Ҳамдам Рофиев қуёш чиқишини кузатишни ёқтиради. Тонг саҳарда офтобнинг заррин нурлари осойишта юртимиз узра таралиши унга завқ-шавқ улашади. Ҳаётбахш нурларга боқиб, жаннатмакон юрт - Тожикистонда туғилганлиги, шу ўлканинг мусаффо ҳавосидан нафас олиб яшаётганлигига шукрона қилади. Мустақиллик шарофати туфайли Ватанимизда рўй бераётган ижобий ўзгаришлардан ифтихор ҳиссини туяди…
…Ўшанда - 1992 йилнинг таҳликали кузи, аниқроғи ноябр ойида у ҳам халқ вакили, Тожикистон Республикаси Олий Кенгаши депутати сифатида Хўжанд шаҳрида ўтказилган тарихий ХVI сессияда қатнашиб, юрт ва халқ тақдири ҳал бўлган анжуманнинг фаол иштирокчиларидан бири бўлганди.
- Сиёсий вазият қалқиб турган паллада халқимиз ва юртимизнинг келажагини ҳал қилиш масаласи кўндаланг турганди, - дейди ўша тарихий лаҳзаларни эслаб тиббиёт фанлари доктори, профессор Ҳамдам Рофиев. - Халқимизнинг фидойи фарзанди Эмомали Раҳмоннинг жасоратига қойил қолгандим. Халқи ва юрти тақдирини ўйлаган муҳтарам Эмомали Раҳмон ўта оғир вазиятда, парчаланиб кетиш хавфи таҳдид солаётган Тожикистонга раҳбарлик қилиб, юртда тинчлик ўрнатиш масъулиятини зиммасига олди. Биз - халқ вакиллари унинг жасоратига тан бердик. Шукрлар бўлсинки, Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг саъй-ҳаракатлари, фидойиликлари, жонбозликлари туфайли азиз Тожикистонимизда тинчлик ўрнатилди. Мустақил Тожикистонимиз гуллаб-яшнаб, халқимиз саодатли келажак сари устувор қадамлар билан олға бормоқда. Бу маърифатпарвар халқимизнинг бахти, бунёдкор элимизнинг саодатидир. Ўтган йили Арбоб қасрида ўтказилган Тожикистон Олий Кенгаши тарихий XVI сессиясининг 25 йиллиги тантаналарида сўзга чиқиш бахтига муяссар бўлдим. Тожикистоннинг шарафли халқи Давлатимиз сарвари раҳбарлигида эришган ютуқлардан тўлқинланиб, юрагим ифтихор ҳиссига тўлди.
Ҳамдам Қутфиддинович Рофиев - таниқли врач-эпидемиолог, педагог, олим, ташкилотчи. У киши умри азизини маориф ва илм соҳасига бағишлай олган замондошимиз. Ҳ. Рофиев 1997 йили тиббиёт фанлари доктори унвонини ҳимоя қилган. Олимга 2000 йили профессор унвони берилган. У киши Тожикистон Давлат тиббиёт университети эпидемиология кафедрасининг биринчи мудири бўлган. Ҳ. Рофиев мазкур кафедрани 1968-1970 ва 2003-2009 йиллар давомида бошқариб, эпидемиология илми равнақига муносиб улуш қўша олган.
Ҳамдам Рофиевнинг ҳаёт йўлига боқиб, унинг нақадар ранг-баранг эканлигига тан бермай илож йўқ. 1967-1968 йиллар Тожикистон Давлат тиббиёт университети юқумли касалликлар кафедраси доценти, 1973-1978 йиллар Ленинобод вилояти бош санитар врачи, 1978-1993 йиллар Хўжанд шаҳридаги Тиббиёт коллежи директори, 1993-1996 йиллар Хўжанд Давлат университети тиббиёт факултети қошидаги эпидемиология, гигиена, микробиология ва юқумли касалликлар кафедраси мудири, 1996 йили Суғд вилояти раиси ўринбосари, 1996-2000 йиллар Абу Али ибн Сино номидаги Тожикистон Давлат тиббиёт университети ректори, 2000-2003 йиллар Тожикистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари…
Профессор Ҳ. Рофиев узоқ йиллик илмий фаолияти давомида ўзининг олимлар тайёрлаш - профилактик тиббиёт мактабини ярата олди. У кишининг бевосита раҳбарлигида мустақил Тожикистонимизда эпидемиология илми ривожланди. Олим, нафақат, назарияда, балки амалда ҳам талай ишларни бажара олди.
Ҳамдам Рофиевнинг шогирдлари жуда кўп. У кишининг раҳбарлигида 20та докторлик ва 40та номзодлик диссертациялари ёқланган. Жумладан, 32та диссертация "эпидемиология" мутахассислиги бўйича ҳимоя қилинган. Уларнинг 8таси докторлик диссертацияси. Ҳ. Рофиевнинг олимлик даражасига етган 32 нафар шогирди Абу Али ибн Сино номидаги Тожикистон Давлат тиббиёт университетида фаолият юритишади. Уларнинг 8 нафари фан доктори ва 24 нафари фан номзодлари эканлиги ҳам профессор Ҳ. Рофиевнинг меҳнатлари самарасидир. Айни пайтда профессор раҳбарлигида 5та диссертация тайёрланмоқда, улардан биттаси докторлик диссертациясидир.
Профессор Ҳамдам Рофиев 600дан ортиқ илмий мақолалар, ВИЧ/СПИД бўйича иккита қўлланма, 13 монография, 10та дарслик, профилактик тиббиёт бўйича луғат, 52та методик қўлланмалар муаллифи.
Олим "Тожикистон Республикасида юқумли касалликлар (ичак хасталиклари ва малярия) патологияси" бўйича илмий-тадқиқот ишлари маркази раҳбари, Тожикистон Республикаси Фанлар академияси қошидаги Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг медицина-биология бўлими раиси ўринбосари, Тожикистон Давлат тиббиёт университети қошидаги Эпидемиология, гигиена, фармакология ва стоматология бўйича докторлик ва номзодлик унвонлари ёқлаш махсус кенгаши раиси бўлган.
Ҳамдам Рофиев Тожикистон Республикаси соғлиқни сақлаш соҳаси фаол ташкилотчиларидан бири ҳисобланади. У кишининг кўп йиллик тажрибаси ва назарий билими замонавий соғлиқни сақлаш соҳасида кўплаб муаммоларни ечишга имконият беради. Республикамиз халқ хўжалигида ҳам, тиббиёт соҳаси ҳамда илмий-педагогик кадрлар тайёрлашда ҳам олимнинг тажрибаси катта аҳамиятга эга.
Профессор Ҳамдам Рофиев - ҳақиқий ватанпарвар. У юртини севади. Тиббиёт илми соҳасидаги обрўси туфайли, у киши Тожикистон Давлат тиббиёт университетининг юқори малакали профессор-педагогик мутахассисларининг бошқа юртларга кўчиб кетишларига йўл қўймади. Уларни юртимизнинг келажаги саодатли эканлигига ишонтира олди.
Олимнинг олийгоҳ моддий-техник базасини мустаҳкамлашдаги роли ҳам катта. Бевосита у киши раҳбарлигида талайгина бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари йўлга қўйилди. Университет профессор-педагогик жамоаси фаолияти учун қулайликлар яратишда ҳисса қўша олди.
Бевосита Ҳ. Рофиев ташкилотчилиги туфайли, 1996 йил олийгоҳ қошида 19 ихтисос (жарроҳлик, болалар жарроҳлиги, ички хасталиклар, педиатрия, акушерлик ва гинекология, онкология, эпидемиология, гигиена, дерматовенерология, фармакология, стоматология, анатомия, мўътадил физиология, патологик физиология, гистология ва бошқалар) бўйича номзодлик ва докторлик унвонларини ҳимоялаш янги диссертацион кенгашлар очилди. Олимнинг ташаббуси билан 1999 йили университетда "Сино паёми" ("Вестник Авиценны") илмий-тиббий журнали таъсис этилди ва бугунгача журнал саҳифаларида олимларнинг илмий ишлари чоп этилади. Мазкур журнал Россия Федерацияси Маориф вазирлигининг Олий аттестацион комиссияси томонидан тан олинган.
Профессор Ҳ. Рофиевнинг илмий ишлари хорижда ҳам юқори баҳоланган. У Олий ўқув юртлари халқаро фанлар академияси (Россия Федерацияси, Москва шаҳри), Экология ва хавфсизлик халқаро фанлар академияси (Россия Федерацияси, Санкт-Петербург шаҳри), Интегратив антропология халқаро фанлар академияси (Украина, Киев шаҳри), Полша халқаро фанлар академияси ва Алберт Швейцер номидаги бутунжаҳон Тиббиёт фанлари академияси (Полша, Варшава шаҳри), "Нури Хўжанд" халқаро фанлар академияси (Тожикистон Республикаси, Хўжанд шаҳри) академигидир. Шунингдек, айни пайтда Ҳ. Рофиев Олий ўқув юртлари халқаро фанлар академияси Тожикистон бўлими вице-президенти ҳисобланади.
Ҳамдам Рофиевнинг узоқ йиллик самарали фаолияти изсиз кетмади. У киши 1989-1999 йилларда Тожикистон Республикасида тиббиёт илми равнақи натижалари юзасидан "Йил профессори" унвонига сазовор бўлди. Илм соҳасидаги ютуқлари учун 1998 йили Алберт Швейцер номидаги бутунжаҳон Тиббиёт фанлари академиясининг олтин медали, 1999 йил мазкур академиянинг Катта олтин юлдузи ҳамда Н. И. Пирогов номидаги (Россия) медал билан тақдирланди.
Халқ ва давлат Ҳамдам Қутфиддинович Рофиевнинг илм соҳасидаги фидойиларча фаолиятини муносиб қадрлаб келди. У киши II даражали "Шараф", "Ҳурмат белгиси", "Меҳнат фахрийси" орденлари совриндори. Абу Али ибн Сино юбилей медали, Тожикистон Республикаси Олий Кенгаши Ифтихорномаси билан тақдирланган. Олимнинг кўксини "Соғлиқни сақлаш соҳаси аълочиси", "Олий ва ўрта махсус таълим аълочиси", "Фуқаролар мудофааси аълочиси" нишонлари безаб турибди. Ҳ. Рофиев Тожикистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими.
- Ҳамдам Рофиев, нафақат, таниқли олим, тажрибали педагог, балки ҳақиқий ватанпарвар юртдошимиз эканлигидан фахрланамиз, - дейди Тиббий ва биологик физика кафедраси катта ўқитувчиси Мелиқўзи Мирзааҳмедов. - Олимнинг ташаббуси, саъй-ҳаракатлари натижасида Алберт Швейцер номидаги бутунжаҳон Тиббиёт фанлари академияси (Полша, Варшава шаҳри) Абу Али ибн Синонинг Сомонийлар давлатида яшаб, тожик халқи фарзанди эканлигини халқаро миқёсда эътироф этди. Бу шунчаки бўладиган иш эмас, балки олимнинг Ватани ва халқининг обрўси учун елиб-югуришлари самарасидир. Шунчалик обрў-эътибор соҳиби бўлишига қарамай, Ҳамдам Қутфиддинович инсонийликнинг камтаринлик фазилатига ҳамиша содиқ эканлиги у кишига зийнат бағишлайди.
Табаррук саксон ёш остонасидаги олим, тиббиёт фанлари доктори, профессор Ҳамдам Рофиев илму фан соҳаси равнақи, тиббиёт илми учун лаёқатли шогирдлар тайёрлаш ҳамда Абу Али ибн Сино номидаги Тожикистон Давлат тиббиёт университетининг халқаро миқёсдаги обрўсини ошириш йўлида тиним билмай заҳмат чекмоқда. Ишончимиз комилки, Ҳамдам Рофиев сингари жонкуяр олимлар, тажрибали ташкилотчилар, элу юртига садоқатли ҳақиқий ватанпарвар замондошларимиз бор экан, мустақил Тожикистонимиз гуллаб-яшнайверади…
Ҳар тонг қуёш чиқади ва мустақил юртимиз узра ҳаётбахш нурлар сочади. Табаррук ёшдаги олим Ҳамдам Рофиев бу такрорланмас манзарани қайта-қайта мушоҳада этиб, севимли маскани - Абу Али ибн Сино номли Тожикистон Давлат тиббиёт университетига йўл олади. Зеро, профессор ўзини севимли шогирдлари, илму фан оламининг янги чўққилари кутаётганлигини яхши билади.
Саидмуқим ИБОДОВ,
Абу Али ибн Сино номидаги Тожикистон Давлат тиббиёт университетининг илм ва нашр ишлари бўйича проректори, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Искандар МАҲМАДАЛИЕВ, журналист.
Дунёда шундай бир туйғу борки, бу туйғу лаззатидан кимдир татиб кўрган, яна кимдир бебаҳра… Уни бозордан харид қилиб бўлмайди. Ҳатто, нарху навоси, тузилиши, ранги, ҳажми ҳам йўқ. Унга кимлардир баъзида бепарволик билан аҳамиятсиз қарайди, кимгадир эса, олтину зарларга ҳам топилмайди. Бу инсон ҳаётида энг муҳим ўрин эгаллайдиган ва ҳаётимизни янада гўзал қиладиган меҳр туйғусидир.
Муфассал...
Тожикистон Республикаси Бош прокурори аризаси асосида мамлакат Олий суди томонидан Тожикистон Ислом тикланиш партияси фаолиятида экстремистик-террорчиллик унсурлар бор, дея эътироф этилиши боис, унинг ман этилиши, фаолиятига барҳам берилиши, шунингдек, мазкур партияга тегишли «Нажот» газетаси тўхтатилиши, интернет сайтининг ёпилиши ҳамда партияга алоқадор аудио-видео ёзувлари, адабиётлару варақаларни олиб кириш, тарқатиш қатъиян тақиқланиши борасидаги хабарни телевидение орқали томоша қиларканман,
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015