Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАЗМ

Муаллиф: Super user Категория: НАЗМ
Чоп этилган 31 Август 2017 Кӯришлар: 2661
Печат

 

s n ibrohimАРМОН

Бу нур асл фитратдир, фитрат, сенга етмасман…

Бу Ишқ эса ҳикматдир, ҳикмат, сенга етмасман!

 Нафсим ила маст бўлсам, мастлик ила паст бўлсам,

Аммора1 ила тўлсам, ҳиммат, сенга етмасман!

 

Ҳиссим мани шиддатли, умрим неча муддатли…

Бу Ишқ эса қудратли… Қудрат, сенга етмасман!

 

Уқбога кўнгил бердим, узрога кўнгил бердим,

Кўнглимни гулин тердим… Хилъат, сенга етмасман!

 

Сувратга дилим жойлаб, куйдим-да йилу ойлаб,

Асрорими фош айлаб, хилват, сенга етмасман!..

 

1. Аммора - нафс турларидан бири: нафси амморага ишора.

 

МЕН НУР БИЛАН

Ҳижронга тўлган чоғлар, мен нур билан қолдим яна,

Руҳимдаги арқоғлар, мен нур билан қолдим яна.

 

Сирнинг ҳувайдоси1 бўлиб, дилнинг сувайдоси2 бўлиб,

Кўнгилга тушган доғлар, мен нур билан қолдим яна!

 

"Севги"да ким кўргай вафо? Кўрмас сафо, кўргай жафо,

Сўлга бурилган соғлар, мен нур билан қолдим яна.

 

Дунё бу ишқдир, дейдилар… Дилни тилимлаб ейдилар!

Айш истаган ўртоғлар, мен нур билан қолдим яна.

 

Келгай маним хуш онларим, келгай абр-найсонларим!..

Кузни симирган боғлар, мен нур билан қолдим яна.

Кўнгилда ўсган "тоғ"лар, вуслатни тўсган доғлар,

Эй бевафо ардоғлар, мен нур билан қолдим яна!..

 

1. Ҳувайдо - ошкор, равшан, аён.

2. Сувайдо - юракда (ишқ туфайли) пайдо бўлган куюк нуқта.

 

ВУСЛАТ ШАВҚИ

Ҳижронга дўниб айём, узлатга етар бўлдик,

Рухсатга кетар бўлдик, риҳлатга етар бўлдик…

 

Ул шому саҳар-ҳижрон, бул шому саҳар-ҳижрон,

Ғурбатга кетар бўлдик, фирқатга етар бўлдик…

 

Узрони кўриб қолдик - Уқбони кўриб қолдик,

Сувратга кетар бўлдик - сийратга етар бўлдик.

 

Сарбони бўлиб ёрнинг, сарсони бўлиб ёрнинг,

Шиддатга кетар бўлдик - шуҳратга етар бўлдик.

 

Ирфонда қолиб бул дам, Фурқонни олиб бул дам,

Ҳимматга кетар бўлдик, ҳикматга етар бўлдик.

 

Ишқ ичра куйиб қонлар, нур ичра ёниб жонлар,

Тавҳидга кетар бўлдик - Ваҳдатга етар бўлдик!..

 

МУҲАББАТСИЗ

ЯШАБ БЎЛМАС...

Аё, эй Ёр, аён билдим: Муҳаббатсиз яшаб бўлмас!

Сенга тонглар нидо қилдим: "Муҳаббатсиз яшаб бўлмас!"

 

Дилором ким, мажоз бермиш, суйиб…минг битта ноз бермиш-

Ҳузурига кулиб келдим - муҳаббатсиз яшаб бўлмас!

Кейин аммора1, қол берди,

    менга минг битта фол берди,

Бу нафсимга баён қилдим:

   "Муҳаббатсиз яшаб бўлмас!".

 

Кечиб дунёни боридин ва

              нафсим кирдикоридин,

Мудом ул Борга интилдим…  

        Муҳаббатсиз яшаб бўлмас!

 

Чу атринг бунчалар кўпдир ва сатринг2 бунчалар кўпдир!

Бу ён йиғлаб… бу ён кулдим - муҳаббатсиз яшаб бўлмас!

 

Ҳажрдин хун бўлиб кўзлар, дилим сўзлар, тилим сўзлар…

Ва бағрим таҳ-батаҳ тилдим!.. Муҳаббатсиз яшаб бўлмас!

 

Бу кун тавҳидда қолдим мен, бу мулк ичра йўқолдим мен…

Бу боғдан битта гул юлдим: Муҳаббатсиз яшаб бўлмас!..

 

1. Аммора - нафс турларидан бири: нафси аммора; яъни

   мутмаинна - гуноҳлардан покланган, таскин топган

    руҳнинг муқобили.

2. Сатр - ҳижоб, парда.

 

ҲИДОЯТ…

(Мирзо Кенжабек ғазалига назира)

 

Ғанимат бил ибодатни… ибодат ҳам иноятдир,

Қил-эй, одат бу тоатни… бу тоқат ҳам иноятдир!

 

Адоватдан… туриб келсанг, юзинг Ҳаққа буриб келсанг,

Касални бир кўриб келсанг… Иёдат1 ҳам иноятдир!

 

Қолиб хусрон-хатарларда… дуоси бесамарларга,

Дуо қилсанг саҳарларда, ижобат ҳам иноятдир!

 

Шариатдин ўтолмаслар, тариқатдин тутолмаслар,

Ҳақиқатга етолмаслар… валоят2 ҳам иноятдир!

 

Сабр қилсанг қазоларда... сазоларда… жазоларда…

Бу умри иқтизо3ларда иқомат ҳам иноятдир!

 

Кеч-эй, зарру зеварлардин, юзинг бур "пулсевар"лардин,

Ва ризқингни кифоят бил, қаноат ҳам иноятдир!

 

Умрни "алвидо" билгил, дилинг ҳаққа фидо қилгил,

Наҳорларда нидо қилгил… ҳидоят ҳам иноятдир!..

 

1. Иёдат - касал кўриш, бемордан хабар олиш.

2. Валоят - вилоят: валийлик, каромат соҳиби бўлиш.

3. Иқтизо - тақозо, талаб.

 

Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим, Рўдакий ноҳияси.

КАЛЕНДАР

« Октябр 2026 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
      1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 31  

МАҚОЛАЛАР

Терроризмнинг манфур башараси

 

- Террористнинг дини, миллати ҳамда ватани бўлмайди.

Бу гап Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси-Миллат пешвоси, муҳтарам Президентимиз Эмомали Раҳмон томонидан юксак минбардан туриб айтилгандан сўнг, неча-неча марталаб ўз исботини топди. Биргина ўтган ҳафта ичида Россия Федерациясининг Санкт-Петербург, Швециянинг Стокголм, Мисрнинг Танта шаҳарларида юз берган қатор террористик актлар амалга оширилганидан сўнг,

Муфассал...

Олам аҳли дўст тутинди биз билан...

 

ТУТ АЗИЗ

Қадри дўсти жонажонни тут азиз,

Бошинг узра меҳрибонни тут азиз.

Бу жаҳонда мушкул дўстсиз ҳаёт,

Шу учун дўст-қадрдонни тут азиз.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
2560010

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

10120169
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
640
3844
640
10082592
17262
138877
10120169

Сизнинг IPнгиз: 216.73.216.232
Бугун: 05-10-2026 04:35:09

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015