Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАЗМ

Муаллиф: Super user Категория: НАЗМ
Чоп этилган 24 Ноябр 2016 Кӯришлар: 2320
Печат

 

n niyoziyМуаллифдан: Мен Тожикистон Халқ шоири Нурмуҳаммад Ниёзий билан бир йилдан буён суҳбатлашишга чоғланаман. Лекин ҳар гал негадир суҳбат ортга сурилаверади. Халқ бахшиларидай ич-ичидан туйғулари тошиб келиб, экспромт тарзида шеър битадиган, шеъриятни муҳаббат деб биладиган, Она юрти, халқи, она тили ҳақида юрак-юракдан берилиб гўзал сатрлар тузадиган бу ижодкор билан суҳбатим одатдагидан бошқача бўлишини истардим.

Шоирнинг етмиш йиллиги яқинлашиб келарди. Лекин тайёрлаган саволларимдан кўнглим тўлмасди ва ҳар гал улардан воз кечардим.

Ниҳоят, саволларим тайёр бўлди. Бунда менга адабиёт, ижодни ўз тақдири, деб билган ижодкорлар ёрдам беришди.

- Нурмуҳаммад ака, чилилик шоира Габриела Мистрал «Шоири бўлмаган халқ мисоли руҳсиз тана», деганди. Лекин унинг бу фикри тожик халқига заррача тааллуқли эмас. Рўдакийдан Лойиққача, Камол Хўжандийдан Фарзонагача бўлган шоирлар тожик халқини жаҳонга танитишди. Қадимий ва кучли шеърияти бўлган тожик адабиётига кириб келиш осон эмаслиги кўп такрорланган. Шеър ёза бошлаганингизда даҳолар шеърияти сизни чўчитиб қўймаганми?

- Миллати бешоир ҳам бори дил аст, шоир андар синаи миллат дил аст.  (Яъни, шоири йўқ миллат юракка юкдир, шоир миллат кўксида урган юракдир - муаллиф таржимаси). Ҳа, бизнинг минг-минг йиллик тарихимизда не-не буюклар пайдо бўлди ва бу буюк ижодкорлар ўз замонларида вазифаларини қойиллатиб бажардилар. Биз вақтида буюк шоирларимизнинг шеърларини бирма-бир ёдлаганимизда, бу шеърлар кўнглимизда адабиётга нисбатан меҳр-муҳаббатни кучайтирарди. Одамлар шоирликни Худо берган истеъдод, дейишади. Истеъдодим бор экан, деб изланмай қўйса, ишламай қўйса, заҳмат чекмаса, ижодкор шеърият бўстонидан аста-аста чиқиб кетаётганини сезмай қолади. Шоир илҳомни ўзига бўйсундира олгандагина яхши шеър ёза олади. Яхши шеърга эса, ҳар бир нарса туртки бўлиши мумкин. Масалан, биттагина пиёла, бир қултум сув, бир қатра шабнам, яшнаб турган битта япроқ ёки хазон бўлаётган барг, ёқимли насим, салобат тўкиб турган тоғ… Уларни кўра олиш, ҳис қила олиш, завқланиш, тасвирлаш, бир сўз билан айтганда, шеърга солиш шоирнинг ўзига боғлиқ. Шоир фақат ўз дарди билан эмас, замон, халқ дарди билан яшайди. Аввалига унинг ўз ички дарди бўлиб туюлган дард кейин кўпчилик мулкига айланади. Ижодкор буни асарини ёзиб бўлгандан сўнг англайди, кўпинча.

-  Немис адиби Генрих Бёлл «Ёзиш ва профессионал ёзувчи бўлиш мутлақо бошқа-бошқа нарса. Мен шеърлар, кичик-кичик ҳикоялар ёзишни жуда эрта бошлаганман, аммо ҳақиқий ёзувчи даражасига урушдан кейинги йилларда етиб келдим», деган. Нурмуҳаммад ака, сизнинг ижодингиз қандай бошланган  ва қачон ўзингизни ҳақиқий шоир деб, ҳис эта бошлагансиз?

-Бу саволингиз бир шеърни ёдимга туширди. Бошқаларнинг хаёлида мен шоирман, ўзимнинг хаёлимда эса, навқаламман, қуёш сочган нурқаламдек навқадамман. Балки бошқаларнинг назарида биз ҳам шоирмиз, дейди шоир. Менга Тожикистон халқ шоири унвони беришди. Юксак унвон. Лекин катта шоирлар ҳам ижод пайтида ўзини ҳалигача адабиётга энди қадам қўяётган каби сезади. Ёзганларим бошқаларга маъқул бўладими-йўқми, дея ўйлайди. Яъни ижод масъулиятини ҳис этиш шоирни тарк этмайди. Менга доим вақт етишмайди. Ҳар доим тонгги бешда уйқудан туриб, дарё бўйига бораман. Ҳеч бўлмаганда, бир саҳифа шеър ёзаман. Ўқийман, тузатаман, яна ёзаман. Ана кейин дарёга тушаман. Сув барча чарчоқларимни олиб кетади. 22 йилдан буён шу тарзда ижод қиламан. Бу гапларни мен ижодкор масъулияти боис айтяпман. Ҳа, айтгандай, менинг биринчи шеърим ўн уч ёшлигимда матбуотда босилиб чиққан. Қишлоқ мактабида ўқирдим. Ҳафтада бир-икки марта шаҳарга борардим. «Ҳақиқати Ленинобод» вилоят газетасида устоз Неъмат Шариф ишлардилар. Битта шеърим чоп бўлиши учун устоз ҳузурларига ўн уч марта борганман. Устоз ҳар гал шеърдаги бир камчиликни айтардилар ва мен тузатиб борардим. Мен устоздан миннатдорман, ҳақиқий шеърнинг дунёга келиши учун қанчалик қаттиқ ишлашни, машаққат чекиш зарурлигини, ижод масъулияти нималигини ўргатдилар.

- «Поэзия нафақат дунёни билиш, балки у ҳаётнинг ўзи ҳамдир, бутун борлиғи билан ҳаётнинг ўзи. Шоирлик қабилачилик замонида ертўлаларда яшаган одамнинг қалбида ҳам бор эди, у атом асри одамининг руҳида ҳам яшайди... Жамики мавжудотга садоқати билан шоир бизга бизнинг дунёмизнинг боқийлиги ва бирлигини ҳис этишимизга ёрдам беради... Ва агар шоир ўз даврининг хасталанган виждонини гавдалантира олса, унга бошқа талаб йўқ». Француз шоири Сен-Жон Перс шоирнинг мислсиз бир вазифаси ҳақида сўзлаётир. Бу вазифани бажариш учун шоир қандай хислатларга эга бўлиши зарур, деб ўйлайсиз?

- Аслида шеър ҳаракатдир, шеър – ҳаёт. Шеърнинг ҳар сатрида шоир нафаси уфуриб туради, шоир юраги уриб туради. Бир кун келиб, илм ривожланиб кетади ва шеърдаги ана шу нафас, ана шу юрак уришини ифода қилиб беради. Чунки бу нафас олишлар, бу юрак уришлари шеър тургунча сақланиб қолади. Сувда ҳар қандай тасвирлар, овозлар бор-ку, сув уларни сақлашга қодир-ку! Шеър ҳам ана шундай хислатга эга.

Ҳақиқий шеър муаллифи вафот этгандан кейин ҳам яшайверади. Шеъри билан эса, шоирнинг ўзи ҳам яшайди. Масалан, ҳозиргача Рўдакий шеърларини ўқиймиз. Биз орадан шунча асрлар ўтган бўлса-да, Рўдакий нафасини сезамиз, овозини эшитамиз. Буюк аждодларимиз шоир бирон кучнинг, бирон кишининг, маблағ ё нарсанинг тобеси бўлмаслиги зарур, деганлар. Иккинчидан, шоир таъма этиб, ниманингдир илинжида кимнингдир олдида бошини эгмаслиги зарур.  Шоирда энг яхши инсоний хислатлар мужассам бўлиши керак. Шоир, ҳатто, душманига ҳам хуш назар билан боқиши лозим. Чунки душман ҳам одам, унинг ҳам юраги бор, орзуси, ҳаваси бор. Балки ғараз, балки ҳасад уни ёмон йўлга киритгандир, шоирга душман эттиргандир. Лекин шоир, аввало, инсон ва инсонийлик измидан четга чиқмаслиги шарт. Дунёни англашга интилган, инсоннинг нима учун яралганини ҳис этган шоирнинг шеърлари ўқувчи учун ҳаёт кўзгусига айланади.

- Америкалик машҳур адиб Уилям Фолкнер «Мен шунга ишонаманки, инсон нафақат бардош беради – у енгади. Унинг ўлмаслиги тирик мавжудотлар орасида ақл-идрокка эгалигида эмас, балки қалби, руҳи, изтироб чекишга қобиллиги, ўзини қурбон қила олиши ва сабр-тоқатли эканида. Шоирнинг, ёзувчининг бурчи шу ҳақда ёзиши зарурлигидадир... Шоир шунчаки инсон ҳаётининг солномасини ёзмаслиги керак; унинг асари инсонни қўллаб-қувватлайдиган, унинг бардошига куч берадиган ва енгишига кўмаклашадиган таянч, устун бўлиши лозим». Сизнинг кейинги тўрт-беш йил ичида ижодингизда бир катта бурилиш юз берганини сезиш қийин эмас. Илгари ижодингизнинг асосий катта қисми лирик шеърлардан иборат бўлса, кейинги пайтда шеърларингизда худди ўзингизни иродали, бардошли бўлишга, хар қандай қийинчиликни енгишга чақирадиган руҳ пайдо бўлди. Албатта, лирик қаҳрамон руҳи ўқувчига юқади. Унинг-да иродасини мустаҳкамлашга, бардошли бўлишга чорлайди, ўз-ўзингни енггин, деган ҳайқириқ дилларга етиб боради. Бу шеърлар ўқувчига куч-қувват бағишлайди. Биринчи навбатда руҳий куч-қувват. Шоирнинг ўзи, яъни сиз бу куч-қувватни қаердан топяпсиз?

- Ҳазрати Бедил инсон кўнгли камондир, танаси эса, ўқ, деганлар. Кўнгил қайси кўчага бошласа, кетаверсанг, нима бўлади? Ақл билан иш тутган инсон эса, бунга йўл қўймайди. Ўз-ўзини бошқара олади. Айни ўз-ўзини бошқаришда мустаҳкам ирода муҳим ўрин тутади. Агар шеър кимгадир қувват бағишласа, унинг руҳиятига яхши таъсир кўрсата олса, шоир ҳам кўзлаган мақсадига етибди, демак. Шу ўринда бир мисол келтирайин. Вилоятимизда таниқли бир ҳофиз бор. Муҳиддин Ғозиев. Бир куни у ишга отланишидан олдин отаси билан ширин суҳбат қуради. Ўша куни туш маҳали Муҳиддинни топиб, уйига олиб келишади. У ҳовлисига яқинлашар экан, ҳайрон бўлади. Дарвоза олдида одамлар, кимлардир ҳасса тутиб турибди.  Отасининг вафот этганини эшитиб, ўзини йўқотиб қўяди. Эрталаб кўрган, суҳбатлашган отаси…  Муҳиддин анчагача ашула айтмай қўяди. Санъатдан кўнгли совийди. Ана шу оғир дамларда унинг қўлига каминанинг «Оташи санг» китоби тушади. Китобни варақлаб «Тўй бўлмади» деган шеърни қайта-қайта ўқийди. Шеър ота вафоти ҳақида эди. Шеърдан таъсирланган Муҳиддин уни куйга солади. Ва ўзининг айтишича, бу шеър туфайли яна санъатга қайтади. Шеърнинг ўқувчиларга мана шундай куч берувчи таъсири бўлишини истайман. Одамлар билан суҳбат, уларнинг ҳаётини ўрганиш, кўрган-эшитганларимни таҳлил қилиш асосида туғилган шеърларим кўп. Бир шеър бор – дунёнинг ярми қоронғи, ярми ёруғдир. Қиш ортидан ҳамиша кўклам келади. Дунёнинг ўзи шундай яратилганидан кейин нега биз одамлар ғамини йўқотиш, дардини аритишни ўйламаслигимиз керак.  Одам дунёга келдими, яхши яшаши зарур. Бир мамлакат иккинчи мамлакат шаҳарларига бомба ёғдириши нима дегани? Бу шаҳарда болалар, ҳомиладор аёллар, қариялар яшайди, инсон яшайди. Шўролар замонида Афғонистонга бостириб кирганларнинг бир аскари ҳалок бўлса, у ўлган афғон қишлоғини ер билан яксон қилишарди. Юзлаб бегуноҳ одамлар ҳалок бўларди. Ҳозир ҳам бу инсофсизлик давом этяпти. Афғонистонда, Сурияда, Ироқда. Дунёнинг ярми ғам, ярми қувонч. Шоир одамларга ана шу қувончни беришни, ғамни буткул унутишларини истайди. Ижтимоий шеърларимнинг ёзилишига дунёдаги адолатсизликларга чидаб тура олмаслигим, ғам чекаётган одамларга жилла қурса, шеърий қувват бериш, уларнинг ғамига шерик бўлиш истаги ҳам бир маънода сабаб бўляпти.

- «Адабиёт туфайли, адабиёт уйғотган тафаккур, интилиш ва истаклар туфайли, хаёлот салтанатига сафар чоғи кўнгилда бош кўтарган кечинмалар туфайли бугунги тамаддун одамийлашди, нажот топди. Адабиёт аҳли ўйлаб топган бадиий тўқима қумга сингиган сувдек изсиз кетмади, билъакс тошга айланган юракларни мумдек эритди. Яхши китоблар бўлмаганида эди, инсониятнинг бугунги ҳолига маймунлар йиғлаган бўларди, мустақил фикрдан маҳрум лаббайчилар урчиб кетарди, кўнгил бирлиги йўқоларди, мутелик кайфияти кенг тарқалиб, ўз-ўзини англаш туйғуси — тараққиётнинг етакчи омили — йўқоларди».  Перулик ёзувчи Марио Варгас Лосанинг бу фикрларини ҳар гал ўқиганимда узоқ ўйга толиб қоламан. Сизнингча, чиндан ҳам адабиёт ўз-ўзини англаш туйғуси устувор бўлишига хизмат қиладими?

- Эй  Ҳажга борган қавм, қаердасиз, қаердасиз, маъшуқа бу ердадир, келинг, келинглар, деган ҳазрати Жалолиддин Румий.  Худони топиш каби адабиётда ўзликни топиш, ўзни таниш биринчи навбатда туради. Ва шоир, ёзувчи, ҳар бир ижодкор, менинг фикримча, бошқаларни таниши учун, аввало, ўзини таниши зарур. Ана ўшанда унинг асарлари ҳар бир ўқувчи учун тўғри йўл очади. Бунда ўқувчининг қайси тилда гапириши, қайси динга эътиқод қилиши муҳим эмас. Муҳими, у инсон бўлсин. Ўзини топган, таниган инсон эса, аввало ўзини ва бошқаларни қадрлайди. Ва бошқалар ҳам уни қадрлашади. Ҳеч бўлмаганда, у билан ҳисоблашиб, ўйлашиб иш тутишади.

- «Буюк адиблар, алломалар, шоирларнинг асарлари фақат чиройли сўзлари, тилининг жозибалилиги билангина эмас, балки мардона руҳи билан гўзал ва қимматлидир. Улуғ адиблар асарларидаги маъноларни бир ўқишда илғаб олиш мушкул, бунинг учун уларнинг ижодини чуқур ўрганиш лозим бўлади». Нима дедингиз, асли кордовалик бўлган Рим файласуфи, шоир Сенека бизнинг давримизда яшаганида, бу гапларини такрорлаган бўлармиди?

 - Орадан икки минг йилдан кўп вақт ўтган бўлса-да, Сенека  айтган бу гаплар ўз қимматини йўқотган эмас. Асил сўз, асил адабиёт ҳеч қачон ўз замонидан ортда қолмайди, қайтага олдинда боради. Яна юз йиллар давомида инсоният учун хизмат қилади. Шеърни тушунишга келсак, чиндан ҳам уни юзаки тушунадиганлар кўп. Шоир сўзини англамоқ учун эса, албатта, унинг ижодидан тўла хабардор бўлиш зарур. Лекин шеър маъносини тушуниш учун фақат бунинг ўзи кифоя қилмайди. Шеърхон адабий билим, шеър завқи, мантиқ, фалсафа ва бошқа илмлардан ҳам хабардор бўлиши шарт. Тушуниб ўқилган шеър эса, инсоннинг маънавий дунёсини бойитади.

- Нурмуҳаммад ака, сизнинг ишқ тўла шеърларингизни ўқиганимда Муҳаммад Иқболнинг «Мени ишқ сайқаллади, инсон бўлдим. Дунёнинг улуғворлиги ва ожизлигини билдим», деган сатрлари ёдимга тушаверади. Ишқ тугаса, шеър тугайдими, ё шеър ёзилмай қолса, ишқ бошқа макон излаб кетадими?

- Куй, расм, шеър, буларнинг ҳаммаси ишқ-муҳаббат тантанасидир. Шеър – ишқ фарзанди. Дунёда не гўзаллик бор – ишқ фарзанди. Ишқ тугаган кун фақат шеър эмас, куй, расм, дунёдаги бор гўзалликлар тугайди, ҳаёт тугайди. Ишқ кўзини очган эдим, олам гулларга тўлди, деган чиройли бир шеърий сатр бор. Ҳамма нарсанинг асоси – муҳаббат. Агар у бўлмаса, на шеър қолади, на бошқа бир нарса.  Шеър овози, шеър навоси, шеър тасвири, буларнинг ҳаммаси муҳаббатдир. Шеър муҳаббатни зарра-зарра қалбларга элтиши зарур. Агар шоир бунга эришса, демак, ўз вазифасини ижро эта билибди.

- «Поэзия бу – овоз. Уни тинглай билиш керак. Худди мусиқани тинглагандек. У, камонча ишга тушиши билан ғижжакка жон киргандек, товуш пардалари ҳаракати билангина жонланади. Кўз қоғоздаги босма ҳарфлар навосини тинглаши лозим». Нурмуҳаммад ака, сиз  асли монаколик фаранг-италян шоири Лео Ферренинг бу фикрига қўшилсангиз, китобхонларга поэзияни тинглай билишлик борасида қандай маслаҳатлар бера оласиз?

- Ҳа, шеърни тинглай билиш, ҳатто кўра олиш зарур. Лекин бунинг уддасидан чиқа олмайдиган одамлар, ҳатто айрим ижодкорлар шеър, шоир кимга керак, деган гапларни айта бошлашди. Ҳатто, энди шеърият майдонига кириб келаётган ёшларга шеър ёзма, у сенга ҳеч қандай фойда келтирмайди, қайтага қашшоқ бўлиб қоласан, дегувчилар учрайди. Лекин шеъриятга чин дилдан муҳаббат қўйганларни йўлларидан қайтариб бўлмайди. Республика ёш адиблар курс-конференциясида қатнашган ёш ижодкорларни кўриб, одамларни шеъриятдан узоқлаштирмоқчи бўлганлар нечоғлик хатога йўл қўяётганликларини ўйладим. Ёшлар завқ-шавқ билан, берилиб шеър ўқишди, муҳокама қилишди. Уларни тинглар эканман, ўн етти ёшлигим эсимга тушиб кетди. Ўшанда «Комсомоли Тожикистон» газетасида шеърларим бир саҳифа бўлиб чоп этилганди. Кимсан, Аминжон Шукуҳийдек шоир сўзбоши ёзгандилар. Ўшанда мен мактабда, ўнинчи синфда ўқирдим. Устоздан бир умр миннатдорман. Бу билан нима демоқчиман, шеърдан қайтариш керак эмас, шеъриятга муҳаббатни авайлаб, кучайтирмоқ зарур. Гарчи биз рассом чизган суратлардаги каби шеъриятда тасвирни кўрмасак ҳам, илҳом билан яратилган сатрлар кўз олдимизда манзара намоён этади. Шеърий тасвирлар рассом тасвирларидан қолишмайди. Фақат буни ҳис этиш, кўра билиш, тинглай билиш зарур. Ана шунда шеър инсонга куч-қувват бағишлайди, руҳингизни тозалайди, қалбингизга илиқлик югуради, нур инади.

- «Ёзув санъатига мурожаат қилган, бирор сабаб билан қалам тебратган ҳар қандай одамни “ёзувчи”, деб аташ жоиз эмас. Ёзувчининг сўз санъаткори сифатидаги характерли белгиларини унинг хаёлотидан, илҳомидан, оламни жуда теран идрок этишидан изламоқ керак. Ёзувчининг ёзувчилиги у танлайдиган бадиий воситаларда намоён бўлади. Бу воситалар ёзувчи тасвирлайдиган воқеа-ҳодисалар китобхонда имкон қадар кенг ва теран таассурот уйғотмоғи талаб этилади». Бу жумлалар поляк адиби Ян Парандовскийга тааллуқли. Ҳар қандай шоирнинг, ёзувчининг ижод маҳсулини вақт ўз тарозисида тортади. Лекин ҳатто ўша тарозигача етиб боришга арзимайдиган асарлар кўпайиб кетмаяптими? Тезда шуҳрат топиш учунми, кимлардандир қолишмаслик учунми, шунчаки ўткинчи ҳавас ё эрмак учунми, қалам тебратаётганлар, саёз, жўн нарсаларини асар деб, тақдим этаётганлар урчиб кетмаяптими?

- Бугун балки муҳит таъсиридир, балки кимгадир ҳавас қилиш туфайлидир, шуҳрат этагидан тутишга иштиёқи баландлар кўпайгани рост. Бундайин кишилар шоир ва ёзувчиликни осон, деб ўйлаб, ўзлари таниган-билган адиблар каби тезда кўпчилик оғзига тушишни исташади. Ўзларича қоғоз қоралашса, тезда чоп этишса, шеърлари ё китобини одамлар ўқишса, аллақачон, буюк бир ижодкор бўлиб қоладилар. Лекин шоирлик бу жуда қийин, заҳмат чекишни талаб қилади. Таниқли рассом чизган бир сурат кўпинча кўз олдимда гавдаланаверади. Очилган қоқигул ёнида бир болакай ўтирибди. Уларнинг устида баҳайбат бир бургут қанотларини ёзганча учмоқда. Агар бургут қанот қоқса, на гул қолади-ю, на бола. Қаранг, рассом ҳаёт фалсафасини қанчалик усталик билан тасвирлаган. Гўзалликка маҳлиё бола, ҳаётнинг қил устида туриши, инсоннинг вояга  етиши осон эмаслиги…Шеър ҳам худди уста рассом чизган суратлар каби маҳорат, истеъдод талаб қилади. Шеър бошдан-оёқ санъатдан иборат бўлиши зарур. Шоирман, дегани шеър илмини, шеърий санъатларни тўлиқ эгаллаганда, устоз шоирлар асарлари мағзини чақиб ўқиганда, дунёни чуқур ўрганганда ва албатта,  истеъдод эгаси бўлганда, яхши асарлар ярата олади. Истиқлолият даврида қанча-қанча ижодкорман, деганлар Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи аъзолигига қабул қилинди. Мана энди, уларнинг асарларини муҳокама қилиб, тасодифан аъзо бўлганларни Иттифоқ сафидан чиқаришмоқда. Ҳа, вақт тарозиси ҳамма нарсани адолат билан тортади. Лекин айримларнинг «асарлари» ҳатто шу тарозига ҳам етиб бормаяпти. Яъни замон уларга заррача эътибор бермаяпти. Ниманидир ёзди, қаердадир нашр эттирди ва шу билан тамом. Бир-икки танишидан бошқа ҳеч ким ўқимайди, ҳеч ким фикр билдирмайди. Ҳатто китобга муҳаррир бўлган инсон ҳам. Ижодкорликни, шеър ёзишни осон, деб ўйлаганлар қаттиқ хато қилишади.

-Қадимги Рим шоири Гораций эса, истеъдодли шоир оломонни қойил қилиш учун уринмагани маъқул, дейди. Аслида чинакам шеърлар ким учун ёзилади? Шеърнинг мазасини, рангини ҳис қиладиган, мусиқасини тинглай оладиган, шоир руҳий оламига кириб кета оладиган адабий санъат аҳли – хос учунми ё омма учунми?

- Шоир ҳамиша, аввало, ўзи учун ёзади. Лекин у ўзида яна кимдир бордек ҳис қилади. Ижодкор дарди умум дардига айланади, ё умум дарди ижодкор дардига айланади. Балки менинг шеърларимни кўпчилик тушунмас. Лекин шеър қалбдан отилиб чиққан экан, у бошқалар қалбига етиб боради. Бунинг учун фақатгина тилдош бўлиш шарт эмас, шоирнинг инсоний туйғулари бошқа тилларда сўзлашадиган кишилар кўнглига ҳам етиб боради. Қайси бир мамлакатда бўлмасин, ҳаётнинг ўз ташвишлари, муаммолари бор, азоб бор, дард бор, ишқ бор. Ҳали айтганимдек, шоир ўзи учун ёзган шеър кўпнинг мулкига айланади. Бунинг учун шеър қанот ёзиб, парвоз этмоғи даркор. Лекин баъзан бунга эришиш осон кечмайди. Шоир шеър ёзса-ю, уни чоп эттира олмаса, меҳнати учун арзигули ҳақ ола олмаса. Бу ҳолатлар учраб турибди-ку! Ҳақиқий шеър эса, эртами-кечми, барибир ўқувчиларини топади. Мен шеър буюк боболаримиз асарлари каби юксак савияда бўлишини, айни бир пайтда минг-минглаб инсонлар қалбига йўл топишини истайман.

- «Ҳозирги дунёда адабиёт мураккаб шароитга тушиб қолган. Фавқулодда у кераксиз буюмга айлангандек, зеро, қизиқишлар ҳам, ҳис-ҳаяжонлар ҳам олдингидай эмас, бўлакча. Бурунги китобхонларимизнинг ўй-хаёллари энди бошқа нарсалар билан банд. Бугунги китобхонлар эса асл мутолаанинг завқ-шавқидан, афтидан, бехабар. Шундан келиб чиқиб энди нима қилиш лозимлигини биргалашиб ўйлаб кўришимиз керак». Машҳур қирғиз адиби Чингиз Айтматовнинг бу ташвишларга тўла фикри айтилгандан кейин орадан яна қанча йиллар ўтди. Ҳозирда китобларнинг жуда оз нусхада босилаётганлиги, ҳатто шунда ҳам тарқалиб кетиши қийин бўлаётганлигини айтадиган бўлсак, наҳотки «Хилватдаги энг яхши дўст – китобдан» шунчалик узоқлашиб бориляпти, деган хавотир кучаяверади. Чингиз Айтматов сўзларига қайтадиган бўлсак, кутубхоналарда яхши китобларни ўқиш учун яна навбатга туришлар пайдо бўлиши, китоб дўконлари гавжум бўлиши учун нима қилиш зарур?

- Яхши китобхонлар ҳозирда ҳам оз эмас. Бир синфдошим бор. Оддий касб эгаси. «Садои Шарқ» сонларини интизорлик билан кутади. Қандай янги китоб олсам, ўқиб бўлганимдан сўнг, у ўқийди. Яхши китоб инсон маънавий дунёсини бойитган, тўғри йўлга бошлаган, олам-олам завқ берган. Бундайин беминнат дўстдан узоқ юрган одамлар вақти келиб пушаймон чекиб қолмасмиканлар? 

Шўролар пайтида китоб дўконлари мудом одамлар билан тўла эди. Назаримда, у пайтлар китобга ўчлик кучли эди. Ҳозир эса, маънавий бойликдан кўра моддий бойликни ўйлайдиганлар кўпайиб кетдими, дейман. Бу тоифадагилар ҳаёт завқини фақат маишат, данғиллама уй қуриш, қимматбаҳо машина миниш, бойлик тўплашдан иборат, деб билишади.

Одамларни китоб ўқишга қайтариш зарур. Бу, албатта, ижодкорга, яхши китоблар яратилишига боғлиқ. Иккинчидан, аввало, болалар қалбида китобга муҳаббатни пайдо этиш зарур. Бунинг учун болалар адабиётига эътиборни кучайтириш керак. Яхши китоблар йўқ эмас, нашр этиляпти. Уларни китобхон қўлига етказа олишни ўйламоқ лозим. Адабиётимизда китобхонлар қалбига тез йўл топадиган асарлар кўп. Масалан, Садриддин Айнийнинг асарларини олайлик: «Етим», «Дохунда», «Судхўрнинг ўлими»… Устоз адибларнинг асарларини минг-минглаб нусхаларда нашр этиш ва бу китобларни оммага етказмоқ фурсати етган. 

- «Японияда бўлганимда менга “Чўмилади аёл дарёда” шеърини ёзган шоир – Қайсин Қулиев юртидан келган меҳмон сифатида иззат-икром кўрсатишди. Улар шоир ҳамон нозик дид ва теран тафаккур билан инсон гўзаллигини васф этадиган шеърлар битаётганига ишонишларини айтишди. Япон аёллари “Чўмилади аёл дарёда” шеъри муаллифига қизғин саломларини етказишимни сўрашди». Қалмиқ  шоири Давид Қўғилтиновнинг бу сатрлари фақатгина Қайсин Қулиевни улуғлаш учунгина ёзилган эмас, балки буюк шоирлар ўз юртини дунёга танитишини таъкидлаш учун ҳам ёзилган. Лекин агар Фарзона ва яна бир-икки ижодкорни ҳисобга олмаганда, нега вилоятимизда яшаб, ижод этаётган қалам аҳлининг асарлари чет тилларга таржима қилинмаяпти, хорижда нашр этилмаяпти?

-Шеърнинг янада баландроқ парвоз қилиши, кенг осмонни эгаллаши учун таржиманинг ўрни бениҳоя катта. Таржима боис, бир миллат шоирининг шеърлари бошқа миллатлар тилларида жаранглайди. Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи қошида таржимонлар гуруҳи иш бошлагани ҳақида эшитдим. Агар бу гуруҳда икки тилни яхши биладиган, бадиий савияси баланд, маҳоратли таржимонлар фаолият юритишса, тожик шеърлари дунёнинг бошқа тилларида худди аслиятдек жарангласа, адабиётимиз жаҳонга чиқаверади.

Бир нарса бор, асил шоир ва ёзувчилар ўз асарларини таржима этиш ҳақида ўйлашмайди. Улар учун муҳими – ижод! Таржима борасида бошқалар бош қотиришлари зарур, деб ўйлайман. Адабиётнинг нималарга қодир эканлигини англаган, миллат фахри учун жон куйдирадиганлар бу муҳим ишнинг этагидан тутишлари шарт. Яхши шеър ё насрий асарлар ҳамма ерда қадрланади. Эрон сафарларидан бирида Теҳрондаги катта заллардан бирида шеърхонлик бўлди. Ўша куни Теҳроннинг бошқа бир томонида яна учрашув ўтказилди. Теҳрон – жуда катта шаҳар. Унинг бир томонидан иккинчи томонига етиб бориш учун қанча вақт зарур. Шунда бир йигит олдимга келиб, ҳали бир рубоий ўқигандингиз, ўшани бу ерда ҳам ўқиб берсангиз, мен уни яна бир марта эшитиш учун бу ерга келдим, деди. Мен, номард сени мард деса, ҳайф эрур, сатри билан тугалланувчи рубоийни ўқиб бердим. Тўғри, форслар тожик тилини тушунишади. Мен бошқа нарсани айтмоқчиман, тожик шоирларининг шеърлари аслиятдан инглиз, олмон, фаранг, япон, араб, хитой ва бошқа тилларга таржима қилинса, ана шу эронлик йигит каби мухлислар кўпаймайдими? Кўпайишига ишонаман.

Икки йил бўлди. «Атри нигоҳ» деган китобимни шоир дўстим Шариф Нуриддинга тақдим қилдим. Орадан бир неча кун ўтиб, у киши  қўнғироқ қилдилар ва китобни ўзбек тилига таржима қилганликларини айтдилар. Хуллас, «Атри нигоҳ»  ўзбек тилида «Нигоҳ атри» номида босилиб чиқди. Ғафуров шаҳарчасида ўтказилган учрашувлардан бирида ўқувчилар ўзбек тилида шеърларимни ўқишганда, уларнинг юз-кўзларидаги завқ-шавқни кузатиб, энтикиб кетдим. Бу шеърлар ўша «Нигоҳ атри» китобидаги шеърлар эди. Мен Шариф Нуриддинга яна бир бор раҳмат, дедим. Таржима халқларни, кўнгилларни бир-бирига яқинлаштиради. Шундай экан, бу муҳим иш устида қаттиқ ишлаш фурсати етганини англай билмоқ зарур.

- «Ишончим комилки, гўзаллик сирини кашф этиш насиб қилганда, табиатнинг иродасини англаш имкони туғилганда – ана шунда яшашдан мақсад ҳам тўла ойдинлашади, деган эди япон адиби, драматург ва файласуф Мусякодзи Санэасу. Сизнинг-чи, сизнинг ҳам бунга ишончингиз комилми?

- Одам орзулари, мақсадлари билан тирик. Бир мақсадига етдими, иккинчиси томон интилади. Мақсадимга етдим, деган одам, балки ҳали унинг ярим йўлидадир. Асосий мақсадга етиш учун инсоннинг узун умри ҳам етишмай қолади. Ҳаёт – интилиш, ҳаёт – кураш. Инсон бир донагина гавҳар топайин дебон, дарё тубига шўнғийди, битта қимматбаҳо тош топайин деб, тоғ қазийди. Мен етмиш ёшга кирдим. Ҳозиргача ўттизга яқин китобим нашр этилди. Тожик, рус, ўзбек тилларида. Узоқ йиллар меҳнат қилиб, девон тайёрладим. Уни мухтасар девон, деб атадим. Айримлар мухтасар девон бўлмайди, дейишларига қарамасдан, фикримни исботлашга уриндим. Ахир унинг тўлиқ бўлиши учун яна қанча ғазал ёзишим керак. Агар бу китобларим, шеърларим билан одамларга яшашдан мақсадни ойдинлаштиришга заррача ёрдам бера олган бўлсам ҳам, ўзимни бахтиёр ҳис этаман.

- Бағоят қизиқарли суҳбатингиз учун раҳмат! Сизни «Халқ овози» таҳририяти ва бу газетанинг минг-минглаб ўқувчилари номидан муборак етмиш ёшингиз билан чин дилдан қутлаймиз! Янги-янги шеър ва достонлар ёзиб, мухлисларингиз маънавий дунёсини ва жаҳон адабиётини бойитишингизга ишонамиз.

 

Суҳбатдош Ўринбой УСМОН.

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Тарихчи ва жамиятшунос

 

Тарих фанлари доктори, профессор Абдуфаттоҳ Шарифзоданинг илмий изланиш ва ютуқлари, ижтимоий ва сиёсий фаолияти билан танишар эканмиз, у ўзининг кенг қамровли илмий-тадқиқот ишларини давлатнинг нуфузли ташкилоти билан боғлаб, икки йўналишда ҳам муваффақиятга эришганини кўрамиз.

У 1989 йилда "ХХ асрнинг 70-80-йилларида Тожикистон олий ўқув юртларининг ривожланиши" мавзусидаги номзодлик диссертацияси ҳамда 2000

Муфассал...

Миллат пешвоси эзгу анъана маъракасини бошлади

 

24 феврал куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Хатлон вилоятининг Данғара ноҳиясида табиатнинг уйғониши арафасида эзгу анъана сифатида мевали дарахтлар кўчатларини ўтқазиш билан кўчат ўтқазиш ва баҳорги экиш ишлари маъракасини бошлаб берди.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1991012

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7478492
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
4420
4027
22105
7426653
100136
114875
7478492

Сизнинг IPнгиз: 18.224.55.193
Бугун: 23-11-2024 17:41:10

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015