Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАЗМ

Муаллиф: Super user Категория: НАЗМ
Чоп этилган 10 Май 2019 Кӯришлар: 2162
Печат

 

mirzo-tursun-zadeТУТ АЗИЗ

Қадри дўсти жонажонни тут азиз,

Бошинг узра меҳрибонни тут азиз.

Бу жаҳонда мушкул дўстсиз ҳаёт,

Шу учун дўст-қадрдонни тут азиз.

          

Дўстда ҳам дўст бор – фарқла уни,

Дўсти пайванди жонни тут азиз.

          

Халқимиздир бизга илҳом чашмаси,

Халқи машҳури жаҳонни тут азиз.

          

Боғнинг кўрки гули хандон билан

Гулдек очиқ инсонни тут азиз.

          

Иссиқ оғушингга ол келганда дўст,

Халқ удуми – меҳмонни тут азиз.

          

Олам аҳли дўст тутинди биз билан

Бир бутун аҳли жаҳонни тут азиз.

 

ИЛОЖИМ ЙЎҚ

Сени ёд айладим, тоғли диёр, найлай, иложим йўқ,

Узоққа тушдиму дил интизор, найлай, иложим йўқ.

          

Қуруқ чўл ястаниб ётгандай атрофимда гўёким,

Ўзингсан менга гул, бўстон, баҳор, найлай, иложим йўқ.

          

Ўтарлар ҳар тарафга етти ёт бегона одамлар,

Кўзимдан ўтди барча дўсту ёр, найлай, иложим йўқ.

          

Ватан бағрига қайтишдир давоси барча дардимнинг,

Шу орзу туну кун менга шиор, найлай, иложим йўқ.

          

Ватан ёнимда гар бўлмас сафарларда, бироқ ҳамроҳ,

У бахш этган ғуруру ифтихор, найлай, иложим йўқ.

          

Ватанни айладиму ёд, ўртанди жигар-бағрим,

Кўзимдан оқди ёшим шашқатор, найлай, иложим йўқ.

          

АЁЛ БЎЛМАСА

Бўлмаса оташ аёл, биз хом қолмасми эдик?

Май каби нопухта беором қолмасми эдик?

          

Ёр агар бизларга бахш этмас ҳаёти бардавом,

Бетахаллус, бенасаб, беном қолмасми эдик?

          

Кўрмасайдик иссиқ оғушин гўдаклик пайтида,

Мосуво-ю меҳрдан, ноком қолмасми эдик?

          

Кўзимизни она кўкрак сути бирлан ювмаса,

Туғма кўр бўлганча бу айём қолмасми эдик?

          

Биз агар ўрганмасак аҳли аёлдан хулқ-адаб,

Биз бузуқ тийнат билан бадном қолмасми эдик?

Бўлмаса оташ аёл – музлаб ётарди хонамиз,

Биз чироқсиз зулмат ичра шом қолмасми эдик?

          

Сўзламоқни онадан ўрганмасайдик биз агар,

Гунгу соқов барча мисли лом қолмасми эдик?

          

Биз аёлнинг оташида ўртаниб, топдик камол,

Йўқса тошдек зийнати эҳром қолмасми эдик?

 

ҚУРБОН БЎЛАЙИН

Эй ошиғи гул чеҳраи хандонинг бўлай мен,

Ошуфтаи ул зулфи паришонинг бўлай мен.

          

Сен зулф ила имо қилу мен бошни ўйнай,

Сен қўл кўтару бандаи фармонинг бўлай мен.

          

Гар жон тиласанг, шод бўлибон сенга шу лаҳза

Жон бахш эта-ю, жонкуяри жонинг бўлай мен.

          

Гоҳ қаҳр этасан менга, гаҳи кўрсатасан меҳр,

Турфа бу табиатингга ҳайронинг бўлай мен.

            

Токайгача мендан қочасан, мен қуваман зор,

Келгил, санамо, садқа-ю қурбонинг бўлай мен.

 

Ул чеҳра баҳори гулига етмасин офат,

То булбули шайдои ғазалхонинг бўлай мен.

          

РАҚҚОСАГА

Хиром айла, бу қаддингга гўзал рафтор ярашгайдир,

Пояндоз бўлгали пойингга бир гулзор ярашгайдир.

          

Сен этсанг хуш табассум гул фидо бўлғусидир юз бор,

Сен очсанг лабни лаъл бўлса миннатдор ярашгайдир.

 

Юзинг узра сочилгай сочларинг сен рақс этар дамда,

Гул атрофида бўлса боғи сунбулзор ярашгайдир.

            

Кўриб бу ҳалқаи зулфинг кабутар чарх урар ҳайрон,

Шамол қошида бошин қилса хам ночор ярашгайдир.

          

Кўзингдан маърифат нури сизар ёш ўрнига гўё,

Кўзинг юлдузга нисбат айласам мен зор ярашгайдир.

          

Бу фазлу бу камолингни жаҳонга айлай овоза,

Агар Эрон қизи бундан эса, бедор ярашгайдир.

          

Сенингдек ёру ҳамроҳ кимда бўлса, у саодатманд,

Жаҳонда ҳар йигитга сен каби бир ёр ярашгайдир.

Дил дарди

 

Қанча пинҳон айлайин дарди дили бечорани?

Қанча куйдиргувчи ёшдан ҳўл қилай рухсорани?

          

Севги боғидан етар деб, бир куни бўйи вафо,

Узмадим бир дам кўйидан дийдаи наззорани.

          

Кимки ошиқ севгиси савдосидан бебаҳрадир,

Таъна тошига қилар дуч ошиқи оворани.

          

Оҳу нолам қилмагай ёр кўнглига таъсир сира,

Эритиб сув айлагайдир у магар тошпорани.

Мирзо ТУРСУНЗОДА,

Тожикистон Қаҳрамони.

 

Тожик тилидан Эргаш ОЧИЛОВ таржимаси.

КАЛЕНДАР

« Август 2026 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
          1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31            

МАҚОЛАЛАР

Миллат пешвосининг Падамжа Хандевал хоним билан мулоқоти

 

12 март куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Халқаро валюта фонди делегацияси раҳбари Падамжа Хандевал хонимни қабул қилди.

Мулоқот чоғида Тожикистон Республикаси Ҳукумати ва Фонд ўртасида "Кенг қарз бериш механизми" доирасида келгусидаги дастур бўйича икки

Муфассал...

Даъво

 

Хаёлга ботиб ишдан уйга қайтарди. Оёғини ердан зўрға узарди. Жуда чарчаган эди. Гўё бир ўзи бир вагон кўмир ташигандек. Район марказидаги Гулханий деб номланган катта йўлдан юриб, ўнг томондаги кўчадан ўтиб, чап томондаги биринчи дўконга кирди. Кунлик иш ҳақини олган эди. Ёғ, совун, шакар яна болалари учун ширинликлар ҳам сотиб олди. Дўкондан қўллари тўлиб халталар билан чиқди. У ён-бу ёнига нигоҳ ташлади. Қараса узоқдан қўшниси

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
2508660

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

9953362
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
1058
2665
12667
9916238
89923
107749
9953362

Сизнинг IPнгиз: 216.73.216.252
Бугун: 28-08-2026 09:32:03

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015