Шахсий томорқа хўжаликлари мамлакатимиз озиқ-овқат таъминотига муносиб ҳисса қўша олиши мумкинлигини маҳаллий тадбиркор Нормурод ака Гулматов яна бир бор исботлаб берди. Нормурод аканинг ҳикоя қилишича, Холиёр Қурбонов номли қишлоқ жамоатида жойлашган ер участкасидаги 0,05 гектарлик майдонда иссиқхона хўжалиги ташкил этган экан. Айни пайтда бу мўъжазгина усти берк иссиқхонада етиштирилган помидор тадбиркорнинг ўзи туғилиб ўсган
"Чорбоғ" қишлоғи аҳолиси ва ноҳиянинг марказий бозорига етказиб берилмоқда. Ҳар кун маълум миқдордаги янги узилган помидорлар эл дастурхонига тортиқ этилмоқда.
- Бозордаги нарх-навога қараганда помидорларимиз анча арзон баҳоларда сотиляпти, - дейди қишлоқ хўжалиги ўсимликларини етиштириш бўйича мутахассис бўлган суҳбатдошимиз. - Ҳар ким ўз меҳнати билан етиштирган маҳсулотини қайси нархда сотишни ўзи белгилайди. Бойликка ҳирс қўйган айрим калтафаҳм кимсалар нарх-навони кўтариб, атрофдагиларга билиб-билмасдан жабр қилишмоқда.
Нормурод аканинг фикр ва мулоҳазаларини тинглаб турибман-у, республикамиз бозорларидаги баъзи ҳолатлар, нарх-навонинг ўсиши ёхуд пасайишига оид айрим қаллобларнинг бетайин ҳаракатлари кўз ўнгимда гавдаланмоқда. Ҳамшаҳримизнинг бу иқтисодий мужмал масалага оқилона ёндашувига эътибор беринг: деҳқон ҳамиша сахийдир, чунки у биладики, унинг етиштирган маҳсулоти ризқ-рўзимиздир. Бу оддий ҳақиқатни ҳаммамиз тан олсак ёмон бўлмасди!
Нормурод ака Гулматов илк марта иссиқхона яратиб, шундай барака топиб келаётганига 40 йилдан ошиб кетди. Шу йиллар мобайнида у иссиқхоналарда мўл-кўл қишлоқ хўжалиги экинлари парвариши билан шуғулланиб, мамлакатимиз озиқ-овқат таъминотига ўзининг камтарона ҳиссасини қўшиб келмоқда. Ўзи агроном эмасми, ҳар бир экин турининг ўзига хос агротехникасини пухта эгаллаб олган. Шароитга кўра, ўсимликларнинг ривожланиши ва уларни парваришлаш қатъий йўриқларини оддий деҳқонларга қараганда яхшироқ билади. Шу боисдан Нормурод ака ўз ҳамқишлоқларидан бу соҳадаги илмий асосланган маслаҳатларини сира ҳам аямайди. Улар билан тез-тез суҳбатлашиб туради. Икки томонлама бундай фойдали мулоқотлар қишлоқдаги ер участкаларидан фаровон ҳосил олиш учун муҳим жиҳатлардан бирига айланди.
Айни дамда "Чорбоғ" қишлоғи ҳудудида ўнлаб иссиқхоналар фаолият юритмоқда. Кимдир бодринг етиштирса, яна биров помидор, бошқаси кўкат етиштириш билан машғул бўлмоқда. Кимдир карам экиш, яна биров барвақт пишиб етиладиган қулупнай парвариши билан банд. Бундай эзгу ҳаракатлар натижаси ўлароқ, дастурхонларимиз файзу баракаси ўзгача тус олмоқда. Агар шундай иссиқхоналар миқдори қишлоқ жамоати ҳудудларида ошса, экин етиштиришнинг бу тури янада оммавийлашса, бозорларда полиз экинлари нархлари мўътадиллашади. Натижада инсон ўзи хоҳлаган маҳсулотини ўзи бемалол сотиб олади ва унинг истеъмол "савати"да кўнглидаги полиз маҳсулоти туради.
Нормурод аканинг таъкидлашича, иссиқхона деган билан иш ўз-ўзидан бўлиб қолмайди. Полиэтилен плёнкалари билан ҳимояланган экинзорларда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги экинлари агротехникаси очиқ майдонларда парвариш топаётган сабзавот ёки полиз экинлари агротехникасидан анча фарқ қилади.
- Турсунзода шаҳрида Муроджон Жўраев деган машҳур полизчи дўстимиз бор, - дейди тадбиркор. - Мен бу кишидан янги технология асосида фаолият юритадиган иссиқхоналар ўрнатиш ва улардан фойдаланиш усуллари борасида маслаҳатлар олиб тураман. Жорий йилда ҳам шу кишининг маслаҳатлари бўйича иш юритдим. Шу кўрсатмалар асосида, Яқин Шарқ мамлакатларидан бирида оммавий бўлган "Вазира" навли помидор экдик. Кўриб турганимиздек, ҳосил оддий маҳаллий помидорларга нисбатан жуда ҳам юқори. Шу экиннинг парвариши ўзига хос агротехник тадбирларнинг комплекс олиб борилганлиги ва ерга меҳр туфайли иссиқхонада мўл ҳосил етиштиришга эришдик. Бу йилги иш тажрибалар келажакда яна асқотади.
Нормурод ака оддийгина иссиқхона шароитида помидордан мўл ҳосил йиғиштираяпти. Иссиқхонада меҳнат қилиш нималигини унинг оила аъзолари ҳам қалбдан ҳис этишган. Ҳар бир агротехник тадбирда оила аъзоларининг фаол иштироки ишда ижобий рол ўйнайди. Республикамизнинг жанубий ноҳияси шароитида сув тақчиллиги кузатиладиган паллаларда шланглар воситасида экинзорларга сув тараш усули томорқаларда ҳам қўлланилаётганлиги эътиборлидир. Бу ерга ташриф буюраётган меҳмонлар: "Сувдан оқилона фойдаланиш намунаси шудир. Биз ҳам томорқамизда бу тажрибани қўллаймиз", - дейишмоқда улар.
- Оила аъзоларимиз билан маслаҳатлашиб, ихчам ва сердаромад иссиқхоналарнинг тамоман янги прогрессив вариантларини қуришни режалаштираяпман, - дейди тажрибали деҳқон. - Мақсадимиз усти ёпиқ экинзорларда 4-5 марта ҳосил етиштиришдир. Биз бу йўлни ҳам оиламиз фаровонлиги, ҳам бозор пештахталарига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини доимий равишда етказиб туриш учун танламоқдамиз.
Нормурод ака билан суҳбат асносида у кишининг қўл телефони жиринглади. Маълум бўлишича, оилавий деҳқон бу йил яна бир гектар ерда пахта етиштирмоқда экан. Ўғли Ҳасанжон телефонда ғўзаларни яганадан чиққанини хабар қилаётган эди.
- Яна бир марта кўздан кечиринглар, - деб йўл-йўриқ кўрсатди Нормурод ака ўғлига.
Саккиз гектар ер майдонида деҳқончилик қилаётган оила аъзолари тиним билмасдан ишлаб, эл-юрт фаровончилиги йўлида ғайрат-шижоат намуналарини кўрсатмоқдалар.
Деҳқон хўжалиги аъзолари алмашлаб экиш қоидаларини Нормурод ака туфайли яна эсладилар. Улар 7 гектар майдонда чорва моллари учун йўнғичқа экканларига ҳам 3-4 йил бўлиб қолди. - Бу экин беор экан, - дейишмоқда улар, - ундан чорва учун мўл озуқа жамғариш мумкин.
Чорва моллари учун сервитамин йўнғичқа кони фойда эканлигини иқтисодий ҳисоб-китоб қилган деҳқон хўжалиги аъзоларининг айтишларича, шу алмашлаб экиш туфайли экин майдонларимиздан захлик қочди, ернинг структураси анча яхшиланди. Тупроқ унумдорлиги нисбатан ошди. Йўнғичқа эккан деҳқон ҳеч вақт ютқазмаслиги амалда тасдиқланди.
Ҳам ер участкасини, ҳам деҳқон хўжалиги далаларини обод қилаётган Нормурод ака Гулматов ва унинг атрофида заҳмат чекаётган қалби беғубор оила аъзолари меҳнатлари билан қишлоқларда деҳқончилик маданияти ошмоқда. Бу саховатли инсон ҳам пахта, ҳам сабзавот экинлари, ҳам чорва озуқаси етиштириб, янада самаралироқ ишлаш, эл дастурхонига кўплаб ноз-неъматлар ҳадя этишни ўзига шараф деб билади.
Толмас Бўриев,
Қабодиён ноҳияси.
- Мен «Халқ овози» газетасининг ҳар бир сонини йиғиб, боғлаб қўйганман, - дейди биз билан суҳбатда газетамизнинг ашаддий муштарийси вахшлик Намозали Тўхтаров. – Қишлоғимиздагилар менда газетанинг барча сонлари борлигини билишади. Кўпинча ёш ўғил-қизлар мендан сўраб олиб, мутолаа қилишади.
Хатлонлик фахрий ўқитувчи, Тожикистон маорифи аълочиси,
Муфассал...Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг Тожикистон Республикаси Олий Мажлисига жорий йилнинг 22 декабрида йўллаган навбатдаги йиллик Паёмини биз педагогик жамоамиз билан биргаликда ойнаи жаҳон орқали томоша қилиб, ундан олам-олам маъно гавҳарларини тердик, десам, ҳеч муболаға бўлмас. Зотан, муҳтарам Президентимиз ўзларининг ҳар йилги Паёмларида халқ
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015