Тил билиш барча давру замонларда муҳим бўлган. Айниқса, ахборот ва инновацион технологиялар асри – янги юз йилликда унинг аҳамияти янада ошди. Илму фан ютуқларидан бохабар бўлиш, турли соҳаларда қўлланиладиган замонавий техника ва ускуналарни ўзлаштириш ва чет эллик мутахассисларнинг бой тажрибасидан фойдаланиш учун биздан камида икки-учта хорижий тилни билиш талаб этилади.
Шунинг учун ҳам, сўнгги йилларда мамлакат Ҳукумати ёшларга таълим муассасаларида хорижий тилларни ўргатиш масаласига жиддий эътибор қаратиб келмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, дунёнинг илғор мамлакатларидаги нуфузли олий ўқув юртларида таҳсил олаётган юртдошларимиз сафи кенгаймоқда. Бу эса, ёшларимиз хорижий тилларни ўрганишга астойдил бел боғлаганидан дарак беради. Бобожон Ғафуров ноҳиясининг маркази – Ғафуров шаҳарчасида жойлашган “Алфоз” тил ўрганиш маркази фаолияти билан танишарканмиз, бунга яна бир карра ишонч ҳосил қилдик.
“Алфоз” тил ўрганиш маркази 2013 йилнинг 1 августида очилган. Унга ҳозирда академик Бобожон Ғафуров номидаги Хўжанд Давлат дорилфунунининг хорижий тиллар факултетида фаолият юритаётган Гўзалхон Мирсаминова асос солган. Марказда дастлаб рус ва инглиз тиллари курси ташкил қилинди. Орадан икки йил ўтиб, хитой ва немис тиллари курси ҳам жорий этилди.
-Маълумки, ноҳия аҳолисининг бир қисмини ўзбеклар ташкил этади. Ўзбекзабон йигит-қизлар давлат тилини пухта ўрганиб, келгусида олий таълим муассасаларида қийналмай ўқишлари учун марказимизда тожик адабий тилини ўргатиш ҳам йўлга қўйилган, - дейди марказ раҳбари Г.Мирсаминова.
Бундан ташқари, айни пайтда марказда мактабга ва олий ўқув юртига тайёрлов, шунингдек, компютер курслари ҳам амал қилмоқда. Бу ерга ноҳиянинг Ғафуров шаҳарчаси, Хистеварз, Исфисор, Зарзамин, Овчиқалъача ва Унжи қишлоқ жамоатлари ҳамда Бўстон ва Гулистон шаҳарларидан болалар қатнашади. Эътиборли жиҳати шундаки, ўқув марказида камтаъминланган оилалар фарзандлари учун маълум имтиёзлар белгиланган.
Бугун инглиз тили дунё миқёсида етакчи тил ҳисобланади. Уни ўрганишга бўлган эътиборнинг кун сайин ошиб бораётгани ана шундан. “Алфоз” ўқув маркази фаолиятида инглиз тили курси муҳим ўрин тутади. Бу ерда инглиз тили сабоқлари тажрибали ўқитувчилар томонидан олиб борилади.
-Бир йилдан бери ушбу ўқув марказида ишлаяпман. Инглиз тили бўйича турли босқичларда ўқувчиларга сабоқ бериб келмоқдаман. Болалардаги тил ўрганишга бўлган иштиёқни кўриб завқланаман, тўғриси. Дарсларни янада қизиқарли ва самарали ўтказиш учун барча имкониятларни ишга солишга ҳаракат қиламан. Натижа ёмон бўлмаяпти. Шогирдларимнинг инглиз тили грамматикасини пухта ўзлаштираётгани, аста-секин оғзаки ва ёзма нутқи шаклланаётгани меҳнатларимиз зое кетмаётганидан гувоҳлик беради,- дейди инглиз тили ўқитувчиси Илҳом Ашрапов. Марказ раҳбарининг айтишича, инглиз тилини ўзлаштириш бўйича самарадорликни янада ошириш мақсадида, хориждан ҳам мутахассислар жалб этилган. Полшадан келган икки ўқитувчи уч ой давомида бу ерда ишлаган. Улар учинчи ва тўртинчи босқичларда болаларга инглиз тилини ўргатишган.
Ўқув марказида яратилган шарт-шароит ва дарс жараёни билан танишар эканмиз, инглиз тилини ўрганишни олдига мақсад қилиб қўйган бир неча ўқувчиларни суҳбатга тортдик.
-10 ёшдаман. Келажакда шифокор бўлмоқчиман. Катта бўлсам, Америкага бориб ўқийман. Шунинг учун, бу ерда инглиз тилини ўрганяпман,- дейди гулистонлик Муҳаммадшоҳ.
“Алфоз”да хитой тилини ўргатишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Ушбу ўқув маркази хитой тили таълими бўйича Бўстон шаҳридаги Тожикистон Тоғ-металлургия институти қошида ташкил қилинган “Конфуций” мактаби билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келади. Г.Мирсаминова хитой тили курси битирувчилари белгиланган халқаро имтиҳоннинг ҳар тўрттала босқичида яхши натижа кўрсатсалар, улар учун бевосита Хитой Халқ Республикасига бориб таҳсил олиш имкони пайдо бўлишини айтаркан, хитой тилини курсини муваффақиятли ўтаган Муҳаммаджон Яҳёев ана шундай имкониятни қўлга киритганини таъкидлайди.
-Қизим Хайринисо бир йил мобайнида рус тили курсига қатнади. Ҳозир ўз тенгқурлари билан рус тилида бемалол гаплаша олади. Эндиликда инглиз тилини ўрганмоқда. Ушбу марказда тил ўрганиш учун қулай муҳит яратилганлиги ҳамда ўқитувчи ва ўқувчи муносабати яхши йўлга қўйилганлиги учун ўғлим Муҳаммадалини ҳам инглиз тили курсига ёздирдим. Эндиликда улар вақтларини беҳуда ўтказишмайди. Фикрлари фақат ўқиш ва тил ўрганиш билан банд,- дейди Ғафуров шаҳарчасида истиқомат қилувчи Зарина Қурбонова.
“Алфоз” тил ўрганиш маркази томонидан шу кунгача 600га яқин ўқувчига сертификат берилган. Албатта, мазкур ўқув марказининг ёшларга хорижий тилларни ўргатиш йўлидаги хизмати диққатга сазовордир.
Н. ЭРГАШЕВ,
Б.Ғафуров ноҳияси.
Давлат жамият ҳодисасидир. У аниқ тарихий даврларда ижтимоий гуруҳ муносабатларининг ривожланиши натижасида вужудга келган. Онтология нуқтаи назаридан, давлат пайдо бўлиши ва тараққиёт босқичларида ўта қийин ва тарихий зиддиятларга бой босқичларни бошдан кечирган. Давлатнинг энг муҳим вазифалари, унинг барча шаклларида, мустақиллик, ҳудудий яхлитликни таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялаш саналади.
Муфассал...
Уларнинг бир-бири билан қачон учрашишгани, қандай танишишгани ва қандай қилиб бир-бири билан шунчалик қадрдонлашиб кетишганлигини ҳеч ким билмайди. Уч-тўрт йил олдин бу ғалати дўстлик ҳақида гап кетганда, эрталабдан кечгача чойхонада шаҳмат суриб ўтирадиганлардан бири қўлларини бир-бирига уриб, ишқалаганча «Шоҳ ва мот», деяр экан, «Оббо ғалчалар-ей, шуниям билмайсизларми, жинни жиннини узоқдан танийди. Жинни жиннига дўст
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015