси бутунлай ўзгаради. Фақат ташқи қиёфаси эмас, балки ички кўриниши ҳам замонавий тус олади. Болаларимизнинг чуқур таълим олишлари учун барча имкониятлар яратилмоқда, - деди Тожимурод.
Мактабда фақат бир навбатнинг ўзида 620 нафар ўқувчи таълим олади. Мактаб ҳовлисида Совет Иттифоқи Қаҳрамони Ўринбек Ёқубовга ёдгорлик ўрнатилади.
Мактабдан сал нарироқда эса, қаҳрамон шарафига боғ бунёд этилмоқда. Уни қаҳрамоннинг невараси Миршакар ўз қўли билан яратяпти.
- Биз қишлоқдошимиз – Ўринбек Ёқубов билан чинакамига фахрланамиз, - деди узоқ йиллар 17-умумтаълим муассасасида яхтанлик ўғил-қизларга дарс берган, шу мактабга директорлик қилган Ҳикматой Раҳимова.
Унинг айтишича, Ўринбек Ёқубовнинг Днепр дарёси кечувида фашист босқинчиларига қарши курашда кўрсатган жасорати ҳақидаги ҳикоялар яхтанлик болаларни довюрак, ватанпарвар қилиб тарбиялашга хизмат қилмоқда.
Ҳикматой Яхтандан чиққан республикада таниқли генерал номини тилга олар экан, яна Абдураззоқ ака қаршимда пайдо бўлади. Маъюс нигоҳлари тубида фахрланиш туяман. Абдураззоқ аканинг тўнғич ўғли Алишер Тожикистондаги қонуний, Конституцион ҳукуматни ҳимоя қилар экан, Раштда жон фидо этган эди… Яхтанда бундай ватанпарвар, жасур ўғлонлар кўп.
Яна бир замонавий бино қурилиши ниҳоясига етказилмоқда. Бу бинода Яхтан саломатлик маркази жойлашади. Бино фойдаланишга топширилгач, камида ўн нафар тиббиёт ходими яхтанликлар саломатлиги учун жон куйдиради.
Яхтандан ўтган Хўжанд-Ғончи шаҳарчаси йўлида кезар эканмиз, ҳар қадамда ободончилик ишларини кўрамиз. Бир томонда тунги ёритгичлар ўрнатилмоқда. Йўлакларга сопол плиталар ётқизилмоқда…
- Ободончилик ишларига қишлоқ жамоати кенгаши вакиллари ҳам ўз ҳиссаларини қўшишмоқда, - деди Темур Раҳмонзода.
Улар орасида яхтанлик жонкуярлардан Муҳаббат Баротова, Мухтор Раҳимбоевлар бор. Яхтан қишлоқ жамоати раиси яхтанлик оддий одамлар каби Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон, Суғд вилояти раиси Ражаббой Аҳмадзода, Деваштич ноҳияси раиси Сулаймон Зиёзоданинг халқ ҳаётини яхшилаш, қишлоқларни обод этиш йўлидаги ғамхўрликлари, эътиборлари ҳақида миннатдор бўлиб сўзлайди.
У ҳадемай Яхтанда яна бир улкан қурилиш – касб-ҳунар лицейи учун тўрт қаватли янги иморат бунёд этилиши бошланиши ҳақида сўзлар экан, яхтанликларнинг сўзлари қулоғимда жаранглайди:
- Мустақил Тожикистонимизнинг 30 йиллиги байрами арафасида қишлоғимизга келсангиз, танимай қоласиз. Ва ўзингизга савол берасиз: бу ер қишлоқми ё шаҳар?
Ўринбой УСМОН,
«Халқ овози».
Суратлар муаллиф томонидан олинган.
Ўлкамиз - тарихий ёдгорликларга бой диёр. Уларнинг ҳар бири аждодларимизнинг бой ўтмишини ўзида мужассам этганлиги билан қадрлидир. Мозий сирлари яширинган тарихий обидалар бизни аждодларимиз тарихига эҳтиром билан муносабатда бўлиш, келажагимизга теран нигоҳ ташлашга ундайди.
Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон
Муфассал...
Саёҳат ва сайёҳлар, дунёнинг кўп мамлакатларида бу соҳа ортидан топилаётган даромадлар, бу борада Тожикистонда мақтанишга арзигулик ишлар амалга оширилмагани тўғрисида нимадир ёзишни анчадан бери режалаштириб юргандим. Янги йилнинг биринчи кунларида ижтимоий тармоқларда чоп этилган бир хабар қароримни қатъийлаштирди.
Британиядаги «British Backpacker Society» ташкилоти 2018 йилги
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015